“Қиёмат кунига тайёр эмасман” (Муҳаммад Исмоил)

Муҳаммад Исмоил: Қиёмат кунига тайёр эмасман!“Дунё ўзбеклари”дан: Янги йил арафасида адабиёт ва санъат, давлат ва жамият, ҳукумат ва мухолифат тарафдорларига бир неча саволлар билан мурожаат қилган эдик.

Бугунга қадар санъаткор Моҳира Асадова, шоиралар Рислиғой Хотамова, Дилсора Фозилова, Гулбаҳор Саидғаниева,  табиб ва шифокор Абдуқодир Сатторов, физика математика фанлари доктори, Новосибирск Давлат Техника университети профессори Неъматжон Раҳимов, тожикистонлик ижодкор дўстларимиз Одил Икром, Хасан Ғойиб, Мунаввара Ойматова, Равшан Шамс, Абубакр Асоев, Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати Марат Зоҳидов,  ёзувчилар Саломат Вафо,  Нусрат Раҳмат, Бердиёр Жумаев (Диёр Дилёр), Шаҳодат Улуғ, Буюк Британияда яшовчи олим Аҳмад ҳожи Хоразмий, адиб ва таржимон Аъзам Обид,  шоирлар  Даврон Ҳотам, Паҳлавон Содиқ, Баҳром Рўзимуҳаммад, Ҳамроқул Асқар, Европадаги мухлисимиз Отабек Тошев, академик Рустамжон Абдуллаев, қирғизистонлик журналист, “Газета Вести” Бош муҳаррири Барно Исоқова, Киев даги халқаро тиббиёт университети талабаси, умидли ёш шоир Жавоҳир Абдуллаларнинг жавоблари эълон қилинди.

Бу гал “Дунё ўзбеклари”нинг Янги йил арафасидаги қатор саволларига таниқли ўзбек шоири, Тошкент Давлат Маданият институти домласи Муҳаммад Исмоил  жавоб беради.

 м.и.д.

“Дунё ўзбеклари” сайтининг Бош муҳаррири Исмат Хушевнинг Янги йил олди саволларига шоир Муҳаммад Исмоилнинг жавоблари:

Савол: – 2013 йил Сиз учун қандай келди?

Жавоб: – Авваломбор шу кунларга етқазганига шукур! Ҳаётимда кўзга кўринарли юқорилаш бўлмаган бўлсада, пастга тушиб кетиш ҳам бўлмади. Бир йил бир кундай тез ўтиб кетди. Кечагина 13-йилни кутиб олган эдик.

Бугун 14-йил эшик қоқиб турибди. Бу йил ўғлимни уйлантирдим. Худога шукур, тўй баҳонасида азиз инсонлар олдига бир пиёла чой қўйиш бахтини муяссар этди. Давримизнинг буюк инсонлари хонадонимиз меҳмони бўлдилар.

Бир инсон сифатида, бир зиёли сифатида буни ўзимга шараф деб биламан.

Шу пайтгача ҳаётнинг оғир ва омонат томонларини кўп кўрдим. Ҳаёт улуғ инсонлар билан нурли экан! Бу дунёда яхши одам битта бўлса, қабиҳ ниятда юрувчилар улардан ўн баробар кўп экан.

Шунинг учун, тўрт кунлик умримизга мазмун олиб келган буюк зотларни кўрганда таъзим қилгим келади, ўзбек халқини бахтига буюклари кўплигидан хурсанд бўламан.

Мен уларнинг олдида жуда кичкина одамман. Кичкина бўлганда ҳам ношуд ва юрагини олдириб қўйган одамман. Кўп ишларга журъатим етмайди.

Уларга хавасим келиши ва уларнинг олдида таъзим қилишимнинг сабаби шундаки, буюк инсонлар журъатли ва жасоратли, аниқ мақсад йўлида юксакликка кўтарилган ва барчага ўрнак бўлаётган, нафақат ижодлари балки, яшаш тарзлари билан ҳам кишиларни олий мақсадлар сари чорловчи дарғалардир.

Ижодимда ҳам кўзга кўринарли асар ёзганим йўқ. 2-3 шеър ёздим, улкан ғалағовур ичида уларнинг бор йўқлиги билинмай кетди. Оламшумул дард йўқ, ҳарорат йўқ, ҳақиқат йўқ, ҳаётга тик қараш йўқ эди уларда.

