Ўзбекистонда полиция тузиш пайти келдими?

Каттақўрғонда милиция ходими томонидан таҳқирланган аёл ҳодисаси ортидан Ўзбекистонда миллий полиция ташкил этиш зарурияти ҳақида гапирилмоқда. Маҳаллий матбуот хабарига кўра, ҳуқуқ-тартибот тизимларида катта ислоҳотлар бошлаш учун ишчи гуруҳ тузилган. Шарҳловчилар собиқ тузум давридан келаётган милиция хизмати эскиргани, замонавий талабларга мос миллий полиция хизматига ўтиш вақти келганини таъкидламоқда. Бунга Украинада инқилоблар ортидан полиция хизматига доир ўтказилган.

Аёл кишини тергов хонасида таҳдид ва тазйиқ ўтказиш билан ечинтирган Каттақўрғон ички ишлар бошқармаси капитани Санъат Умаров айни пайтда ҳибсда. Бу ҳодиса юзасидан мунозаралар, Ички ишлар тизимида кескин ўзгаришлар қилишга чақириқлар давом этяпти.

Дастлаб, бу ҳодисада Ички ишлар вазирлигини айблаш нотўғрилиги ҳақида баёнот берган Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева жамоатчилик ёғдирган танқидлар ортидан Каттақўрғонга сафар қилган, таҳқирланган аёлнинг хонадонида бўлиб, унга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатган.

Матбуотда Танзила Норбоевадан келтирилган иқтибосларга кўра, Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ҳодиса юзасидан Ички ишлар вазирлигига оид муносабатида ўзгаришлар юз берган. У, жумладан, қамоқхоналарда сақланаётган аёллар ҳуқуқи, шароити билан боғлиқ масалалар, аёллар сўроқ қилинаётган хоналарни кузатув камералари билан таъминлаш, Ички ишлар вазирлигида ўзгаришлар қилиш лозимлиги ҳақидаги талабларни олға сурган.

Замонавий полиция хизмати ташкил этилиши керак. Гап, албатта, номда эмас, тизим, мақсад, моҳият ўзгаришида.

Каттақўрғон милициясида аёлнинг таҳқирланиши, тазйиқлар остида ечинтирилгани акс этган видеонинг ижтимоий тармоқларда тарқалиши жамоатчиликда Ички ишлар вазирлигига нисбатан кескин норозилик тўлқинини юзага чиқарди, тизимда жиддий ислоҳотлар ўтказиш зарурлиги талаб қилинмоқда.

Шарҳловчи Анвар Назирга кўра, Ўзбекистонда ИИВни собиқ тузум анъаналари, иш услубидан халос этиб, янги замонавий миллий полиция ташкил қилиниши керак. Бунга Украинада ўтказилган миллий полиция ислоҳоти яхши мисол, ислоҳот фақат иқтисоддан иборат эмас, дейди у.

«Замонавий полиция хизмати ташкил этилиши керак. Гап, албатта, номда эмас, тизим, мақсад, моҳият ўзгаришида. Мана шундай ислоҳот Украинада ўтказилди, миллий полиция хизмати ташкил қилинди, янги одамлар олинди, таълим тизими, иш услуби ўзгарди. Бу ерда ҳам шундай қилиш керак, аввало, коррупцияга барҳам бериш керак. Яқингача ИИВ академиясида ўқиш баҳоси 20 минг доллар атрофида баҳолаб келинаётган эди. Ҳозирги кунда 21-аср чақириқларига мос, замонавий полиция хизмати ташкил қилиниши керак. Сўнгги пайтда икки нафар собиқ вазир ИВВ тизимига қайтарилди, ҳар иккиси ҳам собиқ тузум даврида ишлаган одамлар, на Алматовда, на Матлубовда замонавий полиция хизмати ҳақида тушунча бор. Каримов даврида ҳуқуқ-тартибот идоралари бирини бирига қарши қўйиш учун ҳам ишлатиб келинди, яъни ИВВ МХХга қарши ишлатилган, булар ҳаммаси совет давридан келаётган анъаналар. Бизга янги замонавий, миллий полиция хизмати керак», – дейди Анвар Назир.

Украинада миллий полиция ислоҳоти майдон инқилобларида берилган қурбонлардан сўнг кузатилди. Юздан ортиқ исёнчилар отиб ташланган инқилобдан кейин аҳолининг ҳуқуқ-тартибот ходимлари, ички ишлар вазирлигига нисбатан ишончи кескин пасайди, кўп ҳолларда улар нафрат нишонига айланди. Шундан сўнг Украина АҚШ, Европа Иттифоқи кўмагида ички ишлар тизимини кескин ислоҳ қилди, миллий полиция ташкил қилинди, тизим хизмати мутлақо янгиланди.

Қозоғистонлик мухолифатчи Айдос Содиқ бир неча йиллардан буён Украинада яшайди, бу ерда миллий полиция билан боғлиқ ислоҳотлар ўтказилишини яқиндан кузатган. Унинг фикрича, ҳуқуқ-тартибот тизимида ислоҳот ўтказилиши учун, аввало, жамиятлар очиқ бўлиши керак.

«Қозоғистон, Ўзбекистон каби тузумларда милицияга оддий фуқаролар ҳуқуқини эмас, ҳукуматни, ҳокимятни халқдан ҳимоя қилувчи куч сифатида қаралади. Шу боис оддий бир фуқаро ҳуқуқи диққатга молик эмас. Ҳокимиятнинг ҳуқуқ-тартибот тизимига бу қараши ўзгармас экан, уни ислоҳ қилиш самарасиз. Полиция ёки Ички ишлар вазирлиги тизимида шаффофлик бўлиши эса диктатура режимларида мумкин эмас. Украинада ўтказилган ислоҳотларга келсак, бу ерда миллий полиция ташкил этилишидан сўнг, дейлик, Ўзбекистон ёки Қозоғистонда кундалик ҳолатга айланган милиция ходимларининг беҳудага ҳар нарсага тиқилиши, сўраб суриштириши, одамларнинг ҳуқуқини бузиши деярли кузатилмайди. Мен тўрт йилдан буён Киевда яшайман, мени этник кўринишимдан қатъи назар, ҳозиргача бирор марта полиция тўхтатиб, сўраб суриштирганига, ҳуқуқларимни бузишга уринганига гувоҳ бўлмадим. Улар ўз хизматига эҳтиёж пайдо бўлганида, зудлик билан ҳозир бўлишади, холос. Ҳар ҳолда Қозоғистонда, ўйлашимча, Ўзбекистонда ҳам, фуқарони истаган пайтда тўхтатиб, сўраб суриштириш, ҳуқуқларини бузиш одатий нарса», – дейди Айдос Содиқ.

Каттақўрғондаги ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, айни пайтда қамоққа олинган капитан Санъат Умаров тизимга тасодифан кириб қолган нопок кадрлардан бири; вазирлик ўз сафини бундай нопок, тасодифий ходимлардан тозалаш ишларини давом эттиради.

Манба: amerikaovozi.com

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Жўрабек муродов: биз дўстлик элчиларимиз!

Жўрабек Муродов ўтган асрнинг олтимишинчи йилларидан бери дунёнинг кўплаб мамлакатларида ижодий сафарларда бўлиб, миллат ва элатлар орасидаги ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини ...

Остона қирғизистон президенти айтган гапларга норозилик билдирди

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоевнинг Қозоғистон раҳбарияти номига нисбатан айтган гаплари муносабати билан «қатъий норозилик» ...

Хотин-қизларни ҳимоя қилиши керак бўлган қўмита раҳбари ишни уларни ҳақорат қилишдан бошлади

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши керак бўлган қўмитанинг янги раиси Элмира Боситхонова ишини хотин-қизларни (деярли) ҳақорат қилишдан бошлади. Элмира ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400