«Боғи мозор» зиёратгоҳи

(“Саййид Мир Халилиллоҳ ота” зиёратгоҳи)

Бахмал туманининг Мўғол қишлоғига яқин жойда шундай зиёратгоҳ бўлиб, мазкур манзил ҳақида “Ганжи Алишер” номи билан Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” асарида ҳам маълумот бериб ўтилган.

Мақола муаллифнинг “Фейсбук” саҳифасидан олинди

Академик олим Яҳё Ғуломов ёзади: “Навқонинг шарқий тарафида, ундан 4 километрлар масофада жойлашган Боғи Мозор қишлоғи (Мўғал деб ҳам аталади) XV-XVI асрларда “Ганжи Алишер” аталган бўлса эҳтимол. Боғи Мозорда катта хонақоҳнинг қолдиқлари бор. Шунга қараганда бу қишлоқ қадимдан зиёратгоҳ жойлардан бири бўлган…”)

Саййид Азимнинг “Бахмалнома” китобида шундай ҳикоя бор…

“1369 йилнинг кўклами пайтида Амир Темурнинг қўшини жетеларга (Жетисув – Еттисув бўйида яшайдиганларга. О.Б.) қарши жангга тайёрланар эди… Айтишларича, шундай кунлардан бирида Темурбекнинг эътиборини қозонган Саййид Мир Халилиллоҳ бетоб бўлиб қолади. Лашкарбошилардан бири бўлган бу садоқатли зот Темурбекнинг пири Саййид Мир Бараканинг укаси эди.

Барча муолажа чоралари беҳуда кетади ва чорасиз қолган Темурбек беморни тоғ дараларидаги энг сўлим жойга олиб боришларини буюради.

Бундай жой Қўшчинор соялари эди. Бу ерда ночор ва бемажол Саййид Мир Халилиллоҳ улуғ амир қўлидан сув ичмоқ ниятини айтади. Раҳмат булоғидан келтирилган сувдан чанқоғини қондирган бемор атрофдагилардан рози-ризолик сўраб жон беради.

…Анча йиллар ўтиб, бутун Маворауннаҳрнинг қудратли ҳукмдорига айланган Амир Темур ўша мулозимини чақириб сўрайди:

Қўшчинорда қолдирган белгимиз эсингдами? Ўша ерга ихчам бир хонақоҳ қурдирмоқчиман, ўзинг бош бўлиб бунёд этурсан. Барча керакли жиҳоз ва кучларни ихтиёрингга бердим, бор!

Шундай қилиб саййидлар авлоди руҳига кўрсатилган беқиёс ҳурмат, чексиз садоқат рамзи бўлмиш гумбазли хонақоҳ қад ростлайди… Хонақоҳга бораверишда турли ўйма, бўртма нақш ва араб ёзувлари билан ороланган кўктош ерга ярми қадар ботгунича ўтган кетган зиёратчилар дуосига ғарқ бўлиб турибди.

Эмишки, Соҳибқирон сафдоши ҳокини мангу шарафга буркаш мақсадида Ғозғон сангтарошларига қабр тоши тайёрлашни буюради. Лекин, тошнинг тайёр бўлиши унинг навбатдаги жанговар сафари вақтига тўғри келиб қолади. Иложсиз қолган амир тошни қабр бошига етказишни Саййид Мир Бараканинг камолга етган шогирдларидан бири – кекса дарвешга буюрибди. Кекса дарвеш ёш ҳамроҳини тайёр қилиб қўйилган тош ёнига эргаштириб келиб, шундай деб тайинлабди:

Шуни қўлтиқлаб Боғимозор хонақоҳига олиб бориб қўй! Йўлда зинҳор ортингга қарама, қарасанг ташвишинг ортади…

Ёш дарвеш Аллоҳ исмини дилига жойлаб тошни қўлтиқлаб, тайинланган манзил сари равона бўлибди. Қўшчинордан ўтиб, энди етиб келганига ишонган дарвеш ғайри ихтиёрий тарзда ортига бир қарабди… Шу лаҳза қўлтиғидаги тош ерга тушиб ярми қадар туфроққа ботиб кетибди.

Шу – шу битик тошни қайта кўтариш унга насиб бўлмай Самарқандга қайтиб кетган экан..”.

Соҳибқирон Амир Темурнинг пири комили Мир Саййид Бараканинг «Мир Саййид Халилиллоҳ» исмли иниси бўлганми? Тарих китоблари бу ҳақда нима дейди? Шундай шахс ҳақиқатан ҳам тарихда яшаб ўтганми? Бу биз излаган энг катта таърих бўлди…

Энди мана бу ҳикоятга қулоқ тутинг-чи…

«…Ҳазрати Амир Темур Ироқ урушида бўлган вақтларида ниҳоятда оғир масъулиятларга дуч келиб қоладилар. Шу вақтда Ироқ мамлакатида авлиёуллоҳлардан, ака-укалар Саййид Мир Барака ва Саййид Неъматуллоҳ Соҳибқироннинг оғир аҳволидан хабар топиб, бутун молу дунёлари бирлан ва ўзларига тобе бўлган кишилар билан биргаликда ҳазрати Темурга ёрдам қиладилар. Темур Ироқни забт этиб олганларидан кейин буларга жуда эътиқодлари ва муҳаббатлари беқиёс ортади.

