Юлдузли тунлар-29

3

Жавзо ойининг илиқ оқшомларидан бирида Андижон аркидаги ҳарамда икки ойлик келинчак Ойиша бегимнинг хобгоҳида канизлар шоҳона тўшакка гул атри сепдилар. Олтин-кумуш буюмлар ва ипак гиламлар билан безатилган танобий уйнинг эшиги олдига чиройли пояндоз тўшалди. Ойиша бегимнинг қўлларига хина, қошига ўсма қўйилган эди. Гўзал келинчакнинг бошқа пардозлари энди тугаганда канизлардан бири қувониб шивирлади:


— Келдилар!
Айвонда бошига олтин жиға кийган Бобур кўринди.
Сўнгги йилларнинг тинимсиз олишувлари уни хийла пишитган. Елкалари тўлишиб, ўн саккиз ёшли дуркун йигитга айланган.
Хобгоҳ олдида Бобурни таъзим билан кутиб олган ўн олти ёшли Ойиша бегим куёвга нисбатан кичкинагина, ингичкагина кўринади. Унинг бошига кийган сербезак баланд тоқиси, бўйнига тақилган зебигардон ва маржонлар нозик қоматига оғирлик қилаётгандек туюлади.
Канизлар таъзим қила-қила чиқиб кетдилар. Бобур улардан баъзиларининг кўзлари шўх чақнаганини пайқаб, ўнғайсизланади. Куёв ҳарамда тунайдиган тунни канизлару савдарлар олдиндан билиб, махсус тайёргарлик кўриши, хобгоҳга шунча одамнинг кириб-чиқиши унга нохуш туюлади.
Бунинг устига Ойиша бегим ҳаддан ортиқ уятчан. У Бобурни:
— Марҳабо, ҳазратим! — деб тўрга таклиф қилганда овози ҳаёдан титраб, зўрға эшитилди. Уйнинг тўрида — ҳарир парда ортида икки кишилик баланд тўшак бор. Ойиша бегимнинг уятчанлиги Бобурни баттар ўнғайсизлантирди. У юқорига ўтиб ўтираётганда тўрдаги тўшакка қарамасликка тиришди. Кўзини дастурхонга тикиб:
— Хушвақт юрибсизми, бегим? — деб сўрашди.
— Шукр.
Ойиша бегим азбаройи тортинганидан дастурхоннинг Бобурдан энг узоқ четига ўтирди. Сўнгра орага ноқулай жимлик чўкди.
Ойиша бегим хушсурат бўлса ҳам, ҳали етилмаган норасида қиз эди. Ота-онасидан эрта ажралган бу қиз кўп касалга чалиниб озиб кетган.
Бир вақтлар Бобур уни кўрмасдан олдин хаёлида тасаввур этиб юрган афсонавий паризод бутунлай бошқа эди. Хаёл билан ҳаёт орасидаги фарқ қанчалик катта бўлишини Бобур энди билди.
Урф-одатга биноан улар бир-бирларини тўйдан сўнг гўшангада биринчи марта кўрдилар. Улар ҳали бирор марта ҳамсуҳбат бўлмасларидан ва руҳан яқинлашишга улгурмасларидан олдин бошланган жисмоний яқинлик Бобурга уят ишдек туюлар ва унинг илгариги мусаффо туйғуларини поймол қилаётгандай бўларди. Шунинг учун кечалари давлат ишлари билан бўлиб, кўпинча ўзининг хобгоҳида тунаб қоларди… Ҳукмдорлик удумига биноан унинг фақат баъзи тунларни хотини билан ўтказиши расм-русумга хилоф ҳисобланмас, Бобурнинг отаси Умаршайх мирзо ҳам шундай қиларди. Лекин ёш келин-куёв орасида аввалги хаёлий орзу билан ҳозирги аҳволнинг кескин фарқидан келиб чиққан нохуш бир мураккаблик борлигини Ойиша бегим ҳам пайқар ва ўзини Бобурга номуносиб сезиб ич-ичидан изтироб чекарди.
Ойиша бегим орага тушган ноқулай жимликда қирмизи чойнакдан пиёлага чой қуйиб, тавозе билан Бобурга узатди.
Бобур пиёлани олаётганда Ойиша бегимнинг ҳали унча тўлишмаган озғин қўллари титраб кетганини кўрди.
