Уйлари бузилган бектемирликлар ҳасрати

Бектемир туманиАзим Тошкент шаҳрининг Бектемир туманига чегарадош, аниқроғи, аллақачон пойтахт мегалополисига айланишга улгурган Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига қарашли Бектемир қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси янги йилни ҳасрату надоматлар исканжасида кутиб олишга мажбур бўлди. Тумандаги Бектемир шоҳ кўчаси бўйида жойлашган бир нечта хонадонлар ўтган йилнинг ноябрь ойидан эътиборан ҳукумат томонидан олдиндан ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз бузила бошланди. Бунинг натижасида уйлари тўлиқ бузилган, хонадонларининг ярми бузилган ёки ер участкалари, ҳовлиларидан айрилган фуқаролар қишнинг аёзли кунларини кўча-кўйларда, ярми бузилган уйларда, дарвозасиз қолган очиқ ҳовлили уйларда ўтказишга мажбур бўлмоқда.

         Энг ачинарлиси, кенг халқ оммаси, туб аҳоли бу каби хатти-ҳаракатлар кимларнинг буйруғу фармойишларига кўра амалга оширилаётганини тўла-тўкис билишмайди. Кимдир бу ишлар Тошкент вилояти ҳокимлигининг, яна кимдир туман ҳокимлигининг қарорига кўра, бошқа бировлар эса ҳукуматнинг махсус фармонига биноан бузилаётганлигини тилга олмоқда. Хулласи калом, уйларнинг қандай ҳужжатларга асосан бузилаётганлиги, бунга оид аҳолини хабардор қилувчи қандай маълумотлар мавжудлиги ҳеч кимга аён бўлмаган. Боз устига нафақат кунига шу йўллар орқали пойтахтга келувчи фуқаролар, ҳатто уйларидан айрилган туб аҳоли ҳам ўзларининг бузилган уйлари ўрнига келажакда нималар бунёд этилишидан бехабар бўлган. Бу эса, юқори органларнинг оддий халқни писанд қилмаслигидан, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини менсимасликдан далолатдир.

 – Бектемир шоҳ кўчасида 12 сотих ҳовлимиз ва шу ер майдонига қурилган 6 хонали уйимиз бор эди, – дейди жабрланувчи фуқаро. – Уйимиз у қадар катта асфальт йўлга яқин бўлмаса-да, 10 сотихга яқин еримиздан, ана шу еримизда қурилган 2 хонали веремянка, молхона, товуқхона, омборхона, гараж, боғимиз ва уйимизнинг ярми, аниқроғи, уч хонасидан айрилиб қолдик. Ҳозир деярли ҳовлисиз кичик-кичик уч хонали уйда 7 нафар киши бирга яшаяпмиз. Тўғри, Ўрта Чирчиқ туман ҳокимлиги томонидан бизга гарчи пойтахтга узоқроқ бўлса-да, 6 сотих ер участкаси ва атиги 5 миллион сўм пул берилди. Боз устига бу пуллар ҳам нақд эмас, балки пластик карточкамизга туширилди. Пластик карточка бўйича савдо ишлари нақд пул билан савдо қилишга нисбатан 10-20 фоиз қимматроқ эканлиги эса ҳаммага яхши маълум. Масалан, қурилиш ишлари учун энг зарур бўлган цементнинг 50 кг ли бир қопи нақд пулга 25 минг сўм, пластик карточкага эса 32 минг сўм. Хуллас, оила даврасида ҳукумат томонидан берилган 5 млн. сўмни ҳисоблаб кўрсак, у ўртамиёна 5 хонали уй пойдевори ва ҳовли атрофини иҳоталайдиган деворлар учун пойдевор қуришга ҳам етмас экан. Ҳовлимиз, уйимизни бузиш ишларида ҳар хил бригадалар, ҳатто Тошкент шаҳар Ҳамза туманида жойлашган вақтинчалик иш билан таъминлаш бюроси атрофида тўпланувчи иш излаб юрган фуқаролар ҳам ишлашди.

 – Ҳокимиятдагилар уйимиз ўрнига йўл тушиши, мавжуд йўлни эни бўйлаб 24 метрга кенгайтириш, автомобилларнинг икки томонлама қатновини таъминлайдиган тўртта чизиқдан иборат саккизта чизиқли йўл қурилиши ишлари олиб борилиши, бу шахсан олий ҳокимият органи буйруғи асосида амалга оширилаётганлиги тўғрисида гапирган эди, – дейди яна бир жабрланувчи.  – Энди билсак, лойиҳа бўйича бизнинг бузилган уйларимиз ўрнига икки қаватли замонавий савдо марказлари, дўкон ва бошқа мажмуалар қурилар экан. Буни Бектемир шоҳ кўчаси бўйидаги бузилган уйлар ўрнига (эндиликда тадбиркорларга сотилган ерлар ўрнига) бир нечта қурилиш тархларининг лойиҳа-тасвирлари осилган тахталардан ҳам билсак бўлади.

Дарҳақиқат, Бектемир шоҳ кўчасидаги бузилган уйлар бўйлаб юрганингизда ва бугунча ташландиқ ҳолатга келиб қолган ҳудудларга хусусий тадбиркорларнинг исми-шарифлари ёзилган қурилиш иморатлари тархлари лойиҳа-тасвирлари осилган тахталарга кўзингиз тушганда юқоридаги уйидан айрилиб қолган фуқаронинг куйинчак гапи нечоғли тўғри эканлигига ишонч ҳосил қиласиз. Хуллас, Ўрта Чирчиқ туманида хонадонларни бузиш ишлари авжига чиққан. Айримларнинг гапига қараганда, бу каби ишлар Тўйтепа шаҳригача давом этаркан. Яъни, Тўйтепа-Қўйлиқ бозори йўли атрофида жойлашган деярли барча уйларга бирдек тегишли бўларкан. Ҳукуматнинг эса уйлари бузилган фуқароларга жуда кам миқдорда молиявий ёрдам пули ажратаётгани эса, кишини таажжубга солмасдан қолмайди. Суриштиришимизча, улар ер майдони ва ҳовлида қурилган уйлар ва бошқа объектлар баҳосини давлат баҳосида ҳисоблаган ҳолда, 6 сотихли ер участкаси билан бирга пластик карточкаларига 5 млн. сўмдан 20 млн. сўмгача тушириб бераётган экан. Мулкий дахлсизликларига хилоф ишлардан азият чекаётган жабрдийдалар кимга арз қилишларини билмасдан ҳанг-манг.

Ҳа, хусусий тадбиркорликни, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш давр талаби. Буни инкор этиб бўлмайди. Бироқ бу каби ишларни бировларнинг кўз ёшлари эвазига амалга ошириш ҳар томонлама тўғри бўлмаса керак. Зеро, Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ мамлакатимизда мулкнинг ҳар қандай шакллари ҳимоя қилиниши шарт ва зарур.

Асил ЭЛЎҒЛИ         

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда 2021 йилда инфляция бир хонали рақам чегарасига етиши кутилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Пул-кредит сиёсати бошқармаси бошлиғи Рустам Маҳамадиев Марказий банкнинг инфляция бўйича прогнозлари ва пул-кредит сиёсатининг ...

Дсқ: айримлар фуқароларни қасддан солиқ органларига қарши чиқишга ундайди

Давлат солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларни мулоқотга чақирди. Бу ҳақда ДСҚ матбуот хизматига таяниб “UZ24” хабар қилмоқда. «Маълумки, ҳозирги кунда давлат органлари фаолиятида ...

Бўялган картошкадан сақланинг!

Дам олиш куни рўзғорга ул-бул олиш учун «Қўйлиқ» деҳқон бозорига тушгандим. Қарасам, картошка арзон бўлиб кетибди. Сотувчиям кифтини келтириб мақтайди молини: ўзи қизил, ...