Ўшал замоннинг энг улуғ зотларидан бири бўлган Саййид Мир Барака алайҳирраҳмага ҳазрати Темур қўл бериб байат қилади ва Ироқдан Самарқандга қайтган вақтларида Саййид Мир Барака ва Саййид Неъматуллоҳни ўзлари билан Самарқанд вилоятига келишларини илтимос қиладилар. Улар ҳазрати Темурнинг илтимосларини қабул қилиб, бирга-бирга Самарқанд вилоятига келадилар.

Шу вақтда Эрон диёридан яна икки киши Темурнинг энг манзур кўрган одамлари бўлиб, булар доимо Темурнинг хизматларида эдилар. Бу икки эронлик кўрдиким, Амир Темур саййидларга чексиз муҳаббат билан қарар ва баъзи ишлар уларнинг маслаҳатларисиз битмас эрди. Бу икки эронлик Амир Темурнинг ва Саййид Мир Барака ҳамда Саййид Неъматуллоҳхоннинг ўрталарига адоват солиш учун кўп ҳийла ва тадбирларни ишлатадилар. Ҳаттоки, Амир Темурга дейдиларким, «Сиз буларга жуда қаттиқ эътиқод қўйяпсиз, лекин буларнинг фикри қачондир фурсат топиб, Сизга катта зарофат етказишдир».

Амир Темур алайҳирраҳманинг кўнгуллари озор чекади. Ҳазрати Саййид Мир Барака таҳорат қилиб, икки ракаат намози ҳожат ўқиб, муроқибага бориб қарасалар, Темурнинг эътиқодлари аввалгидан кўра анчагина паст кўринади. Шул вақтда Саййид Неъматуллоҳхонга қараб айтадиларким, «Эй биродар, икковимиз бирдан чиқайлик, амирнинг кўнгулларида хижолат пайдо бўлганга ўхшайдир, хавф қилурманким, бирор осиби бизларга етмасун!»

Саййид Мир Барака ва Саййид Неъматуллоҳхон икковлари шаҳардан чиқиб Қоратепа тоғи билан Койни тоғининг аросида хожа улуғлайдиган майдонга етганларида Амир Темурга хабар етадиким, «Саййидлар Самарқанддан чиқиб кетдилар», деб. Амур Темур алайҳирраҳма отларига миниб, акобиру вазирлар билан изларидан етиб бориб, шамширларини бўйинларига осган ҳолатларича «Эй, пирим, мен тавба қилдим. Мен қасамёд қиламанким, то ҳаётим борича Сизларга хизмат қиламан ва Сизларга иншооллоҳ, ҳеч ким томонидан осиби етмайди», — деб тавба-ю тазарру қиладилар.

Шу аснода Саййид Мир Барака иниси Саййид Неъматуллоҳхонга айтдиларким: «Эй биродар, энди сиз шу маконда истиқомат қилинг, мен Самарқандга қайтамен», — деб хайру хўш қилиб Темур билан Самарқандга қайтдилар. Шул аснода муборак нафаслари кетиб: «Эй, Саййид Неъматуллоҳ, Барака биз томонда бўлур ва Неъмат сиз томонда бўлсин» — дея илтифот қилдилар.

…Алҳол Самарқанд шаҳрида, Гўри Амир деб аталган жойда Ҳазрати Саййид Мир Бараканинг жасадлари Амур Темур қабрларининг бош томонига қўйилгандир…» «Ҳазрати Башир тарихи» Ш.Рашидов фонди. Тошкент.1994 йил.)

Энди устоз олим, филология фанлар доктори, профессор Нажмиддин Комиловнинг ёзувларига мурожаат қилайлик…

«Ҳазрати Башир, яъни Султон Сайид Аҳмад Вали Мирзо Улуғбекнинг замондошидир. Унинг тарихи «Мири ҳақиқат» тарих санаси сифатида келтирилган.

Саййид Мир Бараканинг биродари Мир Саййид Неъматуллоҳ Косатарош қишлоғига келиб, Хўжа Ҳасан деган мўътабар бир мўйсафиднинг уйига меҳмон бўлади. Мўйсафид фарзанди йўқлигидан ҳасрат қилади. Шайх Мир Саййид Неъматуллоҳнинг дуоси шарофати билан Хўжа Ҳасаннинг хотини Биби Малокат ҳомиладор бўлиб, ўғил кўради. Аммо, кўкрагида сут йўқ эди. Шунга биноан, Султон Сайид Аҳмадни тожикча «бешир», яъни «сутсиз» деб атайдиган бўладилар.

