Қирғизистоннинг уч фуқароси ўзбек чегарачилари томонидан отиб ўлдирилган.
Бу ҳақда бугун, 6-май куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, 5-май куни Жалолобод вилоятининг Ола-Буқа тумани Тепақўрғон қишлоғида ўзбек чегарачилари уч нафар Қирғизистон фуқаросига қарши қурол ишлатган.
Оқибатда 1974, 1998 ва 2000-йилларда туғилган уч нафар фуқаро тан жароҳати олиб, Ола-Буқа туман шифохонасига етказилган. Улар ҳушларини йўқотиб, олган жароҳатларидан вафот этган.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Қирғизистоннинг“Ола-Буқа” чегара қўшинлари Ўзбекистоннинг “Янги-Қўрғон” йўналиши бўйича чегара вакиллари билан учрашув ўтказган. Ички текширув натижаларига кўра, томонлар учрашувни 2022-йил 6-майда давом эттиришга келишиб олдилар.
5-апрелда Қирғизистоннинг икки фуқароси ўзбек чегарачилари томонидан отиб ўлдирилган эди. Улар Ўзбекистонга контрабанда йўли билан товарлар олиб кираётгани хабар қилинган. Ҳодиса Жалолобод вилоятининг Ахси туманидаги Дейрес қишлоғи яқинида содир бўлган.