Юлдузли тунлар-28

2

Архиён қўрғонини қамал қилаётган Бобур энди асосий кучларини Косонсой томонга буришга мажбур бўлди. У Аҳмад Танбалга келадиган ҳар қандай кўмакнинг йўлини тўсмоқчи, керак бўлса, тоғасининг ўғли Хоникахон билан ҳам олишмоқчи эди.


Бу хабар Ахсида турган Қутлуғ Нигор хонимга ва унинг кекса онаси Эсон Давлат бегимга ҳам етиб борди. Оналар тоға-жиян орасида уруш бошланса жуда кўп бегуноҳ қонлар тўкилишидан изтиробга тушиб, аввал Ахсидан Косонсойга бордилар, Тилба Султон билан Хоникахонни яхшиликча Тошкентга қайтишга ундаб кўрдилар. Бироқ олти минг қўшиннинг кучига ишонган Тилба Султон Маҳмудхоннинг номидан бир қанча оғир шартларни ўртага қўйди:
— Бобур мирзо қўшинини Андижон томонга олиб кетсинлар. Ахси билан Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги ҳамма жойлар аввалгидай Жаҳонгир мирзо ихтиёрида қолсин. Ана ундан сўнг биз қўшинни Тошкентга олиб қайтгаймиз.
Қутлуғ Нигор хоним онаси билан Косонсойдан Наманганга, Бобур қароргоҳига келдилар. Саккиз бурчаклик катта оқ ўтовда Бобур ўнг ёнига онаси ва бувисини эъзозлаб ўтқазди. Унинг чап ёнидан Қосимбек ва Али Дўстбек ўрин олдилар. Оналар келтирган нохуш хабардан оташин бўлган Бобур куюниб сўз бошлади:
— Биз Танбал туфайли шунча жабр кўрдик, икки йил саргардон бўлдик, хон тоғамиз бизга биронта ҳам навкарини ёрдамга юбормади. Танбал ўз қилмишига яраша ҳамма жойдан қувилиб тор-мор бўлаётган пайтда хоннинг олти минг қўшини уни қутқариш учун тоғ ошиб етиб келибди! Буни қандай тушунмоқ керак, ҳазрат моможон? Қани бу ерда адолат?! Қутлуғ Нигор хоним хон оғасининг қилмишидан хижолат бўлиб ерга қаради.
Eсон Давлат бегим томоқ қириб қийналиб гапирди:
— Амирзодам, адолат сиз томонда. Лекин Маҳмудхоннинг эшик оғаси Тилба Султон ўта муғамбир одамда. Хонни шу одам қўшин юборишга кўндирган. Биз Косонсойда улар билан сўзлашдик. Мақсадлари урушиш эмас. Инингиз Жаҳонгир мирзо билан сизни яраштириб қўйишмоқчи.
— Мен Жаҳонгир билан эмас, Танбал билан олишмоқдамен. Майли, Жаҳонгир ҳали бола, узр сўраб келса у билан ярашайлик. Аммо Танбални қамалдан бўшатмагаймиз! Бу қотил ўз қилмишлари учун жавоб бермоғи керак!
— Бироқ Танбал Жаҳонгирнинг оталиғи-ку! Бири билан ярашсангиз, иккинчиси билан ҳам ярашмоғингиз керак бўлур, — деди Али Дўстбек. — Бундан ташқари, Аҳмад Танбал ҳам Чиғатойхон авлодларидандир. Хон тоғойингиз шунинг учун унинг ҳимоясига катта қўшин юбормишдир!
— Ҳа, ана, коса тагидаги нимкоса энди кўринди!— деди Қосимбек. — Маҳмудхон ҳазратлари темурийларга ўгай кўз билан қарайдирлар. Амирзодам, мен буни кўпдан бери кузатиб юрибмен. Тошкентда, Бухорода, Туркистонда сизнинг тарафдорларингиз, бизга ҳақиқатни етказиб турувчи хуфияларимиз бор. Улар Маҳмудхоннинг Шайбонийхонга ён босаётганлиги бежиз эмаслигини маълум қилмоқдалар. Асли Чингизхон наслидан бўлган бу хонлар ҳозир темурийларга қарши тил бириктирганлар. Улар нафақат Тошкенту Фарғонада, балки бутун Туронда Чингизхон авлодларининг ҳукмронлигини қайта тикламоқчилар!
Бу гаплардан Қутлуғ Нигор хонимнинг юзи қизариб, кўзлари чақнаб кетди:
— Мен ҳам Чингизхон наслиданмен! Сиз бизни Маҳмудхонга қўшиб ўғлимиз Бобур мирзодан бегона қилмоқчимисиз?!
— Мени афву этинг, хоним ҳазратлари! Сиз Бобур мирзога Амир Темур қиличини, унинг руҳий мададини етказиб бериб, олижаноб ишлар қилдингиз!.. Салкам икки йил барча саргардонликлар азобини сиз амирзодам билан бирга тортдингиз. Шунчалик қийналган пайтларингизда Маҳмудхон оғангиз сизга ҳам ён босмади-ку!
— Бу рост! — деди Эсон Давлат бегим. — Маҳмудхон бошқа онадан туғилган. Унинг онаси Шоҳбегим Бадахши менга кундошлик қилур, бизни кўрарга кўзи йўқ. Ана шунинг таъсирида Маҳмудхон бизга ўгайлик қилиши мумкин. Аммо бунинг учун барча чингизийларни темурийларга душман қилиб кўрсатишингиз нотўғри, жаноб Қосимбек!
— Мени маъзур тутинг, «барча хонлар» деганим йўқ. Фақат Маҳмудхон билан Шайбонийхонни, яна Аҳмад Танбални назарда тутдим!
— Булар ҳам сизу биз каби туркий тиллик мусулмонлар-ку! — деб гап қўшди Али Дўстбек. — Айирмачилик қилиш кимга керак?
— Айирмачиликни биз эмас, улар қилишмоқда! — деди Бобур. — Мен тарих китоблари-да ўқидим. Энг қадимий бобокалонимиз Ўғизхоннинг Кунхон, Ойхон, Тоғхон деган ўғиллари бўлган экан. Шулардан бўлган фарзандлардан бири Юлдузхон деб аталган экан. Қаранг, ҳаммаси туркий номлар! Ана шу Юлдузхоннинг невараси — афсонавий аёл Аланқува қурлос уруғидан экан. Қурлос барлосга қон-қариндош. Номи ҳам уй-қаш. Мен буни Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» китобида ўқидим. Илоҳий руҳдан ҳомиладор бўлиб ўғил туққан Аланқува туркий қавмларнинг афсонавий онаси саналаркан.
— Ҳа, рост, — деб бу гапни Эсон Давлат бегим маъқуллади, — оталари мўғул қавмидан бўлган Чингизхон ҳам Аланқувани ўзининг момокалони деб билган. Шундай бўлгач, чингизийларни темурийларга ашаддий душман деб таърифлаш адолатдан эмас-да, жаноб Қосимбек!
— Аммо бу икки сулола тарихда бир-бири билан озмунча ёғийлашганми, ҳазрат бегим? Ҳокимият учун курашда оға-инини, қариндош-уруғ бир-бирини аямаганлиги ҳеч кимга сир эмас-ку!
— Бобур мирзо ўз аждодларининг ёғийлашган давр-ларидан эмас, иноқ бўлган даврларидан ибрат олмоқлари керак! — деди Эсон Давлат бегим. — Ҳазрати Амир Темурнинг бобокалонлари Қочувли баҳодир билан ҳазрати Чингизхоннинг бобокалонлари Қобулхон иноқ бўлиш ҳақида аҳду паймон қилишиб, пўлот китобга буни ўйиб ёздирган эканлар.
— Хўп, бу аҳдномани кимлар мудом бузиб келмоқда, ҳазрат момо? Соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темур Жўжихон авлодидан бўлган Тўхтамишхонга қанча яхшиликлар қилганини билурмисиз?
— Билурмиз, аммо…
— Энди шошманг! Тўхтамишхон нечун бу яхшиликларга ёмонлик билан жавоб берди? Нечун Амир Темур давлатига қарши тажовузлар қилди? Чунки Тўхтамишхон Олтин Ўрдага хон бўлгандан кейин атрофидаги хушомадгўйлари уни ҳовлиқтирди. «Сиз Чингизхон наслидансиз, сизнинг мартабангиз Темурбекникидан баланд, давлатни фақат сиз бошқаришингиз керак, Темурбек лашкарбоши бўлиб, сизга хизмат қилиши керак!» деган ақидага уни ишонтиришди!..
— Ахийри бу ақида Тўхтамишхоннинг бошига етди, буни биз яхши билурмиз, — деди Эсон Давлат бегим.
— Аммо сиз ақиданинг ҳали ҳам тирик эканини билмасангиз керак, ҳазрат бегим! — деб Қосимбек Бобурга ён боса бошлади: — Бизга келган махфий ахборотлар бор. Тилба Султон ҳазрати Маҳмудхонга хушомадлар қилиб, Аҳмад Танбалнинг совғаларини бериб, худди шу ақида асосида бизга қарши қўшин юборишга хонни кўндирибдур!
— Айғоқчиларнинг ахборотига мунча инонманг, жаноб эшик оға, — деб эътироз қилди Али Дўстбек. — Ҳазрати Маҳмудхон Тилба Султоннинг ақли билан иш қиладиган заиф тождор эмаслар. Ул зот бугунги Чиғатой улусининг энг қудратли султонидурлар!
— Бугунги Чиғатой улуси? — ҳайрон бўлиб сўради Бобур. — Тўғри, она томондан биз ҳам Чиғатойхонга авлодмиз. Мен ҳазрат онамни ардоқлаб, бошимга кўтарурмен. Аммо Чиғатойхондан минг йиллар олдин Турон, Туркистон деб номланган муаззам заминни ҳанузгача Чиғатой улуси деб аташга ҳеч бир асос кўрмаймен! Ахир Чиғатойхон Туронда бирон йил яшамаган, биронта тарихий обида қурдирмаган, бирон жойни обод қилмаган! Аксинча, обод жойларни харобага айлантирган, тўғонларни буздириб, шаҳару қишлоқларни сувга бостирган!
— Тўғонлар ҳазрат Чингизхоннинг фармони билан буздирилган, шекилли, — деб гап қўшди Эсон Давлат бегим.
— Ҳар қалай, барча қирғинлар, бузғунчиликларга Чиғатойхон ҳам катта улуш қўшган, — давом этди Бобур. — Тарих китобларидан ўқидимки, Чингизхон ўзига ҳам биронта ёдгорлик қурдирмаган экан. «Ўлсам, текис ерга дафн қилинглар, қабрим устидан мингта от юриб ўтсин, токи кўмилган жойимни ҳеч ким тополмасин», деган экан. Вафот этганидан кейин худди унинг айтганини қилишибди. Мингта от унинг қабрини топтаб ўтибди. Ҳалигача унинг қабрини ҳеч ким тополмас эмиш.
— Эътиқоди шундай бўлган экан-да, — деди Эсон Давлат бегим. — Доим ўтовда ёки отда,
табиат бағрида бўлишни истаркан. Шаҳарларни, қўрғонларни ёмон кўраркан.
