МEҲРОБДАН ЧАЁН-АМИР УМАРХОННИНГ КАНИЗИ

Солиҳ  махдум 1230-1290-нчи  ҳижрий  йилларда “Ҳўқанди  фирдавсмонанд”да  яшаған  бир муаллим  ва  имом,  ўз  замонасининг  истилоси  билан  айтканда “мактабдор  домла”дир.  Солиҳ махдум  синфи  жиҳатдан  уламо  оиласига  мансуб  бўлиб,  бобоси  Олимхон  ва  Умархон даврларида  муфтилик,  қозилиқ  мансабларида  хизмат  қилған,  отаси  эрса  Қўқоннинг  Мадали (Муҳаммадали)  хон мадрасасида неча йиллар мударрис бўлгандир.  Қисқаси махдумнинг ота-боболари хонлар қошида мумтоз ва халқ назарида “шарафлик ва муҳтарам” мавқиъни ушлаб келганлар.  Бироқ  бу  мумтоз  силсила  бизнинг  махдумгача  етиб  келалмай,  Мамадалихоннинг қатли билан бирга кесилган, бунинг можароси эрса қуйидағичадир: 

 

Туркистон  хонлиғи  тарихидан  хабардор  кишиларга  маълумдирким,  Амир  Умархон  охир умрида  ўз  саройидаги  ёш  канизлардан  бирига  муҳаббат  қўядир.  Каниз  ёш  бўлғанлиғи  ва балоғатка етмаганлиги учун уни никоҳига ололмай вақт кутадир. Шу кутиб юриш йилларида Умархон муродига еталмай вафот қиладир, бояғи каниз қиз балоғатка эришадир ва бир ҳуснига ўн ҳусн қўшулиб отанинг боласи бўлған Мадалихонни ҳам ўзига ошиқ қиладир. Ўз саройида ўскан бу қизни ёш хон ҳамиша кўз ўнгида юритса ҳам бироқ… тарихнинг бизга хабар беришига қарағанда  Мадалихон  шу  қизнинг  дардида  неча  йиллар  ёнадир.  Чунки  уламолар  бу  гўзални Мадалига она мақомида ҳисоблаб, нима учундир хоннинг орзусиға кўндаланг келадилар:

-“Отангиз,  агарчанди  канизни  ўз  никоҳларига  олмаған  бўлсалар  ҳам  ва  лекин  балоғатка эришкач оларман деб ният қилғанлар. Бинобарин бу каниз сизга она мақомида, шариъат рухсат бермайдир!” дейдирлар.

Мадалихон  бу  фатводан  кейин  дардини  ичига  ютишға  мажбур  бўлиб,  аммо  иккинчи тарафдан ўзининг орзусиға қарши борған уламони секин-секин “илмий” ишлардан олиб улар ўрниға янгиларини қўя бошлайдир. Ўз орзусиға замин ҳозирлағач, бир неча йилни ўтказиб, яна уламоға шу тўғрида фатво сўраб мурожаат қиладир. Табиъий, яқиндағина оғзи ошқа еткан янги уламолар ўз валийи неъматлари бўлған Мадалихонға хиёнат қилмайдирлар-да:

-“Ба  назди  мужтаҳидини  киром  асли  эътибор  ақди  шаръийдир1.  Отангиз  марҳум – никоҳланаман  деб  айткан  бўлсалар  ҳам  никоҳландим,  деб  айтмаганлар.  Бас,  амиралмўминин мазкурани худ нафслари2 ақди шаръий3 қилсалар жоиз ва дурустдир. Валлоҳи аълам биссавоб” деб фатвономани “бинни муфти марҳум”, “бинни мударрис марҳум, “бинни Ҳўқандий марҳум” – муҳри баҳайбатлари билан қалашдириб берадирлар ва Мадалихон тўй ва томошалар билан мурод-мақсадиға етадир…

Кимларнинг  воситаси  биландир  мазкура  гўзал  канизнинг  таърифи  Бухоро  амири – амир Баҳодир – (Ботур)  хонға  етиб  ул  ҳам  илгаридан  ҳалиги  канизга  ғойибона  ошиқ  бўлған  эди. Аммо  қайси  йўл  билан  бўлса  ҳам  канизни  кўлға  киргизиш  фикрида  бош  оғритиб,  нос  чакиб юрган  Баҳодирхон  қулоғиға  бу  хабари  жонсўз  етиб  думоғидан  дуд  чиқадир  ва  дарҳол Бухоронинг забардаст уламо, муфти, аълам, ҳоказо ва ало-ҳозалқиёс пешволарини ўз ҳузурига чорлаб,  дарғазаб  воқиъани  сўзлайдир  ва  улардан  дарҳол  бир “фатвойи  баҳайбат”ни  талаб қилғанида  уламойи  киром  ҳам  дарон  ботаҳорат-бетаҳорат,  масалани  эшитар-ешитмас  фатво ёзадиларким:

“Бир  жамоа  мўминларга  амир  бўлған  зотнинг  вазифаси  шаръийси  шулдурким,  исломда устивор турғай, аҳкоми исломни камокон4 ижро қилғай. Ҳар бир амириким аркони исломдан заррача  юз  ўгурса  ул  кимарса  жамоаи  ислом  устига  амир  эмас  шарирдир5.  Наузанбиллаҳким Фарғона  ва  Туркистон  мамлакатининг  алҳол6  амири  бўлған  Муҳаммадалихон  волидининг манкуҳаси7,  яъни  волидаи  айни  ва  ризўисини8  ўз  ақдиға  олибдир,  наузанбиллаҳи, наузанбиллаҳи. Оят ва аҳодиси шарифа ва ба чаҳори мазҳаб ва ба назди мужтаҳидини киром ва уламои зул-эҳтиром муттафақун алайҳи кофирдир. Казолика6 ўшандоғ муртаднинг қатли аввало дигар ислом амирларига ва баъд аз барча мўминларга фарзи айндир!”

Дарвоқиъ “холисона” бу фатвога амир Баҳодирхон “бетарафона” қиймат бериб, “дин йўлида холис бир жиҳоди акбар” деб жамиъи қўшунлари билан Фарғона устига юриш қиладир.

Амири Баҳодирнинг  бу “холисона”  жиҳоди  Туркистон  хонлиғи  томонидан  қандай  муқоваматларга10 учради ва икки тарафдан қанча бошлар кесилди, албатта бу тўғрида бизнинг ишимиз йўқдир.

Фақат бу можародан бизга кераклик нуқта шундаким, натижада Мадалихон шикаст топди, ҳам амири  Баҳодирхон  томонидан  қатл  қилинди.  Мадалихонға  фатво  ёзиб  берган  Қўқон уламоларидан  бир  нечалари  ҳад  урулдилар11  ва  бир  нечалари  қочиб  қутулдилар.  Амири Баҳодирхон бўлса Фарғона ҳукуматига ўз кишисини қўйди, фатҳу нусрат билан канизни олиб

Бухороға қайтди.

Мақсадға келсак Мадалихонға фатво ёзиб беришда иштирок қилған ва Баҳодир томонидан ҳаc урулған уламоларнинг бири шу бизнинг Солиҳ махдумнинг отаси эди. Ҳад урулғандан сўнг кўб яшолмади, ўлди ва шунинг билан бу оиланинг бурунғи имтиёз ва шарафи ҳам битди. Чунки мундан  сўнг  Туркистон  тахтига  ўлтурган  хонларнинг  ҳаммалари  деярлик  Бухоро  амирининг ҳимоясида  каби  эдилар.  Ва  Мадалихоннинг  фатвосига  иштирок  қилған  уламолар  ҳамиша эътиборсиз, мардуд бўлиб12 қолдилар.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

 


1-Ҳурматга лойиқ дин алломаларининг назарича, асосий эътибор шариат қонунларига қаратилиши керак.
2-Ўз нафслари
3-Шаръий никоҳ
4 Бекаму кўст
5 Шарир – зараркунанда
6 Ҳозирги
7 Никоҳли хотин
8 Ўз ва эмизган онасини олибдир… (муал.)
9 Шунинг учун
10  Қаршилик
11 Ҳуқуқсизлантириш
12 Ҳайдалмоқ
Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-24

3 Устма-уст ёққан баҳор ёмғирлари йўлларини балчиқ қилиб юборган. Андижонда юз берган даҳшатлар хабарини тезроқ Самарқандга етказиш учун лой сачратиб, от чоптириб бораётган ...

Юлдузли тунлар-73

* * * Ғира-шира қоронғиликда ўнг қирғоқдан катта бир қайиқ чиқиб, кемага қараб кела бошлади. Кеманинг пастки қаватидан қўрчибоши: — Ким у қайиқдаги? — деб сўраганини Бобур ...

Жар

18. ЖАР ... Бу кун соат ўн иккида Отабек ила қутидорнинг исён-чилиқ гуноҳи билан дорға осилишларини жарчи шаҳарга хабарлаб юрар ва халқ оғзида Отабекларнинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400