Юлдузли тунлар-14

4

Кечки пайт ҳужрада Бобурнинг ёлғиз ўзи қолди. Қосимбек керакли одамларга: «Ҳужра — мирзо ҳазратларининг хилватгоҳлари бўлди, кечаси ҳам ўша жойда тунамоқлари мумкин», деб билдириб қўйди. Қўрчилар Бобурнинг кўзига ташланмасликка тиришиб, ҳужранинг орқа томонида қўриқчилик қила бошладилар.
Доимо кўпчиликнинг диққат-марказида бўлиш ва подшоҳнинг ҳар бир гапи, ҳар бир ҳаракати кимнингдир тақдирига таъсир қилишини унутмай ҳамиша зийрак ва эҳтиёткор туриш Бобурни жуда сиқилтирар эди. Ёш танаси эркин бўлишни, оддий тенгдошлари каби очиқ-сочиқ яйраб юришни қўмсар эди. Ҳозир у ҳужра ичкарисига тўшалган беқасам кўрпачалар устида бошига ёстиқ қўймасдан бирпас чалқанча ётди. Кейин ағанаб юзтубан бўлди-да, энгагини кафтига тираб, девордаги нақшларга тикилди. Куни бўйи отда юриб толиққан бўлса ҳам дам олиб ётгиси келмас эди. Ўрнидан сакраб туриб бир-икки марта қулочини ёзиб керишди, эснади. Сўнг айвонга чиқди-да, яна атрофни томоша қила бошлади.
Тўрт томон баҳор нафосатига тўла. Ҳаво мусаффо бўлгани учун пастда ёқилаётган оловнинг тутуни ҳам одатдагидан тиниқроқ кўринади. Охири қорли тоғлар билан туташиб кетган водийнинг кўз илғаган ҳамма жойи кўкаламзор. Бир ёғида Ўзган, бир ёғида Марғилон, узоқларда Исфара, Хўжанд, Косон ва Ахси — бу ўрчин*ларнинг ҳаммасида боғ-роғлар чаман бўлиб гуллаганини Бобур гўё хаёл кўзи билан кўриб турибди. Улуғвор тоғлар афсонавий Қалъа деворларидек атрофни ўраб турган бу гўзал водий ҳозир аввалгидан хийла осуда. Уруш тугаганига икки йилдан ошди.
Бундай тинч, масъуд дамларда уни қоғоз-қалам ўзига тортарди. Савдарлар ҳужрага олти оёқлик миз* келтириб қўйишган. Бобур миз ёнига ўтириб «Вақоиъ» деб атаган хотира дафтарини очди. Сўнгги ёзувлари— ўзи яқинда кўрган Конибодом ва Исфара ҳақида эди. Энди бу ёзувларини давом эттириб, Ўш тўғрисида бита бошлади: «Ўш қасобаси Андижондан тўрт йиғоч йўлдир… Боратоғнинг тумшуғида тарих тўққиз юз иккида3 мен бир айвонлик ҳужра солдим. Бу ҳужра бисёр яхши воқеъ бўлибдур. Тамом шаҳар ва маҳалла оёғ остидадур…» Бобур Ўшнинг бинафшаси, лолалари, оқар сувлари, оқ мавжли қизил тошлари ҳақида ҳам берилиб ёзаётган эди, бирдан Қосимбек эшик оғзида пайдо бўлди:
— Амирзодам, хаёлингизни бўлсам, маъзур тутинг. Бухородан — Султон Али мирзодан мактуб келмишдир!
Бобурдан ишора бўлгач, Қосимбек ичкарига кириб, ўрам қилинган олтин боғичли мактубни Бобурга узатди. Бобур мактубни очиб ўқиди-ю:
— Султон Али мирзо бизни Самарқанд юришига чорлабдир, — деди.
— Битим тузган эдингиз-да, амирзодам. Сафарга чиқмоқ керак.
— Ошиқманг, бек. Аввал онам ҳазратларининг ризолигини олайлик.
Бобур ҳар муҳим ишда онасидан маслаҳат сўраши Қосимбекка унча ёқмас эди. Чунки аёллар жангу жадалдан жуда безган эдилар. Жанговар беклар эса урушсиз юрса қиличлари занглаб қоладигандек бетоқат бўлишади.
