Қуён ва камон (шеърлар)

Қуён ва камон (шеърлар)

Қуён дўконга бориб

Сотиб олди ўқ-камон.

Шериклари сўрашди:

“Не керак бу, ошнажон?”

“Сиз нодонлар билмайсиз,

Барчангиз Қуёнюрак.

Бу – ўқ, камон Бўрини

Қўрқитмоқ учун керак!”

Шундай дея ўқ-ёйни

Елкага илиб олди.

Овчилик ҳавасида

Ўрмон бўйлаб йўл солди.

Бўри чиқди ногаҳон

Кулранг, кўзида қаҳр:

“Ҳа, Қуёнбой, қалайсан?

Қўлга тушдинг-ку, ахир!”

Қуён титрар барг мисол,

Зўрға очади оғиз:

“Салом,-дейди қалтираб,-

Бўри оға, соғмисиз?

Келаяпман сиз томон

Сизга ошна бўлгани.

Оғайнилик удуми-

Ўқ-ёй совға қилгани!”

Бўри совға сўзидан

Жуда-жуда суюлди.

Совғанинг эвазига

Қуён омон қутилди.

Энди Бўри хотиржам

Юрмас қолиб оёқдан.

Қуёнларни ов қилар

Ўқ-ёй билан узоқдан.

Гоҳ ҳаётда шундайин

“ҚУЁН” учраб туради.

Камон олиб атайлаб

Совға қилиб юради!

 19.03.2003 й.

МУТОЙИБА

“Гўзал қизлар ёлғончи

бўлади,”- деб гап сотманг.

Хунук қизни ким кўрган-

ГЎЗАЛЛИКка тош отманг!

Чарчамайсиз айтишиб

Раққосалар ғийбатин.

Қўйинг пардозини-ю,

Кўринг қадди қоматин!

Шоир деган телбалар

Ойга менгзар Сулувни.

Қуюқ қора қошларга

Не дахли бор зулувнинг?!.

Сочи кесик бўлса ҳам

Чиройи қирқ таърифда.

ГЎЗАЛ барибир ГЎЗАЛ

Хоҳ Шарқда, хоҳ Мағрибда!

Маломат кўп ёмон, гоҳ-

Ростга яқин турса ҳам.

ГЎЗАЛ барибир ГЎЗАЛ

Шим, шортикда юрса ҳам!..

                                  04.06.2018 й.

АРЗИМАС

Эй кўнгил, сабрингни тут, нолангга жонон арзимас,

Қатрадек кўз ёшига ул тийра мижгон арзимас.

Чекма оҳ, ким ҳажрида, тан бирла жонни қийнама,

Лаҳзалик умринг учун минг битта ҳижрон арзимас.

Термулиб кўз нурини, эй, сочма “Сомон йўли”ға –

Неки Юлдуз, неки Ой, ҳаттоки Осмон арзимас!

Арзи ҳол битмак нечун ҳолингга бир парвоси йўқ,

Гар умид восил эмас, қилмоққа армон арзимас.

Қанчалик умринг яна қолмиш, фикр этдингму ҳеч,

Тавбалар қил, Дилмурод, қолди-ку Имкон арзимас!..

                                                                  04.06.2018 й.

УМР ЎЗИ…

Умр ўзи қисқа кесик арқондек,

Эшилиб-эшилиб қисқарган яна.

Умидлар – бағримдан сачраган қондек,

Кўзим тушган сари қалбим девона…

Умр ўзи танқис таомдек лазиз,

Шундан оз туюлар ёш ўтган сайин.

Умр қанча лаҳза, У – шунча афсус,

Ҳатто яшаш баъзан пушаймон тайин!

Умр ўзи дафтар – катаклари мўл –

Кўринмас рақамлар битиб қўйилган.

Қанча термулсанг-да, ўқишинг мушкул,

Сўнгги рақам – ЎЛИМ аниқ ўйилган!

Умр ўзи қисқа! Синиқ кўзгудек –

Ранго – ранг товланар минг бир бўлакда.

То  СИЙРАТ мазмунин билгунингчалик

СУРАТ ўраларкан қайта йўргакка!..

                                                        … 2002 йил.

БИЛМАДИНГ…

Сочларингдек паришон ўлди кўнглим, билмадинг,

Жоннинг ҳам паймонаси тўлди лим-лим, билмадинг.

Кўзларинг уммон десам – ғарқ этур дил кемасин,

Чашми чун оташмидур – ёнди жисмим, билмадинг.

Қадду рафторинг кўруб кўзда тоқат тўлғонур,

Кипригинг пайконида жонни тилдим, билмадинг.

Билсанг-да, не суд манга, бир зиён етмас сенга,

Йиғладим ботинда, лек юзда – табассум, билмадинг…

27.05.2018 й.

Дилмурод  САЙЙИД, Тошкент шаҳри.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон 15 йилдан сўнг газ экспортчилар сафидан чиқиб кетадими?

Бир олим билан суҳбалашиб қолдим. Унинг куюниб гапиришича, Ўзбекистон 2030-2035 йилга бориб, газ экспортчи мамлакатлар сафидан чиқиб кетиб, ўз эҳтиёжиниям таъминлашда ...

Аёллар таҳқирланган каттақўрғон шаҳар ииб 7 нафар раҳбар ва ходими ишдан бўшатилди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Ички ишлар бўлимининг етти нафар зобити ва сафдори ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот ...

Ўзбекистонда пластик карталарга хизмат кўрсатувчи uzcard тизими яна ишламай қолди

Ўзбекистонда мавжуд барча пластик карталарга хизмат кўрсатувчи ягона тизим - UzCard яна ишдан чиқди. Бу ҳақда “Озодлик радиоси” маълум қилди. Мижозлар 5 октябрь куни соат ...