— Раҳмат, — деганда унга ўз овози ҳам гуноҳкорона товланиб эшитилди.
Бобур бир вақтлар хаёлида ардоқлаб, оёғига бош қўйгиси келиб ғазал ёзган қаллиғини энди бунчалик уялтираётгани учун ўзини ҳам гуноҳкор сезарди.
Чошнагир аёл чинни лаганда зира ҳиди келаётган кабоб кўтариб кирди. Ёши элликка борган бўлса ҳам дуррани чаккасига қия қилиб ўраган бу шаддод аёл куёв-келиндаги уятчанликни сезиб, ҳазил қилди:
— Амирзодам, йигит киши ёш келинчакни гапга солиб ўтириши керак эмасми? Қизиқ-қизиқ ҳангомалардан сўзлаб беринг. Самарқанддан элчилар келган эмиш. Қандай хушхабарлар бор?
Чошнагир аёл лаганни куёв-келиннинг ўртасига қўйиб, кумуш соврини* очди. Оқ кийикнинг гўштидан тайёрланган тоза кабобнинг ҳиди зира ҳидига қўшилиб атрофга таралди.
— Бегим, сиз ҳам очилибгина ўлтиринг. Бундай бахтли ёшлик бир марта келадир. Завқини суриб қолинг, айланай бегим, бизга ўхшаб кексайганингизда эслаб юрарсиз!
Чошнагир аёл кулиб чиқиб кетди. Унинг «завқини суриб қолинг» деган сўзлари Ойиша бегимдаги уятчанликни камайтириш ўрнига баттар оширган эди. Бобур эса бир оз дадилланиб:
— Қани, бегим, — деди. Лаган устига қўл чўзди-ю, лекин Ойиша бегим кабобга қўл узатишини кутди.
— Сиз бошланг, — шивирлади келинчак.
— Хўп, мана. Қани, энди, сиз…
Шу тарзда бир оз кабоб еганларидан кейин яна чойга ўтдилар.
— Бегим, шаҳрингизни соғинганингиз йўқми?
Ойиша бегим энди Бобурнинг юзига ботиниброқ қаради:
— Самарқандними?.. Соғиндим.
— Агар насиб қилса, ёзда Самарқандга қайтурсиз.
— Кошки эди… Бироқ мен… ўзим кетурменми?
— Йўқ, Самарқанд насиб бўлса, бу ердан ҳаммамиз кўчиб кетурмиз.
— Кўчиб?.. Андижон кимга қолур?
Бобур ҳорғин товуш билан:
— Ҳозирча Аҳмад Танбал билан Жаҳонгир мирзога,— деди.
Ойиша бегим ҳеч нарсага тушунолмай таажжубланиб қолди. Бобур Андижонни қайта қўлга киритгунча озмунча азият чекдими? Энди нечук Андижонни ихтиёрий равишда ташлаб кетмоқчи?
— Мен Самарқандни соғинган бўлсам ҳам, — деди Ойиша бегим, — лекин сизнинг ота юртингизда осуда яшашни афзал кўрурмен!
Ойиша бегим бояги уятчанлигини унутиб, очилиб гапира бошлаганида Бобурга унинг юзи аввалгидан жозибалироқ кўринди.
— Сиздан ҳам ўтинамен, ҳазратим, — давом этди Ойиша бегим, — кўп азоб тортгансиз. Самарқанд сизга жангсиз дарвоза очмас. Энди ўзингизга раҳм қилинг. Урушга борманг, ўтинамен!
— Бегим, бу ердаги ҳозирги аҳволимиз сизга ҳам муносиб эмас, менга ҳам.
— Нечун бундай дедингиз? Ахир сиз ўз юртингизда подшоҳсиз-ку.
Бобур кинояли кулимсираб, бош чайқади:
— Ҳозир фақат номим подшоҳ, — деб қўйнидан бир варақ букланган қоғоз олди-да, Ойиша бегимга узатди.
Сўнгги ойларда Бобур кўнгил дардларини қоғозга туширишга кўп эҳтиёж сезар ва деярли ҳар куни шеър машқ қилар эди. Бу қоғозда унинг шу бугун ёзган бир қитъаси бор эди. Ойиша бегим қоғозни очиб, сатрларга кўз югуртирди:

Қолмади ҳурмат аҳли оламда,
Оламу олам аҳлидан юв илик.
Бобуро, икки подшоҳлиғдин
Яхшироқ бу замонда бир беклик.

— Ҳазратим, шеърингиз муборак бўлсин!
— Қуллуқ. Энди менинг дардимни тушунгандирсиз?
— Тушундим. Сиз Жаҳонгир мирзонинг Ахсида иккинчи подшоҳ бўлиб олганидан дард чекмоқдасиз. Илгариги ягона давлат иккига бўлинган…
— Бегим, гап фақат Жаҳонгирда эмас, ҳозир Али Дўстбек билан Аҳмад Танбал бизни ўргимчак тўридай чирмаб келурлар, — деди Бобур Ойиша бегимга. — Агар биз шу ўргимчак тўрини ёриб чиқиб кетмасак, кейин буларга емиш бўлурмиз!
— Ҳазратим, Самарқандда ҳам ёғийларингиз беҳисоб. Яна уруш бошланса…
— Самарқандда ҳозир дўстларимиз ҳам оз эмас.
— Келган элчи сизни пойтахтга чорладими?
Бобур элчи билан бўлган гапларни ҳозирча жуда махфий тутиши зарур эди.
Самарқанд беклари билан Султон Али мирзо орасида нифоқ кучайган. Мазид тархон бошлиқ беклар мингдан ортиқ навкарлари билан шаҳарни ташлаб чиққанлар. Улар Ургутда Бобурга мунтазир турган эмишлар. Яқинда Бухорони забт этган Шайбонийхон энди Самарқандга кўз тиккан эмиш. Агар Бобур тезда етиб бормаса, Султон Али мирзо пойтахтни Шайбонийхонга бериб қўйиши аниқ. Шайбонийхоннинг бераҳмликларини кўп эшитган одамлар ундан қўрқиб, энди шаҳар дарвозаларини Бобурга пинҳона очиб бермоқчи эмишлар. Бобур мана шу қулай пайтдан фойдаланиб қолишни истайди.
— Элчи бизни чорлагани рост, — деб, у Ойиша бегимга умумийроқ жавоб қилди. — Аммо Султон Али мирзо тахтни бизга осонликча бермас.
— Демак, яна уруш! Яна хавфу хатар!..
— Бегим, тоғнинг боши қорсиз бўлмас, йигитнинг боши — хатарсиз.
— Ҳазратим боя ўргимчак тўридан гап очган эдилар. Агар сиз кетсангиз, ўргимчак тўрида биз қандай қолурмиз?
— Истасангиз, сизни бирга олиб кетурмен!
— Жанг майдонигами?
Ойиша бегимнинг саволида озгина киноя ҳам бор эди. Буни сезган Бобур хижолатдан хиёл қизарди.
— Уруш тугагунча онам билан Хонзода бегим учовларингиз Ўратепада туришларингиз мумкин.
Баҳаво жой. Шаҳар ҳокимининг хотини онамнинг туғишган синглиси. У ердан Самарқандга боришларингиз ҳам осон.
— Ўратепа тоғлиқ жойми? Йўллари жуда ёмондир? Мен отлиқ юролмаймен.
— Маҳофада боришингиз мумкин.
Шаҳар қизи бўлган Ойиша бегим бир жойда муқим яшашни яхши кўрарди, йўл азобини кўтаролмас эди.
Бобурнинг сўнгги гапига бош чайқаб:
— Маҳофадан қўрқамен, — деди.
«Ўгай тақдир менга бу борада ҳам киноя қилмиш!— деди Бобур ичида. — Мендек қўнимсиз сайёҳтабиат кишига бунингдек нозигу муқим табиат рафиқа бермиш!»
Ойиша бегим ҳозир ҳимояга муҳтож бир муштипар қиз бўлиб кўринди. Бобур унинг кўнглини кўтаргиси келиб, қувноқ оҳангда гапирди:
— Отда юролмасангиз, бегим, маҳофадан қўрқсангиз, унда мен сизни… кафтимда олиб юрурмен!

