Юлдузли тунлар-21

4

Андижонлик бек ва навкарлар «Самарқандни олсак ҳамма мушкулларимиз осон бўлади», деб ўйлаган эдилар. Бироқ энг катта ишкалликлар Самарқанд олингандан кейин бошланди. Уч минг кишилик қўшиннинг беш-олти минг от-улови бор. Қаҳратон қишда қамалдан абгор бўлиб чиққан шаҳарда на очларни тўйдириб бўлади, на қўшинга озиқ-овқат етказиб бўлади, на отларни ем-хашак билан таъминлаб бўлади. Шаҳар дарвозалари очилган, бу ёғи Ўратепагача, бу ёғи Қаршигача барча томонларга туя карвонлари жўнатилган, бозор ва расталарни тирилтириш учун турли чоралар кўрилаётган бўлса ҳам пойтахтда ҳаёт ҳали-бери изга тушадиганга ўхшамас эди. Самарқанд сўнгги йилларда кўп марта қўлдан-қўлга ўтиб, даҳшатли талон-торожлардан қашшоқланиб қолган эди.


— Бу мушкулотлар кўз очиб-юмгунча ўтиб кетгай,— деб, машваратларда Бобурнинг устози Хўжа Абдулла андижонлик бекларни сабр-қаноатга чақирар эди:— Баҳор яқин, пишиқчиликка етсак, оғир кунларни кўрмагандек бўлиб кетурмиз. Танқисликлар ўтур, аммо бу ёғи Қаршию Шаҳрисабзгача, у ёғи Ўшу Ўзгангача — шундай улуғ мамлакат қолур. Тангрим бизга шундай катта кишварни иноят қилгани учун, биз Самарқанддай оламшумул доруссалтанага муяссар бўлганимиз учун шукроналар айтмоғимиз керак. Бобур мирзонинг орзулари шулким, Мовароуннаҳр яна Улуғбек давридаги каби бирлашса, пойтахт аслига қайтса, ҳамма вилоятлар ҳамжиҳату обод бўлса. Амирзодамнинг бу орзулари сизу бизнинг муқаддас мақсадимиздир.
Илоҳи омин, парвардигори олам бизни бу мақсадимизга ҳам етказсин!
Бу гаплар Хонқулибек ва Аҳмад Танбалга ўхшаган бекларнинг ғашига тегса ҳам, улар машваратга тўпланган бошқа беклар қатори:
— Илоҳим омин! — дейишиб, юзларига фотиҳа тортадилар. Четдан қараган одам буни якдиллик белгиси деб ўйлайди.
Аммо беклар машваратдан янги бир вазифани зиммаларига олиб, уй-уйларига тарқалганларидан кейин хилватда иккита-учтадан бўлиб олиб, ғийбатга тушиб кетишади:
— Хулласи калом. Бобур мирзонгиз Улуғбекдек улуғ одам бўлмоқчи эканлар-да, Аҳмадбек? — сўрайди Хонқулибек истеҳзо қилиб.

Улар бахмал кўрпа ёпилган иссиқ сандалнинг икки четида ўтириб кечки таомни бирга емоқда эдилар. Аҳмад Танбал қазидан бир парра олиб, киноя билан кулди:
— Ҳа, Бобур мирзоингиз улуғ одам бўлишлари учун яна биргина нарса етмай турганмиш…
— Хўш?
— Бугун машваратда айтдилар-ку! Самарқанд деҳқонлари очарчиликда уруғлик донларини еб қўйган эмишлар. Биз Қаршига карвон юбориб олиб келган донларимизни деҳқонларга қарз берур эмишмиз.
— Дард устига чипқон!
— Илож қанча, Хонқулибек! Ёш подшоҳимиз улуғ бўлишлари учун ҳаммасига чидайсиз. Яна бу кишим Самарқандга куёвлар, қаллиқлари бор. Домод раийятга ўзларини яхши кўрсатмоқлари зарур. Бу ҳам етмагандай, ёш подшоҳимиз ҳар ҳафтада шоирларни тўплаб мушоира ўтказмоқдалар.
— Шоир ҳам бўлмоқчилар шекилли-да!
— Ҳа, бизнинг насибамизга қаёқдаги шоирларни ҳам шерик қилганлари ана шу сабабдан!
Хазинадаги олтинларни совуриб, қатор-қатор қимматбаҳо китоблар олишлари ҳам ана шундан!
Хонқулибек соқолини ғижимлаб:
— Этак силкиб Андижонга кетай десам, рухсат бермайдир, — деди. — Тангри ҳаққи, Бобурингиздан тўйдим, Аҳмадбек!
Аҳмад Танбал заҳарханда қилиб кулди-да, ўрнидан туриб эшикни зичлаб ёпди. Жойига келиб ўтиргач:
— Хонқулибек, — деб товушини пасайтириб гапира бошлади, — беклар бўмаса, подшоҳларнинг илкидан ҳеч иш келмайдир. Навкарнинг кўпчилиги бизники. Жангни биз қилдик. Азобни биз тортдик. Энди бундай муте бўлиб, ёш йигитчадан рухсат сўраб ўтирмоғимиз не керак?
— Гапингиз рост! — шивирлади Хонқулибек. — Подшо бўлса ўзига! Рухсат бермаса бермасин, мен барибир кетурмен!
— Мен ҳам бу ерда хор бўлиб юрмоқчи эмасмен. Омон бўлсам, подшоҳ топилур. Ахсида Жаҳонгир мирзо бор. Бухорода Султон Али мирзо бор. Буларнинг уруғи кўп. Ҳаммасига сизу биздек беклар керак. Сизга менинг маслаҳатим — Андижонда кўп турманг. Иликка тушиб қолурсиз.
— Ахсига борайми?
— Ҳа, Ахсида Узун Ҳасанга учранг. Сизни Жаҳонгир мирзонинг хизматига олур.
— Олурмикин? Балки Жаҳонгир мирзо Бобурга қарши боролмас?
— Сизу биздай беклари кўпайса борур! Жаҳонгир мирзо Андижон тахтига ишқибоз…
… Икки бек шу куни гапни бир жойга қўйдилару эртаси куни кечаси Аҳмад Танбалнинг ишончли одамлари Феруза дарвозасида соқчилик қилаётган пайтда Хонқулибек элликтача навкари билан секин шу дарвозадан чиқиб қочди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Аҳмад Танбалнинг ўзи Зоминга карвонни кузатиб бориш баҳонаси билан навкарларини эргаштириб кетди-да, Самарқандга қайтмай, тўғри Ахсига йўл олди. Шундан кейин шаҳардан ташқарига зарур иш билан юборилган бек ва навкарларнинг қайтиб келмаслик ҳоллари тобора кўпая бошлади.
Кечалари қалъа деворларидан ошиб тушиб қочаётганлар бунинг устига қўшилди. Қишнинг охирига бориб, Самарқандга Бобур билан келган бек ва навкарларнинг ярми ҳам қолмади.
Одами жуда сийраклашиб қолган Бобур кетганларни қайтариб келиш учун энг содиқ беклардан бирини Андижонга юборди. Бироқ орадан йигирма кун ўтгач, бу бекни Аҳмад Танбал ва унинг тарафдорлари Андижон билан Ахси оралиғида тутиб олиб ўлдирганлиги ҳақида хабар келди.
Фарғона водийсида ёмон бир фитна бошланганига энди шубҳа йўқ эди.
Фитначи бекларнинг бир қанчаси Хўжа Абдуллага қўл бериб, унга мурид бўлганликлари маълум эди. Бобур Қосимбек билан маслаҳатлашиб, охири Хўжа Абдуллани Андижонга юборди.
Бобур тахтга ўтирган кезларда Хўжа Абдулланинг гапига кирган Узун Ҳасан ва бошқа фитначи беклар бу гал унинг насиҳатларию ваъдаларига мутлақо қулоқ солмадилар. Ниҳоят, фитначилар Андижонга ҳужум қилдилар. Хўжа Абдулла бошлиқ содиқ беклар шаҳар дарвозаларини беркитиб, қамалда қолдилар.

