АФРИКА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ (African Development Bank) — Африка мамлакатларининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш дастурларини кредит билан таъминлайдиган давлатлараро минтақавий банк.
1963 йилда ташкил этилган. 1967 йилдан бошлаб фаолият олиб боради. Бошқаруви Абиджон шаҳрида (Кот-д’Ивуар Республикаси).
Унга Африканинг 50 мамлакати, бошқа минтақалардан 25 мамлакат аъзо (шу жумладан Югославия, Хитой). 1980-йиллар охирида устав капитали 6,5 млрд. АҚШ долларини ташкил этди, унинг 2/3 қисми Африка давлатларига тегишли.
Икки филиали бор (Африка тараққиёт фонди ва Нигерия траст фонди). Кредитларнинг ярмидан кўпроғи қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмаларга йўналтирилади.
Манба:ЎзМЭ