МEҲРОБДАН ЧАЁН-ШОИРНИНГ СИРРИ

Ўн  беш  куннинг  ичида  махдумнинг  меҳмонхонаси  расмий  бир  маҳкамага  айланаёзди. Ўрдаға ариза билан мурожаат қиладирған ҳар ким, ҳатто расмий кишилар ҳам аввал маслаҳат сўраш учун Анварнинг ёниға келар эдилар. Кундузлари ўрда девонини бошқариш, эрталаб ва кечқурун ўз уйида хусусий кишиларни қабул қилиш, албатта, Анвар учун оғир эди. Аммо бу оғирлиқ  бурундан  сармунший  бўлған  кишининг  устидаги  қонуний  вазифаси  ҳисобланиб келганликдан кишиларни уйда қабул қилишға Анвар мажбур эди. Бу хусусда камбағалларнинг берадирган  заҳматлари  Анварга  унча  оғир  тушмаса  ҳам,  беклар,  уламо  ва  бойларники  аксар чучмал ва машаққатли бўлар эди. Чунки камбағалнинг кенгаш сўраб келиши жуда муҳим ишлар устида,  масалан:  бир  бекнинг  қилған  зулми  устидан  шикоят,  жуда  камбағал  бўлғани  учун солиқлардан  дархонлиқ  сўраш  ва  ҳоказо…  Кейингилар  эса,  масалан:  бир  мударрис  иккинчи мударрис устидан шикоят қилиб, бу тўғрида домла Ниёз Муҳаммад шоғовулбошининг қулоғиға андаккина  тинғиллатиб  қўйишни  сўрар;  бир  закотчи  иккинчи  бир  закотчининг  хиёнатидан “холисона” шикоят қилар, бир савдогар ўзининг жуда фақирлиғидан ҳасратланиб, закотдан озод қилинишини  сўрар;  агар  закотдан  қутқазиб  юборса,  Анварнинг “кўнглини  тўлатиш”ка ҳозирлигини ҳам билдирар эди. Анвар бу кейинги илтимосчилардан гоҳ аччиғланиб, гоҳ кулар, ҳар ҳолда бир неча дақиқалиқ ваъдалар билан уларни жўнатқунча эси кетар эди. 

Бу  сўнгғиларнинг  ташрифлари  Анварга  қанча  беҳузурлик  берса,  масдумга  ўшанча мағрурият ва лаззат бағишлар, ҳатто Анвар ўрдада бўлған кезларда ҳам уларни меҳмонхонаға қабул  қилиб,  Анвар  келгунча  унга  қанча  сифоришлар  ва  аксар  сифоришчиларнинг  ўзларини тўплаб турар эди. Юқорида Сафар бўзчи билан воқиъ бўлғанидек, махдум ариза ва кенгашка келгучи косиб ва тўни эскилар ила чиқиша олмас, ўлгунча уларни ёмон кўриб, “мирзо бу кун келмайди,  сиз  билан  гаплашишка  фурсати  йўқ,  бемаъни  бўлманг”  каби  гаплар  билан камбағалларни  эшикдан  қайтаришға  тиришар  эди.  Анварнинг  бирарта  камбағал  билан “езилишиб” ўлтурганини кўрса, ичидан аччиғланиб “куллушайъин яржиъу ило аслиҳи… паст ҳамиша пастлигини қиладир… Сут билан кирган – жон билан чиқар, мақоли кўб тўғри сўз” деб ўйлар ва энсаси қотиб, четка қарар эди.

Махдум  шу  кунгача  Анвар  билан  Раъноларнинг  тўйларини  қилишға  шошилмасдан  келар эди.  Аммо  бунда  бир  қанча  сабаблар  бўлиб,  жумладан – Анварнинг  Раънога  қаттиғ боғланғанини  яхши  сезганлиги  ва  шунинг  орқасида  Анвардан “хотиржамъ”лиги  эди.

Шошилмаслиқнинг иккинчи, ҳам кучлик сабаби мумкин қадар тўйни узоққа чўзиб, шу воситада Анварни соғиш… чунки тўй қилиниб Раъно Анварга берилса, бу даромаднинг қатъиян кесилиш эҳтимоли бор эди.

Анвар бош муншийлик даражасини олғандан кейин махдум илгариги “сиёсат”ни яна давом этдириш  ва  этдирмаслик  тўғрисиа  иккиланиб  қолди.  Зеро,  Анвар  ҳозир  бутун  шаҳарга  донғ тортқан, шаҳарнинг уламоси, ашрофи, бек ва бекбаччаси Анварни танийдир; Анварга мазкур олий табақаларнинг ҳар қайсиси ҳам ўз қизини бериб, куяв қилишға тайёр. Бас, шу ҳолда яна махдум эски тадбир билан амал қилса мумкинми?

Махдум ноилож сармунший бўлишни йигирманчи кунларида Нигор ойим билан кенгашиб, мирзо Султоналига мурожаат қилиш мажбуриятида қолди. Токи мирзо Султонали Анварнинг ризолиғини олиб берсин.

Анвар  кечқурун  ўрдадан  қайтишға  ҳозирланар  эди.  Хон  аъёнларға  рухсат  бериб  ҳарамга кирган,  ўрданинг  кундузлик  ходимлари  тарқалишиб,  фақат  кеча  беклари,  хон  соқчилари, доимий ходимлар қолған эдилар. Энг кейинга қолиб Анвар билан Султонали мирзо ҳам ўрдадан чиқдилар. Уларнинг орқасидан ўрда дарбозаси ёпилди.

Султонали  мирзо  Анварнинг  ташқи  аҳволи  билан  яхши  таниш  бўлса  ҳам  унинг  ички сиррига воқиф эмас, чунки Анвар хусусий ҳаёти, айниқса, Раънога алоқасидан ҳеч кимга оғиз очмас  эди.  Анвар  мадум  ҳавлисида  туришини  жойсизлиқдан  я  ёшлиқдан  шунда  ўсиб ўргангандан, деб юрған Султонали мирзо бу кун эрталаб ўз уйига келган махдумнинг сўзидан кейин  бир  оз  ҳақиқатка  тушунгандек  бўлди.  Айниқса  махдумнинг  ҳеч  бир  муқаддимасиз “Ожизамиз  билан  Анварнинг  тўйларини  қилмоқ  ниятимиз  бор  эди.  Шу  тўғрида  жанобингиз мирзо  Анвардан  тўйға  урунишимиз  учун  бир  калима  жавоб  олиб  берсангиз”  деб,  тўғридан-тўғри фақат тўй вақтини белгилашни сўраши Султонали мирзога яна бошқа сирларни онглатқан эди.

Иккиси йўл бўйлаб сўзлашиб борар эдилар:

— Маним сўзимга кирсангиз албатта бир от олингиз, — деди Султонали мирзо, — айниқса,

сизга энди пиёда юриш келишмайдир.

Анвар бояғича яна кулди.

— От минишнинг нима ҳожати бор, модомики, тайёр оёғ отимиз бўлғанда…

— Маъқул-ку, мендан сўнг яхши эмас-да.

— Ҳозир яхши эмас экан, — деди Анвар, — мен бу хизматдан тушкандан сўнг пиёда юриш яхши бўладими?

— Нега тушар экансиз… Кўб йиллар шу вазифада қоласиз.

Анвар кулиб қўйди:

—  Лекин,  манимча,  бир  йил ҳам  қололмасман…  Агар оғам  бўлсангиз,  худодан сўрангки, бўйнимға бирар бўҳтон ортилмай, азл қилинайин.

— Бўлмаған васвасаларга тушасиз, Анвар.

—  Шаҳодат  муфтингнизнинг  афтига  сира  қарайсизми,  шоирингизнинг  пичингларини пайқайсизми? Агар шу жониворлар мендан сармуншийликни тинчлик билан олсалар, ўзимни жуда ҳам бахтлик кишилардан санар эдим… Шунчалик зўр харидорлари турған бир замонда бу вазифани  менга  келиб  тўхтағаниға  ҳануз  ақлим  бовар  қилмайдир…  Бу  воқиъа  ё  мени  ўта бахтиёрлиққа ёки фожиъ бир фалокатка олиб борар. Сиз айтканча васвасамга, ёхуд бошқа бир бадбинлигимга биноан кейинги эҳтимол…

— На Шаҳодат муфти ва на шоирнинг қўлидан бир пуллик иш келса мендан домангир бўла берингиз, — деди Султонали, — сизнинг сармунший бўлишингиз ҳар ҳолда бир ҳақиқат эди.

Негаки,  кўб  йиллардан  бери  хиёнат,  иғво  билан  кун  кечириб  етти  ёшлиқ  гўдакнинг  ҳам назарида икки пуллик обрўси қолмаған муфтининг сиррини ёлғиз менгина эмас, бутун шаҳар, ҳатто хоннинг ўзи ҳам биладир. Бас, бу жиҳатдан унинг ёрлиғ ололмаслиғи аниқ эди. Домла Бурҳон махдумнинг бўлса, шоғобул домла билан оралари бузуқ; агар хон ёрлиғни унинг исмига буюрғанда  ҳам  шоғовул  домла  ёзмас  эди.  Мундан  бошқа  домла  Бурҳоннинг  лоқайдлиги, девонхонани  оср-уст  қилиши  бўладирған  савдо…  Шоир “Мадҳий”нинг  бўлса  яна  аҳволи маълум; хонни махташ, ўзига ёқмағанни хажв қилиш, хотинбозлиқ, баччабозлиқ билан овора бир бетаъйин. Мундан ташқари, “Мадҳий”нинг ёрлиғ оломалиғига яна бир сабаб бор эдиким, бу сирни ўрдадан фақат биз бир неча кишиларгина билар эдик…

— Хўш?

