Россиянинг Ural Motorcycles компанияси Қозоғистонга кўчиб ўтади. Бу ҳақда компания эгаси Илья Хаит маълум қилди.

Илья Хаитнинг заводни бошқа жойга кўчириш қарорига Россияга нисбатан киритилган санкциялар сабаб бўлган. Санкциялар оқибатида «Урал» мотоциклининг эҳтиёт қисмларини хориждан олиб келиш қийин бўлиб, завод фаолиятига қийинчиликлар яратмоқда. Шу билан бирга, мотоциклларни хорижга сотиш тақиқланган.
«Урал» заводи Россиянинг Ирбит шаҳридан Қозоғистоннинг Петропавл шаҳрига кўчирилади. Бироқ, Ирбитдаги завод ўз ишини тўхтатмайди, у ерда мотоциклнинг корпуси ва айрим қисмлари ясалиб, Петропавл шаҳрида тўлиқ йиғилади.
Айтганча, «Урал» мотоциклларининг аксарият қисми Ғарбий Европа ва Америкага экспорт қилинади.