59
Эртаси эрталаб участка милитсионеримиз келди.
Салом йўқ, алик йўқ, остонада туриб сиёсат қилди:
— Совет органи сизга ўйинчоқми? — деди.
— Эб-ей, биз нима қилдик? — дедим.
— Нега чақирган вақтда бормайсиз?
Зардам қайнаб кетди:
— Боргим келмади! Аёлимиз билан кинога бордик! Бўлдими? — дедим.
— Машинага чиқинг!!
Ҳайрон бўлиб, девордан бўйладим. Эб-е-еб-е! Дарвозамиз олдида милитсия машинаси турибди!
Сап-сариқ!
Кўнглим, «шиғғ» этди. Этларим увишди. Ичимда нимадир бир нима ўпирилиб тушди.
— Участковой биродар, — дедим, — бу ишинг бўлмайди! Машинангни тез эшикдан ол!
— Нима, машинани елкангизда кўтариб юрибсизми?
— Биродар, ҳеч банданинг эшигига дўхтирнинг машинаси билан мелисанинг машинаси келгулик қилмасин! Тез кет, биров кўрмасин!
— Бўлинг, бўлинг, фалсафа сотманг!
Милитсионер тумшуғи остига тиқилиб бордим. Юз-кўзларига ўқрайиб-ўқрайиб қарадим.
Милитсионер нияти қатъий бўлди.
Ўқрайиб турдим-турдим, кейин, чопоним ёқаларини очдим. Милитсионерга кўкрагимни тутдим.
— Мана, отиб ташла! Лекинг мелисанинг машинасига чиқмайман! Жуда зарил бўлса, автобусда бораман! — дедим.
— Унда, тез изимиздан етиб боринг!
Тағин, милитсия машинасини биров-ярим кўриб қолган бўлса-я, деган ҳадикдан девордан кўчага қарадим. Бовужуд, кўчада одам бўлмади.
Тоғай Мурод
От кишнаган оқшом (қисса)