От кишнаган оқшом (қисса) 34-қисм

34

Катталар хўжакўрсинга лалми дўқ уриб кетди, деб ўйладим.
Йўқ, эртаси куни тағин келди.
Искаланиб-искаланиб отхонани қаради, чақалоқли уйни қаради.
Катталар қилиғи ҳамиятимга тегди. Тишимни тишимга зўрға босиб турдим.
— Хўш, қани? — деди кал катта.
— Нима қани?
— От!
— От? Катта, сиз менга қайси бозордан от олиб бериб эдингиз? Деновнинг бозориданми, ё, Шўрчининг бозориданми?
— Тишингни кўп ғижирлатма, биз сендан қўрқмаймиз! Яхшиликча отни чиқар! қўша қўша мол, қўй, товуқ, от… бунча ҳайвонни нима қиласан? Ана, магазинда ҳамма нарса муҳайё. Гўшт дейсанми, сут, кефир дейсанми…
— Катта…
— Нима, ё, капиталист бўлмоқчимисан? Кечириб қўясан! Биз сотсиалистик жамиятда яшаяпмиз! Ҳадемай коммунизмда яшаймиз! Тўғрими, ўртоқ раис?
Раисимиз лаббайгўй бўлди.
— Тўғри, коммунизм сари бормоқдамиз! — деди.
— Ё, от миниб босмачи бўлмоқчимисан? Кечириб қўясан! Ўзи, аждодингда босмачи ўтмаганми?
Бир текшириб кўриш керак…
— Катта, ундай деманг. Отам бечора Совет тузумини деб қурбон бўлди. Отга келсам, от — йигитнинг йўлдоши, катта. Қолаберса, от билан кўпкари чопамиз.
— Ия-ия, сен ўзи қайси жамиятда яшаяпсан, мия? Шу пайтгача эшакнинг қулоғига танбур чертяпманми? Кўпкари — эскилик сарқити! Кўпкари — ёввойилар ўйини!
— Катта… ўзи, кал калла — калла эмас экан-да! Бир менинг каллам шундаймикин десам, сизникиям меникидан қолишмайди!..
— Ўчир-е…
— Катта, энамни сўкманг. У бечора ичкарида неварасига қараб ўтирибди. Сизга бундайин бепошна гаплар эп бўлмайди.
— Ўчир дейман-е…
— Эса, мен ҳам сизнинг…
Гапим охирига етмай қолди. Кал катта қулочкашлаб жағимга урди. Қўли аёлнинг қўлидай экан, жағим оғримади. Гапимни охиригача етказиб айтдим.
Шунда кал катта кетимга тепмоқчи бўлиб шайланди. Мен ўзимни четга олдим. Чап бериб қолдим.
Кал катта ўз шашти билан, ўз забти билан супадан учиб кетди. Чуқурга бориб тушди.
Раисимиз довдираб қолди.
— Эб-ей, эб-ей!.. — деди.
Чуқурга сакраб тушди. Кал каттани суяб олиб чиқди.
Кал катта ҳансираб-ҳансираб нафас олди. Қўли билан мени кўрсатди.
— Ушланглар, бандитни ушланглар! — деди.
Икки милитсионер икки ёнимдан келди. Қўлларимни кетимга қайирди. Кетимга бир тепди.
Колхоз идорасига олиб борди. Майдагина машинага босиб жўнади.
Йўлда қусиб-қусиб бордим.
Биродарлар, бензин исини ёмон кўраман! Бензин бошимни айлантиради. Кўнглимни айнитади, қустиради. Осмондан тушгандай бўлиб қоламан.
Раёнга келдим. Орган олдида машинадан тушдим. Кал катта кетидан чап тарафдаги ойнаванд хонага кирдим.
Телефон олдида ўтирган милитсионерлар ўрнидан турди. Кал катта милитсионерларга кийимларини кўрсатди, дардини айтди.
— Ҳамкасбларнинг билан давлатга гўшт олиш учун бориб эдик, — деди. — Мана бу типга отни бер, десам бермади. Мени тутиб сўкди. Онам ҳам қолмади, хотиним ҳам қолмади. Кейин, бир уриб чуқурга ағанатиб юборди. Мана факт — уст-бошим лой! Ҳамкасбларинг жонли гувоҳ! Ана, раис ҳам бор. Тўғрими, раис?
— Тўғри! Тўғри! Чуқурга юмалатиб юборди! — маъқуллади раис. Бир милитсионер сўкиниб, олдимга келди.
— Уҳ, ҳайвон, уҳ бандит! Сен ҳали раҳбарларга қўл кўтарадиган бўлдингми? — деди.
Милитсионер ичимга урди. Мен ичимни ушлаб, бошим билан деворга суяндим. Кўнглим озди, кўз олдим қоронғи бўлди. Одамлар гоҳ учта, гоҳ тўртта бўлиб кўринди… Хона бир юмалаб, яна жойига келди.
Милитсионер кал катта олдига қоғоз қўйди.
— Мана, рапорт ёзиб, бошлиққа олиб киринг. Буни бир тиқиб қўяйлик, кўзи очилади.
Кал катта қоғозни тўлғазиб, олиб кетди. Хиёл ўтиб, яна қайтиб келди.
— Туш олдимга! — деди.
Мен олдига тушдим. Тор йўлакдан ҳовлига чиқдим. Кейин яна бир хонага кирдим.
Хона тўрида бақалоқли бир одам ўтирибди. Ўтиришидан катта одам кўринди. Елкасидаги юлдузлари-да катта-катта бўлди.
Кал катта қўли билан мени кўрсатди.
— Мана бандит! — деди.
Тўрдаги катта вазмин овозда сўради:
— Нега раҳбарларни урасиз, ўртоқ Қурбонов?
Мен бор гапни қўшиб-чатмай айтиб бердим. Тўрдаги катта энди нима дейсиз, деган бўлиб, кал каттага қаради. Кал катта ўрнидан туриб кетди.
— Ёлғон! У ўзини оқлаяпти! Биз раҳбарларга ишонасизми, ё, мана шунга ўхшаган подачига ишонасизми?
— Албатта раҳбарларга ишонаман. Раҳбарлар ёлғон гапирмайди.
— Бўпти-да!
Ўпкам тўлиб-тўлиб келди. Димоғимда минғирладим:
— Катта бова, мени мелисаларингиз урди…
— Нима-нима? Урди?
— Эшик олдида урди. Ҳушдан кетиб қолдим….
— Ундай бўлиши мумкин эмас, ҳозир чақирамиз.
Остонада ичимга урган милитсионер қора берди. Қўлини чеккасига теккизиб ғўдайди.
— Буйруғингизга биноан келдим, ўртоқ полковник! — деди.
— Лейтенант Исматов, айтинг-чи, нега бу кишини урдингиз?
— Кимни? Қўлимниям теккизганим йўқ, ўртоқ полковник!
— Урди деяпти-ку.
— Соф лейтенантлик сўзим, қўл кўтарганим йўқ! Ана, сержант Халилов ҳам бор, чақириб сўрашингиз мумкин.
Ўнг қўлимни қорнимга қўйиб кўрсатдим.
— Манави еримга урди… — дедим.
Шунда кал катта гапга суқилди.
— Қўлиниям теккизгани йўқ, ўзим устида эдим! — деди.

Тўрдаги катта менга юзланди.
— Ана, эшитдингизми, ўртоқ Қурбонов? — деди. — Биз урмаймиз! Совет милитсияси урмайди!


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Инсоният ўзлигини йўқотдими?

Бургутларсиз қoлиб кетди қаранг қoялар, Эгасини излаб юрар минг-минг сoялар. Улар кимдир сoясидан юргайдир тoниб, Ё ўзганинг сoясига яшарми қoниб.   Дараxт бўлиб нима ...

Мeҳробдан чаён-махдумнинг бахти

Шу  кундан  бошлаб  Анварнинг  ҳаётида  янги  саҳифа  очиладир.  Яъни  махдум  Анварга илгаригича – истиқболи қоронғу бир ятим, деб қарамай, балки Анвар каби ўз ўғли ...

Хиёнат (ҳикоя)

Жавлонбек  Раҳмонов одатига кўра маишат қилиб кайф сафо қилиб ўтирганида, эшикдан мўралаган ҳайдовчиси Нозимнинг  турқини кўриб ўшқирди: Нима бўлди яна? Ёшулли,  Тошкентдан   ...