Юлдузли тунлар-8

ҚУВА
ЖАСОРАТНИНГ ЖАЗОСИ
1

Ўтган куни отланиб Андижонга кетган мулла Фазлиддин бугун қаттиқ изтироб ичида яна Қувага қайтди.
У Бобурнинг отаси ўрнига ҳукмдор бўлганини эшитиб ундан ҳимоя сўраш ниятида аркка борган эди. Агар унинг ҳузурига кирса ноумид қайтмаслигига ишонарди. Чунки мулла Фазлиддин чорбоғда кўшк қурган пайтларда Бобур билан кўп ҳамсуҳбат бўлган, унинг зеҳни ўткир, шоиртабиат, зукко ўспирин эканини сезиб, Алишер Навоий суратини ҳадя қилган эди. Энди мулла Фазлиддин бўйни йўғон беклардан кўрган ёмонликларини айтиб берса, Бобур уни ҳимоясиз ташлаб қўймаслиги керак. Лекин арк дарвозаси олдида ўша доруға Узун Ҳасан турган экан.
— Бобур мирзонинг ҳузурига кирмоқ учун махсус рухсат керак, — деб унинг йўлини тўсди.
— Рухсатни ким берур, жаноб доруға?
— Эшик оға Ёқуббек жаноблари!.. Ана, ўзлари ичкаридан чиқмоқдалар!..
Ўнтача навкар қуршовида ичкаридан отлиқ чиқиб келаётган Ёқуббек фақат биринчи вазир даражасидаги эшик оғалар тақадиган энли олтин камарни белига тақиб олган эди. Пули катта бу бек Андижон мудофаасига ҳаммадан кўп маблағ ажратган эди. Унинг навкарлари ҳам бошқа бекларникидан кўпроқ эди, ўзи ҳам Бобурга ихлоси зўрлигини ҳар ишда намойиш қилиб, туну кун тинмас эди. У биринчи куниёқ Бобурга ўзини содиқ кўрсатгани устига бу ҳаммаси қўшилиб, ахири соҳиб ихтиёр эшик оға бўлиб олган эди. Буни энди билган мулла Фазлиддин хиёл саросимага тушди. Лекин ўзини дадил тутишга тиришиб, отлиқ келаётган Ёқуббекнинг қаршисидан чиқди:
— Жаноб эшик оға, ижозат беринг, камина Бобур мирзо ҳузурларига кирай!
Ёқуббек отининг жиловини тортиб, хиёл тўхтади-ю, қўлини кўксига қўйиб турган мулла Фазлиддинга тепадан кинояли назар ташлади:
— Кириб не қилмоқчисиз?
— Арзим бор… Меъморлик санъатига оид…
— Ҳозир ёш подшоҳимизга меъморлар эмас, мамлакат мудофаасига ярайдиган навкарлар керак! Уруш тугагандан сўнг келинг!
Ёқуббек: «Гап тамом!» дегандек қилиб, отини елдирганича ўтиб кетди. Мулла Фазлиддин бир лаҳза қаққайиб туриб қолди. Бир вақт Узун Ҳасаннинг:
— Жаноб меъмор, тавочилар навкарликка одам олмоқдалар, истасангиз бориб навкар бўлинг! — деган кинояси уни ўзига келтирди.
— Ўлмасак ҳали меъмор керак бўладиган кунларга ҳам етишурмиз! — деди мулла Фазлиддин доруғага нафратли назар ташлаб.
Eнди унинг Бобур ҳузурига киролмаслиги аниқ. Ёқуббек билан Узун Ҳасаннинг ихтиёрига ўтган қалъада қолиш эса жуда хатарли. Дарвеш говнинг ўлимига шу беклар сабаб бўлганини мулла Фазлиддин эшитган эди. Ҳозир унинг учун сал бехатарроқ жой — Қувадаги опасининг уйи эди…
Мулла Фазлиддин хуфтон пайти ҳовлига кириб келса, поччаси билан опаси ёв яқинлашаётганини эшитиб, ваҳимага тушиб ўтиришган экан.
Қувасойдин нарида — Каркидон адиридаги ёв ил-ғорлари ёққан гулханлар милт-милт қилмоқда эди.
— Мулла Фазлиддин, ёғий келса пўлат сандиғингизни тинч қўймас, — деди поччаси. — Буни тезроқ яширинг.
— Бўш ўрангиз борми, почча?
— Бор. Ана, бедахонада.
— Тоҳир қани?
— Маҳмуд билан кўприкка қараб кетди. Билмадим, не иши бор? Сўрасам, айтмади.
Мулла Фазлиддин поччасининг ёрдамида пўлат сандиқни яна қопга солиб, бедахонада-ги бўш ўрага тушириб қўйди-ю, ўранинг оғзини тахталар билан бекитди. Кейин бу тахталар устига беда боғларини баланд қилиб тахлаб ташлади.