Чунки, ҳақиқат кўзингизда акс этган заҳоти ёнингиздаги айғоқчи кўзингизни ўйишга шай турибди. Дардсиз шеърларни эса одамлар ўқимай қўйган.

Биз одамларга бегона бўлиб қолдик. Манқуртнинг хўжайини, манқуртга “Онанг душманинг” , деб ўргатгани сингари ёзувчилар, Найман онадай зор-зор четга чиқиб қолдилар. Ўқувчилар китоб ўқимай қўйишди.

Мен шахсан қиёматга бугунги аҳволимда боришни истамаган бўлар эдим. Ҳали қиёмат сўроқларига жавоб беришга тайёр эмасман. Ҳали юзим ёруғ бўладиган даражада ибодат қилганим йўқ. Ҳали одамларнинг бирор корига ярайдиган савоб ишларни бажарганим йўқ.

2013 -йил эса жуда тез ўтиб кетди. Оллоҳдан кунларимизни барокатлироқ, файзлироқ қилишини сўраб қоламан.

Илоё, ёруғ кунлар бошимизда кўп бўлсин, халқимизни бахтли, саодатли кўриш бахти ҳаммамизга насиб этсин!

Бир миллат, бир халқ икки юз-уч юз йилда Озодликка бир марта эришади. Бундай бахт бир халққа ўн йил-йигирма йил ё юз йилда берилмайди.

Бизнинг бахтимиз шундаки, биз халқимиз Озодликка, Мустақилликка эришган замонларда туғилдик, яшаяпмиз, ижод қилаяпмиз!

Биз мана шу Мустақилликнинг абадийлиги учун жонимизни фидо қилишимиз керак.

Биз қаерда бўлмайлик она Ўзбекистон битта! Бизнинг бошқа борадиган жойимиз йўқ.

Мухаммад Вохидов билан...

Суратда: Муҳаммад Исмоил Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов билан

Савол – Нега адабиётимизда ишсизлик, поракандалик мавзуси кўринмаяпти?

Жавоб – Қайси соҳада кўринаяпти? Адабиётдан кўра, бу мавзуга яқинроқ бўлган журналистикада кўринаяптими?

Бу мавзуга янада яқинроқ бўлган ижтимоий тадқиқотларда кўринаяптими?

Сиёсатчиларимизнинг овозида эшитилаяптими? Маъмурий раҳбарлар бу масалани муҳокама қилаяптими?

Қолаверса, ёзувчининг бу “оҳу воҳ”ларини чоп этаман деб, кўзи учиб турган бирор газета борми?

Яқинда бир район ҳокимининг олдига, “Нега қишлоғимиздан ҳамма кетиб қолаяпти, қачон ишсизлик муаммоси тугайди? – десам, кетганлар “ишёқмас”, “дангасалар” ,-деди. – Менда иш ўрни тиқилиб ётибди, менга камида ўн мингта ишчи керак,- деди.

Мен ҳайратдан ёқа ушладим. -Жон ака, ўша иш ўринларингиздан бир иккитасини беринг, роса керак- дедим, “Пажалуста”- деди – пахта даласига борсин, сувчи керак, чопиқчи керак… иш тиқилиб ётибди, – деди.

Мен: – Майли розимиз, ойлиги борми, ойлиги қанча?- дедим. -Ойлиги йўқ, – деди. – Ойликни нима қилади, – деди кўзимга бақрайиб, – Ҳа, ишлайверсинда…”

Қолган гапларни ёзиб ўтирмайман. Ҳа, ишсизлик муаммоси йўқ, иш кўп. Ишлайдиган одамнинг ёқасидан олиб, “Ойликни нима қиласан?” -дейдиганлар бор, халос…

Лекин ёзувчилар “ойликни нима қиласан”- дейдиганларга қасдма-қасд ишлаб ётибди. Янги-янги асарлар ёзилаяпти. Чоп этиш, этмасликдан қалам ҳақи тўланиш, тўланмаслигидан, китоб чоп этилиши, этилмаслигидан қатъий назар ижодларини тўхтатишгани йўқ.