— Бегуноҳ шаҳарликларни-чи? — сўради Бобур.— Табиат билан ҳамкорлик қилиб чўлларга сув чиқарган, боғ-роғлар бунёд қилган бутун ўтроқ аҳолини нечун аёвсиз қирган? Турон халқининг доди парвардигорга етган экан-ки, Амир Темурдек бир нажоткорни юборибдир. «Биз Чингизхон наслиданмиз!» деб кўкракларига уриб мақтаниб юрганлар билсинлар! Насл-насаб билан мақтаниш заифлик белгисидир! Ўзининг илкидан яхши иш келмайдиганлар мудом насл-насаблари билан керилурлар. Аммо одамнинг кимлигини қилган ишию авлодларга қолдирган мероси кўрсатгай. Чингизхондан, Чиғатойхондан, Тўхтамишхондан қандай мерос қолди-ю Амир Темурдан, Шоҳруҳдан, Улуғбекдан қандай мерос қолди? Бир қиёслаб кўринг! Адолат ким томонда экани шунда дарҳол билинур!
Баҳсга аралашмай бошини эгиб жим ўлтирган Қутлуғ Нигор хоним ўғлига меҳр тўла кўзлар билан қаради-да:
— Сиз ҳақсиз, Бобуржон! — деди. — Бугун бўлмаса эртага ҳақ жойида қарор топгай. Мен шундай паҳлавон, ҳақгўй, баҳодир ўғлим борлиги билан ифтихор қилурмен. Сиз ўз номингизга муносиб шер йигитсиз. Аммо Аҳмад Танбал билан унинг оғаси чиябўрига ўхшайдилар. Сиз ўшалар билан тенг бўлманг, улар туфайли хон тоғойингиз билан орани бузманг, сулҳ таклиф қилишса, яраша қолинг, болам!
— Қайси шарт билан ярашайлик? — сўради Бобур.

— Ахси Жаҳонгир мирзода қолсин, майли денг. Сахий бўлинг!
— Ие, икки йил жон чекиб олишганларимиз бекор кетгайми? — норози бўлиб сўради Қосимбек Бобурдан. — Отангиздан қолган яхлит давлат яна парчалансинми?!
— Агар бунга кўнмасангиз Маҳмудхон юборган қўшин билан жанг қилурмисиз?! — таҳдид қилиб сўради Али Дўстбек.
Қосимбек ҳам унга тик жавоб берди:
— Агар амирзодам буюрсалар, жангга тайёрмиз!
— Олдинда Маҳмудхон! Орқада Танбал! Сиз амирзодамни икки ўт орасига ташламоқчимисиз?! — сўради Эсон Давлат бегим ҳам қизишиб. — Сиз Бобур мирзога нуқул хонларни ёмонлаб, икки орани бузмоқдасиз-ку, жаноб Қосимбек!
— Мен ҳақиқатни айтдим, холос, ҳазрат бегим!
— Сиз ҳақиқат деган нарса айғоқчиларнинг ёлғон-яшиқ иғволаридир!
Али Дўстбек бу даъвони яна бир парда баланд кўтарди:
— Жаноб Қосимбек шу иғволарга таяниб хонларга туҳмат қилмоқдалар!
Бобур орага тушди:
— Жаноб Дўстбек! Ҳазрат момо! Қизишмангизлар!
«Туҳмат!» деган гап Қосимбекка жуда оғир ботди. У Бобурдан ҳимоя истарди. Аммо Бобур момоси билан Дўстбекни янада асабийлаштирмаслик учун Қосимбекни очиқчасига ёқлай олмади:
— Жаноб Қосимбек, ўйлаб кўрайлик, — деди. — Балки бирон муроса йўли топилар!
Қосимбек ўзини босолмади:
— Мен Танбал билан муроса қилолмагаймен! Амирзодам, менга ижозат беринг, бу ердан кетай! Сизга қачон керак бўлсам, чақиртирсангиз яна келгаймен! Аммо ҳозир… туҳмат балосидан худо асрасин! Ҳазрат бегим, хоним ҳазратлари, узр сўраймен!
Қосимбек боргоҳдан чўғдай қизарган, асабий бир алпозда чиқиб кетди.
