От кишнаган оқшом (қисса) 33-қисм

33


Ярим кечаси Тарлонни жабдуқлаб миндим. Обширга от қўйдим.
Обшир қишлоғи кунботарида оқ тупроқли адирлар, тепалар мўл. Ана шу тепалар нишабида камарлар мўл. Тарлонни ана шу зимистон камарлардан бировга олиб кириб боғладим.
Кун ёйилди, олам мунаввар бўлди. Ана шунда уйга қайтиб келдим. Таътилланиб, подаётоққа бордим.
Оқшом вақти ўн кило арпа билан бир қоп самонни аралаштирдим. Қош қорайтириб, қопни орқалаб жўнадим. Йўлда терладим. Дам олиб-дам олиб бордим. Қопни камарга суяб қўйдим.
Кафтимда гугурт чақдим. Тарлон кўрсин, мени танисин дея, оловни юзимга олиб келдим.
Тарлон емсираб, илтижоли пишқирди.
Тарлонни етакладим. Шу яқиндаги ариқдан сувлаб келдим. Тўрвасида ем бердим. Баданларини қашиладим. Тарлонга қараб-қараб кетдим.
Уйда тамадди қилдим, ёнбошладим. Оёқларимни ёздим. «Вақт» эшиттиришлари-да адо бўлди.
Шунда, тўшакка ўтиб ётдим. Кўзим илинди, кўзим кетди.

Бир маҳал, аёлимиз туртди.
— Турсин, биров чақираяпти, — деди.
Уйқусираб, қўзғолдим. Чопонимни елкамга ташлаб, ташқариладим.
Олапар итимиз дарвозага тармашиб-тармашиб ҳурди. Олапаримизга дўқлаб-дўқлаб бордим.
Олапар думини ликиллатиб-ликиллатиб, ўзини четга олди.
Дарвозани очиб қарадим. Остонада раисимиз, ундан кейин дўппили одам билан иккита милитсионер бўлди.
Раисимиз боши билан дўппили одамга ишора қилди.
— Бу киши раён вакили, қишлоқ хўжалик бошқармасидан, — деди.
— Бинойи, бинойи. Қани, ичкарилангизлар.
Дўппили одам ичкарилади. Кетидан бошқалари эргашди.
Катталарга синчиклаб-синчиклаб қарадим. Дўппили катта мендайин бир кал бўлди. Ўзимиздан экан, дедим.
Кал катта теваракка аланглади.
— От қани? — деди.
— Қандай от? — дедим.
— От қандай бўлади? Тўрт оёқли, икки қулоқли от-да.
— Менда ундай от йўқ, катта. Калдан тароқ сўрама, дейдилар. Сиз бўлса, от сўраб ўтирибсиз.
— Топ, топ, каллани гаранг қилма! Ади-бади айтишиб ўтиришга вақт йўқ. Сенга ўхшаганларнинг сони мингта!
— Менда от нима қилади, катта. Ана, қарангизлар. Бўлса олиб кета берингизлар.
Кал катта бармоқларини ўйнатиб, милитсионерларга имо қилди.
— Тинтинглар! — деди.
Милитсионер билакдай хитойи фонарларини ёқди. Молхона, отхоналарни қараб келди.
— Ўзи йўқ, тезаги бор экан, — деди.
Кал катта менга юзланди.
— Ана, тезаги бор деяпти-ю? — деди.
— Мен сизга айтсам, катта, эшикли уй, меҳмонларнинг оти тезак ташлагандир-да. Ташлама деб бўлмайди, меҳмон от.
— Фамилиянг нима? Хў-ўш, Қурбонов, та-а-ак, Қурбонов Зиёдулла. Мана, рўйхатда турибсан, отинг бор. Гап шу, эртага яна келамиз. Отни топсанг топдинг, топмасанг, ўз ўпканг ўзинг билан бўлсин!
Кал катта дарвозага қараб юрди. Кетидан милитсионерлар шахдам одимлар отиб жўнади.
Раисимиз катталар кетидан пилдираб эргашди.
Шунда, ичкаридан онамиз чиқиб келди.
— Айт, улгу бериб кетсин, — деди.
Катталарга дарвоза остонасида етиб олдим.
— Катта, уйда чақалоғимиз бор, отини Иброҳимбой дейдилар.
Кал катта елкаси билан гапирди:
— Нима қилай шунга?
— Чақалоқли уйга бемаҳалда келиб бўлмайди. Мабодо биров билмасдан келиб қолса, ундан улгу олиб қолиш лозим.
— Қаердан оласан?
— Бизга барибир. Ўнгирингизнинг учидан майдагина бир ип бўлса-да майли. Аёллар чақалоқли уйда ипни исириққа қўшиб тутатадилар.
— Энди, шунгаям этагимни йиртайми?
— Йўқ, йиртиш даркор эмас, катта. Кийимингизга илашган бирон-бир қил бўлса-да бўлади.
Кал катта қўл силтади. Йўлига бурилиб кетди.
Мен қайтиб келдим.

— Улгу бермади, — дедим.
Онамиз қарғаб-қарғаб ичкарилади. Тайпоқ тобоқда исириқ тутатди. Чақалоқли уйни уч айлантирди. Зиён-заҳматларни қувди.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-74

АГРА Ё ҲАЁТ, Ё МАМОТ 1 Иброҳим Лодининг онаси малика Байда Панипат жангида ўлдирилган ўғли учун аза тутиб, бошдан-оёқ оқ кийиниб юрар эди. Орага қўйилган одамлар унга ...

Эврил турон: кимнинг “ўзи” ўзида? (ҳикоялар)

   Саҳро - Қорақум саҳроми? - Саҳро. - Қизилқум саҳроми? - Саҳро - Йўқ, саҳро менинг бошим...  1985, Қизилқум. (more…)

От кишнаган оқшом (қисса) 29-қисм

29 Жўра бобонинг тўриғига қораликни кўрсатиб келдим, қораликни искатиб келдим. Хиёл ўтди, тўда гувиллаб қўзғолди. Улоқни бир Чил от олиб чиқди. Биродарлар, Чил отнинг бир ...