Ёшлар Иттифоқини нега ҳамма ёмон кўради?

Ёшлар Иттифоқини ҳамма ёмон кўради. Мен, у, улар, магазинчи Ғайбулла…

Мақола kun.uz сайтидан олинди, муаллиф: Азиз Қаршиев

Талабалик вақтим дарсда ўтирганимда, аудиторияга университет раҳбариятидан бир киши бир неча «думи»ни эргаштириб кириб келади. Кеккайган бу киши барчани тик турғизиб, пўписа оҳангида гапирар экан, ҳе йўқ, бе йўқ, журналистика факультетини ёпиб юбориш билан таҳдид қилади. Кимнингдир галстук тақмагани, кимнингдир умуман формада эмаслиги (камина эса ҳам галстуксиз, ҳам оқ кўйлаксиз, камига бош кийим бостирилган алфозда) факультетимиз тақдирини хавф остида қолдирганди. Ўша киши қайси дарс экани, нима ўтаётганимиз, журналистикадан нима билишимиз билан қизиқмаган, албатта.

Ўша қорувли амалдор мансаб пиллапояларида тез кўтарилди. Ўзим ҳар сафар унинг янги лавозимлари ҳақида хабар ёздим.

Шу кунларда Шайхонтоҳурдаги лицейда бўлган ҳодиса ўша кунни эслатди. Албатта, бу бошқа замон ва бошқа макон, лекин битта умумийлик бор – ўқитувчининг дарси, ўқувчининг ҳуқуқлари бузилмоқда.

Аниқлаштирамиз. Ўтган ҳафтада фейсбук ижтимоий тармоғида Шайхонтоҳур тумани Ёшлар Иттифоқи раиси Ҳусниддин Маматов тумандаги лицейлардан бирида амалга оширган хатти-ҳаракатлари муҳокамалар марказида бўлди. Лицейда она тили ва адабиёт фанидан дарс берувчи ўқитувчи Зулфия Рашидованинг баён қилишича, Маматов дарс вақти хонага кириб келган ва ўқитувчини писанд қилмасдан, уни айланиб ўтиб, ўқувчиларни тергай бошлаган. У ўқувчиларни сўроқ қилиб бўлгачгина, хонада ўқитувчи ҳам борлигини «пайқаган». Кейинги саволлар ўқитувчига берилади.

Диалог Рашидованинг тилидан келтирилади:

…Кейин раис борлигимни пайқаб қолди:
– Нега партанинг устида телефон бор? Вазирлар Маҳкамасининг қарорини билмайсизларми? Дарсда телефондан фойдаланиш мумкин эмас!
– Фанимиз – адабиёт қоидалари. Лицейда дарслик йўқ, биз дарсларда телефонда электрон шаклда ўқиймиз асарларни, расмга олиб бир-бирига ўтказишади маълумотларни, дедим.
(Тўғри, бу гапни айтиш учун ўрнимдан турмадим, у қанақа совуқ гапирган бўлса, шундай жавоб қилдим). Раисга бу ёқмади ва кўзи билан бошқа телефонни топди:
– Нима, Perfectum телефон ҳам расмга оладими?
(Хўш, нима дейишим керак эди шу пайтда?
А. Телефон маркаларини ва уларнинг имкониятларини билмайман (рости ҳам шу).
B. Тирноқ орасидан кир қидирманг.
C. Ким сенга ҳуқуқ берди мен билан бунақа гаплашишга? Кимсан ўзи?)
Яна кўп вариант келди миямга, лекин:
– Айнан бу телефонни билмадим-у, одатда шунақа қиламиз.
Кейин у яна синфга кўз югуртирди-да, орқа партада ўтирган боланинг сақич чайнаётганини пайқаб қолди ва менга қараб деди:
– Дарсда сақич чайнаш мумкинми, нега индамайсиз?
Индамадим.
– Сизга гапиряпман.
Кейин таҳдидона қаради-да, ёрдамчисига деди:
– Менга шу ўқитувчининг исм-фамилиясини ёзиб беринг.
Ўзимдан сўраса ҳам айтардим.

