Каримберди Тўрамурод: Риштон деҳқон бозори “каттакони” И.Орипжоновга!

Сизга уч-тўрт саволим бор эди, фақат тўғрисини айтинг:
“Алифбе”дан кейин қайси бадиий китобни ўқигансиз?
Болаларингизга охирги марта қачон китоб совға қилгансиз?
Дима Қаюмнинг “Халқ кутубхонаси”дан бошқа ерда ҳам китоб кўрганмисиз?
Дилшод Болтабоевга нега бунча осилиб қолдингиз? 

И.Орипжонов деган одам борлигини Дима Қаюм туфайли билдик, аммо Дима Қаюм деган маърифат тарқатувчи борлигини бутун дунё билишини, Риштонни дунёга танитишда Дима Қаюмнинг жуда катта ҳиссаси борлигини биласизми?

Эски президентнинг бозорингиз ҳақидаги эски фармонини пеш қилиб, халқнинг пулига битган, халқ берган китоб билан тўлган кутубхонани бузиш ҳақида “Огоҳлантириш хати” ёзибсиз, аммо янги президентнинг китоб ва китобхонлик ҳақидаги янги қарори борлигидан ҳам хабарингиз борми?

Боринг ана, эски фармон сизга қўл келибди, “10 кун ичида бузинг”, деб дағдаға қилибсиз, кутубхона ноқонуний қурилгани ҳақида фатво берибсиз, аммо шу кутубхона қурилаётганини бутун Ўзбекистон халқи билиб турганида, кўриб турганида, бутун дунёдаги ўзбекман деган, Ўзбекистонликман деган баҳолиқудрат ёрдам бериб турганида сиз қаерда эдингиз? Сизни ким босиб қолувди?

Нега дастлаб “Халқ кутубхонаси” ғояси туғилганида қаршилик қилмадингиз? Нега собиқ ҳокимингиз бу ишга розилик берганида, “Ўзим қўллаб-қувватлайман, қураверинг, 1000 та китобни ўзим олиб бераман”, деганида қаршилик қилмадингиз?

Нега “Халқ кутубхонаси” қурилиши бошланганда тўхтатмадингиз? Нега “Халқ кутубхонаси” ишга тушганда тўхтатмадингиз? Нега Дилшод Болтабоев кутубхонани кенгайтириш мақсадида айвон қуришни бошлаганида тўхтатмадингиз?

Сиз ўшанда ҳам соғмидингиз? Кўзингиз очиқмиди? Қулоғингиз эшитармиди?

Нега бугун, Дилшод Болтабоев шунча харажатларни қилиб, элдан, юртдан қарз-ҳавола қилиб, шу кутубхона ва айвонни қуриб бўлган куни анови фармон ўлгур эсингизга тушиб қолди? Ахир жону-дилингиз бўлган у фармон 2010 йилда чиққан экан-ку? Шу бугунгача у фармонни ким остига босиб ётди?

Нега фармон бугун ишлаб қолди?

Муҳтарам зот! “Халқ кутубхонаси” бузилса, жойини нима қилмоқчисиз? Кимга сотмоқчисиз?
Сиздан олган, гуноҳдан қўрқмайдиган, китобнинг уволи уришидан қўрқмайдиган, бир йигитнинг кўз ёши тутишидан қўрқмайдиган одам сиздан сотиб оладиган бу жойда нима қилмоқчи? Нима сотмоқчи? Китоб тарқатганчалик савобли иш қилмас?

Сизнинг шерикларингиз савобни биладими ўзи? Уволни биладими? Гуноҳни биладими?
Энди энг асосий савол: СИЗДА ИЙМОН БОРМИ?

Бир йигитни йиғлатдингиз, йигитнинг кўз ёшидан қўрқмайсизми? Бозорлар қўлдан кетади, курсилар кетади, Аллоҳнинг олдига борганда, нима деб жавоб берасиз?

Муҳтарам жаноб! Адолат билан жавоб беринг: СИЗ бозордан қанча бойлик топаяпсиз-у, халққа текинга китоб тарқатаётган, уларнинг қалбига нур, зиё улашаётган Дилшод Болтабоев қанча бойлик топаяпти?

Унинг бўйнидаги қарзини биласизми?

Охирида сиз бермаган саволларга жавоб бераман.

“Сизга нима?” деган саволингизга жавоб: Дилшодга миннат бўлмасин, мен Риштондаги “Халқ кутубхонаси” қурилишига пул берганман! “Халқ кутубхонасига мен ўз китобларимни юборганман! Демак, “Халқ кутубхонаси” бузилишининг менга бевосита дахли бор. Билиб қўйинг, “Халқ кутубхонаси” қурилиши учун юборган пулимни сиздан ундириб оламан! Пул юборган бошқалар ҳам, инша Аллоҳ, сиздан талаб қилиб олишади.

“Нимани истайсиз?” деган саволингизга жавоб: Сизда зиё йўқдир, аммо Риштон аҳлига зиё тарқатаётган “Халқ кутубхонаси” ишлаб туришини истайман!

“Нима қила оласиз?” деган саволингизга жавоб: “Халқ кутубхонаси”ни буздирсангиз, сизни бутун дунёга шарманда қиламан, мана кўрасиз!

Ёзувчи Каримберди Тўрамурод 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чиқиш визаси чиғириқлари

Айни пайтда фақат Ӯзбекистон ва Шимолий Кореяда мавжуд бӯлган чиқиш визаси 2019 йил 1-январдан эътиборан бекор қилинади. Бу  тӯғрисида Ӯзбекистон ҳукумати расман  эълон ...

Бахтли оила деганда нимани тушунасиз?! сиз бахтлимисиз?

“Бахтли оилалар ҳаммаси бир-бирига ўхшаш бўлади. Бахтсиз оилалар эса ҳар бири ўзича бахтсиз...”, деган эди буюк рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой. Кўпчилигимиз оилалимиз. ...

Ўзбекистонда мобил телефонлари, ноутбук ва планшетларни ёппасига қайддан ўтказиш бошланмоқда

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси порталида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан тайёрланган, ...