* * *

Осмонни яна қуюқ булут қоплаган. Бирда-ярим ёмғир томчилаб қўяди. Қува кўчалари жимжит.
Ёв яқинлигини сезган одамлар уй-уйига бекиниб олган. Аҳён-аҳёнда итлар ҳургани эшитилмаса, бутун Қува кўчиб кетганга ўхшарди. Қувасой устидан ўтган ёғоч кўприк ҳам кимсасиз. Элчилар ёмон хабар билан қайтгандан сўнг, кўприкдаги соқчилар қўрғонга қочиб кетишган…
Тун яримлаганда шу кўприкка қараб кетадиган йўл четида уч-тўртта қора кўринди. Йўл бўйидаги дарвозанинг бир тавақаси секин очилди-ю, ундан катта чўва кўтарган пакана одам чиқди.
Тоҳир шивирлаб сўради:
— Чақмоқ билан тутантириқни ҳам олдингми?
— Олдим.
Пакана йигитнинг кийимларидан зиғир ёғининг ҳиди келади — унинг касби жувозкаш.
Тоҳир юзига ёмғир томчилаганини сезиб осмонга қаради. Булут қуюқлашиб, юлдузлар кўринмай қолган.
«Жала қуйса, олов ёнмай бало бўлармикин? — ўйланди у. — Кўприкнинг ёғочлари ҳам ҳўл бўлиб ивиб ётгандир».
— Маҳмуд, мен битта болта олдим. Энди яна битта болта билан икки кишилик катта арра керак. Сен дурадгорсен, асбобларинг тахт.
— Аррани нима қиласен?
— Керак! Умрзоқ, сен ҳам бирга бор. Дарров олиб чиқинглар.
Икки йигит бир тор кўчага кириб кетишди-ю, анчадан кейин айтилган нарсаларни олиб келишди. Кейин ҳаммалари деворнинг зеҳи билан юриб олдинма-кетин кўприкка яқинлашишди.
Тоҳир кўприкда қоровул йўқлигини боя аниқлаган эди. Андижон қўшини орқага чекиниб, қўрғонга кириб кетган, бостириб келаётган ёв буни яхши билар, шунинг учун Қувадай жойларда ҳеч қандай хавф-хатар бўлишини кутмас эди.
Тоҳир кўприкдан берироқда — қорайиб турган катта бир дарахтнинг тагида ҳамроҳларини тўхтатди:
— Ўзларингдан қолар гап йўқ. Беклар билан навкарлар бизни ёғийнинг оёғи остига ташлаб кетди. «Ўзинг учун ўл етим», деган гап бор. Худо кушойиши коримизни берса, ҳаммамиз уй ичимиз билан бир балодан халос бўламиз. Мабодо, ишимиз ўнгидан келма-са… Битта-яримтамиз қўлга тушадиган бўлсак…
— Ўшанда ҳам мард бўлиш керак, — деди Маҳмуд. — Онт ичайлик: кимки ёғийга сир берса, онаси хотини бўлсин!
— Омин!
— Омин!
Ҳаммалари юзларига фотиҳа тортишди-ю, бирин-кетин кўприкка чиқишди. Тоҳирнинг мўлжали қирқ-еллик қадам ичкарироққа бориб, кўприкнинг ўртасидан ўт қўйиш эди. Аммо улар илгарилаган сари атрофлари очилиб, ўзларини ҳимоясиз сеза бошлашди. Сувнинг очиқ сатҳи соҳилга нисбатан ёруғроқ эди. Кўприк ёв қўшинлари қаршисида нишон тахтасига ўхшаб тургандек ваҳимали туюларди.
Бир вақт дурадгор йигитнинг қўлидаги катта арра эгилиб, юпқа пўлати Тоҳирнинг болтасига тегиб кетди. Унинг жаранги қоронғида шундай кескин эшитилдики, йигитлар сесканиб тўхташди. Атрофга қулоқ солиб, бир лаҳза қотиб туришди. Қурбақалар бир текис қурилламоқда эди.
