Фарғонанинг «Нефтчи» клуби бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров ўз аризасига кўра истеъфога чиқди.
Трибуна.уз сайтининг Клуб матбуот хизматига таяниб ёзишича, «Нефтчи» қароргоҳида Фарғона вилояти жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Севара Дехқонова йиғилиш ўтказган. Унда жамоанинг қайд этаётган қониқарсиз натижалари таҳлил этилган. Шундан сўнг, Баҳром Ҳайдаров оилавий шароити туфайли, ўз аризасига биноан истеъфога чиқарилган.
«Нефтчи» клубини вақтинчалик бошқариш Абдусамад Дўрмоновга топширилган. Унга Илҳом Зайлобидинов, Диёр Алижонов ва Хислат Чилматов ёрдамчи қилиб тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, «Нефтчи» А Про-Лиганинг дастлабки 2 турида «Хоразм» (0:1) ва «Истиқлол» (2:3) клубларига ютқазган эди.