* * *

Бу мудҳиш хабар Самарқандга етиб келганда Бобур қаттиқ бетоб бўлиб, Бўстонсаройнинг иккинчи қаватидаги хобгоҳда иситмалаб ётган эди. Андижондан келган чопар ўрам қилиб сўрғичланган мактубни ясовулга кўрсатди-ю, аммо бермади:
— Ҳазрати хоним «амирзоданинг ўз иликларига беринг», деб буюрганлар!
Бобур ҳар куни неча қайта: «Андижондан чопар борми?» — деб сўрар эди. Ясовул чопарни дарҳол юқорига бошлади.
Хобгоҳ эшиги олдида уларни Бобурнинг шахсий табиби бўлган кичик жуссали мўйсафид тўхтатди:
— Бу китобатни аввал Қосимбек ўқимоқлари керак. Агар хушхабар бўлса, кейин амирзодамга берурсиз.
— Оналари, буюрганлар, устодлари Хўжа Абдулла ҳам тайинлаганлар, амирзодамнинг ўзлари ўқимоқлари керак.
— Ёмон хабар Мирзо ҳазратларини хароб қилиши мумкин! — деди табиб куюниб. — Асли ўзлари тумовлаб тузалиш арафасида эдилар. Ташвиш устига изтироб, изтироб устига кулфат, ҳаммаси қўшилди-ю, муолажани охирига етказмай туриб кетдилар. Мана бугун узликиб аҳволлари оғирлашиб ётибдилар!
— Андижон хавф остида. Агар тезроқ билдирмасак, кейин кеч бўлур, биздан норози бўлурлар!
— Йўқ, мен ҳозир ижозат бермайдирмен!
— Жаноби табиб…
— Йўқ, йўқ!
Бу баҳс ичкарида ётган Бобурнинг қулоғига чалинди. У баланд товуш билан:
— Чопар бўлса кирсин! — деб буюргандан кейин, табиб чопарга йўл берди.
Бобур катта танобий хонанинг тўрида ердан бир газча баланд қилиб солинган парқу тўшакда ётган эди. Чопар тўшакдан анча берида юкунди-да, тиззасида сирғалиб бориб, мактубни Бобурга икки қўллаб узатди.
Иситманинг зўридан бўғриқиб ётган Бобур ёнбошга туриб, мактубни титроқ қўллари билан очди. Ичма-ич иккита хат. Бирида Хўжа Абдулланинг имзоси. Бирини Қутлуғ Нигор хоним ёзган. Улар иккови ҳам Андижоннинг даҳшатли аҳволи, қамал тафсилотлари ҳақида ёзишган.
Бобурдан бошқа нажоткорлари йўқлигини айтишиб, тезроқ етиб келишини илтижо қилишган эди.
Андижон қуршовда! Фитначи беклар Андижон тахтига Жаҳонгир мирзони ўтказмоқчилар.
Аҳмад Танбални лашкарбоши қилишиб, Бобурдан ота юртини тортиб ол-моқчилар! Бобур уларни бунчаликка боради, деб ҳеч ўйламаган эди. Тўсатдан унинг устидан бир челак совуқ сув қуйилгандай бўлди-ю, аъзойи бадани музлаб, бўшашиб, боши ёстиққа «шилқ» этиб тушди. Тамом!
Танбал билан Жаҳонгир ғалаба қилса, уларнинг томонига қочиб ўтувчилар яна кўпаяди. Бобур ким билан қолади? Балки ҳозир ҳам Танбал томонга қочиб ўтаётганлар бордир? Балки Қосимбекнинг ўзи ҳам… Кутилмаганда хаёлига келган бу ўйдан Бобур шундай даҳшатга тушдики, бутун кучини тўплаб, ўрнидан сапчиб турди:
— Қосимбек қани??!
— Ҳозир келурлар, одам юбордик, — деди табиб мулойим товуш билан. — Амирзодам, ётинг, сизга ором керак!
Бобурнинг хаста хаёлида бирдан қилич тутган Танбал гавдаланди. Бобур бу қилични таниди.
Ўшда Танбал шу қилични ўпиб, «то ўлгунимча содиқ қулингизман», деган эди. Танбал ўша қилични ҳозир гўё Бобурнинг боши устида ўйната бошлади… Танбалнинг оёғи ос-тида тоғдан
хуржунга солиб келинган каллалар юмалаб ётипди. Уларнинг бири танишга ўхшади. Қутлуғ
Нигор хонимнинг боши… Бобур алаҳсираб кўз олдига келтирган бу қўрқинчли хаёл уни гўё
тўшакдан отиб юборди. У гилам устида ички кийимда оёқ яланг турганича:
— Шамширни беринг! — деб қичқирди. — Менга шамширни беринг!
Табиб уни маҳкам қучоқлаб олди:
— Амирзодам, хастасиз, ётмоғингиз керак… Амирзодам! — Табиб Бобурни гўё Танбалнинг қиличига тутиб бермоқда эди. Бобур унинг қучоғидан юлқиниб чиқиб эшикка интилди:
— От келтиринг! Мен Андижонга борамен! Шамшир қани? Бекларга хабар беринг! Тезроқ тайёрлансинлар!
Табиб унинг кетидан югурди. Дасторпеч Бобурнинг кимхоб тўнини олиб бориб елкасига ёпди, оёғига кавушини берди. Бобур кавушнинг бир пойини кийди-ю, иккинчисини кийишга тоқати етмади. Унинг боши гир-гир айланар, ҳаво етишмай, нафаси қисилар эди. Кўз олдида ҳамон ўша қонли қилич ва кесик каллалар.
— Хоин! — деди у Танбалга қарата. — Қонхўр!
Бобур айвон эшигига қараб чопди. Лекин эшик олдида гандираклаб йиқилди. Табиб билан дасторпеч уни беҳуш аҳволда тўшакка кўтариб келиб ётқизишди.
Сўнг у ярим кечага бориб сал ҳушига келди. Кўзини очиб, оғзига пахтадан сув томизаётган табибни кўрди. Назарида, тили шишиб, шундай катта бўлиб кетган эдики, бутун танасини тоғдай босиб ётарди. Бобур кўзини очганини сезиб, Қосимбек унинг тепасига келди:
— Хайрият-е!.. Амирзодам, бизни мунча қўрқитдингиз?
Бобур кўзлари мўлтираб нимадир демоқчи бўлди, аммо беҳад оғирлашиб кетган тилини қимирлатолмади.
— Энди яхшимисиз, амирзодам?
Бобур жим. Қарайди-ю, гапиролмайди. Унинг тилдан қолганини сезган Қосимбек кўзидан тирқираб чиққан ёшни кўрсатмаслик учун юзини четга бурди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи – ўртакаш излаб

Рауф  ака билан юз берган ҳаддан кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. Агар уларни ёзаверсам, бир неча китоб бўлса керак. Бир йилда 10 тасини ёдга олсам ҳам жами 250 та воқеа ...

От кишнаган оқшом (қисса) 62-қисм

62 Назир жувозкаш кўпкарига Олмакўз байталини миниб келди. Ўзиям, байтали Олмакўзмисан, Олмакўз бўлди-да! Кўзлари бўталоқ кўзларидай катта-катта, дум-думалоқ, олмадай-олмадай ...

От кишнаган оқшом (қисса) 20-қисм

20 Кўпкари охиригача ёнбошлаб ётдим. Узанги йўлдошларим бир марта-да улоқ ололмади. Кўпкаридан қўлини бурунларига тиқиб қайтди. Шунда, узанги йўлдошларимга юз солдим. — Энди ...