«Мири ҳақиқат» сўзининг абжад ҳисобидан чиқадиган натижаси ҳижрия 868-йилга тўғри келадики, уни милодийга айлантирсак, 1464 йил бўлади. Демак, «Мири ҳақиқат» лақабига сазовор бўлган Сайид Аҳмад Вали Ўрта Осиёда нақшбандия таълимоти тарқалган бир замонда яшаган. Бу шайхнинг таважжуҳи кўпроқ Хўжа Аҳмад Яссавий тариқатига қаратилган. Бовужуд, тариқат одоби, зикр тушиш тарзи ва бошқа қоидалар яссавия йўлида бўлишлиги таъкидланган. Айниқса, самоъга кўп аҳамият берилган. Султон Саййид Аҳмаднинг ўзлари самоъ рақсларидан ҳузурланиб, шогирд-муридларига ҳам буни ўргатганлар. Самоъ пайтида дарвешнинг руҳи осмонларни сайр этади, илоҳий руҳлар билан учрашиб, маърифатдан баҳраманд бўлади, деган экан ул зот.» (Н.Комилов. «Руҳи қудсийлардан бири». Тошкент. Ш.Рашидов фонди. 1994 йил.)

Султон Саййид Аҳмад Вали, тахаллуслари Ҳазрати Башир бўлиб ул зот – Ҳазрати Шайхи Бузруквор айтадиларким «Менинг насаби отам Саййид Неъматиллоҳдирларким, мен шу зоти бобарокотнинг дуолари туфайли дунёга келдим. У зоти бобарокот мани исмимни Сайид Аҳмад қўйганлар…»

Одатда, эски китобларда тарих санаси қўйилганида, кўпроқ киши вафот этган йилни назарда тутадилар. Энди ўзининг насабини Мир Саййид Неъматиллоҳга боғлаб тасниф этган «Мири ҳақиқат» – Саййид Аҳмад Валининг падари бўлмиш зот Саййид Неъматиллоҳнинг қандай қилиб «Мирхалиллоҳ»га айланиб қолиши устида бироз фикр юритиб кўришга тўғри келади…

Қадамжодаги масжид биноси Амир Темур томонидан бунёд этилганлиги ҳақидаги афсона остида маълум маънода ҳақиқат бордай… 1409-1449 йилларда Маворауннаҳрда ҳукмдорлик даврида Мирзо Улуғбек Самарқанд хирожининг бир қисмини Китоб тоғларида қўним топган Ҳазрати Баширга – Саййид Неъматиллоҳнинг фарзандига бериб турганлиги, Ҳазрати Баширнинг эса бу маблағларни «Панжакент тарафларда…» масжид қуриш учун сарфлагани тарихдан маълум…

Қурилиши камтарлик ила «Панжакент тарафларда…» деб тилга олинган масжид биноси айнан падар сифатида деб Ҳазрати Башир томонидан эътироф этилган Саййид Неъматиллоҳхонга бағишлаб унинг қабри қўним топган маскан – Боғи мозорда бунёд этилган бўлиши эҳтимолга яқинроқ. Агар шундай бўлса, «Мири ҳақиқат» – яъни Ҳазрати Башир томонидан хонақоҳ ва масжид қурилиши тамомланган сана «Мири халиллоҳ» – 833 – ҳижрий, яъни 1429 милодий йили этиб тасниф этилиши ҳақидаги тахминимизга қандай қарайсиз!?

Замонлар ўтиши билан «Саййид Неъматиллоҳхон – «Мири халиллоҳ»нинг «Неъматиллоҳхон»и тушиб қолган ва «Саййид Мир Халилиллоҳ» шаклига айланган бўлса эҳтимол!

“Саййид Мир Халилиллоҳ зиёратгоҳи” мустақиллик йилларида халқнинг хайр эҳсонлари эвазига қайта таъмирланди, хонақоҳ қайта тикланди, обод ва масрур масканга айлантирилди. Бугунги кунда бу ерга келаётган, ўтмиш қадриятларимизга беқиёс ҳурмат ва эъзоз кўрсатаётган зиёратчиларнинг кети узилмайди.

Зиёратгоҳ ҳудуди 2,07 гектарни ташкил қилади.

Муаллиф: Жиззах вилояти Маданий мерос объеклраини

мухофаза қилиш ва улардан фойдаланиш

инспекцияси инспектори Сундор Қорабоев

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Жорий йилда ўзбекистондан 2863 киши кўчиб кетди

2019 йил январь-март ойларида доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганлар сони эса 2863 кишини ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика ...

Ўзбекистонда «тонировка» учун жарима миқдори кескин оширилди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ...

Балиқ овидаги қонунбузарликлар учун жазолар кучайтирилади

Сенат ялпи мажлисида  сенаторлар Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласини кўриб чиқилди. Бу ҳақда телеграмдаги ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400