Фермерлари хорланган давлат инқирозга юз тутар

Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда бир неча завод-фабрикалар қурилганини яхши биламиз. Ана шундай корхоналардан бири Қашқадарё вилояти Китоб туманида ҳам бунёд этилди. Дастлаб ушбу туманда узумчиликка ихтисослашган винсовхозга асос солинди. Урушдан кейин Китоб туманига келган кавказликлар узумчиликни ривожлантиришга эришди. Узумчилик кўнгилдагидек равнақ топгандан кейин туманда завод қурилди. Унинг қурилиши Гарудзе исмли раис номи билан боғлиқ эди.

Совет Иттифоқининг сўнгги йилларида ушбу заводда 15000 тоннагача узум қабул қилинган. Туманимизда узумчиликнинг ривожланишида тоғам Ё. Пардаевнинг ҳиссаси беқиёс бўлган. Ҳеч иккиланмасдан айтишим мумкинки, тоғам совхозда узум етиштириш учун кўп ва хўп меҳнат қилган кишилардан бири саналади.

Ва ниҳоят, Совет Иттифоқи парчалангандан кейин биз мустақилликка эришдик. Мустақилликни қўлга киритганимиздан кейин орадан икки йил ўтиб, 1993 йилда 1983 йилларда совхоз раиси лавозимида ишлаган ва шу кунларда Олий Мажлис депутати бўлган Зариф Бурҳонов деган киши қандайдир йўллар билан совхозимизга қайта раис бўлди. Совхозимизнинг жами аҳли асосан боғдорчилик ва заводдан даромад топишарди.

1997 йилда амаким ва бобом совхоз раиси қаршилигига қарамасдан фермер хўжалиги ташкил қилди. Ўша пайтларда ҳозирги фермер хўжаликлари ширкат хўжалиги деб юритиларди.

Чунки 1998 йил 30 апрелда марҳум президент Ислом Каримов “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига имзо чеккан эди.

Бироқ, фермер хўжалигини ташкил этишга доир махсус қонунлар мавжуд бўлса-да, бундай қонунлар Китоб туманида ҳеч қандай иш бермасди. Туманда З. Бурҳоновнинг айтгани айтган, дегани деган эди.

Шунга қарамасдан амаким ва бобом 1997 йилда Қашқадарё вилояти ҳокими Озод Фармонов ёрдамида хўжалик ишларини юритиш учун ер олишга эришади. Бурҳонов бунга қаршилик кўрсатишга ожизлик қилади.

Бироқ, пайтавасига қурт тушган Бурҳонов бизнинг еримизга ҳар хил йўллар билан рахна солишга интила бошлайди.

Унинг бу каби хатти-ҳаракатларини сезган амаким тинчгина ишлаш учун Бурҳоновга ҳосилдан улуш беришга мажбур бўлади. Аммо кутилмаганда 2001 йилда вилоятда кучли қурғоқчилик рўй беради. Табиийки, бундай ҳалокат ҳосилга ҳам жиддий равишда путур етказади.

Бунинг натижасида Бурҳоновга улуш бериш тўхтатилади. Оқибатда катта-кичик жанжаллару ҳар хил олақарашлар бошланади.

Раис З. Бурҳонов эндиликда биздан ерни тортиб олиш учун ҳар хил амалларни ишга солади. Алал-оқибат ерга доир суд ишлари бошланади.

Ерни қайтариб олиш учун кечган жанжаллардан бирида бобомни 15 суткага қамашади.

Бобомнинг бошига тушган кўргуликлардан қаттиқ изтироб чекишимиз натижасида уни озод қилиш учун пулли гаров эвазига тегишли шахслар билан гаплашишга мажбур бўлдик.

Бироқ, уларга келишилган шартга кўра пул тўланса ҳам бобомни қўйиб юбормадилар. Туман ва вилоятда ҳал бўлмаган ишимиз охир-оқибат республика олий хўжалик судигача етиб борди. Республика судида биз ютдик.

Шундан кейин туман мутасаддилари хийла-найранг йўлига ўтди.

Китоб туман ҳокими Луқмон Ғаффоров  аҳолига уй-жой учун ер участкаларини ажратиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди (кейинчалик ҳоким Л. Ғаффоров 2009 йил 13 август куни ўзининг иш кабинетида ўзини-ўзи осиб ўлдирди).

Ана шу қарорга биноан бизга тегишли бўлган ерлар аҳолига уй-жой қуриш учун ер участкаси сифатида бериладиган бўлди. Биз ҳокимнинг тадбиркорнинг оёғига болта уришга қаратилган қароридан норози бўлиб, судга бердик.

Аммо суд ишларида амаким қатнаша олмади. Амакимни судга ариза бераётган чоғда гўёки “ер бўйича ижара ҳақини тўламади”, деган сохта айбловлар билан қўлга олиб, қамаб қўйганди.

Суд Китоб туман хўжалик суди томонидан кўриб чиқилади. Китоб туман суди майнавозчиликдан иборат судда 1998 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ер тўғрисида”ги қарори, 2000 йилда қабул қилинган  Ўзбекистон Президентининг фармони ва Олий хўжалик судининг қарорини инобатга олмасдан, уларни оёқ ости қилган ҳолда қарор чиқаради.

Биз ушбу қарордан норози бўлиб, аппеляция судига бердик. Ҳокимлик ва раис жаноблари бунга парво қилмасдан, суд бўлиб ўтганига бир ҳафта тўлмасдан ер олиш истагида бўлувчиларни душанба куни эрталаб тегишли жойга чақирадилар.

Фермер хўжалиги раҳбари йўқ ҳамда ерни эгасиз деб топган З. Бурҳонов ер ўлчаш учун 15 нафар милиция ва землямирлар, видеочи билан бирга  бизга тегишли ер майдони устига бостириб келадилар.

Табиийки, биз қаршилик қилдик. Шу пайт у “ер давлатники, кимки қонунларга бўйинсунмаса ердан айрилади, менинг орқамда Каримов турибди”, деб бақиради. Бизга қарши милициялар ҳам бақиришни бошлайди. Улар гарчи бизнинг ҳақлигимизни билса-да, қаршилик кўрсатганларга дўқ-пўписа қилиб, номигагина у ёқдан-бу ёққа юришди.

Раис томонидан уюштирилган ушбу ишлардан ҳеч қандай натижа чиқмагач, у ўзининг малайларини ишга солади.

Қишлоғимизда яшайдиганларга хоҳлаганча ер бераман, келиб ерни ўзларинг ўлчаб олинглар, деб ҳайқиради. Бундай хабардан воқиф бўлган одамлар ҳар томондан келиб ерни ўлчай бошлайди.

Шундан кейин З. Бурҳонов раиснинг хатти-ҳаракатига қарши норозиликка чиққан катта онамга гўёки меҳрибонлик кўрсатгандай уни ер майдонидан четроққа чиқаришга шайланади.

70 ёшдан ошган катта онам раиснинг манзиратига дош беролмай уни силтаб итариб ташлайди. З. Бурҳонов уялмай-нетмай ерга ётиб олиб дод солади.

Қизиғи шундаки, орадан 3 минут ўтмасданоқ воқеа жойига марказдан 12 км узоқликдан тез ёрдам машинаси етиб келади. Раиснинг ҳеч уялмасдан 70 ёшдан ошган катта онамнинг устидан шикоят қилиши ҳаммани таажжублантиради.

Воқеа жойига бир зумда экспертиза хулосаси билан терговчи келади. Аммо терговчига худо инсоф бериб, раиснинг кирдикорларини фош қилади.

“Менга бундай иш асло керакмас, олсангизлар ишимни олингизлар, мен 70 ёшдан ошган момонинг устидан ҳеч қандай иш очмайман”, деб қайтиб кетади.

Хулласи калом, шу куни томорқа олувчилар гуллаб турган боғни бир кунда кесиб ташлайди. Раис 15 гектар ерни кейинчалик аҳолига 5 сотихдан сотади.

Ижара ҳақини тўламади, деган сохта айблов билан қамалган амаким устидан жиноий иш очилади ва 5 йилга қамашади.

Аммо амаким халқаро ташкилотлар аралашуви натижасида 2 ойдан кейин оқланиб чиқади.

Шундан кейин амакимлар АҚШга кетишади. Қишлоғимиздаги завод талон-тарож бўлиб бораверади, боғдорчилик ва завод орқасида яшайдиган қишлоқ аҳли эса борган сари моддий жиҳатдан оғир аҳволда қола боради.

Ҳозирги кунда ушбу завод 2000 тоннадан кўпроқ узум қабул қилмоқда. Қандайдир қўшма корхона бўлган.

Балки келажакда ривожланиб олдинги салоҳиятини тиклаб олар. Энг ачинарлиси, тадбиркорга нисбатан нотўғри муносабатларнинг шаклланганида эди.

Агар ўшанда ҳукуматимиз ва ҳукуматдаги мутасаддилар амаким ва амакимга ўхшаган тадбиркору фермерларни етарли даражада қўллаб-қувватлашганда, рағбатлантирганида, эҳтимол, бугун элга мададкор бўлгувчи тадбиркорларимиз юртимизни гуллатиб, аҳолимиз фаровонлигини оширган бўлармиди?!

Муаллиф: Қаҳрамонхон Маҳмуд

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қозоғистон ва ўзбекистон таълим тизимида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эрик Ўтембоев билан учрашувдан кейин Ўзбекистондаги олий ...

Етти ёшли миллионер

Суратдаги болакай етти ёшда, исми — Райан. YouTube’да канали бор унинг — Ryan Toys Review деб номланади. Канал, албатта, болакайнинг ота-онаси томонидан юритилади ва унга ...

Ўзбекистонда шифокорларга қўл кўтарганлар беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин

29 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400