Қосимбек Қутлуғ Нигор хонимнинг чодирига Бобур билан бирга тушиб борди.
Хонзода бегим ҳам онасининг ҳузурида ўтирган экан. Улар Бобур учун дастурхон ёздириб, чинни лаганда кабоб келтирдилар. Кабобдан сўнг қимиз ичилди. Қосимбек мўйловига теккан қимиз юқини кафти билан артиб, сўз бошлади:
— Амирзодам Султон Али мирзо билан иттифоқ тузганлар. Бу ердан черик тортиб бормоққа сўз берганмиз.
— Тангрим бизни фараҳли кунларга етказди, — деди Қутлуғ Нигор хоним. — Энди шуни ғанимат билайлик, жаноб Қосимбек, Султон Али мирзо ўз оғаси Бойсунқур мирзо билан Самарқанд тахтини талашурлар. Бобур мирзо улардан баланд турмоқлари керак. Тангрига шукур, амирзодамнинг Андижонда ўз тахтлари бор.
Қосимбек бу сўзларга тезда жавоб тополмай тараддудланиб қолди. Шунда Хонзода бегим гапга аралашди:
— Амирзодам, Самарқанд юришининг сарфу харожатига Андижонда саройлар, мадрасалар қурсангиз бўлур. Андижон ҳам Самарқанддек сайқали рўйи замин бўлса номингиз Улуғбек мирзонинг номидек шуҳрат қозонса— биз муштипарларингизнинг орзуимиз шу!
Бобур ҳазиломуз кулимсиради:
— Мен аввал Самарқанд сайқалини бир кўрмоқчимен. Ибрат олсак, ундан сўнг олурмиз.
Қосимбек Бобурнинг сўзларини ёқтириб:
— Лутф қилдингиз, амирзодам! — деб қўйди.
— Лекин амирзодам Самарқандни ёшликларида кўрганлар, — деб эътироз қилди Қутлуғ Нигор хоним.
— Беш ёшимда кўрганим ёдимда унча қолмабдир.
Хонзода бегим кулди:
— Бултур Самарқанд азимати билан кетиб бизни кўп соғинтирган эдингиз-ку?
Бобур бултурги муваффақиятсиз юришини эслаб, жиддийлашди:
— Рост, бултур тўрт ой Самарқанд атрофини кездик. Аммо шаҳар дарбозалари биз учун бирон марта очилмади. Биз бобокалонимизнинг пойтахтини кўришга муносиб эмас эмишмиз!
Бобур бу сўзларни шундай куюниб, алами келганини яширолмай лаблари титраб айтдики, унинг ҳали ҳам жуда ёш эканлиги бирдан билиниб қолди. Ҳолбуки, у Самарқандга қўшин тортиб борган, агар шаҳарга кирса, тахтга ўтириши керак эди. Тўғри, Бойсунқур мирзо ҳам темурийлар авлодидан бўлиб, яна тағин Бобурдан беш ёш катта эди, демак, тахтда ўлтириши қонуний эди. Бироқ Андижон беклари Бойсунқур мирзодан юз хил кам-чилик топиб, уни ҳамиша ёмонлаб гапиришар ва Самарқанд тахтига фақат Бобурни муносиб кўришар эди. Бойсунқур мирзо буни билганлиги учун Бобурни Самарқандга йўлатмас эди. Мабодо, Бобур шаҳарга қўшинсиз, шунчайин пойтахтни кўриш учун кирадиган бўлса, Бойсунқур мирзо уни туттириб, йўқ қилиб юбориши мумкин эди. Чунки орадаги тахт талаши ва бекларнинг адовати уларни бир-бирларига душман қилиб қўйган эди.
Қутлуғ Нигор хоним энди ўн беш ёшга кирган ўғлининг бу талашлар ва адоватларга аралашмасдан, ўз мулкида осойишта ҳукм суришини истарди. У Бобурнинг аламдан ўзгариб кетган юзига оналарча қайишиб қаради-ю, унга жони дилини бергиси келиб гапирди:
— Бобуржон, сўзимга ишонинг, бу беш кунлик дунё сизнинг куюнишингизга арзимайдир! Онаси ўғлини подшоҳ бўлмасидан олдинги номи билан атаб, меҳри товланиб гапиргани Бобурга жуда ёқимли туюлди. Бир лаҳза у ўзини меҳрибон бир онанинг беғам, беташвиш бўталоқ ўғлидек сезди-ю, елкасидаги катта юк ерга тушгандек енгил тортди.