Яна Қутлуғ Нигор хоним ўғлига мулойимлик билан гап қотди:
— Ўйлаб кўринг, Бобуржон! Косонсойда хон тоғойингизнинг олти минг қўшини турибдир. Агар сиз бу қўшин билан жанг қилиб, уни енгсангиз… тоғойингиз жим қараб турмагай… Орқадан яна ўн минг, балки йигирма минг қўшин билан ўзи етиб келгай!.. Унда не қилурсиз?..
— Мен тоғойим билан жанг қилмоқчи эмасмен… Фақат Танбалнинг қандай хоин эканини хонлар ҳам билсалар эди!..
— Вақт ўтиши билан билиб қоларлар, — деди Қутлуғ Нигор хоним. — Сизга хиёнат қилган Танбал хонга ҳам хиёнат қилмай туролмагай. Хўжа Абдулладай пирни осиб ўлдирган қотилга қасос қайтмай қолмас!
Бобур ўйланиб жим қолганидан фойдаланган Али Дўстбек гапни кутилмаган томонга бурди:
— Икки йилдан буён сиз кўп азоб тортдингиз, амирзодам! Энди бу дунёнинг роҳатини ҳам кўришингиз керак. Ёшингиз ўн саккизда, алпқомат йигитсиз. Айни уйланадиган пайтингиз. Қаллиғингиз Ойиша бегим ҳам ўн олтига тўлиб, сеп йиғмоқда эмишлар.
Мавзу ўзгарганидан жонланган Эсон Давлат бегим Ойиша бегимни таърифлай кетди:
— Бориб кўрганлар маҳлиё бўлиб гапирганларини мен ўзим эшитдим! Эгачилари Қоракўз бегимнинг гўзаллиги таърифга сиғмас эди. Ойиша бегим эгачисидан ҳам кўҳлироқ бўлиб етилибдур!
Бобурнинг уруш-жанжаллар қаҳратонидан жунжиккан қалбига бирдан баҳорнинг илиқ шабадаси теккандай бўлди. Ўзи ёзган ғазалнинг сатрлари: «Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен? Не кун бўлғай висолингга мени дилхаста етгаймен?» деган саволлар дилида гўё най навосига қўшилиб эшитилди. Агар тоғаси Маҳмудхон билан ёвлашса, Тошкентдаги Ойиша бегимнинг тақдири нима бўлади? Яна Самарқанддаги каби аросатга тушадими?
— Худо сақласин! — деди Эсон Давлат бегим. — Уруш бошланса қаллиғингизни гаровга олиб азоб бергайлар! Лекин сулҳ тузилса, хон тоғангиз келинимиз Ойиша бегимни сеплари билан Андижонга хушу хурсанд жўнатмоқчи эканлар!
— Оҳ, қани, ёлғиз ўғлимнинг тўйларини кўрсам! — деб орзиқиб хитоб қилди Қутлуғ Нигор хоним.
Бобур шунча вақтдан бери бир кўришга муштоқ бўлиб юрган қаллиғига етишадиган кунларни кўз олдига келтирди-ю, мулойим бўлиб қолди. Оналар Андижонда бўладиган тўй шодиёнасидан эл-юрт ҳам тинчиб бир яйраб олишини айтишди ва ниҳоят Бобурни Аҳмад Танбал билан сулҳ тузишга кўндиришди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи – “энди ҳеч ким шеър ўқимайди”

Рауф Парфи Рауф Парфи хонадони там маънода Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг филиали эди дейиш мумкин. Трактор заводи яқинидаги уйнинг биринчи қаватида жойлашган тўрт хонали ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-15

Саккизинчи боб Кечга бориб у Онатой билан ярашмаган бўлсада, бироқ орадаги умумий ишлар уларни бир-бирига мурожаат этишга мажбур қилди. Барибир кўнгилда доғ қолди, воқеанинг ...

Юлдузли тунлар-5

АНДИЖОН ГУЛ ВА ҚУЮН 1 Чопарлар ҳали йўлда. Уруш тўполони Андижонга етиб келганича йўқ. Шаҳарнинг шимолидаги кўркам чорбоғ баланд девор билан ўралган, дарвозаларга ...