— Тоҳир, кўп нарига бормайлик! — деб шивирлади Маҳмуд. — Келиб қолса қочиб қутулишни ҳам ўйланг-лар.
— Нарёқдан келадими? Умрзоқни ўша ёққа қоровул қилиб қўямиз. Қўрқманглар, ёғий узоқда. Шу пайт ёмғир савалай бошлади. Энди узоқдаги гулханлар ҳам кўздан йўқолди. Ёв уларни кўриб қолиш эҳтимоли бутунлай бартараф бўлганини сезиб, Тоҳир ичида суюниб қўйди. Кўприк хийла узун бўлганлиги учун уч-тўрт жойида тагидан қўйилган зўр сепоя тиргаклари бор эди. Тоҳир кўприкнинг қанотидан пастга эгилиб қараб, шу тиргаклардан бирини мўлжалга олди-ю, тўхтади. Умрзоқ кўприкнинг нариги четида қоровул бўлиб туриш учун кетди. Қолганлар кўприк ёғочларининг осонроқ ёниши мумкин бўлган жойларидан танлаб, болта билан пайраҳа кўчиришди, сўнг чувадаги ёғдан сепишди. Уч кишилашиб чақмоқни тошга уриб, тутани* ёмғирдан бекитиб, роса уринганларидан кейин, ниҳоят аччиқ пахта тутуни димоғларига урилди. Ўт ёқишга эпчилроқ бўлган жувозкаш йигит тутани пуфлаб-пуфлаб чўғ қилди. Тоҳир чакмоннинг тагидан қўлтиғига қисиб олиб келган қуруқ похолни шу чўққа тутди. Похолнинг заиф олови зиғир ёғи сепилган пайраҳаларга илашиб энди сал кўтарилай деганда, шамол қайириб ураётган ёмғир томчилари «жиз-жиз» этиб тегди-ю, ўчириб қўйди.
— Ёнмайдиган сирқинди мой экан! — деди Маҳмуд жувозкаш йигитга таъна қилиб.
— Ёмғир ўчирди-ку! Шу мойни топиб чиққанимга ҳам жон де!
— Бас! — шипшиди Тоҳир жувозкаш йигитга. — Тутани ўчирмай тур!
Тоҳир иккита белбоғни бир-бирига улаб, бир четини белига боғлаб, кўприкнинг тагига осилиб тушди. Тиргакларнинг нам тегмаган жойларидан пайраҳа кўчириб олиб ёғ сепиб, минг азоб билан энди олов олдираётганда шамолнинг кучли бир эпкини ёнаётган пайраҳаларни сувга учириб туширди.
Тоҳир кўприкка қайтиб чиқди-ю, болтани қўлига олиб, ғазаб билан кўприк қанотларини уриб синдира бошлади:
— Мана ёнмасанг! Мана ёнмасанг! Мана! Мана!
Жувозкаш йигит иккинчи болтани қўлига олиб, кўприкнинг нариги қанотини синдиришга тушди.
— Тоҳир, бу ишларингдан нима фойда? — деди Маҳмуд. — Ундан кўра болтани менга бер.
Мана бу михланган ёғочларини кўчириб ташлайлик.
Ҳансираган Тоҳир Маҳмуднинг олдига келди. Қоронғида мих кўринмаса ҳам касби дурадгор бўлган Маҳмуд ёғочнинг мих қоқилган жойини тусмоллаб топди. Тоҳир иккаласи кўприкка кўндаланг қўйиб михланган тахтасимон бир ёғочни кўчириб олишди. Аммо иккинчи ёғочни кўчириш жуда қийин бўлди.
— Айтмоқчи, арра бор-ку? — деди Маҳмуд.
Бир четда ётган аррани Тоҳир пайпаслаб топди. Икки йигит унинг икки дастасидан олиб, кўприк ёғочларини арралашга тушишди.
— Шошма! — деди Тоҳир. — Бу ердаги беш-ўнта ёғочни арралаб ташлаганимиз билан ҳеч иш чиқмайди.
— Нега чиқмасин? От-арава ўтолмайдиган қиламиз!