— Вақти-соати келур. Самарқанд орзусига ҳам етишурсиз, — деб давом этди Қутлуғ Нигор хоним. — Бироқ ҳозир раийят осойишта умр кўришга муштоқ. Қанотингиз остида Қосимбекдек тадбиркор амиру умаронгиз бор. Мана шу Ўшдаги ҳужрани қурган меъмордек ҳунарпешалар сизнинг хизматингизда. Энди онангиз сиздан илтимос қилур: Самарқанд муҳорибасини беш-олти йилга кечиктирсангиз. Барчамизга бош бўлиб, водийни обод қилсангиз, Андижонда, Марғилонда, Ўшда катта обидалар қурсангиз!
Қутлуғ Нигор хоним подшоҳ ўғлига кўпдан бери бунчалик жиддий, бунчалик қатъий илтимос билан мурожаат қилмаган эди. Қосимбек ерга қараб сукутга кетди. Бобур ҳам бир лаҳза дастурхон четида олтин жомда қизғиш кўринаётган қимизга кўз тикиб жим қолди. Умумий сукунатда Хонзода бегимнинг нафис, тиниқ овози эшитилди:
— Амирзодам, сиз Навоийнинг достонларини ёд билурсиз. Фарҳод қандай ажиб бинолар қурганини бир эсланг. Мен бир мунглик эгачингиз доим орзу қилурмен: сиз ҳам Фарҳоддек бунёдкор бўлингиз! Дунёда бундан улуғ, бундан савобли иш йўқ!
Бобур Ўшда ўзи қурдирган кичик бир ҳужрадан бугун қанчалик завқ олганини эслади-ю, онаси билан опасининг тилакларини қўллаб-қувватлагиси келди. Аммо у бундай муҳим давлат ишларини бир ўзи ҳал қилолмаслигини ҳам билар эди. Бобур Қосимбекка кўмак сўраган каби қараб:
— Чораси топилурмикин? — деди.
Гап Самарқанд юришини қолдириш ҳақида эканини Қосимбек сезди. Асли ҳарбий одам бўлган ва жуда кўп жангу жадалларда қатнашган Қосимбек Бобур истаган чора топилмаслигини ич-ичидан сезиб турарди. Чунки Самарқанд юриши ҳамма нуфузли бекларнинг машваратида маъқулланган, тайёрлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Катта бир тўсиқдан ўтиш учун бутун кучи билан сакраётган отни бирдан тўхтатиб бўлмайди, мабодо зўр билан тўхтатилганда ҳам от йиқилиши, чавандозини ерга улоқтириши мумкин. Қосимбек буни очиқ айтишга журъат этолмади-ю, қўлини кўксига қўйиб:
— Амирзодам, қулингиз чора топишдан ожизмен,— деди. Бу жавоб Бобурга оғир ботди.
— Онамнинг илтимосларини рад этайликми?
Бобур бу сўзларни шундай зарда қилиб айтдики, Қосимбек унинг ҳозир онаси ва опаси айтган ишларни қилгиси келиб турганини аниқ сезди. Сўнг у Бобурнинг кечагина Самарқанд юришига тарафдор бўлиб, жангларда қатнашиш иштиёқида ёниб айтган сўзларини эслади-ю, ичида ғижиниб қўйди. Бобурдаги бу ўзгарувчанликни Қосимбек ёшлик ғўрлигидан кўрар, хусусан, бундай мураккаб давлат ишларида аёлларнинг гапига киришни катта бир заифлик белгиси деб биларди. Аммо Қосимбек Қутлуғ Нигор хоним билан ҳам ҳисоблашишга мажбур, чунки ёш подшоҳга онасининг таъсири кучли эканини ўз кўзи билан кўрмоқда эди.
— Хоним ҳазратларининг илтимослари менга тожи сар бўлсин, — деди Қосимбек чўккалаб ўтирган кўйича бош эгиб. — Қулингиз айтмоқчименким, бундай муҳим ишда барча нуфузли бекларнинг ризолигини олмасак бўлмас.
Подшоҳ оиласи Қосимбекка алоҳида эҳтиром билдирганда унинг номига «амирлар амири»
деган унвонни қўшиб айтар эди. Ҳозир ҳам Қутлуғ Нигор хоним:
— Жаноби амирул умаро, — деди унга. — Сиз бошқа бекларнинг ризолигини олишда Бобур мирзога кўмак берурмисиз?
— Жоним билан! Аммо бекларнинг баъзи андешаларидан фақир хабардормен. Густоҳлик саналмаса айтай.
— Айтингиз, — деди Бобур.
Қосимбек ерга қараб, бир лаҳза ўй сурди, ҳали оқ тушмаган ғайир қўнғиртоб соқолининг учлари сакарлот чакмани*нинг заррин, ёқасига тегиб, қайрилди. Ниҳоят Қосимбек бошини кўтариб Бобурга қаради-ю, Самарқанддаги улуғ обидалар улкан бир давлатнинг кучи ва бутун вилоятларнинг иштироки билан қурилганини, ҳозир ўша ягона давлат парчаланиб кетганини, Фарғона катта водий бўлса ҳам, аммо Мовароуннаҳрнинг фақат бир қисми эканини гапира бошлади. Унинг нима демоқчи эканини сезган Хонзода бегим истеҳзоли жилмайиб сўради:
— Жаноби амирул умаро, Андижонда обидалар қуришга кучимиз етмайди, демоқчимисиз?
— Олий насаб бегим, сиз Самарқанддек улуғ шаҳар қуриш ҳақида сўз очдингиз. Беклар айтурларки, улуғ шаҳар бунёд этмоқ учун яна ўша улуғ давлатни тикламоқ керак. Бутун вилоятларнинг кучини бир жойга йиғмоқ керак. Ҳозирги парокандалик улуғ қурилишлар қилишга имкон бермагай.
Қосимбекнинг бу гаплари Бобурга жуда мантиқли туюлди. У онасига қараб бундан ҳам
мантиқлироқ бир сўз кутди.
— Жаноб Қосимбек, улуғ обидаларни фақат Амир Темурдек соҳибқиронларгина қурган эмас, —
деди Қутлуғ Нигор хоним. — Ҳиротда Алишербек Ихлосия, Унсия отлиқ бинолар қурмишлар,
Бобур мирзонинг ҳокимиятлари Алишербекнинг ҳокимиятларича эмасми? Ахир Алишербек бир
тождорнинг мусоҳиби* бўлсалар, Бобур мирзо мустақил давлатнинг подшосилар-ку!
Қутлуғ Нигор хонимнинг бу сўзлари Бобурнинг қалбида чўкиб ётган энг ўтли истакларини юзага қалқитиб чиқаргандай бўлди. Унинг ёшлик эҳтироси билан қалбига тугиб юрган энг кучли орзуси — жангларда катта ғалабаларга эришиб ёки ажойиб шеърлар, достонлар ёзиб эл оғзига тушиш, сўнг Навоийдек улуғ одамларга танилиш ва уларнинг махсус эътиборларига сазовор бўлиш эди. Етти ой овора бўлиб Самарқандни ололмай келганидан кейин, жангларда катта ғалабаларга эришиш ҳали ушалмайдиган бир орзу эканига унинг кўзи етиб қолди. Улуғ шоир бўлиш орзуси ҳам қўл етмас бир баландликда учиб юрган бахт қушига ўхшайди. Бобур уни тутишга ҳали кучи етмаслигини сезади. Аммо ҳозир онаси Навоий қурган иморатларни тилга олиши билан Бобурни ўша ўтли орзусига етказадиган бошқа бир йўл «ялт» этиб кўзига кўриниб кетди. Навоий қурган Ихлосия ва Унсияларнинг шуҳрати оғиздан-оғизга ўтиб, Фарғона водийсига етиб келган экан, энди бу ерда ўн беш ёшлик подшоҳ ўшанақа обидалар қурдирса, овозаси Ҳиротга ҳам етиб бормасмикин? Кейин, эҳтимол, Навоий ҳам буни эшитар, Бобурнинг кимлигини сўраб билар, уни орқаворатдан таниб қолар. Кейин балки Бобур Ҳиротга борар ёки Навоий ўзи бу томонларга келишни ихтиёр қилар. Навоий Ҳусайн Бойқаронинг саройидан безиб юрганини Бобур ҳам эшитган эди. Балки улуғ шоир Хуросондан Фарғона водийсига келиб, ёш Бобурга мураббий бўлар. Ўйи шу ерга етганда Бобур жуда ҳаяжонланиб кетди.