Шундан сўнг Маматов бошқа гуруҳга кирганида, Зулфия Рашидовага адоватини давом эттирган. У иккинчи гуруҳ ўқувчиларига (бу гуруҳга ҳам Рашидова дарс ўтади) «Лицейдаги Вазирлар Маҳкамаси қарорига бўйсунмайдиган ўқитувчиларни ҳайдашларини» айтади. У Рашидованинг фамилиясини аниқ қилиб айтган ва «унинг ортида ким тургани», «нега бу қадар ўзига кўп ишониши»га қизиқади.

Зулфия Рашидованинг ўзи маълум қилишича, бу пости шов-шув келтириб чиқаргач, Ёшлар Иттифоқи Марказий кенгашидан қўнғироқ бўлади. Қўнғироқ қилган «маданият билан» муомала қилади, «туман раиси ёшлик қилган бўлиши мумкинлиги» ҳақида айтади. Аммо, узр сўралмайди.

Кейинги куни лицей раҳбарияти илтимосига кўра Зулфия Рашидова фейсбукдан биринчи постини ўчирган (бу пост унгача айрим сайтларда айнан эълон қилинган, фейсбукдаги бошқа саҳифаларга кўчирилган). Бу ҳақда Рашидова иккинчи постида ёзган.

Алал-оқибат ўқитувчининг шаъни топталгани қолди, йиллар давомида йиғилган обрўси тўкилгани қолди, кераксиз «машҳурликка эришгани» қолди. Ўқувчилари олдида ерга урилган ўқитувчи охир-оқибат ўз сўзларини қайтариб олишга мажбур бўлди. Лицей раҳбарияти эса очиқ-ойдин адолатсизликка кўз юмди – ўқитувчисининг ёнида турмади.

Яна бир, жуда илгари бўлиб ўтган воқеа эсга тушади («Тафаккур»да, Эркин Аъзам саҳифасида ўқиган эдим).

1902 йили Максим Горький Россия Фанлар академияси фахрий аъзолигига қабул қилинмаганида Чехов билан Короленко норозилик тариқасида илмий даргоҳни тарк этган экан.

Тадбирларда, матбуотда ва дуч келган бошқа жойларда маънавият ҳақида сўзловчиларга маънавият асли қандай бўлишидан сабоқ бу!

Ноҳақликка қарши тура олмайдиганлар, сафдошининг ёнида елкадош бўла олмайдиган лоқайд томошабинлар учун ҳам ибрат бу.

Эмишки, «Иттифоқчи кириб келганида ўқитувчи телефон ўйнаб ўтирган бўлган». Ўша вақтда хонада бўлган ўқувчилар сиз ёлғончига қарши гувоҳлик беради жаноб иттифоқчи.

Иккинчи томоннинг иддаосича, «Рашидова матнни ўзи ёзмаган, иттифоқни обрўсизлантириш учун бировга махсус ёздиртирган». Таниш манзара. Фош этилганлар чўкиш хавфида шундай хасларга тармашади.

Шунча муҳокамалар ва эътирозлардан кейин ҳам, ташкилот туман раисининг хатосини тан олмади.

Ташкилот раҳбарининг ҳисоблашича, «бу шов-шувлар иттифоқ ишлаётганидан далолат». Бу соддаликми, ўзгаларни содда кўришми?

Мана нега Ёшлар Иттифоқини нега ҳамма ёмон кўради. «Шов-шувлар ишлаётганимиздан далолат», «Мевали дарахтга тош отилади» қабилидаги гаплар билан аравани қуруқ олиб қоча олмайсиз, қорувли жаноб. Баҳони халқ бермоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ярим йил муқаддам, 30 июнь куни «Камолот» ЁИҲ негизида Ўзбекистон ёшларининг янги ташкилоти – Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ташкил этилиши тўғрисида эълон қилганди. Ташкилотнинг бюджет маблағи 200 миллиард сўм этиб белгиланди.

Кейинроқ ташкилот учун кўпдан-кўп имтиёзлар тақдим этилди. Ёшлар иттифоқи фаоллари олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилинадиган бўлди, иттифоқ тавсиясига кўра аскарлар ОТМга ўқишга кириши мумкин бўлди, иттифоқ фаоллари учун автокредитлар ажратилди, иттифоқ ходимлари пойтахтга прописка қилиниши белгиланди, ҳатто, UZMOBILE миллий мобил алоқа оператори Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари учун бепул тариф режаси тақдим этди, ва ниҳояти 2018 йилнинг 1 январидан ягона солиқ тўловининг 8 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармасига ўтказиладиган бўлди.

Биз, солиқ тўловчи фуқаролар иттифоққа ажратилаётган маблағлар қаерга кетаётганини билишимиз керак. Бирон марта харажатлар, ҳар бир тийин қаерга сарфлангани тўғрисида ҳисоб берилдими?

Ўз номи билан ташкилот моҳиятига кўра ёшлар билан ишлаб, уларга ёрдам кўрсатиши керак. Ташкилот қишлоқларда, маҳаллаларда, хорижда, ҳамма жойда ёшларнинг муаммолари ҳал қилинишида иштирок этиши керак.

Улар ноҳақликка учраб, ўқишга кира олмаган абитуриентга, ёки ўқишдан ҳайдалаётган талабага, бир неча чақиримдан уйига сув ташиётган келинлар ва ёки ёш қизларга, ўқитувчиси металлолом олиб келмасанг дарсга келма, деб дарсдан чиқариб юборган ўқувчиларга ёрдам берганини, муаммоларга қарши очиқ кураш олиб борганини кўрдикми?

Ярим йил ичида Ёшлар иттифоқи кўпроқ қайси ишлари билан ёдда қолди? Colgate’дан илҳомланиб тайёрланган янги логотип учун 10 миллион тўлагани билан. Ёшларнинг кийимини ечиши, ташқи кўриниши учун барчанинг олдида изза қилиш, камситиш билан. Пахта далаларидаги жонбозлик билан. Турли акциялар, томошалар, турнирлар, танловлар, учрашувлар ташкил этиш, кўпдан-кўп меморандумлар имзолаши билан. Эшиклар ёпилиши билан унутиладиган ваъдалар билан… Мана энди бир муштипар бир ўқитувчига таҳдид қилиниши билан.

«Ўқитувчига осилмаган сен қолувдинг ўзи».

Менинг кўз ўнгимга Ёшлар Иттифоқи деганда «камолотчилар» келаверади ҳалиям. Ўша-ўша юзи силлиқ, овози тиниқ, маддоҳликда ўзаро беллашадиган, гапга чечан, ялтоқланишга уста, барча тадбирларда қатнашгиси келадиган, селфипараст, тадбирбоз йигит-қизлар қатлами. Фикрсизлик бирлаштирган йигит-қизлар. Фақат номи янгиланган эски ташкилот.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Индонезияда велосипедлар бамбукдан ясалмоқда

Индонезия экологик тоза велосипедлар ишлаб чиқаришни бошлади. Улар бамбукдан қилинмоқда. Ихтирочиларнинг фикрича, бундай турдаги велосипедлар узоқ вақт хизмат қилади. Бу ...

Атамбоев ўзбекистон-қирғизистон чегараси тўғрисидаги қонунни имзолади

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев умумий узунлиги 1 280 километрни ташкил қилувчи қирғиз-ўзбек давлат чегараларининг 85 фоизини демаркацияланишини кўзда тутувчи ...

Бир ҳамшира қиёфасида ўзбек андишаси

  Жамият 17:45 12509 Иллюстратив фото Кун.uz ижодий жамоаси ташриф билан Наманган вилоятига ташриф буюрганимизда, туманлардан бирида жойлашган ҚВПда бўлдик. Шанба куни ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400