— Бирорта устани олиб келиб, кўприкни тузатиб, ўтиб кетаверса-чи?
— Фойдаси йўқ ишга уннадик чамаси-да! — деди жувозкаш йигит умидсизланиб.
— Йўқ, биз кўприкни бўйига эмас, энига қараб арралашимиз керак.
— Энига қўйилган ёғочлар жувозкундадай йўғон-ку. Арралаб бўладими?
— Бўлади!
Тўрт киши навбатма-навбат арра тортиб, кўприкнинг кўндалангига тўсин қилиб қўйилган йўғон ва қаттиқ ёғочни арралаётганда қора терга ботиб кетишди. Илиқ ёмғир ҳали ҳам савалаб турар, уларнинг юзлари ва баданларидан оққан тер ёмғир сувига қўшилиб кийимларини шалаббо қилган эди. Йигитларнинг мақсади кўприкни икки томондан ушлаб турган ўқёғочларни арралаб, уни бир-икки жойидан узиб ташлаш эди. Аммо улар кўприкнинг ҳар икки томонидаги йўғон ўқёғочларни арралаб қирқишди ҳамки, кўприк улар кутгандай узилиб тушмади. Уни яна қандайдир михлар, бир-бирига тишлатиб қўйилган болорлар ва «белбоғ» ёғочлар маҳкам ушлаб турарди. Тоҳир билан Маҳмуд аррани қўйиб, яна болтани қўлга олишди, қоронғида тимирскиланиб, болорларга тишлатилган қавс михлардан беш-олтитасини топишди ва кўчириб ташлашди. Шундан кейин кўприкнинг аллақаери қирсиллади-ю, аммо ўзи аввалгидай тураверди.
— Бўлди! — деди Маҳмуд мадорсизланиб. — Қўлимиздан келмайдиган ишга уннабмиз!
— Падарига лаънат! — деб, Тоҳир қўлидаги болта билан яна кўприк қанотларини қарсиллатиб синдира кетди. Шу пайт кўприкнинг нариги четидан улар қоровул қўйган йи-гит чопиб келди:
— Қўй, бас! Мунча қарсиллатма! Нариги адирдан ёғий келаётганга ўхшайди.
— А! Кўрдингми?
— Товушларини эшитдим. «Отлан!», «Сафлан!» деб бақириб-чақирганлари қулоғимга чалинди!
— Бўлмаса ҳозир бостириб келади! — деб жувозкаш қочишга чоғланди.
— Аррангни ол, бу ерда ҳеч нарсани қолдирманглар!— деб Тоҳир ёнмаган пайраҳаларни, ёғоч синиқларини сувга отди.
Беш йигит муваффақиятсизликка учрагандай руҳлари тушиб, уйларига тарқалганларида тонг ёриша бошлаган эди.

____________
* Т у т а — чақмоқ учқунидан ёниши қулай бўлган пахта ипи.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тожикистон: ёзувчини «бўсалар» сабаб иттифоқдан хайдашди

Ёзувчилар иттифоқи яна бир ёзувчи асарларида “ахлоқсиз ишқ ва кўп хотинлилик”ни тарғиб этгани учун иттифоқ сафидан чиқарди. Охирги бир йил ичида Тожикистон Ёзувчилар ...

Юлдузли тунлар-9

2 Саҳарликни еб, йўлга тушган ёв қўшинининг олдинги тўпи кўприкка чиқа бошлаганда тонг қоронғиси ҳали тарқалмаган эди. Ёмғир тоғларда қаттиқ қуяётганлиги учун Қувасойнинг ...

Чингиз айтматов:қиёмат 47-қисм

Довонда  шикама  кечаси  тугаб,  тонг  отганда  биринчи  бўлиб  Эрназар  ўрнидан  турди  ва пўстинига ўраниб, тушовлиқ отларга қаради. —  Совуқми? — деб  сўради  Бўстон  ...