— Кулманг, мирзо ҳазратлари! Мен кафтингизда юришга муносиб эмасмен…
Ойиша бегимнинг сўнгги сўзлари Бобурга алланечук ширин туюлди. Унинг йигитлик қони кўпиргандек бўлиб ўрнидан кўтарилди-ю:
— Йўқ, муносибсиз! — деди.
— Кулманг…
— Муносиблигингизни исбот этайми?
Ойиша бегим ҳуркович кийикдек чаққонлик билан ўрнидан турди ва қочишга ҳозирланди. Бобур тўй кечаси уни маҳофадан қандай азод кўтариб туширган бўлса, ҳозир ҳам ўшандай кўтариб олди. Уни тўрдаги тўшак томонга олиб ўтаётиб, пастки қандилда ёниб турган шамларни пуфлаб ўчирди.
Ҳозир шу дақиқаларда Ойиша бегим Бобурнинг кўзига оловли жозибага тўлиб кўринди. Ўзининг бу хобгоҳда уч-тўрт кунда бир марта тунаши энди тушуниб бўлмайдиган англашилмовчиликдай туюлди. «Минбаъд ҳар куни шу хобгоҳга келурмен! — деб ўзича аҳд қилди. — Мен Самарқандга кетсам, неча ой, неча ҳафталар айрилиқда ўтгай. Ундан кўра Андижонда муросаю қаноат билан яшайверсаммикин?»

* * *

Тонг отди. Кечаси Бобурнинг режаларини ўзгартирмоқчи бўлган сеҳрли туйғулар эрталаб офтобдан қочган юлдуздай қаёққадир яширинди. Эр-хотин нонушта қилиб ўтирганларида Аҳмад Танбал билан Али Дўстбекнинг ўргимчак тўрлари яна унинг хаёлини чирмаб олди. Бобур кеча элчига «Самарқандга албатта борурмиз», деб ваъда берган, Қосимбек бошлиқ содиқ кишилар янги юриш тайёрлигини бошлаб ҳам юборишган эди. Бобур ваъдасидан қайтиши мумкин эмаслиги эрталабки ёруғликда аниқроқ кўринаётганга ўхшади.
Ойиша бегим ундаги хомушликни сезиб, сукут сақлаб ўтирибди. Бобур унинг юзига ботиниб қарай олмай кўкрагидаги олтин баргакларига кўз ташлади:
— Бегим, Ўратепага борадиган бўлдингизми?
Бобурнинг яна Самарқандга юриш қилиши қатъий экани унинг гап оҳангидан сезилди. Олдиндаги бир неча ойлик ҳижрон Ойиша бегим учун беҳад оғир эди. Бу оғирликни Бобур унчалик сезмаётгани Ойиша бегимга худди бемеҳрлик нишонасидек туюлди-ю, бирдан аламини келтирди.
— Ҳазратим, аввал Самарқанд сизга муяссар бўлсин. Кейин борсам биратўла шаҳримга борурмен. Ўратепага эмас!
Бобурнинг назарида, Ойиша бегим унинг Самар-қандни қайта эгаллашига кўп ҳам ишонмаётгандай кўринди. Шунинг учун Бобур ҳарамдан чиқиб кета туриб:
— Майли, бегим, — деди совуқ оҳангда: — Худо хоҳласа, шаҳрингизда кўришганда бу гапларни яна давом эткарурмиз.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

______________
* С о в р и — овқат совиб қолмаслиги учун устига ёпиладиган махсус идиш.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-66

Бобур ўз оиласига йигирма тўрт йиллик қадрдон бўлган Робиянинг таъзим билан берган саломига алик олиб, у билан илиқ сўрашди. Сўнг қизчаси Гулбаданга юзланди. Қўғирчоқдай ...

Қудаларни кутиб олиш

7. ҚУДАЛАРНИ КУТИБ ОЛИШ Кечаги кирган савдогарлардан қудаларнинг бу кун аниқ кириш хабарларини билган эдилар. Нарироқдан кузатиб кириш учун Ҳасанали йўл устига кеткан, ...

Бўтакўз (бешинчи боб)

Қуёш кун сайин қиздираётган эди. Сорокин тез-тез қатнайдиган бўлиб қолди. Суръатни ошириш зарур эди. Вақт қисталанг, тупроқ эса тобора қуриб боряпти. Биз яна беш кунча ер ...