Кеча ва бугун

Xамроқул  AсқарСобиқ қишлоқ хўжалик вазири Хидир Али 1935 йилда: – ПАХТА БИЗГА ОҚ КАФАН РОЛИНИ ЎЙНАЙДИ., деганди.
Буюк муҳожир Бомирза Ҳайитнинг “ВАТАН МЕНИКИ ҲАМДИР” номли китобидан қайдлар:

1.
Туркистон иқтисодий жиҳатдан – совет руси даврида буюк инқирозга учради. Бунинг яққол бир мисолини ПАХТАЧИЛИК соҳасида кўрмоқдамиз. Ўзбекистоннинг зироат (қишлоқ хўжалик) вазири Хидир Али 1935 йилда: – биз қанча кўп пахта маҳсулоти етиштирсак, бу бизни шунча кўпроқ Москвага боғлайди. Биз шу асосда тўла маънодаги мустамлака бўламиз., шу тариқа биз етиштирган ПАХТА БИЗГА ОҚ КАФАН РОЛИНИ ЎЙНАЙДИ., деган эди. Хидир Алининг ҳақлигини эндигина ошкора айтмоққа жасорат кўрсатилмакда. Москов пахта сиёсати Туркистон учун ҳозирланган қабристон шаклини олди. Эндиликда ўз бойликларимиздан авволо ўзимиз фойдаланиш истаклари жарангламоқда. Иқтисодий мустақилликнинг шарти – том маънодаги сиёсий мустақилликга эга бўлишдир! Буюк устозимиз Мир Алишер Навоийнинг:
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулга тикондек ошиён бўлмас эмиш., деган таълимотини унутмаслик керак. Бизнинг милатимиз бундан кейин қафас ичинда қорин тўйғазишга тоқат қила олмайди!

2.
Совет Иттифоқида янги типдаги ҚУЛЛИК даври бошланди. Коммунизм –социализмнинг янги қуллари кўчаларда емак излаб юришга ва шундай абгор ҳолда хўжайинларига хизмат этишга мажбур этилдилар. Бу ерда адибимиз Одил Ёқуб бекнинг 1989 йилда Совет халқ қурултойида билдирган фикрларини хотирлаш лозим. (“Совет Ўзбекистони”, 1989 йил, 13 июнь) Меҳнатимиз ва бор бойлигимиз ҳам комунизм қурбони бўлди. Бир кило пахтамиз учун берилган ҳақ эллик тийин экан. Бир кило бодринг ҳам эллик тийин! Ўзбек ёзувчиси Нурали Қобул “Халқ қалбидаги оғриқ” мақоласида: – Одамлар учун давлат нархида бир кило гўшт топиш қаҳрамонликка айланди., деб ёзган эди. (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 26.2, 1989, с – 2) Мана будир социализмнинг асл башараси?!
Ўзбекистон Коммунистлар партиясининг биринчи котиби Ислом Каримов 1990 йил 24-февралида Тошкентда ўтказилган буюк бир мажлисда Чўлпоннинг шеъридан тубандаги байтларни ўқиб эшитдирмак учун лутф этди:

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ исёндир, халқ ўтдир, халқ ўчдир!
Халқ қўзғалса, куч йўқдирки тўхтатсин,
Қуват йўқки, халқ истагин йўқ этсин.

(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”газетаси, 1990 йил, 02 март)
Коммунистик партиянинг муҳим раҳбари тарафидан бундай шеърни ўқиб эшитмакнинг ўзи бир мўъжизадир! Чўлпоннинг фалсафаси тўғри ва ҳақлидир. Модомики, халқнинг бундай буюк қувват эканлигини англаган ва англатмакни истаган эканмиз, у вақтда ана шу Абдулҳамид Чўлпоннинг:
Халқ истаса озод бўлсин бу ўлка,
Кетсин унинг бошиндаги кўланка., деган даъватини ҳам унутмаслик керакдир.

3.
Биламизки, миллатимиз бошдан кечирган, бу миллат фарзандларига берилган азоблар учун фақат Сталин жавобгардир., деб кўрсатмоқ совет пропагандасининг бир сохта кўринишидир. Ҳаммага, кундай маълумки, Сталин ўз иродасини Советларнинг қурултойи ва мажлисларида тасдиқ эттирган эди… Коммунизм режими ичида сталинизм оқими бўлганлигини ҳеч кимса инкор этмайди. Фақат шуни унутмаслик керакки, сталинизм комунизм мафкурасининг маҳсулотидир. ТЕРРОРИЗМ – ЛЕНИН ДАВРИДА ҲАМ БОР ЭДИ!
3.
Туркистон ўз тарихида ўн икки буюк давлат қурган ҳолда ирқчиликни билмаган. Бу миллат шовинизмни билмайди. Бу миллат бошқаларни ҳурмат этишни яхши билади, лекин ўзгаларни ҳақорот этишни билмайди.
Турон султони Амир Темур русларнинг озод бўлишига пойдевор қурган бир шахс эканлигини тарих инкор этаолмайди.
Ватаним Сизларники бўлгани каби меники ҳамдир. Ватанимга мен даъватсиз боришим керак! Чет эллардаги муҳожирлар миллий ҳаракатини моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида бир миллий хазина ташкил этмоқ лозим. Биз Туркистонлилар ватанда ёки чет элларда яшашимиздан қатъий назар, Чўлпон тарафиндан тилга киритилган:
Йиғлама юртим агар бу кунингда йўқ баҳор,
Келгуси кунларингда бахтинг юлдузи ўйнаб қолар., дейилган асосда миллий истиқлол йўлини излаймиз. Биз бу йўлда умидсиз бўла олмаймиз, чунки: – Аллоҳ биз билан, ТУРКИСТОН!

Бомирза Ҳайит: “ВАТАН МЕНИКИ ҲАМДИР”, Ғофур Ғулом номидаги нашриёт – матбаа бирлашмаси, 1992 йил.

PS:

НАСА ташкилоти тадқиқотларига кўра қадимги Эльдарадо замини шу қадар унумдор бўлганки, у илдизни бамисоли оҳанграбодай ўзига тортиб мева етилишини ақл бовар қилмас даражада тезлаштириб юборган. Аёллар озуқа ўрнига гуллар, озиқ мевалар уруғларини кувачаларда сақлаб, зарур уруғни кечқурун ерга қадаган ва эрталаб пишиб етилган меваю, кўкатлардан дастурхон тузаган…

Биз ҳам табиий саҳроларни сунъий ўзлаштириш, зўравонлик билан пахта етиштириш амалиётига барҳам бериб, ердан энига эмас бўйига фойдаланиш., бўйича кенг миқёсда аграр ислоҳот ўтказишимиз зарур. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидаёқ аҳолиси қарийб миллиардга етганида яқин иттифоқчиси бўлмиш СССР давлати юз ўгирган Хитой давлати донишмандлик билан ердан бўйига фойдаланиш ислоҳотини амалда қўллаб очарчилик балосидан қутилди ва қудратли давлатга айланди. Бу инкор этиб бўлмас тарихий ҳақиқат натижаси эса ортиқ изоҳга муҳтож эмас…

Ҳамроқул Асқар
17.10.13.

Бўлишинг: