Гипноз таъсирига тушмайдиган одам

Институтни битириб қисқа муддат туман маданият уйида афиша чизадиган рассом бўлиб ишладим. 1984 йили.

Ўшанда Маданият уйига Россиядан гипнозчи келиб томоша кўрсатди. Чарский эди исми.

Муаллиф Шухрат Бабажановнинг “Фейсбук” саҳифасидан олинди 

Мен афишаларини чизиб бердим. Томошадан олдин унга “мени гипноз қилиб кўрчи” деб илтимос қилдим.

У мени турғазиб қўйиб ўнгача санаттирди. У айтиб турди саноқни мен такрорладим. Тамойил бўйича 8 ëки 9 рақамига келганда ухлаб қолишим лозим эди.

Аммо мен ухламадим. “Гипноз таъсир қилмайдиган одам экансан” деди Чарский. Унинг айтишича қанчадир фоизга гипноз кор қилмас экан…

1989 йили норасмий “Бирлик” ташколотининг вилоят бўйича ҳамраиси мақомида эдим. “Йўқолсин зулм” ¸ “Яшасин ҳуррият” дея митинглар қилган рўмонтик давр эди.

Ўша давр раҳбари Михаил Горбачев “Раҳбарлар норасмийлар билан мулоқот қилсин” дея амр берди.

Вилоятнинг ўша даврдаги раҳбари Реймажон Худойберганова деган аëл эди. Тўладан келган ва зангори кўзлари меҳр билан боқадиган ҳукумат хотин.

Ҳуллас бу раҳбар норасмийларни обком биносига тўплаб учрашди. Бир миллионлик Хоразмда 18 та норасмий бор экан.

Халқаро жуғрофия қўмитаси аъзоси¸Каспий сувини¸ Оролга оқизиш ғоясига чалинган Озод ака Ҳусаинов (Хозир марҳум)¸ Ҳайкалтарош Солий оға Қодиров¸ Янгибозор солиқ идораси бошлиғи Мансур ака Содиқов ва мен яна исмларини эсдан чиқарган жами 18 киши.

Бу рақамни эслаганим сабаби кираверишдаги милиса будкасига рўйхат берилган эди. 18 инчиси қани деб милисанинг будкадан калласини чиқариб сўрагани эсимда.

Обкомнинг гилам тўшалган йўлакларидан кетиб боряпмиз 18 та жулдурвоқи.

Силлиқ кийинган¸ бўйинбоғ осган мулозимлар бизга ошиғич ҳавотир ва қўрқув билан қараб қўйишар эди.

Улар назарида биз жулдурвоқилар ҳокимият аталмиш сакрал ҳудудннг муқаддаслигига шак келтирган эдик.

Масалан мен билган бир йигит Обкомга инструктор бўлиб ишга кириш учун 14 минг сўм (битта 06 жигули автомобилининг бозор нархи) пора берган эди.

Улар машққатлар билан кирган бино гиламини қандайдир жулдурвоқи-норасмийлар бемалол топтаëтгани мулозимларнимг жон-жонидан ўтиб кетган эди.

Аммо бу мулозимчалар эътирозини ичига ютишга мажбур эди. Чунки мамлакатда перестройка ва гласность сиëсати юра бошлаган эди.

Иккинчи қаватдаги кичик мажлислар залининг думалоқ столи атрофида тизилиб ўтирдик. Бино ташқарисида жаҳди баланд бўлган биз норасмийлар ҳокимият бносининг саловати босиб мулойим мушукдек бўлиб қолган эдик.

Баъзиларимизнимг юзида “мухолиф-норасмий” бўлганидан ийманиш аломатлари ҳам зоҳир бўлган эди.

Хонага вилоят партия қўмитаси мафкура котиби ўртоқ Раҳмонов шитоб билан кириб келди. Сочлари силлиқ таралган¸ Чили раҳбари Сальвадор Алиенди русумида катта гардишли кўзойнак таққан¸ оч қаҳва ранг фин костюмига Леннинники каби нўхот гулли қора галстук таққан жиддий мулозим.

У киши ўз беписандлигини¸ кибрли табассум остига яшириб “Мана баҳонада обкомни ҳам кўрадиган бўлдингизлар” деди.

Бу гапни “Сиз жулдурвоқилар ҳам бир нарса кўрдингизлар мазмунсиз умрингизда” дея тушундим мен.

Сал ўтмай инсруктор ва котиблар иштирокида вилоят раҳбари Реймажон опа кириб келди.

Оппоқ юзли бу аëлнинг гигант кўкрагида СССР халқ депутати значоги ташқаридан тушган қуëш нурида ялттиллаб кетарди.

Опа бизларга ҳудди шўхлик қилиб уйдаги пиëлани синдириб қўйган боласига қарагандек меҳр аралаш ачиниш билан боқарди.

“Мулоқот” бошланди. Опа гапирди биз эса маҳлиë бўлиб миннатдор кўзларимиздан розилик учқунларини жовдиратиб қараб ўтирдик.

Реймажон опа биз ношукурларга вилоятнинг эртанги нурафшон манзарасини гапириб берди.

Хазораспда вертолет парраги чиқарадиган завод қурилади¸ Урганчда эса помбархит тўқийдиган цех¸ Гурланда тугма чиқарадиган фабрика¸ Хонқада цемент заводи¸ Шовотда эса теплица…

Опа гапирган сайин¸ биз 18 та норасмий иссиқ чой ичида эрган қанд каби эрииииб борар эдик.

Одамлар муштларини лунжларига қўйиб опанинг гапларини ютоқиб тинглашар эди. Мен ҳам вилоятнинг рангли ҳикоясига ишона бошлаган эдим.

Ниҳоят опанинг маърузаси тугади. У ҳудди ишғол қилинган шаҳарнинг муте аҳолисига қараган ғолиб саркардага менгзар эди.

Саволлар борми?-деди Реймажон опа.

Жамоа кўзларида “қандай саволам бўлиши мумкин ахир шундай олам-гулистон гаплардан кейин” деган сассиз мужда бор эди.

Реймажон опа мафкура котиби ўртоқ Раҳмоновга қараб “Буларни обком автобусича чиқариб бутун қурилаëтан объектлаарни кўрсатинг” деб амр берди.

Машварат шу ерда тугаши керак эди. Аммо Чарский айтганидек менга “опанинг гипнози” деярли таъсир қилмаган эди.

“Мумкинми”- деб ўрнимдан турдим. Опа ва ўртоқ Раҳмонов менга ҳадик билан қаради.

“Кеча ТВ да Кашпировский деган экстрасенс чиқиб оммавий муолажа қилди¸ кўрдингизми ? “- деб сўрадим вилоят раҳбаридан.

“Бу бола бирор ëмон гап айтадиëв” деб турган опанинг юзига табассум ëйилди.

-Кўрдим¸ мен ҳам белимни тутиб ўтирдим ТВ олдида. Фойдаси бўлди шу Кашпировскийни деди Реймажон опа ҳудди қўшни аëл билан гаплашган каби.

Бу орада ичимда руҳий куч тўплаб олиб ҳужумга ўтдим.
-Кашпировский сиз касал эмассиз соғсиз деб бизни ишонтирмоқчи бўлгани каби сиз ҳам бир соат давомида вилоятда ҳамма нарса гуллик- гулистонлик дея бизни ишонтирмоқчи бўлдингиз. Холбуки вилоят экологик фожеага мубтало. Шакар¸ ëғ¸ ун каби егуликлар пештахталарни тарк этган¸ гўштни килоси бир ҳафта ичида 100 фоиз қимматлади¸ шакарники ҳам…

Менинг бу гапларимдан кейин қолган 17 норасмий ҳам гипноз уйқусидан уйғона бошлаган эди.

Биринчи муносабат ўртоқ Раҳмоновдан келди. Қўлидаги папкани жахли билан столга урган Раҳмонов опага қарата “айдимку сизга бу ношукурлар билан мулоқот фойдасиз” деди.

Опа келинини қарғаган қайнона каби жавраб¸ сизлар демократияни анархияга айлантириб охир оқибатда Болтиқбўйидаги каби вазият келтириб чиқариб СССРга ҳиëнат қиласизлар деб чиқиб кетди.

Охирда қолган инструктор бизга йўлни кўрсатиб қўйди. Уни кўз қарашидан “кавушини тўғирлаб” қўйдим буларни деган маъно тушунилар эди.

Секин чиқиб кетдик. Норасмийлар жамоаси миннатдор эди мендан. Чўққини ишғол қилган алпинистлар совуқда ухлаб қолса ўлишини билгани боис доимо бир бирини ғафлатдан уйғотиб туради.

Чўққини ишғол қилишга жазм қилган йўлдошларимни совуқда қотиб ўлишдан қутқарган алпинист каби ғурурли эдим.

Ўша кунги ҳолатим шоир Муҳаммад Солиҳнинг шеърида тасвирланган манзара каби эди.
Ҳамма ухлар. Ухлайди барча.
Ёлғиз қолдинг дарча ёнида-
Ёлғиз ҳазм бўлмаган парча
Улкан қушнинг жиғилдонида.

Улкан қуш жиғилдонида ҳазм бўлмаслик учун бедорлик лозим. Эркинликнинг мазмуни эса кураш.Уришда туриш йўқ дейдику. Сиëсат паркет тўшалган кабинетларда эмас майдонларда митинглар билан қилинишига ўша куни ақлим етган эди.

Ва албатта кейинги қадам ўлароқ стадионда митингга чиқдик.

Биз узатган қўлларимиз истиқболига қарата узанган минглаб қўллардан куч олгандим ўшанда..
.
Аммо мен тушунган нарсани “норасмий” ҳаракатнинг Тошкентдаги раҳбарлари тушунмади.

Улар гилам тўшалган кабинетлардаги мулозимлар гипнозига берилиб¸ бирин кетин оммавий митингларни тўхтатишга чақиришди.

Улар митинглар ва майдон сиëсати ўрнига муроса¸ андиша¸ мадора каби самарасиз инструментлар алхимиясига ишониб пировардида хеч нарсасиз қолишди.

Майдонларда чопиши керак бўлган отлар отхонага қамалди. Энди бўрон уларнинг ëллари ичида бир умр ухлашга маҳкум эди…

PS
Бу гапларни нега ëздим ўзи? Нега бугун?
БМТга нутқ ўқиш учун борган Ўзбекистон президенти Мирзиëевнинг 18 нафар ватандош билан учрашувини кўриб эсладим бу гапларни.

Учрашув қатнашчиларининг гаплари эса 1947 йили суратга олинган “Золушка” фильмидаги аслзода онанинг икки қизи бидираб айтганларига менгзади.

“Принц взглянул на меня три раза, улыбнулся один раз, вздохнул один раз” ( Шаҳзода менга уч марта қиë боқди ва бир марта табассум қилди”) дея мақтанган қизалоқнимг гапларини миннатдор она дафтарига пат қалам билан ëзиб қўяди. Тарбиявий аҳамиятга эга кино.

Шуҳрат Бобожон. 2017 йил 24 сентябрь. Прага

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон бозорларида шакар қанчадан сотилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси маълум қилишича, ҳудудларда шакар маҳсулотининг сотилиш нархлари кузатилмоқда. Уларнинг натижасига кўра, минимал нарх Нукус ...

Камерунда вабо билан касалланганлар сони ортиб бормоқда

Камеруннинг Ғарбий ва қирғоқбўйи ҳудудларида илк бор авж олган вабо эпидемияси 140 кишининг ҳаётига зомин бўлиб, беморлар сони 7000 кишидан ошди . Камеруннинг Бош вазири ...

Ӯзбекистон financial times нигоҳида

Яқинда Британиянинг Financial Times нашри «бир пайтлар репрессиявий Ўзбекистон Каримов давридан кейин ошкоралик даврига қадам қӯйди», деган мақола чоп этганди. (more…)