“Бечора ўқитувчи”

Кейинги пайтларда “ўқитувчи” деган сўзга “бечора” сўзи эргашадиган бўлиб қолди. Бунга албатта жиддий сабаблар мавжуд ва бу сабаблар журналистлару блогерлар томонидан ОАВ ҳамда интернетда обдон таҳлил қилиб берилди…

Одатдагидек иш кунларининг бирида хонамиз эшиги беозор тақиллади ва ичкарига ёши элликлардан ўтган бир эркак кириб келди.

Салом-аликдан сўнг қўлидаги нарсани кўрсатиб, сотиб олишимизни таклиф қилди. Таклиф қилган нарсаси чиройли каробкадаги пичоқлар тўплами экан. Қизиқсинганимиздан руҳланган сотувчи молини мақтай кетди: “германский” тоза мол, буниси ундоқ учун, буниси бундоқ учун, ҳатто табака кесиш учун қайчиси ҳам бор…

Турли ўлчам ва мақсадга мўлжалланган ажойиб пичоқларни қўлма-қўл қилар эканмиз, биримиз қўйиб биримиз мақтай кетдик: ҳа зўр экан, вуй ўткирлигини, ошхона кўрки-ку…

Ниҳоят, сабрим чидамади: – Нархи қанча ўзи? Сотувчи саволимга эътибор бермагандай яна молининг хусусиятларини санай кетди, гап орасида бозорда бунақа асл нарсалар анча қимматлигини, фирмадан шахсан ўзи олгани учун арзон сотишини қистириб ўтди.

– Хўп, нархини айтинг, нархини, – мендан аввал бошқа ҳамкасбларим олиб қўядигандек бетоқатландим. – 170 минг… бозорда… Нархини эшитиб, ҳамкасблар бир-биримизга қарадик. Қўлма-қўл бўлиб турган турли ҳажмдаги пичоқлар жимгина бир жойга йиғила бошланди.

“Қимматроқ экан”, “Молизга гап йўқ, лекин…”, “Ҳали ойлик олмагандик”… Вазият ўзгариб кетганидан сотувчи асабийлаша бошлади.

“Бу пулга нима беряпти ҳозир… бозорда бунданам қиммат… бунақасини тополмайсизларам… келиштираман агар олсангиз…”

– Юз минг бўладими, – мақсадга кўчақолдим. Молини ерга уриб қўйдим шекилли ростанам жаҳли чиқди, юзлари қизариб кетди. Бошқа ҳамкасбимиз вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди: “Ака, тўғри тушунинг, биз қуруқ ойликка яшайдиган журналистлармиз. Жур-на-лист!”

Бироз ўзини босиб олган сотувчи энди кўзларини пирпиратганча дийдиёга ўтди.

– Тўғри, тушунаман, нима қилай, оддий бечора ўқитувчи бўлсам, қиз чиқаришим керак, қуруқ ойлик билан тўй қилиш ўзи бўладими, шунга шу ишни қилишга мажбурманда. Жа, кўп қўймайман устига, арзимаган пул қолади…

“Бечора ўқитувчиман” деган сўзидан барчамиз сергак тортдик. Ҳамманинг кўнгли алланечук ғалати бўлиб кетгани нигоҳлардан сезилиб турарди.

– Юз йигирмага беринг унда…

– Тўғри келса берардим, сотганим фойдаку, айтяпману ўқитувчиман ўзим… Нақд пул бўлмаса пластикдан ҳам ўтказиб беришингиз мумкин.

– Бир юз эллик мингга беринг, пластикингизга клик қилиб бераман, – рўпарамдаги ҳамкасбим дангалини айтди-қўйди.

– Майли, сизлар ҳам ўзимга ўхшаган экансизлар, келишдик. Шундай қилиб ҳамкасбимиз 150 мингни унинг пластик рақамига клик орқали ўтказиб берди. У хурсанд бўлди. Яна албатта келишини, бунданам зўр тўпламлари борлигини айтиб чиқиб кетди. У кетгач яна пичоқларни бир-бир кўздан кечирдик. Ҳамкасбимизни омадли харид билан алқадик.

– Яхши қилдиз, келин роса хурсанд бўлади-да…

– Ўзиям зўр пичоқ экан… табака қирқадиган қайчисини қаранг…

– Савобга қолдиз, бечора ўқитувчи экан…

– Кейинги гал биз ҳам сотиб оламиз…

– Ўзиям соплари фил суягиданми дейманооов… Мақтовлару ташбеҳлардан ҳамкасбимизнинг таноби қочиб завланарди.

…Орадан икки кун ўтиб, “Абу Саҳий”га бордим. Керакли нарсаларни хариб қилиб қайтарканман, кўзим шундоқ пичоқлар тўпламларига тушди. Ҳамма ёқда шунақа тўпламлар, ҳатто ерларга ҳам уюб ташлашибди. Турли-туман каробкаларда, бир-биридан чиройли… худди ўша ўқитувчи сотиб кетганларидан ҳам бор. Табиийки нархлари билан қизиқдим. “Ҳойнаҳой 200 мингдиров, – хаёлимдан ўтказдим тўпламларга яқинлашарканман.

– Албатта қиммат бўлади-да, ўқитувчи бизга арзон сотиб кетди-да, барака топсин бечора. Бу ердаги нархни ҳамкасбимга айтсам харидидан яна бир карра хурсанд бўлади”.

– Танланг ака, қайси бирини кўрсатай. Хаёлимни йиғиб олмасимдан сотувчи йигит қўлимга битта коробкани тутқазди.

– Қанча экан? – саволим, барибир сотиб олмайман, қимматлигини биламан, дегандек эшитилди ўзимга. – Ўзига қараб ака, мана шу қўлиздаги эллик минг, ками бор акажон.

– Нима, эллик минг! – алдамаяптими ишқилиб, ҳалиги…

– Айтдиму ака, ками бор деб, сўранг, жа қиммат айтмадиму…

– Йўқ-йўқ, қиммат эмас, – аввалига нима дейишни билмай қолдим, – ҳалиги буниз сифатсизми дейман, яхшироғи йўқми? Ҳалиги “германский”си…

– Ака, “граница”дан ўтиб ўзим олиб келаман Қозоғистондан. Мана, хоҳлаганизи танланг, айтяпману ўзига, метали кўп ё озлигига қарабда энди. Эллик мингдан бошанади. Сиз танланг. Нархини келишамиз, бу бозор-ку.

Қидириб топдим, мана ўша ҳамкасбимга пулланган энг қиммати. Очиб ҳам кўрдим, худди ўзи, пичоқлар сони ҳам, кўриниши ҳам, инглизча ёзувлариям, ҳатто табака қайчилайдиган қайчиси ҳам бор: “Шуниси қанча”.

– Молнинг фарқига бораркансиз, – нарсаси қолиб ўзимни мақтай кетди сотувчи. Уларни иши шу-да, чолниям ота деб матоҳини ўтказишади.

– Буниси сал қимматроқ, лекин сизга арзонлаштираман, ака.

– Хўш, қанча экан? – авраб бўпсан, ҳаёлимдан ўтгани шу бўлди.

– Саксон минг, сизга 75 мингга бераман.

– Бозордан бундан арзонини тополмайсиз… “Ҳов ака, олинг 70 мингга бераман сизга”… Кетарканман, қулоғим остида бечора ӯқитувчининг сӯзлари жаранглади: “Яна келаман, сизлар ҳам ӯзимга ўхшаган экансизлар…”.

Алқисса: эшигингизни тақиллатиб келган ҳар қандай “бечора ӯқитувчи”га ишонаверманг.

Муаллиф: Усмонжон Йӯлдош

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

​​ ўзбекистон «интернети эркин бўлмаган» мамлакатлар қаторига кирди

Freedom House ноҳукумат ташкилоти анъанавий «Интернетдаги эркинлик» тадқиқоти натижаларини эълон. «Интернетдаги эркинлик» рейтинги дунёнинг 65 мамлакатида экспертлар ўртасида ...

Ўзбекистонда 5g тармоғи қачон ишга туширилиши маълум қилинди

Мобиль алоқа операторлари 2025 йилга бориб Ўзбекистонда тижорат 5G тармоғини ишга туширади, дея ёзмоқда “Халқ сўзи” нашри. Иллюстратив фото Бу ҳақда GSMA халқаро ...

15 августдан газ ва электр энергияси тарифлари оширилади

15 августдан Ўзбекистонда табиий ва суюлтирилган газ, шунингдек электр энергияси тарифлари оширилади. Ёқилғи-энергетика ресурслари нарх ва тарифларига киритилган ўзгартишлар ...