Юлдузли тунлар-30

САМАРҚАНД ҲАЛ ҚИЛУВЧИ ОЛИШУВ

1

Бўстонсаройнинг бир четида ранг-баранг тошлар билан сангфарш* қилинган мармар ҳовузли ҳаммом бор эди. Кечки пайт шу ҳаммомга Султон Али мирзонинг ҳарамидаги энг чиройли қизлар чўмилишга келдилар.
Ҳамомнинг ичида гиламлар ва кўрпачалар тўшалган, шоҳона дастурхон тузаб қўйилган махсус бир хона бор эди. Бир вақтлар Султон Маҳмуд мирзо тириклигида шу хонадан қизлар чўмиладиган бўлмага махфий бир туйнук очилган эди. Шаҳвонийпарастлик билан донг чиқарган Султон Маҳмуд мирзо ўша туйнукдан қизларнинг чўмилишини томоша қилар эди.
Султон Маҳмуд мирзо ўлиб кетганига беш йил бўлди. Ҳаммомда махфий туйнук борлигини унинг ўн етти яшар ўғли, ҳозир Самарқанд тахтида ўтирган Султон Али мирзо яқинда билиб қолди. Уни бу сирдан воқиф қилган Абу Юсуф Арғун ҳарамга бир қанча чиройли қизлар келтириб бериб, ёш подшонинг соҳиб ихтиёр, сирдош бекига айланди.
Ҳозир Султон Али мирзо қўлида май тўла биллур қадаҳ билан махфий туйнук олдида ўтирибди.
Мармар ҳовузда қий-чув қилиб чўмилаётган яланғоч қизлар унинг кўзларини ёндириб, вужудини жингак қилаётгандай бўлади. У томоғи қуруқшаганда май хўплаб қўяди-ю, аммо кўзини туйнукдан олмайди.
Бир пайт унинг бу томошасига кимдир халақит берди.
— Мирзо ҳазратлари, хуфиялар фавқулодда хабар келтирмишлар.
Султон Али мирзо Абу Юсуф Арғуннинг майин овозини танийди-ю, аммо унга ўгирилиб қарагиси келмайди:
— Нима хабар бўлса онамга айтаверинг.
— Бегим ҳазратлари мени сизга юбордилар, амирзодам!
Султон Али мирзо энди Абу Юсуф Арғунга ўгирилиб қаради.
Унинг қуюқ таъзими ҳам, пастки тишлари тушиб кетган кемтик оғзининг табассуми ҳам кўзига жуда ёмон кўринди:
— Жаноб бек, ўзингиз-ку, бизга меҳрибончилик кўрсатиб гўзал қизлар пешкаш қилдингиз… Энди нега ором олгани қўймайсиз?
— Мирзо ҳазратлари, салтанатингиз хавф остида! Мен шунинг учун оромингизни бузишга журъат этдим!
— Яна қандай хавф? Онам қаердалар?
— Девони хосда сизга мунтазирлар.
Султон Али мирзо кайфини бузганларидан аччиғи келиб, қўлидаги қадаҳни майи билан мармар деворга отиб уриб чил-чил синдирди. Сўнг барвақт семирган йўғон гавдаси кайфдан хиёл чайқалиб, ташқарига чиқди.
Қоронғи тушиб қолган эди.
Девони хоснинг кираверишида эллик ёшлардаги қовоқлари қалин, жингалак соқолли бир бек қўл қовуштириб, бош эгиб турибди. Уй тўрида тикка турган Зуҳра бегимнинг юзи қаҳрданми, қўрқувданми оқариб кетган:
— Амирзодам, сиз айшу ишрат билан бандсиз. Хиёнатчилар пойтахтни ёғийга пинҳона топширмоқчилиғидан бехабарсиз!
Султон Али мирзодан норози бўлиб шаҳарни ташлаб чиққан мингдан ортиқ бек ва навкарлар Андижондан қўшин тортиб келган Бобур билан бирга Дарғом бўйларида фурсат кутиб юрганлари маълум эди. Аммо Султон Али мирзо барча дарвозаларга энг ишончли кишиларини қўйиб, шаҳарни маҳкам беркитиб ётар эди. Шунинг учун онасига зарда қилиб:
— Яна нима ваҳима? — деди.
— Менга ишонмасангиз, мана Муҳаммад Султон жанобларидан сўранг. Бу бек ҳозиргина Бобурнинг қароргоҳидан қочиб келмишлар. Шаҳар ичидаги фитначилар бугун кечаси Сўзангарон дарвозасини Бобурга яшириқча очиб бермоқчи эмишлар. Пирингиз Хўжа Яҳё ҳам сиздан юз ўгириб, Бобурга тарафдор бўлган эмишлар.
— Ишонмаймен! — деб Султон Али мирзо қўл қовуштириб турган Муҳаммад Султонга тикилди.
— Амирзодам, гапим ёлғон бўлса бугун кечаси текшириб кўринг! Мен ёғийларингиз билан Дарғом бўйида икки ҳафта юрдим. Хўжа Яҳёнинг ризолигини Бобур роса ўн бир кун кутди. Ниҳоят, бугун эрталаб Мамадали китобдор хўжанинг ризолигини олиб борибдир. «Тун ярмида келсинлар, шаҳарга киритгаймиз», деганмиш. Бобур бугун пешинда ишонган бекларини тўплаб, машварат ўтказди. Хайриятки, унинг ишонган бекларидан бири, мен — сизнинг содиқ қулингиз эдим!..
Султон Али мирзо қовоғи қалин бекка энди мамнун назар ташлади-ю:
— Ўғрини қароқчи ургандай бўлибдир! — деб хахолаб кулди.
Унинг кайф билан бепарво кулиши Зуҳра бегимнинг ғашини келтирди:
— Амирзодам, ҳар бир дақиқа ғанимат. Хос нав-карларингиз отланган. Ҳаммаси фармойишингизга мунтазир.
— Фармойишми? — деб Султон Али мирзо бир лаҳза ўйланиб олди: — Майли, Бобур дарвозадан кирсин. Кейин туттириб кўзига мил торттирмоқ керак! Токи бизга қасд қилгани учун абадий кўр бўлиб қолсин!
Абу Юсуфбек оқ оралаган қалин соқолининг учини тутамлаб бош чайқади:
— Туттиролсак яхши эди-ю, аммо бу режа анча қалтис, амирзодам. Дарвозани очсак, сўнгра ёпиб бўлмас. Бобурнинг улкан қўшини бор. Қалъа ичида ҳам тарафдорлари кўп. Ўтган сафар Самарқандга кирганда очларга нон улашиб, деҳқонларга уруғлик қарз бериб, авомнинг кўнглини овлаган экан. Бир ёқдан Хўжа Яҳёнинг фатвоси билан авом кўтарилса, ташқаридан қўшин кирса…
— Йўқ, бу — жуда хатарнок! — деди Зуҳра бегим.
— Ҳа, ундан кўра тезроқ Сўзангарон дарвозасига бориб, у ердаги соқчиларни алмаштириш лозим, — деди Абу Юсуф ва зарҳал жилдга солинган бир қоғоз келтирди.— Амирзодам, мана бу — сизнинг муборак номингиздан ёзилган нишон*. Бунда фитначи бекларнинг номлари ҳам кўрсатилган. Шулар бугун кечаси қўлга олинмоғи лозим.
— Фитначиларнинг молу мулклари мана бу Муҳаммад Султон каби садоқатли бекларга олиб берилсин!— деб қўшимча қилди Султон Али мирзо.
Қовоғи қалин бекнинг жосуслик қилишдан мақсади ҳам шу эди. У Султон Али мирзога икки букилиб таъзим қилди:
— Ўлгунимча хизматингиздамен, амирзодам. Ижозат беринг, мана бу муборак фармойишингизни бажо келтиришда фақир ҳам навкарларим билан иштирок этай.
Бу бек фитначиларнинг ҳовлиларини талашда бевосита иштирок этса, кўпроқ ўлжа олиши мумкинлигини сезиб шундай демоқда эди.
— Ижозат бердик.
Муҳрдор чақиртирилди ва қоғоздаги фармойишга подшоҳнинг муҳри босилди.
— Қолган ишни биз бажо этурмиз, — деди Абу Юсуф Арғун.
Султон Али мирзо тил учида:
— Мен ҳам бирга борай, — деди.
— Йўқ, йўқ! — деди Зуҳра бегим тез. У ёлғиз фарзандини қоронғи тунда душман кўпайиб кетган шаҳарга чиқаришни истамас эди. Мирзо онасининг юзидан ўтолмагандай бўлиб саройда қолди.
Сўнг она-бола Бўстонсаройнинг иккинчи қаватидаги очиқ айвонга чиқиб, Сўзангарон дарвозаси томонга қулоқ сола бошладилар.
Тун сукунатида отларнинг дупури қулоққа баралла чалинарди. Амир Темур мақбарасидан сал нарироқда жойлашган Сўзангарон дарвозаси Бўстонсаройга кўп ҳам узоқ эмас эди.
Ярим кечада Бобурнинг илғорлари дарвозага секин яқинлашганда Абу Юсуф ва Муҳаммад Султоннинг навкарлари дарвозахона устидан уларга камондан ўқ отиб, бир қанча кишини ярадор қилди.
Қоронғида девор тепасидан тусмол билан отилган баъзи ўқлар отларга ҳам теккан эди. Оғриқдан асабийлашган отларнинг қаттиқ кишнагани Бўстонсаройга ҳам эшитилди.
Дарвозахона устидаги қўриқчилар Бобурнинг одамларини масхара қилиб кулишарди:

— Мирзоларинг баракни* хом санабдир!
— Ҳа-ҳа-ҳа!
— Самарқандни энди тушларингда кўринглар!
— Кейин тушларингни сувга айтурсанлар?
— Ҳо-ҳо-ҳо!
Бобурнинг қўшини орқага қайтиб кетиши билан дарвоза олдида шовқин тинди-ю, кейин шаҳарни у ер-бу ерида итларнинг жон-жаҳд билан ҳургани, одамларнинг аччиқ фарёди эшитила бошлади. Абу Юсуф Арғун бошлиқ хос навкарлар дарвозани тинчитиб, энди фитначиларни овлашга киришганини айвонда ўлтирган Султон Али мирзо шу узуқ-юлуқ дод-войлар товушидан сезди.
— Энди тинч ухласак бўлур, — деб хобгоҳига кириб кетди.
Аммо Зуҳра бегим қандиллар ёниб турган ўз хонасига келиб, тонг отгунча ухламай ўтирди. Ҳозиргина бир фалокатнинг олди олинган бўлса ҳам, аммо келажакдаги мушкулотлар унинг уйқусини қочирмоқда эди. Бобур Самарқандни яна қамал қилиши мумкин. Унинг ўтган галги қамали ҳали кўпчиликнинг эсидан чиққан эмас. Ичкарида Зуҳра бегим ишона-диган одамлар тобора камайиб боряпти. Бугун фитначи беклар жазоланса ва таланса, Султон Али мирзодан норози бўлувчилар яна кўпаяди. Уларнинг бошчиси — Хўжа Яҳё жуда нуфузли руҳоний. Султон Али мирзо Хўжа Яҳёга қарши кескин чора кўролмайди. Чунки бу-тун диндорлар Хўжанинг томонида. Агар Хўжа авом халққа фатво бериб, бутун муллоларни ишга солса, ғулу кўтарилиб кетиши мумкин.
Зуҳра бегим хаёлида ўзига таянч излар экан, яқинда Бухорони олган, энди Самарқандга қўшин тортиб келиши кутилаётган Шайбонийхон эсига тушди. Бундан уч кун бурун нақшбандий дарвишларидан бири Зуҳра бегимга Шайбонийхондан махфий бир хат келтириб берган эди. Бегим пардали махсус токчада турадиган олтин сандиқчасига калит солиб очди-да, ўша хатни олиб, қандил ёруғида қайта ўқий бошлади.
Зарвараққа битилган чиройли ёзувда Зуҳра бегимнинг ақли ва ҳусни усталик билан таърифланган, ёш умрини ўғлига фидо қилиб эрсиз юргани алоҳида эҳтиром билан тилга олинган эди. Хатнинг энг ғалати жойи— Шайбонийхоннинг Зуҳра бегимга ғойибона кўнгил қўйиб, унга уйланмоқчи эканини шеър билан айтгани эди:

«Ўғлингиз ўғлиму ўзингиз ёрим,
Дилбару ҳамнафасу дилдорим».

Ҳозир шу сатрларни ўқиётганда Зуҳра бегим забардаст бир эркакнинг ўтли нафасини ўз юзида ҳис қилгандай бўлди. Зуҳра бегим олти йилдан бери мана бу тўшакда ёлғиз ётади. Унинг гулдай умри беваликда сўлиб боряпти. Зуҳра бегим тегаман, деса уни оладиган зодагонлар топилар эди. Ахир у таърифи кетган гўзал қиз бўлгани учун Султон Маҳмудхондай подшоҳнинг суюкли хотинига айланган эди. Бироқ ўғли тахтда ўтирган Зуҳра бегим фақат ўзига муносиб подшоҳга тегиши мумкин, удум шундай.
Мана энди унга харидор подшоҳ ҳам топилди. Бегим Шайбонийхоннинг шеъридаги иккинчи сатрни яна бир ўқиганда, хаёлий бир эркак уни қучиб, «Дилбар ёрим, дилдорим!» деб эркалаётгандай бўлди-ю, бадани қизиб кетди.
У ўрнидан туриб, катта тошойна олдига борди-да, ўзининг аксига тикилиб қаради. Уйқусиз тундан кўз остилари хиёл кўкариб салқиган. Аммо қошлар — қалдирғоч қаноти. Қора кўзлари учқун сочиб порлайди. Кўкраклар баланд. Бўйни оқ мармардай силлиқ, лаб-лари эҳтиросли.
Шайбонийхоннинг ёши элликка яқинлашган, хотинлари ва болалари бор, Зуҳра бегим буни билади. Аммо бегим ўзининг ойнадаги аксига мамнун тикилиб турган шу дақиқаларда:
«Шайбонийхоннинг саҳройи хотинлари нима бўлипти? — деб ўйланди. — Мен хонни ўзимга шундай ром қилайки, ҳаммаси оғзини очиб қолсин!»

Эртасига ўша дарвиш келиб, бегимнинг жавобини олиб кетиши керак. Бегим Шайбонийхонга хат ёзиш учун қоғоз қалам олди.
Бироқ қандилларда кўпдан бери ёнаётган шамларнинг тутунидан уй сал хира тортиб қолган эди. Зуҳра бегим ҳаворанг барқут дарпардаларни очди-ю, саҳар салқинига юзини тутиб, айвон эшиги олдида бирпас турди.
Шунда аркка яқин бир маҳалладан эр кишининг жон аччиғи билан қичқиргани эштилди. Аёл кишининг ўкириб йиғлагани унга жўр бўлди.
Абу Юсуф Арғун билан Муҳаммад Султон ҳамон фитначиларни овлаб юргани, уларнинг уйларини талаб бойиётгани, аллакимлар ўқ ёки тиғ зарбидан жон бераётгани Зуҳра бегимнинг кўз олдига келди. Шунда хаёли бирдан бошқа ёққа бурилди.
Шайбонийхон Самарқандни жангсиз олиш учун Зуҳра бегимга ёлғондакам ишқ изҳор қилаётган бўлса-чи? Самарқандни олганидан кейин сўзидан қайтсаю, Зуҳра бегимни мана бу қоронғи тунда ўкириб йиғлаётган аёлнинг аҳволига солсачи?
Бу шубҳадан бегимнинг борлиғи музлаб кетди. У орқасига қайтиб Шайбонийхоннинг мактубини яна қўлига олди. Хон унинг шундай шубҳаларга боришини олдиндан сезгандай, мактубнинг яна бир жойида шеър айтган эди:

«Мен Самарқандни сенсиз нетайин,
Жасади тийрани жонсиз нетайин?»

Бу сатрларнинг тафтидан Зуҳра бегимнинг қалбига яна илиқлик югурди. Шу топда бегимнинг ўзига ҳам ёрсиз Самарқанд — жонсиз танадай совуқ туюларди. Шайбонийхон унинг бевалик ҳаётига иссиқ жон бўлиб кириб келиши кўз олдида гавдаланди-ю, қаламни қўлига олиб, хонга жавоб ёзишга киришди. Сатр бошидан хоннинг таърифини юксакларга кўтариб:
«Ҳазрати имоми замон, халифайи раҳмон», деб ёза бошлади…

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* С а н г ф а р ш — гўзал тошлардан гул ясаш.
* Н и ш о н — фармон, буйруқ.
* Б а р а к — чучвара.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-26

2 Аммо бу маъсуд дамлардан кейин келган кунлар, ойлар, ҳатто йиллар ломаконлик ва саргардонликда ўта бошлади. Соҳибқирон бобокалонидан сабоқ олиб яшашга аҳд қилган Бобур ...

Юлдузли тунлар-78

3 Панипатда оғир ярадор бўлган Тоҳир уч ойгача ўрнидан туролмай ётди. Саройдан юборилган табиб унинг этидаги яраларни дуруст муолажа қилди-ю, лекин қовурға ва қўл ...

От кишнаган оқшом (қисса) 62-қисм

62 Назир жувозкаш кўпкарига Олмакўз байталини миниб келди. Ўзиям, байтали Олмакўзмисан, Олмакўз бўлди-да! Кўзлари бўталоқ кўзларидай катта-катта, дум-думалоқ, олмадай-олмадай ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400