Кўзлари ёниб, Қосимбекка қаради-ю:
— Онам ҳақлар, — деди. — Бекларни кўндирмоқ керак!
Бобурнинг сўнгги сўзи фармондек эшитилди-ю, Қутлуғ Нигор хоним билан Хонзода бегимнинг чеҳралари очилиб кетди. Улар, «Қосимбек энди енгилди», деб ўйладилар. Аммо улкан гавдали Қосимбек ўзининг кенг елкалари ортида зўр беклар турганини ҳис қилгандай ҳамон таслим бўлмас эди.
— Амирзодам, фармойишингизни адо этишдан олдин бекларнинг яна бир андешасини айтишга рухсат этинг.
Бобур истар-истамас бош ирғаб, рухсат берган бўлди. Қосимбек лабларини ёпиб турган узун қўнғир мўйловини қўли билан икки ёнга сурди-да, кулимсираб Хонзода бегимга қаради:
— Бегим, сиз амирзодамни Фарҳодга яхши қиёс қилдингиз. Бекларимиз замон Фарҳодининг хизматида бўлишдан ифтихор қилурлар. Бизнинг орзуйимиз — Фарҳодимизни ўз Ширинларига етказишдир. Аммо, — деб Қосимбек бирдан жиддийлаш-ди, — маълумингизким, бизнинг Ширин бугун Самарқандда ёғий қуршовида асира каби изтироб чекмоқдалар.
Бобурнинг юзига нафис қизиллик югурди. У уялганини сездиргиси келмай, бошини эгди-ю, ўз тиззаларига кўз тикди.
Қосимбек жуда мушкул ва нозик бир гапни қўзғаган эди. Бобур беш ёшлигида унга Самарқанд подшоси Султон Аҳмад мирзонинг ўртанча қизи Ойиша бегимни унаштириб қўйишган эди.
Ҳозир шу қиз ўн уч ёшга кирган. Бобур уни яқин йилларда кўрган эмас, аммо кўрганлар ҳаммаси Ойиша бегимнинг ғунчадек гўзаллигини мақтаб келганини эшитган. Ўша гўзал қизча Бобурни ўз нажоткорини кутгандай кутади, буни ҳам Бобурга келиб айтувчилар бор. Бобур ҳам ўзининг маликасига қаҳрамонликлар кўрсатиб етишишни истайди. У Ойиша бегимнинг ўзини эслолмаса ҳам, беш ёшида Султон Аҳмад мирзога узатилган термизлик гўзал бир келинчакни яқиндан кўргани ёдида.
«Бет очар» деган одатга биноан, ёш келинчакнинг юзидаги пардасини пок нафасли ёш бола очиши керак эди. Ўша кунларда Қутлуғ Нигор хоним беш ёшли жажжи ўғли Бобурни Самарқандга тўйга олиб борган эди. Султон Аҳмад мирзонинг ўғли йўқ эди, Бобурга подшоҳ оиласи ҳавас билан қарар эди. Шунинг учун кайвонилар «янги тушган келин ҳам мана шу шердек ўғил кўрсинлар», дейишиб, бет очишга Бобурни муносиб топдилар. Бу ҳодисанинг кўп тафсилотлари Бобурнинг хотирасида қолмаган. Аммо олтин қўшиб тўқилган ҳарир оқ пардани келинчакнинг юзидан олганда бутун борлиғини ниҳоятда ёқимли бир туйғу чулғаб олгани ҳеч эсидан чиқмайди. Бу — гўзаллик туйғуси эканини у энди билади. Термизлик келинчак ақлни шоширадиган даражада кўҳли бўлганига беш яшар боланинг фаҳми етмаган бўлса ҳам, аммо гўдак қалби афсонавий бир жозибадан тўлқинлангани ёдида қолган. Шунинг учун ҳозир унга Самарқанддаги қаллиғининг ҳуснини мақтаганларида, ўша келинчак эсига тушади. Бошқа тафсилотлар ўқиган китобларидаги гўзаллар тасвиридан олиб қўшилади. Бобур Самарқанддаги қаллиғини ўсмирларча бир софлик билан ғойибона севади. Мана шу севгилиси бугун Бобурнинг душманлари асоратида экан, у Андижонда бамайлихотир юра оладими?
