Ч

ЧАҚИМЧИЛИК — барча даврларда қораланиб келинган, бирор ғаразли мақсадни кўзлаб, биров ҳақида бошқа бировга хабар беришдек маънавий иллатни ифодаловчи т. Ч. ёлғон, фисқу фасод, кўролмаслик, ғийбатчилик, аламзадалик каби иллатларнинг шох томиридир. У ёлғон маълумот б-н дўстни душманга, фисқу фасод б-н обод уйни вайронага айлантиради, ғийбат ёрдамида ҳиёнатни амалга оширади. Ч. моҳиятан бирор бир инсонни маънан ёки жисмонан бадном этишга қаратилган разилликдир. Чунки чақимчи ҳар қандай холатда ўз фойдаси ва манфаатини кўзлаб иш тутади. Шунинг учун азалдан чақимчи ва Ч. қораланиб келинган. Айниқса, Ч. исломда кескин қоралниб, бу хусусда Расулуллоҳ (с.а.в.) «Чақимчилар жаннатга кирмайдилар», деб узил-кесил ҳукм чиқарганлар. Чунки Ч. ҳар доим ўз қилмиши б-н ака-ука, ёру-биродар, қўни-қўшни, эру-хотин, фарзандлар ва ҳатто маҳаллалар, мамлакатларлар, миллатлар орасини бузади. Аксинча, низолашиб қолган кишиларни яраштириш, хушмуомалалик б-н узилган ришталарни боғлаш ислом динида юксак савоб саналади. Ч.  жамиятда кишилар орасида рўй бериб турадиган салбий хулқ-атвор, хусусиятлар ичида инсон шаънига энг кўп иснод ва нуқсон етказадиган манфий кўринишдаги иллатлардан бири. Чақим, чақув, Ч., чақмачақарлик (гап ташувчилик иллати), юмалоқ хат ёзиш, шикоятбозлик, аризабозлик каби ёмон таассурот қолдирадиган бундай иллатлар турли хил шарт-шароитларда, турли кўринишларда содир бўлиб, киши кайфиятида ҳамиша нохуш из қолдиради. Чақимчи одам (чақмачақар) ўзининг кирдикорларини билмасдан ё тасодиф туфайли эмас, балки онгли равишда амалга оширади. Шунингдек, бундай тубан ишга у бошқаларга ҳасад қилиш, кўролмаслик, ғаламислик, ўч олиш, попугини пасайтириш,  ўзгаларга ёмонликни раво кўриш ва ҳ. шу сингари ғаразли ниятларда киришади. Баъзан эса чақимчи одам шундай йўл тутажаги ҳақида рақиб томонга шипшитиб ҳам қўяди ёки ўртага ультиматум (ғаразли шартларни) қўйиб, ҳукмини ўтказмоқчи бўлади. Халқимиз шунинг учун ҳам гап ташийдиган, чақимчи, айғоқчи, ғийбатчи, туҳматчию чақмачақар одамларни ёппасига ёмон кўради, уларнинг қилиқ ва ножўя ишларидан ҳазар қилади, уларни қоралайди, ҳатто баъзи ҳолларда маҳалладан, кўчириб юбориш каби ҳукмлар билан жазолайди. Ч.нинг  энг мудҳиш оқибатларини халқимиз яқин олтмиш-етмиш йиллар ичида мустабид шўролар ҳокимияти даврида бошдан кечирган эди. Ўтган асрнинг 30-йилларида собиқ Иттифоқда рўй берган сталинча қатағон сиёсатининг машъум оқибатларига кўра халқимиз ўзининг қанчадан-қанча улуғ ва миллатпарвар, зиёли ва аллома фарзандларидан айрилди. Улар “тройка” деб аталмиш тиғи паррон  қўмиталарда ўйлаб топилган ҳар хил куракда турмас чақимчилик туфайли жаҳолат ва қатағон қурбонларига айланди.  Афсуски ҳозирги вақтда ҳам одамлар орасида, жамоада, иш жойида, маҳаллада, аҳоли турар-жойларида чақмачақарлик, шикоятбозлик учраб туради. Демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик  жамияти қуриш йўлидан бораётган озод ва мустақил Ўзбекистонимизда бу иллатлар ўтмиш сарқити, таг туби билан суғириб тшаланадиган ҳолатлар сифатида қораланади.

ЧИРОЙЛИЛИК — нарсаларнинг ташқи кўринишини, ҳолатини, бажарилган иш ёки қилинган ҳа­ракатдаги ўзаро ҳамоҳанглик натижасида инсонларда ёқимли таассурот уйғотувчи нарса-ҳодисалар мажмуини ифодаловчи т. Кундалик мулоқотда тез-тез тилга олинадиган “гўзаллик” тушунчасига монанд тушунча бу – Ч.дир. Ч. эстетик тушунча сифатида гўзалликнинг такомиллашувидаги зарурий шарт бўлиб, у инсонларда ёқимли таассурот уйғотади. Ч. эстетика ҳамда нафосат фалсафаси фанида кам ўрганилган мезоний тушунча ҳисобланади. Унга одатда гўзалликка муносабат каби ёндошилади. Аслида Ч. гўзалликдан фарқ қилади. Ч. гўзалликдаги хусусиятни тўлақонли акс эттира олмайди. Тўғри, Ч. ҳам гўзаллик сингари инсоний муносабатларга, табиат ҳодисаларига ва ҳайвонот оламига нисбатан ишлатилади. Мас., чиройли одоб, чиройли гул, чиройли оҳу ва ҳ.к.  Бироқ, кўзимизга кўринган ва чиройли деб ҳис қилган нарса-ҳодисаларнинг ҳаммаси ҳам ёқимли бўлавермайди. Биз у-н капалаклар чиройли ҳашарот, аммо ботаника илмида уларга ўсимликлар зараркунандаси сифатида қаралади. Ёки сув ўсимлиги ҳисобланган расписка чиройи билан ҳашаротларни ўзига жалб этади. Бироқ, гулга кўнгандан сўнг ҳашаротлар унинг озуқасига айланади. Инсонда ҳам худди шундай, чиройли ҳаракатлар натижаси ҳар доим ҳам ёқимли бўлавермайди. Шунга кўра, Ч. нарса-ҳодисанинг шаклидаги ёки мазмунидаги эстетик хусусияти орқали кишиларда ёқимли таассурот уйғотади. Ч. нарса-ҳодисаларнинг фақат бир томонидаги (ташқи ёки ички) ёқимли ҳолатни акс эттиради, холос. Шакл чиройли бўлган пайтда мазмун, мазмун чиройли бўлган ҳолатда шакл тўлақонли бўлмаслиги мумкин. Гўзаллик эса бундан мустасно, у нарса-ҳодисаларнинг фақат бир томонини акс эттирмайди, аксинча, гўзаллик мазмун билан шаклнинг уйғунлиги, мослиги, ҳамоҳанглиги, мақсадга мувофиқлиги асосида юзага келади. Шу маънода гўзаллик ҳам обьектив ҳам субьектив хусусиятга эга. Табиат гўзаллиги эса объект (инсон) ва субъектнинг (ўсимлик ва ҳайвонот дунёси) тартиби ва уйғунлигига асосланади. Гўзалликдаги уйғунлик ва тартибнинг бузилиши эса инсон, табиат, жамият муносабатларида хунук оқибатларни юзага келтиради. Шу жи­ҳатдан қараганда, ёқимли бўлган барча нарсаларни «гўзаллик», «гўзал» деб билиш инсонни воқеликни эстетик тарзда ўзлаштиришдаги холислик, ишончлилик ва ҳаққонийликдан чалғитади.

«ЧИҒАТОЙ ГУРУНГИ» — Туркистон жадидлари томонидан ташкил этилган мад-й-маърифий ва илмий-адабий ташкилот (1919-1921). Фитрат бошчилигида Тошкентда тузилган. Туркистон мухторияти ҳукуматининг ағдарилиши ва Колесов воқеаси (1918 йил февраль – март)дан кейин асосан Тошкентда фаолият кўрсатаётган жадидлар тактик мақсадларни кўзлаб, совет ҳокимияти б-н яқинлашишга мажбур бўлдилар. Фитрат совет ҳокимиятидан сиёсий ташкилот тузиш учун рухсат ололмагач, мад-й қурилишга хизмат қиладиган миллатпарвар ташкилот тузишга интилган. Туркистон АССР миллий ишлар халқ комиссарлиги томонидан «сиёсатга аралашмаслик шарти б-н» «Ч.г.» тузилишига расмий рухсат берилган. Ушбу ташкилот номланиши ХIII-XIV а.ларда мавжуд бўлган Чиғатой улуси ва XIV-XVI а.ларда эски ўзбек тили маъносида қўлланган чиғатой тили каби атамалар ва истилоҳлар б-н боғлиқдир. Фитрат ташкилотга ном танлашда Туркистон ҳудудида яшаган туркий халқларга дахлдор меросни ўрганишга эътибор қаратган. «Ч.г.» туркий халқлар мад-ти, санъати, адабиёти, тарихи, тил ва имлоси каби соҳаларни жиддий ўрганишга киришган. «Гурунг» аъзолари ўзбек тилининг софлиги учун курашиш б-н бир қаторда янги ўзбек миллий мад-тини барпо этишга интилганлар. Ўша даврда мавжуд бўлган «Темур», «Турон», «Турон тўдаси», «Турк кучи», «Изчи» каби гуруҳ ва уюшмаларга нисбатан «Ч.г.» самарали фаолият кўрсатган. «Ч.г.» низомида ёзилишича, у бир нечта шуъбалардан иборат бўлган. Бу шуъбалар «Тил ва имло тўдаси», «Адабиёт тўдаси», «Санъат ва театр тўдаси» ва б. деб номланган. «Тил ва имло тўдаси»га дастлаб Чўлпон, сўнгра Элбек раҳбарлик қилган. Фитратнинг «Тилимиз» (1919) мақоласида ушбу тўданинг дастурий йўналиши белгилаб берилган бўлиб, Элбек, Шорасул Зуннун, Шокиржон Раҳимий, Қаюм Рамазон, Ғози Олим Юнусов каби олимларнинг тилшуносликка оид ишлари ушбу дастурга биноан бажарилган. «Гурунгчилар» томонидан 1919 йилда араб алифбосини ислоҳ қилган ҳолда янги алифбо яратилган. Тил ва имло қурултойи (1921 йил январь) бевосита «Ч.г.» ташкилотчилигида ўтган. «Ч.г.» тарих соҳасидаги ишни манбашуносликдан бошлаган. Туркистон ўлка Мусулмонлар бюроси 1919 й.да Фитрат, Назир Тўрақулов ва Лазиз Азиззодадан иборат ҳайъат тузиб, тарихий меросни ўрганиш зарурлигига эътиборни қаратган эди. Уларнинг Бухоро, Самарқанд ва Фарғона водийсига қилган илмий сафарлари натижасида кўплаб тарихий асарларнинг қўлёзмалари топилди ва Тошкентга олиб келинди. «Ч.г.» адабиёт ва санъат соҳасида муҳим ишларни амалга оширган. Фитрат, Чўлпон, Боту, Элбек қаламига мансуб «Ўзбек ёш шоирлари» (1922) тўплами, Фитратнинг «Темур сағанаси», «Ўғузхон», «Або Муслим» ва «Қон» сингари драматик асарларининг эл орасида кенг ёйилиши бунга мисолдир. «Ч.г.» аъзолари ўз ғояларини «Янги Шарқ», «Учқун» газета ва «Тонг» журналлари орқали ифодалашган. Ташкилотнинг «Ч.г.» номли махсус журналининг 1-сони чоп қилингач, у тақиқланган. 1921 йил бошларида «Ч.г.»ташкилоти фаолияти Туркистон АССР Маориф халқ комиссарлиги томонидан тўхтатилган.

Ш