Иқтисодиётимиз қуйига шўнғимоқда(ми)?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 20 ноябрь куни 2017 йилнинг 1 декабридан ойлик иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида фармонни имзолагач, ойлик иш ҳақи, пенсия, стипендиялар миқдори ўртача 15 фоизга оширилди. Бироқ…

Бироқ одатдагидек, ўзбекистонликлар ҳали янгидан белгиланган ойлик иш ҳақи, пенсия ва стипендияларни, нафақа пулларини қўлга олмасдан туриб, юртимизда нарх-наво тахминан 50 ва ундан кўп фоизгача кўтарилди.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитасининг тарқатган хабарига кўра 2017 йилнинг ноябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари октябрь ойига нисбатан 101,5 %га ошган, яъни йиғма индексга таъсир улуши 33,4 % ни ташкил этган.

Шу ойда ноозиқ овқат маҳсулотлари рекорд кўрсаткичга етган, 103,4%.

Йиғма индексга таъсир улуши 61,3 %. Хизматлар нархи эса атиги 1 ой ичида 100,5 %га ошган бўлиб, бунинг йиғма индексга таъсир улуши 5,3 %га етган.

Бунга қўшимча равишда Янги йил байрами арафасида озиқ-овқат ва ноозиқ овқат маҳсулотлари нархини оширишга ҳар доимгидек норасмий изн берилиши натижасида ушбу товарлар тури 100 фоизгача кўтарилган.

Холбуки, Фармон “республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, валюта сиёсатини либераллаштириш шароитида фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида” қабул қилинган эди.

Аммо кўриб турганимиздек, мазкур Фармон даромадларимиз ва турмуш даражамизни ошириши, ижтимоий мададни кучайтириши ўрнига аксинча, янада пасайтиришга олиб келди.

Шундай қилиб, иш ҳақи, пенсия, стипендия ҳамда нафақаларнинг энг кам миқдори қуйидагича тарзда белгиланди: иш ҳақи — ойига 172 240 сўм (тахминан 21 доллар 50 цент); ёшга доир пенсия ва болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — 336 880 сўм (тахминан 42 доллар 57 цент); зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 206 720 сўм (тахминан 25 доллар 80 цент) миқдорида белгиланди.

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 1 500 000 сўм экани тўғрисида хабар тарқатганди.

Аммо ижтимоий тармоқларда Статистика қўмитаси эълон қилган манбаларнинг нотўғрилигига оид фикрлар кўп берилди.

Ҳақиқатанан Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 600-700 минг сўм атрофида. Бунга етарли далилларни хоҳлаганча топиш мумкин.

Демак, биз 2017 йилда Ўзбекистон халқи фаровон яшади, юртимизда кутилгандан зиёда янгиликлар бўлди, ривожланиш сари дадил одимладик, деб оғиз кўпиртириб гапиришдан олдин мавжуд ҳужжатларни ва улардаги факт ва рақамларни реал ҳаётдаги факт ва рақамлар билан текшириб, диққатли ўрганишимиз керак.

Шу ўринда биздаги кўрсаткичларни қўшни Қозоғистондаги кўрсаткичлар билан солиштирсак.

Мазкур давлатда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб ойлик ҳисоб кўрсаткичи 2405 тенге, энг кам ойлик маоши миқдори эса 28 284 тенгега ошди.

Бу тахминан 678 минг 816 минг сўм демакдир, яъни 84 доллар 77 цент. Бу эса Ўзбекистондан 63,27 долларга кўп (84,77-21,50=63,27) эканини англатади. Бу ҳақида Tengrinews.kz хабар тарқатмоқда.

Шунингдек, Қозоғистонда янги йилдан эътиборан энг паст кун кўриш даражаси ҳам ўзгаришга юз тутди — 28 284 тенге (678 816 сўм).

Ойлик ҳисоб кўрсаткичининг ошишига боғлиқ ҳолда қозоғистонликларнинг ижтимоий кўмак суммалари миқдорлари ҳам ўзгарди.

Egov.kz маълумоти бўйича, бола туғилишига боғлиқ ҳолда бир марта бериладиган моддий ёрдам (ишлайдиган ва ишламайдиган аёллар учун) Қозоғистон Республикаси “Болали оилаларга бериладиган давлат ёрдамлари тўғрисида”ги 10-қонунига мувофиқ қуйидагича белгиланди: биринчи, иккинчи, учинчи болага 91 390 тенге (тахминан 2 193 360 сўм); бешинчи ва ундан кейинги болага 151 515 тенге (тахминан 3 636 360 сўм). Афсуски, Ўзбекистонда суюнчи пули жуда кам миқдорда берилади ва бу борада ҳам саноқсиз қоғозбозликларга дуч келинади.

Бола 1 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш бўйича тўловлар (ҳеч қаерда ишламайдиганлар учун): биринчи болага – 13 852,8 тенге (тахминан 332 448 сўм); иккинчи болага – 16 378, 05 тенге (тахминан 393 072 сўм); учинчи болага – 18 879, 25 тенге (тахминан 453 102 сўм); тўртинчи ва ундан кейинги болага эса 21 404,5 тенге (тахминан 513 708 сўм) тўланади.

Кам таъминланган оилалардаги 18 ёшгача бўлган болаларга: 18 ёшга тўлмаган ҳар бир болага 2 525,25 тенге (60 606 сўм).

Ногирон болани тарбияловчига тўланадиган моддий ёрдам миқдори 29 698,2 тенге (712 756 сўм).

Бундан ташқари, Улуғ Ватан уруши қаҳрамонлари ва ногиронларига, уруш пайтида вафот этган (бедарак йўқолган) аскарларнинг қайта турмуш қурмаган беваларига, кўп болали оилаларга, “Қаҳрамон Она” ордени билан тақдирланганларга, Чернобиль АЭСда нурланганларга, Афғонистонда хизмат бурчини ўтаганларга ва бошқа ҳ.к. фуқароларга ҳам белгиланган миқдорда ижтимоий ёрдам пули тўланади.

Демак, биз худди Ўзбекистон каби СССР таркибидан ажралиб чиққан қўшни Қозоғистондан 7-8 баравар қашшоқ яшаймиз.

Ўзбекистон иқтисодиётининг янада қуйига шўнғишга барҳам бериш учун энг аввало, коррупцияни бартараф этиш, тадбиркор ва ишбилармонларга том маънода эркинлик бериш керак.

Маддоҳликдан фориғ бўлиб, камчиликларни рўйи рост айтишга эришишимиз шарт. Шундагина етарли даражада тараққий топишга эришамиз.

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Оқтомликлар ичадиган сувдан ариқ суви тозароқ

Ғаллаорол — Жиззах вилоятидаги энг катта туманлардан. 102 та қишлоқни бирлаштирган туман аҳолиси тарқоқ жойлашгани боис ҳудуд инфратузилмаси ривожида жиддий муаммолар кўп. ...

Бизга кучли танқидчилар керак

Ўзбек адабиёти ва санъатига назар ташлар эканмиз, устозларимиздан қолган адабий мерослар билан фахрлансак арзийди. Бу мерослар, истиқболимиз йўлини ёритгучи маёқлардек нур ...

Андижонда 75 ўқувчи ва 7 ўқитувчи овқатлан заҳарланди

Андижондаги Zahiriddin Muhammad Bobur Universal Academy нодавлат таълим муассасасида овқатлан оммавий заҳарланиш ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими ...