П

ПАДАРКУШ – ўз отасини ўлдирган қотилга нисбатан қўлланадиган т. “Падаркуш” салбий маънодаги сўз бўлиб, форсий падар ва куш қўшимчаси қўшилиши билан ясалган, яъни ўз отасининг қотили бўлган шахсни англатади. П. “онгсиз”, “калтабин”, “манқурт” сўзларига синоним ҳисобланади. Негаки, П. ўз қилмишини онгсизлик, калтабинлик, манқуртлик асосида бажаради.  П. тушунчаси билан ифодаланган шахсларнинг қилмишларини олдини олиш учун уларни маънавий жихатдан тарбиялаш, маънавиятга эриштириш лозим. “Маънавият”  жамиятнинг, миллатнинг ёки айрим шахсининг ички ҳаёти, руҳий кечинмалари, ақлий қобилияти, идрокини мужассамлаштирувчи тушунчадир. Маънавият инсон ва жамият маданиятининг негизи, инсон ва жамият ҳаёти маълум йўналишининг бош омилидир. У муайян иқтисодий-ижтимоиий ҳаёт тизимининг шаклланиши, ўзгариши ёки инқирозга юз тутишига кучли таъсир кўрсатади. Маънавият юксалса, жамият равнақ топади ёки аксинча, маънавият қашшоқлашса, жамият бора-бора таназзулга юз тутади. Юқоридаги хислатлар шахсда шакллантирилмаса, “падаркуш” тушунчаси билан ифодаланадиган  салбий ҳодисалар рўй беради.  Тарихдан буюк аллома Мирзо Улуғбекнинг ўғли Абдулатифнинг отасига нисбатан падаркушлик қилганлиги маълум. Бундай жирканч ишга қўл урган кимсалар абадул-абад тавқи лаънатга дучор бўлган. Жамият тараққиётининг маълум бир даврида унда кучли ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар бўлиши табиий. Бундай шароитда муайян ижтимоий воқеликка бўлган кучли эҳтиёж сезилади. Хусусан, ХХ аср бошларида ўзбек халқининг маърифатга бўлган кучли интилиши сезилди. Бундай интилиш, айниқса, маърифатпарвар-жадидларнинг саъй-ҳаракатларида ўз аксини топди. Маърифати юксак одамнинг маънавияти ҳам юксак бўлади, деган гап ўша пайтларда ўзини оқлади. Маърифатсиз одам маънавий жиҳатдан қашшоқ  бўлиб, хаттоки, ўз отасини ўлдириш даражасигача боришини  маърифатпарвар бобмиз Маҳмудхўжа Беҳбудий “Падаркуш” драмасида ҳаққоний тасвирлаб берди.

ПАЙҒАМБАР (форс. хабар берувчи, мужда келтирувчи; араб. набий, расул) — Аллоҳнинг хоҳиш-иродасини, динини бандаларига етказувчи, Аллоҳнинг ўзи танлаган вакили. П. Аллоҳ б-н бандалари ўртасидаги элчи. П.ларнинг биринчиси Одам (а.с.) бўлса, охиргиси Муҳаммад (С.А.В.)дир . П. б-н бир қаторда кўпинча “расул” атамасидан ҳам фойдаланилади. Аммо “расул” сўзи ўзига хос маънога эгадир. Расул (араб. элчи) — ислом анъанасига кўра, Аллоҳ томонидан танлаб олиниб, вакил қилинган, тарғибот, даъват қилиш вазифаси топширилган, илоҳий китоб нозил қилинган тўрт П. (Мусо а.с., Довуд а.с., Исо а.с., Муҳаммад с.а.в.)га нисбатан қўлланиладиган тушунча. Набий китоб нозил қилинмаган П., шу боис ҳамма набий П.дирлар, аммо набийларни расул деб бўлмайди. Ақидага кўра бир юз йигирма тўрт минг П. Яшаб ўтган. Қуръони Каримда 25 нафар П.нинг исми зикр этилган.

ПАНТЕИЗМ (юн. рап — ҳамма, theos — Худо) — худо б-н оламни айнийлаштирувчи фал-й таълимот. “Пантеизм” атамасини биринчи бўлиб инглиз файласуфи Ж.Толанд (1705) ҳамда ундан кейин Нидерланд илоҳиётчиси Й.Фай (1709) қўллаган. П. турли тарихий даврларда эса моҳиятан бир-биридан фарқ қиладиган фал-й тизимлар ва хилма-хил қарашларларни ўзида акс эттириб келди. П.ни Шарқ ва Ғарб П.га бўлиш анъанаси мавжуд. Aбу Наср Форобийнинг борлиқ ва унинг вужудга келиши ҳақидаги таълимоти пантеистик характерга эга. Унинг пантеистик қарашларида моддий ибтидо ўзини тангри орқали намоён қилади. Тангрида моддий ибтидо гўёки очиқ-ойдин ифода этилмаган бир шаклда мавжуд бўлади. Кейинчалик ноаниқлик шаклидан ўзини озод қилади, куч-қувватига яраша намоён бўлиб боради. Мутафаккир бу жараённи жўжанинг тухумдан чиқишига қиёслайди. Унинг таъкидлашича, “яратилиш жараёни нарса мавжудлигини сақлашдан иборатдир”. Машҳур араб файласуфи Ибн Рушд (1126-1198) Абу Наср Форобийнинг пантеистик қарашларини ривожлантириб, Яратганни шаҳар ҳокимига қиёслайди. У “Раддиянинг раддияси” асарида “Коинотни бошқариш шаҳарни бошқаришга ўхшайди. Унда ҳар қандай бошқарув марказдан туриб амалга оширилади. Лекин ҳамма нарса ҳам бевосита ҳукмдор томонидан бажарилавермайди”, деб ёзади. Э.Ренаннинг таъкидлашича, Форобий талқинидаги худо “ғилдиракнинг марказига ўхшаб, унинг сиртқи қисмларини ўз ҳолича айланишига монелик қилмайди”. Ибн Сино Форобийнинг анъаналарини давом эттириб, “вужуди вожиб” ва “вужуди мумкин”нинг ўзаро мун-тида неоплатоник эманация (нурланиш) таълимотига алоҳида эътибор беради. Мутафаккир эманация таълимотига мурожаат қилар экан, уни Яқин Шарқ анъаналарига хос диний-натуралистик тасаввурлар б-н биргаликда ўрганишга ҳаракат қилади. Бунда коинот фалакнинг табиат ва инсон ҳаётини таъминлашдаги роли алломанинг диққат марказида турди. Бундай тасаввурларга кўра, ёруғлик манбаи моҳиятан барча мавжуд ва билиниши зарур ашёларнинг бевосита идрок этилиши мумкин бўлмаган ботиний, яширин, сирли сабабини ташкил этади. Аслида бундай қарашлар тизими пантеистик кайфиятларнинг янада кучайишига олиб келди. Пантеистик анъаналар Ғарбда Иоанн Скот Эриугена (тахм. 810-877), Давид Динанский, лотин аверроизми вакили Сигер Брабантский (тахм. 1240-1281) кейинроқ эса Мейстер Экхарт ва б. томонидан ривожлантирилди. Эриугена схоластик христиан фал.сида биринчилардан бўлиб Худо  ва оламнинг Ўзаро мун-ти муаммосига мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, воқеликни билишга жазм қилган инсон ақли рўпарасида турган энг муҳим муаммо — бу борлиқ масаласидир. У юнонлар томонидан “фидис” (табиат) деб номланган бўлса, лот. “натура” деб аталган. Борлиқ натура экан, демак, Худо ҳам у б-н айнандир. Оламдаги барча ўзгаришлар жараёнида у нарсаларнинг “ибтидоси, оралиғи ва интиҳоси” вазифасини адо этади. Эриугена “Худо ҳамма нарсалардадир… у барча нарсалар моҳияти сифатида барҳаётдир”, деган хулосага келади. Мейстер Экхарт (1260-1327)нинг фикрича, Худо ўзга нарсаларга нисбатан ўзига хос универсал ижодий фаоллик сифатида намоён бўлади. Унинг таълимотида Худо ва борлиқ, Яратувчи ва табиат айнанлаштирилади, оламнинг яратилиши аниқ муддатдан ноаниқ абадийликка кўчирилади. Худо барча нарсалар б-н бирга бўлса-да, лекин бирон-бир нарса унинг ўзида мавжуд эканини англаб бўлмайди. Бундай хус-ят инсон зотига берилган, холос. “Менинг руҳимда шундай куч борки, у худони идрок эта олади. Худодан бошқа ҳеч қандай нарса менга бунчалик даражада яқин эмас. Худо менинг ўзимга яқинлигимдан кўра яқинроқдир”, дейди Экхарт. Худо б-н инсон руҳи ўртасидаги теран ва ички алоқа ҳар қандай инсонни Худо б-н боғланишга имконият яратиб беради. Бунинг учун эса образ-тимсол ва т.ларга таяниб иш кўрадиган оддий билишнинг ўзи етарли эмас. Лекин уни мутлақ илоҳийлик сифатида уқиб бунга мистик интуиция кўмагида эришилади. П.нинг хилма-хил кўринишлари фал-й тафаккур ривожига ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда. Айниқса, ҳоз. вақтда унинг персонализм фал.сидаги мавқеи сезиларлидир.

Патернализм (лот. paternus — отага тааллуқли) — 1) дастлаб Италияда пайдо бўлган, каттанинг кичикка, қариндошнинг қариндошга, устознинг шогирдга, яқинларга нисбатан ғамхўрлиги асосида фаолият юритишни ифодалаган атама; 2) ижт-й мун-тларга киришаётган томонлар ўртасидаги мавжуд ишлаб чиқариш мун-тларини уйғунлаштириш ва барқарорлаштиришга маън-й омил таъсирини ифодалайдиган  т.. Илк  италянча  П. т.си  асосида иш берувчи б-н иш бажарувчилар ўрталаридаги ўзаро мун-тларда иш берувчилар меҳнат тақсимоти, меҳнат муҳофазаси ва меҳнатга ҳақ тўлашда маҳаллий иш бажарувчиларга нисбатан ўз ҳамюртларига имтиёз бераётгани туфайли иш бажарувчилар ҳам меҳнатга эл-юрт манфаатларини кўзлаб мун-тда бўлишлари лозим, деган қараш ётади. Демак, иш берувчиларнинг ўз ҳамюртларига хилма-хил моддий ва маън-й рағбатлантириш воситаларини қўллаётгани учун иш бажарувчилар ҳам муросага келиб, ижт-й тенгсизлик ва ижт-й адолатсизликка қарши бош кўтармасликлари ватан равнақини таъминлайди. П. ғоясига кўра, жам-тда ўрнатилган ва ҳукм сураётган меҳнат тақсимоти доирасида иш бажарувчилар кўп, арзон ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш б-н жаҳон бозорига кенг ва тез кириб бориб, ватан шон-шарафини оширишга қаратилган “патерналистик” мун-тлар талабларига жавоб берадиган тартиб-қоидаларга бўйсунишлари лозим. П. ғояси кейинчалик Италия доирасидан чиқиб, бошқа ривожланган мам-тлар ижт-й ҳаётига ҳам татбиқ этилди. Ҳоз. цивилизациялашган бозор иқтисодиёти мун-тлари шароитида П. ғояси ривожланаётган мам-тларнинг ижт-й ишлаб чиқариш мун-тларида ҳам намоён бўлмоқда.

ПАРОКАНДАЛИК – тарқоқлик, тартибсизликни ифодаловчи тушунча. П. ибораси тартиб, интизом сўзларининг антоними ҳисобланади. П.ни қадимги саркарда аждодларимиз қоралаган. Негаки, лашкарлар сафидаги П. бутун давлатнинг йўқ бўлишига, кўплаб одамларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлган. Душман қўшинига П. солиш билан ғалабага эришилган.  П. кўпгина салбий хусусиятларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Булар қуйидагилар: яроқли бўла туриб ишсиз юриш, зинокорлик, ота-онага оқ бўлиш, фолчилар сўзига ишониш, сеҳр-жоду билан шуғулланиш, ирим қилиш, савдо-содиқда ғирромлик қилиш, бировнинг ҳаққига, омонатига хиёнат қилиш, қасамхўрлик, судхўрлик, ўғирлик, қароқчилик, майхўрлик, бировни масхара қилиш, ғийбат, туҳмат, бўҳтон, бадгумонлик, жосуслик, чақимчилик, ёлғончилик, обрўни тўкиш, қотиллик, порахўрлик, бевафолик ва ҳоказо. П. кенг ёки тор миқёсда рўй бериши мумкин. Кенг миқёсда П. Дейилганда  жамият, давлат миқёсидаги П. тушунилади. Бунда бутун бир халқ, давлат азият чекиши мумкин. Тор маънодаги П. эса бир оила , муайян гуруҳ доирасида рўй берадиган П. ҳисобланади. Лекин оила жамиятнинг таркибий қисми ҳисоблангани учун бундай П.дан жамият ҳам албатта азият чекади. Кўринадики, П. ҳар қандай ҳолатда ҳам салбий оқибатларга олиб келади.

ПАЦИФИЗМ (лот. рacificum — яраштирмоқ, битиштирмоқ) — ҳар қандай урушларга, уларнинг характери ва мақсадларидан қатъи назар (жумладан, адолатли, озодлик урушларига ҳам), қарши курашувчи кишилар ҳаракати. Улар кишиларни қурбон қилишга олиб келадиган ҳар қандай қуролли ҳаракатларни, уларнинг моҳияти, келиб чиқиш сабаблари, мақсадлари инсон ахлоқига зид деб қарайди ва қоралайди.

ПЕДАГОГИКА (юн. pais – бола, agogos – раҳбар) — тарбия ҳақидаги таълимот, тарбиялаш санъати, тарбия ҳақидаги фан. П. тарбия ва таълим соҳасига тегишли билимлар йиғиндиси. П. тарбиянинг моҳияти, мақсади, вазифалари ва қонуниятларини, унинг жамият ҳаёти ва шахс тараққиётидаги  ролини, таълим жараёнини аниқлаб беради. У тарбия наз-яси, дидактикани ўз ичига олади. П. фал., психология, одам анатомияси  ва физиологияси сингари соҳалар б-н боғланган. П. тармоқлари: болалар педагогикаси, профессионал таълим педагогикаси, оила тарбияси п.си, олий ўқув юртлари П.си, ҳарбий П., маданий-оқартув ишлар П.си, дефектология П. тарихи ва б. Бугунги кунда П. кўплаб тармоқларга бўлинган илм-фан соҳасига айланган.

ПЛЮРАЛИЗМ (лот. pluralus – кўплик, кўпхиллик, кўпсонлик) — монизмга бутунлай зид бўлган фалсафий таълимот. П. атамаси биринчи бўлиб немис файласуфи Х.Вольф томонидан 1712 йили илмий муомалага киритилган. П. ижтимоий-сиёсий ҳаётда турли ижтимоий гуруҳлар ва улар манфаатларини ҳимоя этувчи сиёсий партиялар, касаба уюшмалар, диний ва бошқа ташкилотлар эркинлигини, ўзаро рақобатини ифодалайди; ҳозирги замон реформизмининг асосий ғояларидан биридир. П. бутун борлиқ асосига ёлғиз материяни қўядиган (материалистик монизм) ёки фақат руҳ, ғояни қўядиган (идеалистик монизм) фикрга қарши тушунчадир. П. намояндалари XVIII-XIX а.ларнинг бошқа анъанавий фал-й таълимотларидан фарқли равишда ўз таълимотларига кенгроқ дунёқараш тусини берадилар. Онтологик П. ижтимоий ҳаётда жуда кўп омиллар — иқтисодий, жуғрофий, сиёсий, маънавий омиллар бир хил аҳамиятга эга эканлиги тўғрисидаги ғояни илгари сурадилар. Шу боис, П.  мантиқ ва билиш наз-яси (гносеология) соҳасига ҳам ўтди. Бу эса бир-бирига зид бўлган барча тадқиқот услубларининг тенг эканлигини эътироф этишга, яъни релятивизм ва конвенционализмга олиб келди. Ахлоқий-ҳуқуқий соҳада П. барча ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрларга тенг қимматга эга эканлиги эътироф этилди, айримларининг устунроқ қўйилиши эркин танлаш оқибати деб ҳисобланди. Ижтимоий-сиёсий соҳада П. кўппартиялилик, барча сиёсий-ижтимоий гуруҳлар манфаат ва қарашларининг ўзига хослигини билдиради. Сиёсий П. ҳоз. замон демократик жамиятининг муҳим хусусиятларидан бири саналади. Сиёсий П.нинг асосий белгилари: а) ижтимоий қадриятларнинг ҳар хиллиги; б) рақобатчилик ва мухолифатга йўл бериш орқали ҳаёт ранг-баранглигини таъминлаш; в) жамият таркибий қисмларининг ўзаро тенглиги ва мустақиллиги; г) диктатура ва зўравонликдан воз кечиш, қарама-қаршилик ва можароларни қонун йўли б-н, тинч ҳал қилиш кабиларда намоён бўлади. П. тамой.лари ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида намоён бўлиши мумкин, шу боис “иқтисодий плюрализм”, “ижтимоий плюрализм”, “сиёсий плюрализм” тушунчалари мавжуд. Сиёсий П.сиз иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда П. бўлмаслиги табиий. Ўз навбатида, сиёсий П.  маънавий П.сиз — эски қолип ва ўлчовлардан воз кечишсиз ривожланмайди. Сиёсий П.нинг муҳим кўриниши кўппартиявийликдир. П.  ҳоз. замон цивилизациясининг муҳим ютуғидир.

ПОЗИТИВИЗМ — Ғарб мам-тларида кенг тарқалган фал-й тафаккурнинг бир кўриниши бўлиб, унинг диққат-эътибор марказида фал. ва фаннинг ўзаро мун-ти муаммоси туради. XIX а.нинг 30-40-йилларида марксизм фал.си ўзини ягона илмий дунёқараш деб даъво қилиб чиққанидан бир оз олдинроқ Францияда О.Конт эски фал-й анъаналардан узил-кесил воз кечиш ва янги илмий фал. яратиш зарурлигини таъкидлаб, П.фал.сига асос солди. О.Контнинг фикрича, фал.нинг фан б-н ўзаро “даъвогарлик” тарихи шундан далолат берадики, “метафизик”, яъни фал-й муаммоларни илмийлик руҳига мослаштиришга бўлган барча уринишлар беҳуда. Ҳар қандай фан унга ўз ҳукмини ўтказишга жазм қиладиган фал.га муҳтож эмас. У ҳар қандай таянчни ўзидагина топиши мумкин. Анъанавий фал. муаммоларини илмий н.назардан, яъни тажриба ва ақлий муҳокама кўмагида ҳал қилиб бўлмайди. Метафизика сарқитларини фандан сиқиб чиқариш зарур. Бундай сарқитлардан бири – фаннинг ҳодисаларни сабаб-оқибат тамойили асосида таҳлил қилиши ва уларнинг моҳиятига кириб боришга даъвосидир. Фаннинг вазифаси ҳодисаларнинг “нима учун” эканини  уқтириш эмас, балки уларнинг “қандай экан”ини ёритиб беришдан иборатдир. П. рив-ши жараёнида фандан дунёқарашга бевосита тааллуқли муаммолар бирин-кетин олиб ташланади. Буни XIX а. П. йирик вакиллари Ж.С. Милл ва Г. Спенсернинг қарашларида яққол кўрамиз. П. вакилларининг таъкидлашича, билиш, тажриба, субъект-объект мун-ти, нарса, субстанция, воқеликнинг унсурлари, физиологик ва психологик жараёнларнинг ўзаро алоқадорлиги масалалари соф метафизик муаммолар бўлиб, улардан воз кечиш мақсадга мувофиқдир. П. негизида мантиқий позитивизм, неопозитивизм ва постпозитивизм оқимлари вужудга келган.

  ПОКЛИК – энг муҳим маънавий-ахлоқий талаблардан бири бўлиб, туб принципиаллик, садоқат, ишонч ва табиийликни ўз ичига олган. Инсоннинг қалби поклиги унинг чин садоқатида, ишончида, табиийлигида, самимийлигида билинади. Пок – а) ифлосликдан ҳоли; тоза (пок жой, пок кийим); б) (кўчма) ҳалол, тўғри (пок инсон). Нопок – а) тоза, озода эмас, ифлос (нопок кийим); б) ҳеч нарсадан ҳазар қилмайдиган, қабиҳ, ярамас (нопок одам). в) ёмон, жирканч (нопок иш). П. инсоннинг маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Чунки П. мазмунида оқиллик ва эътиқодлилик, шарм-ҳаё ва ор-номуслик, зийраклик ва фаросатлилик, ўз ёрига муҳаббатли бўлиш, ҳалоллик, меҳрибонлик каби яхши хислатлар мужассамлашган. П. – бу улуғлик. П. турмушда, меҳнатда ва кишилар б-н бўлган муносабатда намоён бўлиб, у зеҳн ва идрок тиниқлигидир. Маънавий П. – бу ахлоқ зиёсидир. Унда руҳ шаффофлиги, сезги туйғулари юксакдир. Покиза ақл инсонни айб ва камчиликлардан қутқаради, руҳий ҳаётга рағбатлантиради. Инсоннинг пок, озода бўлиши, озодаликни сақлаши ва унга ҳамиша амал қилиши соғлом турмушнинг асосий омилидир. Пок одам усти боши, юз-қўллари, уй-жойларини тоза тутади, фарзандларини ҳам шунга ўргатади. Халқ орасида пок муҳаббат, пок йигит, пок қиз, покиза ҳаёт каби сўзлар тез-тез учраб туради. Киши ҳаётида ахлоқий П. биринчи даражали вазифадир. Ахлоқий П. таъма ва молпарастликка мутлақо зиддир. Ишларнинг поки – чиройли ва ҳалол бажарилганида, эътиқодларнинг поки қатъийликда, таомларнинг поки ҳалолликдадир. Демак, пок нарса фақат П.ни келтиради. Пок инсон ширин гапиради, фақат эзгу ишларни бажаради, покиза нарсаларни садақа қилади. Унинг ҳаёти хам, ўлими ҳам П.ликдир. Алишер Навоий таълимотида маърифатга эришган ҳар бир киши ахлоқ жиҳатдан пок, кўнгли оқ, лафзи халол бўлиши шартдир, деб таъкидлаган. Алишер Навоий Фарҳодни бундай таърифлаган: “Демакки кўнгли поку ҳам сўзи пок, // Тили поку, ўзи пок”. Инсон ўз феълини яхшилаши, хулқини поклаши, қалбини мусаффо қила олиши, ўзига, унинг интилишига боғлиқ. Агар бунга амал қилмаса, ёмон феълларга ўрганиб, разолат ботқоғига ботиши мумкин. Демак, инсон ўз-ўзини поклаши учун доимо саҳоватли бўлишга интилиши ва уларга қарши бўлган феъллардан узоқлашиши лозим. П. виждонлиликнинг кўринишларидан биридир. П.нинг антоними ёлғончилик, ўғрилик, хоинлик ва мунофиқликдир. П. – инсоннинг маънавий гўзаллигини белгилайдиган мезондир. Инсоннинг поклиги, аввало, унинг виждони поклиги б-н белгиланади. Пок виждонли инсон инсоф ва фаҳм-фаросат каби маънавий фазилатларга эга бўлади. Инсоннинг бошқалар ҳақ-ҳуқуқини ҳурмат қилиши, аҳдига вафодор бўлиши, садоқатли, шарм-ҳаёли ва ор-номусли бўлиши, уятли ишларга дуч келганда хижолат тортиши, жамиятда қабул қилинган турмуш тарзи маданиятига риоя қилиши, бажарган ишлари учун жавобгарликни ҳис қилиши ¾ бу унинг пок ва беғубор инсон эканлигини кўрсатади. Пок инсон ёмон ишлар қилмасликкагина эмас, балки ҳар доим яхшиликка, яхшилик қилишга интилади, бошқалар б-н беғубор, соф, илтифотли муомалада бўлади ва маданиятли амалий муносабатлар қилади. П. ҳар бир даврнинг, ҳар бир замоннинг талаби бўлган. Покланиш – тозаланиш, руҳий ҳаловат топиш демакдир. П. категорияси жисмоний ва маънавий (руҳий), ички (ботиний) ва ташқи (зохирий) каби ўзак тушунчаларга негиз бўлиб келади.

ПОРАХЎР(ЛИК) – шахсий манфаат, ғаразли мақсад йўлида ҳар қанча товламачилик қилишга ҳозиру нозир маънавий қашшоқ кимса.  П. учун бошқалар, халқ ва жамият манфаатлари ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. П. учун, энг аввало, ахлоқий нопоклик, хушомадгўйлик, таъмагирлик, товламачилик характерлидир. П.да виждон, инсоф туйғулари бўлмайди.  П. ўзгалар ҳақи — пора олиш учун виждонини сотади. Таъмагирлик, фирибгарлик, алдамчилик б-н олинган пора – ўзганинг ҳақи бўлиб, у шахс учун ҳаромдир. Қуръони каримда бошқаларнинг ҳақини ейиш, пора олиш – ҳаром амал ва гуноҳ экани уқтирилиб, бундай гуноҳ ишларни қилмаслик буюрилган: “Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ – ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳақингизни еманг!). Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини ҳаром йўл б-н ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!”. П.нинг моддий танг аҳволда яшаётган кишиларга нисбатан таъмагирлиги қабиҳликдир. П. пора олиш, ўз ғаразли мақсадини амалга ошириш учун турли йўллар қидиради, у мавжуд қонунларни, тартиб-қоидаларни бузади, ҳақиқатни поймол қилади, эгрини тўғри дейди, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланади ва ҳ.к.  П.лик – ижтимоий ҳодиса бўлиб, энг ёвуз иллатлардан саналади. П.лик – жиноят, у ҳуқуқбузарликларнинг бир тури. П.нинг ижтимоий зарари жамият ривожланишига, мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш  ишига тажовуз сифатида баҳоланиши лозим. П.нинг энг хавфлиси давлат муассасаларида ишлаётган, вазифаси инсон тақдири б-н боғлиқ, олий маълумотга эга юқори мансабда ўтирган раҳбар шахс томонидан содир этилганлигидир. П. раҳбар хизмат лавозимини шахсий бойлик орттириш манбаига айлантиради, у нима яхши-ю нима ёмонлигини яхши била туриб, онгли равишда пора олади. Ҳақиқий инсонпарвар, адолатпарвар, иймонли, ҳалол раҳбар ҳеч қачон П.лик б-н шуғулланмайди. Пора – бир кимсанинг бошқа кимсадан унинг муайян ишини унинг ва ўз манфаати йўлида битириб бериши эвазига, халқ ва давлат манфаатларига зарар келтирган ва мансабини суиистеъмол қилган ҳолда оладиган валюта ёки бошқа мол-мулк тарзида товламачилик б-н оладиган улуши. Пора талаб қилиш товламачиликдир. П.ликка назоратсизлик, интизомсизлик, буйруқбозлик, ўта расмиятчилик, одамлардаги лоқайдлик каби тартибсизликлар йўл очиб беради. Порахўр ва порахўрликнинг кучайишига меҳнат жамоалари, ташкилот ва муассасаларда ҳуқуқий тартиб-интизомнинг сусайиб кетгани, П.ни содир қилаётган шахсларнинг шахсий бойлик орттириш йўлида ўз нафсини тия олмаслиги, кишилардаги ижтимоий фаоллик, шахсий жасоратнинг етишмаётгани сабаб бўлади. П.ликка қарши курашилмаса, порахўр текин бойлик ҳисобига гаштини сураверади. П.лик б-н маълумотли ҳам, маълумотсиз ҳам, хуллас, турли лавозим ва мансабда ишлаётган кимсалар шуғулланади. Порахўр қинғир ишларини пинҳона тарзда амалга оширишга ҳаракат қилади. Жамиятда П.лик иллатини тугатиш, ундан халос бўлишнинг энг мақбул йўлларидан бири – ижтимоий ҳаётда ошкораликни кучайтириш, П.ликни энг муҳим муаммо сифатида жамоатчилик фикрига ҳавола этиб, муҳокамага қўйиш, ҳар бир меҳнат жамоаларида назоратни кучайтириш, бу борадаги қонун устиворлигига қатъий риоя қилиш талабини кучайтиришдир. Ошкоралик воситаси  матбуот, ТВ, радиодир. Журналистлар халқнинг фикрини ҳам, ўз фикрини ҳам очиқ-ойдин баён қилишлари керак. П.ликнинг авж олиши жамиятни маънавий инқирозга олиб келувчи сабаблардан биридир. Шунингдек, П. пора олиш, пора бериш, бу ишда воситачилик қилиш каби хатти-ҳаракатларни ҳам ўз ичига олади. П. Моддий бойлик ёки мулкий манфаат эвазига муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик б-н тавсифланади. ЎзР ЖКга кўра, у бошқарув тартибига қарши жиноятлар сирасига киради. ЖК бўйича, пора олиш деганда мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали моддий қимматликлар олиши ёки мулкий наф кўриши тушунилади. Бундай жиноят учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган холда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Ушбу жиноят оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилганда 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади (ЖК,  210-модда).

ПОСТИНДУСТРИАЛ ЖАМИЯТ ижтимоий фалсафа ва социология фанлари доирасида тарихий жараёнга цивилизацион ёндашувни ҳамда цивилизация тараққиётининг ҳозирги босқичини ифодалаш учун  қўлланиладиган тушунча. П.ж. термини биринчи бўлиб америкалик социолог, футуролог Даниел Белл (1919 й.  туғилган) томонидан илмий муомалага киритилган. Белл дастлаб бу тушунча орқали таълимоти номини (“Постиндустриал жамиятнинг вужудга келиши. Ижтимоий башоратчиликдаги авантюра”, 1973), кейинчалик эса цивилизация реал ривожидаги конкрет  босқични  ифодалаган. Беллнинг фикрича, тарих цивилизацион ташкилотларнинг бири ўрнини бошқаси изчил равишда  эгаллайдиган  уч босқичли жараён (анъанавий жамият, индустриал жамият ва П.ж.) сифатида намоён этади. П.ж.га хос хусусиятлар қуйидагилардан иборат: иқтисодиётнинг товар ишлаб чиқаришдан хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга қараб йўналтирилиши ҳамда саноатда илм-фанга асосланган соҳаларнинг устуворлигида; назорат қилинадиган технологик тараққиёт истиқболларини режалаштирувчи метатехнологияларни яратиш имкониятини берадиган янгича технологик соҳанинг ташкил этилишида; жамиятнинг ижтимоий структурасидаги муносабатларнинг тубдан ўзгаришида, индустриализм давридаги синфий бўлиниш ўрнига  касб-ҳунарга қараб бўлинишнинг устунлик қилиши, мулкчилик муносабатлари аҳамиятининг ўзгариши оқибатида аввал асосий бўлган меҳнат ва капитал  ўртасидаги  зиддият  ўрнини  ишни билмаслик ва касбий маҳорат ўртасидаги зиддият (конфликт) эгаллайди; жамиятнинг муассаса  ва ташкилотлари таркибида туб сифатий  ўзгаришларнинг юз беришида, илмнинг янги технологик жараёнларнинг асоси, шунингдек, ижтимоий ихтилофларнинг бош сабаби сифатида  намоён бўлиши; ижтимоий ташкилотлар доирасида семантик ва аксиологик урғунинг ўзгариши — анъанавий жамиятда “армия ва черков” , индустриал жамиятда — “фирма ва корпорация” устунлик қилган бўлса,  П.ж.га  келиб, бу жамиятнинг асосий ҳодисаси бўлган  илмни вужудга келтирувчи муассаса — университетлар устунлик қилади; маданият соҳасининг қайта ташкил этилишида, унинг ташқи шаклий томонини компьютерлаштириш ташкил этса, ички мазмунини биринчи навбатда, интеллектуализм ҳамда шу аснода ҳар бир киши  томонидан ўзини  илм индустрияси сифатида ташкил этиши белгилайди. Белл томонидан яратилган П.ж.нинг асосий концепцияси кейинчалик бошқа социолог ва футурологлар томонидан 2 йуналишда ривожлантирилди: П.ж. концепциясини европача моделини ишлаб чиқишга асосланган радикал йўналиш (Ж. Фурастье, Турен); П.ж.нинг америкача моделини яратишга йўналтирилган либерал йўналиш (Гэлбрейт, К.Э.Боулдинг, Г.Кан, О.Тоффлер). П. ж.  концепциясининг радикал йўналиши — юқори ғоявийлиги ва ижтимоий-маданий  муаммоларга махсус қизиқиши б-н  характерланса, либерал йўналиш — асосий эътиборни амалий тадқиқотларга ҳамда ҳокимият, уруш, бошқарув муассасалари, оила, оммавий коммуникация каби П.ж. доирасида ривожланадиган ижтимоий-сиёсий  структуравий ташкилий характердаги ҳодисаларнинг сценар моделларини яратишга қаратади.

ПОСТПОЗИТИВИЗМ – XX а.нинг 50-70-йилларида неопозитивизм ғояларини танқид қилиш жараёнида юзага келган ғарб фал.сининг ҳатор концепцияларини ифодаловчи истилоҳ. Ушбу концепциялар моҳиятан мантиқий эмпиризм б-н ҳамоҳангдир. П.нинг асосий йўналишларига К.Поппернинг танқидий рационализми, У.Куайн ва М.Уайтнинг прагматик таҳлили, Д.Армстронг ва Ж. Ж. Смартнинг илмий материализми, П.Фейерабенд ва Р.Рорти концепциялари, ҳоз. замон фал-й реализмининг турли кўринишлари киради. Айни пайтда, П. термини аниқ таърифга эга эмас. Баъзи файласуфлар уни таҳлилий фал. б-н боғласа, бошқалари мазкур терминга торроқ таъриф беради. Неопозитивизм ривожлангани сайин унинг фал.ни тубдан ўзгартиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ижобий натижа бермаслиги маълум бўлади. Шунга асосланиб, П. намояндалари метафизика б-н фан т.лари орасига қатъий чегара қўйиб бўлмайди, деган хулосага келади. П.нинг таъкидлашича, позитивизмнинг асосий камчилиги шундан иборатки, у эмпиризм принципининг аҳамиятига, ҳиссийликнинг ролига ортиқча баҳо беради. Билишнинг дастлабки нуқтаси бевосита қабул қилинган элементлар ёки кузатиш б-н эмас, балки наз-я б-н боғлиқдир, чунки наз-ядан илгари  ва ундан ташқарида билишнинг бўлиши мумкин эмас. Ушбу принциплар К.Поппернинг танқидий рационализмида ўз ифодасини топди. П.лар мантиқий позитивизмнинг қатъий талабларидан (мас., эмпирик верификация наз-ясидан, фал.ни фаннинг мантиқий методологик таҳлилига айлантириш ғоясидан) воз кечиб, физикализм ғоялари, илмий реализм концепцияси, редукционистик методология ва ягона фан наз-ясини ривожлантиришга интилади. Бунинг учун неопозитивизмнинг таҳлил қилиш усулидан ва муаммоларга лингвистик ёндашувидан фойдаланилади. Бу борада Куайн ижоди алоҳида аҳамият касб этади. У онтологияни фанларнинг ўзига хос проекцияси сифатида таърифлайди. Илмий материализм эса руҳийлик ва жисмонийликнинг айнан мослиги ҳақидаги тезисини ёқлайди. Онтологияни фан б-н, реалликни эса тил б-н тенглаштириш тенденцияси бутун  П. га хос хус-ятдир.

Постструктурализм  (неоструктурализм) — структурализм негизида вужудга келган ва уни қайта кўриб чиқишга қаратилган фал-й таълимот. Лингвистик структурализм асосчиси Ф.Соссюр ва структурализмнинг йирик вакили Клод Леви-Строс фикрича, анъанавий фал-й усул ва лингвистик қоидалар ва б. ижт-й наз-ялар б-н дунёни изоҳлаб бўлмайди. Уларни тубдан қайта кўриб чиқиш керак. П. Ж.Деррида, Фуко ва Лакон таълимотларига суяниб, илгариги лингвистик наз-яни “қайта конструкция қилиш асосида феноменология соҳасини, Соссюрнинг лингвистик қарашлари, структурализм ва Лаканнинг руҳий таҳлилини танқидий таҳлил қилган. Соссюр лингвистик белгиларни термин ва товушда ифодалашнинг бир-биридан фарқини кўрсатган бўлса, П. вакиллари бу терминларнинг бир бутунлиги, бир ҳиллиги мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайди. Бу т.лар турфа маънога эга бўлгани учун уларга мукаммал таъриф бериш мумкин эмас, деб таъкидлайди. Умуман олганда, П. структурани  бутунлай рад этмайди, балки унга янгича мун-тда бўлишни талаб этади.

ПРАГМАТИЗМ (юн. рragma — иш, амал, ҳаракат)     — XIXа.да АҚШда вужудга келган фал-й оқим. П.нинг асосий ғоялари Ч.Пирс томонидан ишлаб чиқилди. Бу таълимот XX а.да Ғарб мам-тларида кенг ёйилиб, ижт-й-маън-й ҳаётга кучли таъсир кўрсатди. П. асосида И.Кантнинг “Софокл танқиди” асарида илгари сурилган “прагматик ишонч” ғояси ётади. Ч.Пирс П.ни ҳақиқат қадрини манфаатдорлик б-н белгиловчи таълимот” деб таърифлайди. П.нинг асосий ғоялари Ч.Пирснинг “Ишончни мустаҳкамлаш” (1877) ва “Ғояларимизни қандай қилиб равшанлантириш мумкин” (1878) мақолаларида баён этилган. XIX а. охиригача “прагматик принцип” файласуфлар ва жамоатчиликнинг эътиборини ўзига жалб эта олмади, чунки Пирс таълимотнинг гносеологик масалаларини ёритиб, унинг амалий-услубий жиҳатларини таҳлил этмаган эди. Бу вазифани У. Жеймс амалга оширди ва П.ни америкаликларнинг миллий фал.си даражасига кўтарди. У. Жеймс ибораси б-н айтганда, П. АҚШнинг жаҳон миқёсида иқт-й, сиёсий ва мад-й соҳаларда устунликка эришиши учун наз-й асос яратган эди. П. ҳақиқатни наз-й (гносеологик) масала сифатида тан олмайди. Унингча, ҳақиқат ва амалиёт яхлит ҳолда намоён бўлсагина бирон маънога эга бўлади. Дьюи таъкидлаганидек, ҳақиқат ва амалиёт бирлиги  индивид манфаатида акс этади. “Манфаат” т.си эса, ўз навбатида индивиднинг субьектив қизиқишларини қондирувчи нарсани англатади. П. социологияси “буюк шахслар”га сиғиниш (Джеймс), буржуа демократиясини мақтаб, илоҳийлаштириш (Дьюи), ирқчилик, миллатчилик, ҳатто фашистик ижт-й мун-тларни (Шиллер) ҳимоя қилишгача ўзгариб борди. П.нинг динга нисбатан мун-тида ҳам манфаат “тажрибаси” марказий ўринни эгаллайди. Мас., Дьюининг “инструментализм”ида анъанавий диний т.лар рад этилади, улар “натуралистик” т.ларга  қарама-қарши қўйилади ва натижада инсон назоратидан ташқаридаги кучлар таъсирида пайдо бўладиган тобелик “тажрибаси уни “художўйлик”ка олиб келади. Демак, “назоратдан ташқаридаги кучлар” — бу худонинг инсонга кўрсатадиган доимий таъсирининг ўзгинасидир. Этикада П. мелиоризмга (ҳаётдаги устивор қоидалар, қонунларнинг такомиллашиб боришига ишониш) таянади. II жаҳон урушидан сўнг Ғарб мам-тларида П. таълимотининг таъсири сусая бошлади.

Прагматизм эстетикаси — Ғарб эстетикасида XX а.нинг биринчи ярмида юзага келган ва прагматизм фал.сига асосланган йўналиш. Прагматизм асосчиси Ч.Пирс (1839-1914), т.ларнинг мазмунини унинг амалиётдаги қўлланиши б-н айнийлаштириб кўрсатишга уринган. Ч.Пирс ғоялари эстетик белгиларни тасвирий санъатга киритишга, санъатни қадриятлар тизими сифатида тушунишга, семиотик эстетиканинг кейинги рив-шига таъсир кўрсатган. Прагматизм фал.сининг  йирик намояндаси У.Джеймс (1842-1919) томонидан илгари сурилган “онг оқими” тўғрисидаги таълимот модернизм санъатида кенг қўлланилди. П.э.нинг яна бир вакили  Джеймс прагматик эстетиканинг асосий принципини шундай ифодалайди: инсоннинг ҳар қандай фаолиятининг мақсади “ижобий тажриба”га, яъни ёруғ ва кучли ҳаётий кечинмаларга эришишдан иборат. Шундай экан,  фикрича, ижобий тажриба ахлоқий, диний ва эстетик қадриятларни қамраб олиши керак. Прагматик эстетиканинг кейинги босқичида Ж.Дьюи (1859-1952) ва унинг издошлари қадриятлар тўғрисидаги таълимотга аниқ ифодаланган эстетик асосни татбиқ этишга ҳаракат қилишди. Улар эстетикани диний, илмий, ахлоқий қадриятларни мужассамлаштирган энг олий қадрият, гўзалликни эса ички боғлиқлик ва бир бутунликка эришган тажрибанинг сифатий кўриниши тарзида талқин этади. Эстетик тажрибада табиийлик ва ижт-йлик ўртасидаги алоқани аниқлашга интилган прагматизм тарафдорлари санъатнинг ижт-й вазифаларини мад-й-интегратив воқеа, ижт-й ахборот воситаси сифатида талқин қилади. Европа позитивизмидан фарқли равишда П.э.да субъектнинг фаоллигига алоҳида эътибор берилади. Жумладан, уларнинг фикрича, эстетик билиш жараёнида субъект (томошабин, ўқувчи, тингловчи) ҳар сафар муаллиф ёки ижрочи томонидан ҳавола этилаётган асарни ўз тажрибаси б-н солиштириш, бирлаштириш йўли б-н уни англайди ва ўзлаштиради. Шу маънода, у субъект мад-й савиясининг юксалиши ва маън-й камолотига хизмат қилади.

ПСИХОАНАЛИЗ — руҳий хасталикни даволаш усули ва психологик таълимот. У XX а. бошларида таниқли немис олими Зигмунд Фрейд (1856-1939) томонидан ишлаб чиқилган. П. асосини инсон хулқининг негизини лаззат олишга интилиш (либидо), айниқса, илк болаликда пайдо бўлган жинсий майл ташкил этади, одам хулқини онглилик эмас, балки онгсизлик бошқаради, деган ғоя ташкил этади. З.Фрейд даставвал онглилик, ёлғончилик ва онгсизликдан иборат психиканинг уч босқичини тадқиқ этди. Олдинги икки босқичдан фарқ қилувчи психик даражани (лот. instantia — бевосита яқинлик ) цензура деб атади. Одатда цензура иккита функцияни бажаради: 1) инсон томонидан ўзининг шахсий ҳис-туйғулари, мулоҳазалари ва хоҳишларини муҳокама қилади, уларни онгсизлик ҳолатидан сиқиб чиқаради; 2) онгга ёриб киришга интилувчи фаол онгсизликка қаршилик кўрсатади. З.Фрейд шахс тузилишининг янги наз-ясини таклиф этди. Бу наз-я уч хил психик инстанциянинг ҳукм суриши тўғрисидаги фаразни асослашга қаратилди: “У” — лаззатланиш, роҳатланиш тамойилига боғлиқ бўлган инстинктив майлларни қамраб олади; “Мен” (Ego) — ташқи олам б-н билвосита алоқага киритувчи психологик инстанция; “Мендан юқори” (super-Ego) ўз ичига ижт-й тақиқлар, қонун тусига кирган мажбурий тартиб-қоида ва идеалларни қамраб олади. Унинг фикрича, “Мен” (Эго) реаллик тамойилига асосланган ҳолда  инсон психикасида ҳаракатланувчи қарама-қарши кучларни мувофиқлаштириш функциясини бажаради. Фрейднинг кўрсатишича, инсон фаоллиги қадимий авлод-аждодларидан наслий йўл орқали ўтган инстинктив майллар таъсири б-н белгиланади. Инстинктив майллар даставвал жинсий инстинкт ва ўзини ҳимоя қилишга интилиш инстинкти тарзида юзага келади. Лекин жам-т шахсни кўп жиҳатдан чеклаб қўяди, унинг инстинкт ва майлларини “цензурадан” ўтказади.  Натижада шахс аксарият инстинкт ва майлларини жиловлашга, тақиқлашга мажбур бўлади. Инстинктив майллар унинг шахсиятига зид бўлган руҳий ҳолат сифатида онгли ҳаётдан сиқиб чиқарилса-да, йўқолиб кетмайди, балки онгсизлик соҳасига ўтказиб юборилади. П. таълимотнинг вазифаларидан бири — онгсизлик соҳасидаги “комплекс”ларни аниқлаш ва уларни англашга ёрдамлашишдан иборатдир. П. намояндалари шахсдаги ички зиддиятларини очиб бериш ва тушунтириш учун “Эдип комплекси” т.сини яратади. Унга кўра, ўғил боланинг ўз онасига нисбатан жинсий майли ва отасининг ўлимини исташи (“Эдип комплекси”), яқин қариндоши б-н жинсий алоқа қилишга майллиги жазоланишдан қўрқиш ҳисси б-н тўқнашади. П. вакиллари шахснинг бундан кейинги тар-ётини онгсизлик ҳолатига сиқиб чиқарилган инстинктив майлларнинг турлича комплекслар б-н тўқнашуви ташкил этади; инстинктив майллар ўз қуввати ва фаоллигини сақлаган ҳолда инсоният мад-ти ва инсон фаолияти маҳсулининг ҳар хил шаклларига ўтиб (“сублимациялашиб”), онгсизлик ҳолатида шахснинг хулқ-атворини бошқаришда давом этади, деган хулосага келади. П.да онгсизлик б-н онглилик ўртасидаги қарама-қарши мун-тни мутлақлаштириш ҳолатлари учрайди, бунинг натижасида уларнинг ўзаро бир-бирини тўлдириш имконияти рад этилади.