— Жаноб Қосимбек, — деди Қутлуғ Нигор хоним,— келинимизнинг тақдири бизни ҳам изтиробга солур. Биз оналаридан илтимос қилиб китобат юборган эдикки, Ойиша бегимни Тошкентга эгачилари Робия бегим ҳузурига жўнатсинлар. Эҳтимол, шу илтимосимиз бажо келтирилгандир?
Қосимбек маъюс бош эгиб:
— Афсус, хоним ҳазратлари, афсус! — деди. — Қулингиз Самарқанддаги хуфиялардан келган бир хабарни амирзодамга кўрсатишдан тортинган эдим. Сизларни ҳам хавотирлантирмоқчи эмас эдим…
— Нима хабар? Тинчликми? — хавотирланиб сўради Бобурнинг онаси.
— Ойиша бегим оналарию опалари билан бирга Тошкентга яширинча кетмоқчи бўлганларида Бойсунқур мирзо билиб қолиб, монелик қилмишлар. Ёғийлик мақомида қўпол гаплар айтмишдир. Уйлари атрофига одам қўймишлар. Ҳовлиларидан чиқармас эмишлар. Асиралар энди бутун нажотни Андижондан кутар эмишлар!
Сўнгги сўзлар Бобурнинг бутун вужудини зирқиратиб ўтди. Унинг қаллиғига қўпол гапириб, бечорани асирадек азоблаётган Бойсунқур мирзо шундай ғазабини келтирдики, эртагаёқ унинг устига қўшин тортиб, бостириб бориш ва қаллиғини асоратдан қутқариш истаги Бобурнинг қалбидаги бошқа ҳамма истакларини босиб кета бошлади.
Хонзода бегим укасидаги ўзгаришни сезиб:
— Амирзодам, илоҳо асираларни қутқариш сизга тезроқ насиб бўлсин! — деди. — Аммо нажотни фақат жангу жадал келтирурмикин? Заифа эгачингизнинг эътиқоди шулки, қон тўкилса, адоват кучаюр. Бойсунқур мирзо асираларга баттар ўчакишур. Нажот урушда эмас, амирзодам, нажот — сулҳда!
Бегим ҳаяжонланиб айтган бу сўзлар Бобурнинг кўнглида қўзғаган бояги ғазабни анча пасайтирди. «Сулҳ» сўзи қалбига илиқ туюлди.
Хоним дарҳол қизнинг гапини қувватлаб, ўғлига юзланди:
— Бойсунқур мирзога элчи юборингиз, амирзодам! Орадаги адоватни йўқотингиз!
— Бойсунқур мирзо зўравонлик қилсин! Мен мўминларча бош эгиб элчи юборай!
Бобур бу гапларни айтар экан, унинг зўрликка зўрлик, зарбга зарб билан жавоб бериш истаги нақадар кучли эканлиги ҳаммага сезилди. Қосимбек ундаги бу истакни қўллаб-қувватлашга тушди:
— Хоним ҳазратлари, ҳозирги замонда зўравонликка мўминлик мутлақо рост келмас. Зўрлар орасида зўр бўлмоқ керак! Алҳол, Шайбонийхон Самарқандга шимолдан кўз тикмишдир. Ҳисор ҳукмдори Хисравшоҳ илож топса, Самарқандга жанубдан чанг солғусидир. Бойсунқур мирзо — ношуд тождор. Пойтахтни эртами-кечми бой бергай. Агар Бобур мирзо Самарқандни тезроқ эгалламасалар, боболаридан қолган салтанат бегона сулола илкига ўтиб кетгусидир. Худо кўрсатмасин, агар Шайбонийхонми, Хисравшоҳми — биронтаси Самарқандни забт этса, куч-қудрати ошиб, тез кунда Андижон устига ҳам қўшин тортиб келгусидир…
— Ахир барча темурийлар бирлашиб иттифоқ тузсалар бўлмасми? — деди Нигор хоним куюниб.