— Буни сўраманг-да, кулманг.

— Хўш, хўш?

Султонали мирзо кулди ва товшини секинлатиб деди:

— Шоир ҳарамдаги канизларнинг бири билан алоқа боғлаған экан…

— Хўш, ундан сўнг?

— Бу ҳолни сезган иккинчи бир каниз хонни бу алоқадан хабардор қиладир. Хон канизни ҳарамдан  ҳайдаганидек,  шоирни  ҳам  ҳузурига  чорлаб,  ўбдан  оғиз-бўғзиға,  ҳатто  энасининг ўсма-сурмасигача қолдирмайдир… Шоир аранг тавба қилиб қутиладир.

Анвар кулди:

— Шунинг учун унга ёрлиғ берилмади, дейсиз?

— Албатта.  Шоирнинг эси бўлса бўйини бошоққа узатмай,  саройдан ҳайдалмаганига ҳам шукур  қилса  бўлар  эди.  Бинобарин,  сизнинг  хаёлларингиз  тамоман  ўрунсиз.  Яхши,  ҳозир кўнмасангиз ҳам пиёда юриб зерикканингиздан кейин от минишка мажбур бўларсиз. Шунинг учун буни қўйиб турайлиқ-да, отдан ҳам зарурроқ масалага ўтайлик, масалан, бошингизни икки қилиш учун, албатта вақт еткандир, деб ўйлайман?

— Қаёқдағи гапларни топасиз, Султонали ака.

—  Ҳазили  йўқ.  Уйланиш  сизга  ҳам  фарз,  ҳам  қарз.  Бунга  қолғанда,  албатта  бир  узр кўрсаталмассиз.

Анвар кулимсиб қўйди:

— Уйланишни ҳам бекор бўлишғача тўхтатиб турсақ, дейман.

— Ана гап, — деди Султонали, — балки умр бўйи шу вазифада қолиб кетарсиз. Шу ҳолда бутун умр хотинсиз юриш, хах-хах…

— Ким бир вазифада умр бўйи қолған бўлсин.

— Қолғанлар кўб. Масалан, Муҳаммад Ражаббек марҳум; Муҳаммадалихон замонидан бери девон  билан  олишиб  келар  эди.  Мен  сизга  жиддий  айтаман:  шаҳардан  кимнинг  қизини ёқтирсангиз ҳам биз олиб беришка ҳаракат қиламиз.

— Раҳмат…

— Чиндан сўзлайман, Анвар.

Анвар ярим жиддий Султоналига қаради ва унинг ўзидан жавоб кутканини сезиб:

— Хўб, мен бу тўғрида домла билан кенгашиб, сизга жавоб берайин, — деди.

—  Бу  кун  эрталаб  домла  бизникига  келган  эди, — деди  Султонали  жиддий  турда, — домланинг сўз даромадига қарағанда, сизни ўзига куяв қилиш фикри борға ўхшайди. Сизнинг ризолиғингиз биланми, йўқми, бунисини билалмадим…

Анвар қизаринди. Жавоб бериш ўрниға “натижа?” дегандек қилиб унга савол назари билан қаради.

— Домланинг гапига қарағанда, бошқа тарафлар биткан кўринди, — деди Султонали давом этиб, — фақат ул маним воситамда тўйни бошлаш учун сиздан изн олғали келган экан. Мен бу тўғриға сиздан жавоб олиб бермакчи бўлдим.

Анвар кулди. Аммо бу кулиш унинг бояғи кулгуларидан тамоман бошқа, яъни бахтиёрлиқ кулгуси эди.

— Яхши, — деди Анвар ва ўн қадам чамаси сўзсиз борди. – Яхши, мен эртагача ўйлашиб, сизга жавобини бераман.

— Маъқул, агар бу кун домлаға учрашсам, жавобни эртага оламан деяйми?

— Албатта.

— Хайр, худонинг паноҳига, Анвар.

— Хўш, Султонали ака.

Иккиси ажралишдилар.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Пулицер – бу мукофотга кимлар лойиқ?

Американинг адабиёт, журналистика, мусиқа ва театр соҳасидаги энг нуфузли мукофотларидан ҳисобланган Пулицер мукофоти ўз даврининг газета магнатларидан ҳисобланган Жозеф ...

Дилмурод  саййид: муҳаббатнинг мунгли қиссаси

КРИМИНАЛ — ФОЖЕАВИЙ ҲИКОЯ «Ҳақиқат кутиб тураверади, чунки у қаримайди, доимо  навқирон; эҳтимол, уни таниб ҳам қолишар!»        (Ж.Гюго) СУД ҳукми ўқилди. Шоҳрух тамоман ...

Юлдузли тунлар-40

3 Бобур ўзига азоб берадиган оғир туйғуларни тоғлардан кўринадиган кенгликларга сочиб юбора олса ёки гўзал шеърий сатрларга жойлай олса бир қадар енгил тортади. Не ерда сокин ...