ПСИХОЛОГИЗМ — XX а. охирларида Ғарб социологиясида вужудга келган оқим. Эмпириоктицизм тарафдорларининг таъкидлашича,  психологиянинг, ш-дек, бошқа барча фанларнинг ҳам  объекти маълум усуллар орқали билиб олинган сезгилар ва  сезгилар комплексларидан  иборатдир. П.нинг таниқли вакиллари: Г.Тард, Ч.Кули, Ж.Мид, У.Мак-Дугал неофрейдизм, структуравий функционал мактаб каби оқим вакиллари  ижт-й мун-тлар ва ижт-й тузилма моҳиятини психик фактлар асосида тушунтиришга ҳаракат қилади. П.нинг дастлабки ибтидоий шаклларида ирсий омилларнинг роли ҳаддан ташқари бўрттирилади, социал хулқ-атворнинг гўё инсон психикасига азалдан хос бўлган жинсий мойиллик, ваҳшийлик, эффективлик, ўлимга мойиллик ва ҳ.к. б-н боғлиқлиги таъкидланади. П. вакиллари шахс хус-ятлари ёки миллий характерини урушлар, ирқий ва синфий конфликтлар сингари социал ҳодисалар б-н боғлашга интилади. Кейинчилик улар ирсий ғоялардан воз кечиб, жам-т, ижт-й тизим ва ташкилот сингари ижт-й ҳодисаларнинг реал мавжудлигини инкор этиш йўлидан боради. П. тарафдорлари кишиларнинг бевосита ўзаро таъсирини таҳлил қилиш доирасидан ташқарига чиқмайди, кўпроқ “бевосита кузатиладиган хулқ-атвор” т.си б-н чекланади. П. таҳлил услублари кичик социал гуруҳ ва жамоаларни ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир, Ҳоз. замон Ғарб социологиясида П.нинг бирёқлама принципларини бартараф этишга уринишлар  кўзга ташланмоқда. Т. Парсонснинг тузилмавий функционал таҳлил наз-яси бунга мисол бўлиши мумкин. П. Дюркгеймнинг “социологизм”и, М. Вебернинг “институционализм”и таъсирида жиддий ўзгаришларга учраб, ҳоз. Вақтга келиб  П. социологиядаги методологик принцип сифатида намоён бўлаётир. Бинобарин, мазкур ёндошув шахс маъ-яти, ахлоқий хатти-ҳаракатларига ички руҳий омиллар таъсири ўрганишда қўлланиши мумкин.

ПСИХОЛОГИЯ (юн. psyche — жон ва logos — таълимот) — “жон”, “руҳ” ҳақидаги фан, таълимот. Бироқ ҳоз. даврда “жон” тушунчаси ўрнига “психика”, “руҳият” ибораси қўллаб келинмоқда. Ушбу маънода “жон” ва “психика” тушунчалари айнан бир хил мазмунни билдиради. П. фанининг кейинги даврдаги тараққиёти улар ўртасида бир талай тафовутларни келтириб чиқаради. Психика тўғрисида дастлабки тасаввурга эга бўлиш учун даставвал психик ҳодисалар моҳияти б-н танишиш керак. Одатда психик ҳодисалар деганда, ички, субъектив тажриба далилларининг (воқеликнинг) намоён бўлиши тушунилади, бошқача айтганда, психик ҳаётнинг сезги, идрок, хаёл, тафаккур каби ҳар бири алоҳида олинган яққол шакллардан иборатдир. Ички субъектив тажрибанинг ўзи инсондаги қувонч ёки зерикиш туйғулари унинг нималарнидир эсда тушириши, бирон бир хоҳиш ёки интилиш кечинмалари, хотиржамлик ёки ҳаяжонланиш ҳисларининг барчаси шахснинг ички дунёси таркибий қисмлари, яъни буларнинг ҳаммаси субъектив психик ҳодисалар ҳисобланади. Субъектив ҳодисаларнинг асосий хусусияти – уларнинг бевосита субъектга тааллуқлилигидир. Агар инсон идрок қилса, сезса, фикрласа, эсласа, хоҳиш билдирса албатта ана шу ҳодисаларни бир даврнинг ўзида тушуниб (кузатиб) ҳам туради. Инсон интилса, иккиланса, қарорга келса, биз уларнинг барчасини содир бўлаётганлигини англаб турамиз ҳам. Шунинг учун психик ҳодисалар бизнинг руҳиятимизда содир бўлишидан ташқари, улар бевосита кўз ўнгимизда намоён бўлиб туради. Образли қилиб айтганда, одамнинг ички дунёсида турли ҳодисалар вужудга келади, кечади, одатда шахс бундай ҳодисаларни ҳаракатлантирувчи кучи ҳамда уларнинг томошабини ҳисобланади. Психиканинг турли шаклларида кўриниши, жумладан, психик жараёнлар, англашилмаган ҳолатлар, хулқ-атвор, психосоматик ҳодисалар, инсон ақл-заковатининг мўжизакорлиги моддий ва маънавий маданият маҳсулини яратади. Ҳар қандай воқеликда, ҳодисаларда, маҳсулларда психика намоён бўлади, ўзининг хусусиятларини ажратади, фақат улар орқалигина психикани ўрганиш мумкин. Психологик воқелик – субъектнинг ички кечинмаларининг таркибий қисмлари б-н бир қаторда уларни объектив шакллари (хулқ-атвор, фаолият маҳсули, ижтимоий-маданий ҳодисалар) орқали психиканинг хусусиятлари, ҳолатлари, қонуниятларини ўрганиш тушунилади. Яъни, инсон онгидан ташқари унга боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳукм сурувчи объектив борлиқ (атрофимиздаги нарса ва ҳодисалар, муҳит, шароит) ва бошқаларнинг психикада акс этиши психологик воқелик деб аталади. Бугунги кунда П. тўғрисидагина эмас, балки унинг соҳалари бўйича ҳам бой илмий материаллар тўпланган. Жаҳон П. фани тажрибасида қуйидаги соҳалар П.нинг мустақил тадқиқот предметига айланган. Жумладан; меҳнат П.си (инженерлик П.си , авиация П.си, космик П.си), педагогик П., тиббиёт П.си, саломатлик П.си, махсус П., юридик П., ҳарбий П.си, савдо П.си, спорт П.си, умр даврлари П.си, қиёсий П., социал П., психофизиология, экспериментал ва амалий П. кабилар.

Р