— Барча темурийларнинг пароканда кучларини йиғиб бирлаштирмоқ учун ҳам қудрат керак. Истеъдод керак! Бойсунқур мирзога ўхшаганларда на униси бор, на буниси. Мовароуннаҳрдаги темурийлар орасида энг соҳибистеъдод, соҳибқудрат сиймо — Бобур мирзодирлар. Шунинг учун биз жонимизни амирзодам кўзлаган улуғ мақсадлар йўлига тикканмиз. Иншоолло, Самарқандни бу йил забт этсак, хавф-хатарлар бартараф бўлғай. Ана ундан кейин чинакам осуда давр келур, ҳар қанча бинолар қурсак осон бўлур.
Хонзода бегим Қосимбекка тикилиб сўради:
— Хуллас, волидаи муҳтарамамизнинг илтимослари рад этилурми?
Қосимбек қўлини кўксига қўйиб, бош эгди:
— Қулингизнинг густохлигини авф этинг, бегим, мен амирзодамнинг ижозатлари билан дилимда борини сўзладим.
Бобур аросатда қолиб қийналар эди. Онаси шунчалик ишонтириб айтган ҳақли илтимосларни рад этишга унинг тили ҳам бормас, кўнгли ҳам чопмас эди. Аммо Қосимбек унинг қалбида шундай туғёнли ҳислар қўзғадики, улардан қутулишнинг ҳам иложи кўринмай қолди. Агар у Самарқанддан воз кечса, нариги зўравонлар пойтахтни олиши, кейин Андижонга бостириб келиши муқаррар экани, унга ҳозир жуда аниқ сезилмоқда эди. Бутун Мовароуннаҳрда уруш гирдобидан қочиб қутуладиган бирон вилоят кўзига кўринмас. Бобур қашқирлар қуршовига тушиб қолгандек безовталанар эди. Онасининг: «Сулҳ тузинг, бинокор бўлинг!» — дегани «кийикдай беозор яшанг» дегани эди. Лекин Бобур йиртқичлар орасида кийик бўлиб кун кўролмаслигини ич-ичидан ҳис қилар, шунинг учун атрофини қуршаб келаётган бўрилар билан шер бўлиб олишишни истар эди. Буни сезиб турган Қосимбек мунозарани ортиқ чўзиб ўтиргиси келмади.
— Амирзодам, бугун отлиқ сайрга чиқмоқчи эдингиз, хоним ҳазратларининг таклифларини барча беклар билан кенгашиб кўрурмиз. Оқшом хиргоҳда машварат ўтказайлик. Хонзода бегим онасига «ялт» этиб қаради-ю: «Ҳозир биргина Қосимбекка ўтказа олмаган таклифларимизни кейин барча бекларга қандоқ ўтказурмиз?» демоқчи бўлди. Қутлуғ Нигор хоним Бобурга яна нималарнидир айтмоқчи бўлиб оғиз жуфтлади. Аммо Бобур Қосимбекка қараб:
— Машварат эртага чақирилсин, яхшироқ ўйлаб кўрайлик, — деди-да, ўрнидан турди. Сўнг
Қосимбек бошлиқ мулозимлари билан отлиқ сайрга чиқиб кетди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* Ў р ч и н — ҳозирги туман тушунчасига тўғри келади.
* М и з — олти оёқлик столча.
* Милодий 1497-йил. 
* С а к а р л о т ч а к м а н — туя жунидан қилинган енгил, қимматбаҳо чакмон.
* М у с о ҳ и б и — яқин суҳбатдоши, дўсти.
Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 6-қисм

III Мўйинқумга  қиш  тушди.  Бир  марта  қор  ҳам  ёғиб  ўтди.  Хийла  қалин  ёғди,  аммо  узоқ турмади.  Эрталаб  жамики  чўлу  саҳрони  худди  тўлқинлари  югуриб  кета  ...

Мeҳробдан чаён-чақангиз сийқа эмасми?

Ул аксар шом ва эрталабки намозларнигина масжидда ўқуб, қолғанларини уйида адо қилар, пешин,  аср,  хуфтанларга  вақт  тополмас  эди.  Аммо  бу  кеч  жўртта  хуфтанга  ...

Мeҳробдан чаён-хайрул-умури авсатуҳо

Деҳқон "озғина бер" деб тилангучига нима беришини билмаган ҳолда йўлакдан чиқиб кетди. Махдум  терлаган,  довдираган  йўсунда Анвар  билан  ичкарига  юрди.  Бир оз  сўзсиз  ...