Ризқ Оллоҳдан! Оллоҳ ўзи тарбиялаб, ўзи боқиб, ўзи ҳимоя қилгувчи, ўзи юзага чиқаргувчидир!

Яқинда бир гуруҳ ёзувчиларга бир килодан асал тарқатишибди. “Бизга катталаримиз, тилларинг ширин бўлсин деб асал беришди, қандай яхши! Бизга қилган катта эҳсонлари учун, раҳмат! Албатта ширин-ширин асарлар ёзамиз,” деб юрган баъзи бир “тили ширин” ёзувчиларимизнинг асарларини яқинда ўқиб қолишингиз мумкин.

Лекин, уларнинг асарларининг ширинлигига алданманг. Уларнинг “тили ширин” холос.

Ҳақиқий “ширин” асар юракдан ёзилади. Ҳақиқий асарнинг руҳи ширин бўлади.

Афсуски, руҳнинг емиши бошқа, ошқозонники бошқа! Ошқозоннинг кучи билан ёзилган асарлар, ошқозоннинг чиқиндиси қаерга борса, уларнинг асарлари ҳам ўша ёққа боради.

Ўша асални еган ёзувчи ҳам, ўша асални берган “катталар” ҳам буни билиб қўйиши керак.

мух а о билан

Суратда: Муҳаммад Исмоил Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов билан

3 – саволга жавоб:

– Бутун дунёдаги адибларни, шоиру ёзувчиларни кириб келаётган Янги йил билан чин юракдан қутлайман.

Адиблар – кўнгил одамларидир! Инсоният бир вужуд бўлса, – ундаги юрак деган аъзо – адиблардир!

Юрак ҳамиша эзгуликка интилишини, эзгулик йўлида ижод қилиб, инсоннинг эзгу ҳислатларини рўёбга чиқаришини, инсон – Худонинг ердаги ўринбосари эканлигини, инсоннинг ўзига уқтириб бораверишини, она заминни ҳам, инсонни ҳам фақат инсоннинг ўзигина қутқариши мумкинлигини, Худонинг қаҳрини келтирмаслик, инсоннинг зиммасида эканлигини, инсоният ҳали кўп асрлар яшаши ва ҳали Худонинг жуда кўп марҳаматидан, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган буюк неъматларидан баҳраманд бўлиши кераклигини авлодларимиз, наслларимиз буни биздан кутаётганлигини, биз маънавиятни ҳам, маърифатни ҳам, тараққиётни ҳам юксак ва гўзал қиёфада биздан кейинги авлодларга қолдириш кераклигини уқтиришимиз ва ўзимиз ҳам қалбан уқишимиз лозим.

Она сайёра жуда катта ва бепаён эмаслиги аниқ бўлиб қолди. Бугун бир лаҳзада дунёнинг нариги четида турган инсон билан боғланадиган, ҳол – аҳвол сўрайдиган замон келди.

Ер шарининг нариги томонида турган одамнинг фожиасига бу томонда турган одам қайғурадиган бўлди. Ер шари улкан коинотда қум зарраси янглиғ эканлиги ойдинлашди. Ўзга тилдаги асарлар бизнинг болаларимизга ўқитилмоқда.

Давлат чегаралари бўлсада маънавий чегараларга тўсиқ қўйиб бўлмай қолди. Мана шу таъсир ижобий бўлиши кераклигини Ер юзидаги маънавият дарғалари англаб олишлари лозим.

Уларнинг болалари бизнинг болалар эканлиги, бизнинг болаларимиз уларнинг ихтиёрида эканлигини барчамиз англашимиз лозим.

Шунинг учун Ер юзидаги барча қаламкаш дўстларимни қутлайман, эзгу ва хайрли ишларида муваффақиятлар тилайман!

Мухаммад Исмоил мухлислари даврасида

Суратда: Муҳаммад Исмоил мухлислар даврасида

М.Махмудов расми

Суратда: Муҳаммад Исмоил устозлари Шукрилло ва Мамадали Маҳмудов билан

тройка исмоила

Суратда: Муҳаммад Исмоил (ўртада) Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Муҳаммад Али билан

http://dunyouzbeklari.com/муҳаммад-исмоил-қиёмат-кунига-тайёр-э.html

Бўлишинг: