Сўнгги йилларда Россиянинг бошига тушган кўплаб кўргиликлар, хусусан, санкцияларнинг асосий сабабчиси — Украинанинг таркибий қисми ҳисобланган Қримнинг босиб (қўшиб) олиниши, шунингдек, Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларида ясама айирмачилик ҳаракатини қўллаб-қувватлаганидир. Бахтга қарши, Украина ўзининг қўшни бир мамлакат томонидан эгаллаб олинган, унинг таъсирига тушиб қолган ҳудудлари устидан назоратни тиклаш қудратига эга эмас. Шундай қудратга эга мамлакатларнинг вазиятга аралашуви эса, Ўзи сақласину, Учинчи Жаҳон уруши хавфини келтириб чиқариши мумкин.
Шундай ҳолатда Украинада дипломатик воситалар, халқаро ташкилотлар орқали Россияга босим ўтказишдан бошқа илож йўқ. Яқинда Керчь бўғозида Украина кемаларининг Россия томонидан эгаллаб олиниши, 24 нафар украиналик ҳарбий хизматчининг қўлга олиниши ортидан Украина янги ҳаракатлар бошлаган. БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси делегатлари 17 декабрь куни Украина ва яна 40 мамлакат ҳаммуаллифлигида тайёрланган Қрим ярим ороли, шунингдек, Қора ва Азов денгизлари ҳудудларининг ҳарбийлашуви тўғрисидаги резолюцияни қабул қилган.
БМТнинг ҳужжати ҳисобланган резолюцияда қайд этилишича, «Қримда Россия қўшинларининг бўлиши Украина миллий суверенитети, сиёсий мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига зиддир ҳамда қўшни ва Европа минтақаси мамлакатлари хавфсизлиги ва барқарорлигини бузади». «БМТ Бош Ассамблеяси Россия Федерациясини босқинчи давлат сифатида Қримдан ўз қуролли кучларини олиб чиқиб кетишга ва Украина ҳудудини вақтинча оккупация қилишни зудлик билан тўхтатишга қатъий чақиради», — дейилади резолюцияда.
Шундай қилиб, Россияни қораловчи ушбу резолюциянинг қабул қилинишини маъқуллаб 66 давлат овоз берган, 19 давлат бунга қарши чиққан, 72 давлат эса бетараф қолган. Масалан, Қозоғистон ва Қирғизистон бетарафлигини билдирган, Озарбайжон, Тожикистон ва Туркманистон эса овоз беришда умуман қатнашмаган ҳам. Ўзбекистон эса Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватловчи ва Россиянинг босқинчилик ҳаракатларини қораловчи ушбу ҳужжатга қарши овоз берган. Яъни, Ўзбекистон 19 давлатдан иборат озчилик таркибида.
Бу озчилик рўйхатида, Ўзбекистондан ташқари, яна қуйидаги мамлакатлар бор: Арманистон, Беларусь, Боливия, Бурунди, Камбоджа, Куба, КХДР, Эрон, Лаос, Мьянма, Никарагуа, Россия, Сербия, Жанубий Судан, Судан, Сурия, Венесуэла, Зимбабве ва Ўзбекистон.