ЭСИНИ КИРГИЗДИ

15. ЭСИНИ КИРГИЗДИ

«Кундашлик уйда кунда жанжал» деганлар. Албатта буни айткучи киши ўйламасдан ва билмасдан айтмагандир. Жилла, ҳар куни жанжал бўлмағанда ҳам ҳафтада, ўн кунда бир тўполон чиқмаса албатта кундашни кундаш, деб бўлмас. Нега десангиз, бизнинг баъзи бир кундашсиз, чиқитсиз оилаларда ҳам икки, уч кунда товоқ-қошиқ синиб, тоғора янгиланганини ҳар қайсимиз била-миз, бас, энди кундашлик оилаларимизга келганда-чи, албатта юқоридағи — «кундашлик уйда кунда жанжал» мақолини тўғриға, чинга чиқармасдан чора йўқ.
Мен — ёзғучи, «Ўткан кунлар» ҳикояларини отам марҳумдан неча қайталаб эшитсам ҳам зерикмас эдим, фақат бир жойигина мени зериктирар эди. Бу кун мен шу «Ўткан кунлар»ни қаламга олганимда ҳам ўша ўзимни зериктирган фаслини ташлаб ўтишка мажбур бўлдим. Дарҳақиқат, ўз орамизда кундаш жанжалини ким билмасин? Арзимаган гап устида дунё бузған кундаш тўполонлари кимнинг қулоғиға ёқсин? Ўқуғучининг қимматлик вақтини аяғанимдек, қаламни ҳам бу ғиди-бидидан озод қилишни мувофиқ кўрдим. Мени кечирсинлар.
Зайнаб хафалиги ошқан кезларда қариндош-уруғлари-никига юриб чигилини ешар эди. Уч-тўрт ойнинг ичида икки мартаба эгачиси Хушрўйникида ҳам меҳмон бўлиб кетди. Аммо ҳозиргиси учунчи мартаба келиши эди.
— Нучук худо ярлақади! — деб Хушрўй синглисини қаршилади. Сунбула ойининг мўътадил ҳавосига қарамасдан Зайнаб маржон-маржон терлаган эди.
— Нега мунча ўзингни олдириб қўйдинг, Зайнаб! Уйингдан тинчмисан, эринг эсон-омон юриптими?
— Қуриб кетсин, — деди Зайнаб ва кўзига ёш олди. Хушрўй ачиниш ўрнига кулди.
— Кел, айвонға чиқ, — деди, — ойимникида эдинг-ми?
— Йўқ.
— Уйингдан келдингми?
— Ҳа.
Хушрўй синглисини ўтқазиб чўрисига чой буюрди. Фотиҳадан кейин «поччам эсон, омонмилар?» деб сўрағучи синглисига:
— Поччанг ўлсин! — деди аччиғланиб Хуш-рўй,— Нажмиддинбек деганнинг даласига кеткан эди. Тўрт кундан бери дову дараксиз, ўлдими, қолдими — билмайман.
Зайнаб уч-тўрт ойнинг ичида киши танимаслиқ ҳолга тушкан эди. Илгариги тўлалиғининг ярмисини йўқотқанидек тусига қаримсиқлик кирган, кўз ҳаракатида ҳам бир бесаранжомлиқ зоҳир ва буларнинг устига ҳар қачон унда кўрилган «оғирлиқ» ўрнига асабийликка яқин бир вазият ўлтурғандек эди. Зайнаб эгачисининг ҳалиги гапига ризосизлиқ билдирди:
— Ношукур экансиз, опа, — деди, — поччамдан нолишингиз яхши эмас, сизнинг ҳам бошингизға маним кунимни солса нима қилар эдингиз?
— Мен ҳам Зайнаб бўлсам, албатта солар эди, — деб кулди Хушрўй, — менга қолса ҳар ким ўз нафсига яхшилиқ ёки ёмонлиқни ўзи ҳозирлайдир…
— Тавба денг, опа.
— Мен шу чоқғача, — деди Хушрўй, — бандасига бош эгишни ва бандаси олдида тавба қилишни ор билдим ва орланишим орқасида ҳар кимнинг устида юрдим…
— Катта гапирманг.
— Катта гапирсам ва гапирмасам, — деди Хушрўй,— маним феълим ҳар кимга маълум ва ҳаммадан ҳам сенга очиқ… Қўйчи бу гапларни, ўзинг тинчмисан?
— Тинчлигим қурсин…
— Айтсанг, айтмасанг, — деди опаси, — албатта тинчлигинг қуриған.
— Қуритған қурисин…
— Сенинг тинчлиғингни ҳеч ким қуритған эмас, Зайнаб! Ҳамма жабрни ўзинг-ўзингга қилаяпсан!
— Ҳамиша шу гапни айтиб қолғансиз,— деб ўпкалади Зайнаб,— дунёда ким ўзига жабрни хоҳлайдир?
— Сен ва сенга ўхшағанлар.
— Худо урар…
— Айтсанг, айтмасанг худо уриб қўйипти.
— Шундай кунларга мен қолай дедимми?
— Дегансан!
Зайнаб опасининг истеҳзолик юзига қаради ва унинг нима демакчи бўлғаниға тушунолмади:
— Деган бўлсам айтинг…
— Сен маним қандай қилиб эрга текканимни биласанми?
— Биламан…
— Билсанг билганингча тур, — деди Хушрўй, — энди келайлик сенинг эрга тегишингга:
албатта тона олмассан, сенинг эр қилишда тариқча ихтиёринг ва ризолиғинг йўқ эди, эҳтимолки ихтиёр нима, орзу нима ўзинг ҳам пайқамас эдинг. Балки ихтиёр ва орзуларинг ҳам бўлғандир — бироқ уни ҳеч ким майдонда кўрмас эди. Шунинг учун тизгининг ойинг билан дадангнинг қўлида, бошқача айтканда уларнинг туяга ортқан юки, кимга сотса, қаерға жўнатса ихтиёрсиз эдинг… Ёдингда борми, никоҳ куним мен кулиб, чақчақлаб аравага миндим, сен бўлсанг, уйдан йиғлаб чиқдинг ва эрингникига йиғлаб бординг… Яхши, эринг сенга ёқди, аммо эринг фақат сенга ёққан билан иш битмаслигини яна хотирингга келтирмадинг. Эринг сени ташлаб қўйди, сен чурқ этмадинг, истиқболинг тўғрисида ўйламадинг… Фақат ғалвир сувдан кўтарилгандан сўнггина, сен ўзингни ҳар тарафка ташлай бошладинг… Лекин энди бир минг тоблансанг ҳам натижа ўзингнинг феълингча— битта: сенинг учун ҳар кун бир ўлим ёки ўша уйдан бошингни олиб чиқиш.
Хушрўйнинг раҳмсиз муҳокамасидан оқған бу ҳақиқатлар Зайнабни йиғлатди.
— Мен шундай бўлар, деб ўйламаған эдим…
— Сен ўйлашни билармидинг? — деб кулди Хушрўй.
— Бирав ўлай деса, сиз куласиз!
— Мен йиғлашни билмайман! Кишилар йиғлағанда, маним кулгим қистайдир.
— Маним ўрнимда бўлсангиз, сиз ҳам йиғидан бош кўтармас эдингиз…
— Сенинг ерингда бўлсам биласанми нима қилар эдим, Зайнаб, — деди Хушрўй, — дунёсини ост-уст қилар эдим, бир томчи ёшимни юз томчи заҳар билан қўшиб ташлар эдим.
Зайнаб кейинги гап билан эгачисининг юзига кўта-рилиб қаради ва Хушрўйнинг юзида золимона бир истеҳзо кўрди.
— Яхши, — деди Зайнаб бир хил синиқ товушда, — ҳамма дўстларингиз сизга душман бўлсин, уч йилдан бери сизнинг сўзингизни айтиб ёнингизда келган қайин онангиз ҳам душманингиз ёниға ўтсин: ҳатто сизни туқған ота-онангиз ҳам «сабр қил, болам!» деб қуруқ сўз айтиб ўлтурсинлар… Бас, шу ҳолатда сиз йиғламай нима қилар эдингиз?
Хушрўй пинагини бузмай яна кулди:
— Душман ўзи нима деган сўз? — деди, — мен сенга боя ҳам айтдим: кишининг дунёда дўсти йўқ, магар нафсига ўзи дўст; кишининг дунёда душмани йўқ, магар нафсига ўзи душман! Масалан сен ўзинг: отангға, онангға дўстим, деб ишондинг, аммо улардан нима яхшилиқ кўрдинг? Бу кун уларнинг «сабр қил, болам!» деб берган кенгашлари сенинг ярангга малҳам бўларми? Албатта, бўлмас. Бошдаёқ эринг сенга қарамай қўйди. Аммо сен қайин онангнинг ваъдасига ва тағин алланарсаларига ишондинг… Ўзинг ўйла, болани она туғадир, лекин унга муҳаббатни ҳам она туғиб берадими? Албатта бу мумкин эмас. Сен бечора шунга ҳам ишондинг. Энди гап нима? Отанг сенга сабр едирадир, қайин онанг бўлса кундашинг дуосида… сен бўлсанг йиғи қучоғида…
— Сиздан ўзимни чақдирғали келган эмасман! — деди йиғлаған кўйи Зайнаб, — ўз уйимда ҳам тегмай чақадирған газандаларим бор… Сиз ҳам маним куйган жонимга ўт ёқманг-да, агар қўлингиздан келса, бу ўртанған синглингизни тинчитинг.
— Сен ҳеч тинчий олмайсан…
— Ҳар нарсага ақлингиз етади… Лоақал бу бахтсиз синглингиз учун биргина бош оғритсангиз-чи… Устимга шу бало келгандан бери эшигингизга неча қайта келиб қуруқ қайтдим, эндигина сиз ҳам…
Хушрўй бир оз Зайнабнинг юзига қараб турғандан кейин:
— Маним кенгашимга юрасанми? — деб сўради.
— Жўялик бўлса нега юрмай.
— Юрсанг, — деди Хушрўй, — чиқ эрингдан.
Зайнаб ўкраб юборди:
— Ўзим ҳам шундоғ деярсиз, деб турған эдим…
Хушрўй:
— Негаки сенинг дардингнинг давоси, менга қолса фақат шу.
— Қандай қилиб чиқай, ахир…
— Эрдан чиқғанлар қандай қилса, сен ҳам шундай қиласан!
Зайнаб жавоб бермади. Чўри хотин ўртаға дастур-хон ёзиб чой келтирди, Хушрўй хизматчини ўчоқбоши юмишларига буюриб чойни ўзи қуйди.
— Дастурхонга қара, Зайнаб!
— Иштиҳом бўғилди…
— Маним айтканимни қилсанг иштиҳонг ҳам очиладир.
— Эрим… эримни кўзим қандай қийсин.
— Жавоб сўрасанг, — деди кулиб Хушрўй, — сени талоқ қилиш учун эрингнинг кўзи қиядими?
— Билмайман…
— Албатта яхши биласан, қияди! Аммо сен аҳмоқ-сан, кўрпангга қараб оёқ узатишни, қарс икки қўлдан чиқишини билмайсан!
— Этагингни қоқиб кетабер, дейсизми?
— Чунки шундан бошқа чоранг йўқ!
— Сен ҳасратда ўл, кундашинг яйраб-яшнасин, шуми мақсадингиз?
— Ҳозир ҳасратда эмасмисан, кундашинг яйрамайдими?
— Тузик, — деди Зайнаб, — лекин ҳар қадамда унинг ҳузурини бузаман, бир чўқитиб ўн қаратаман.
Хушрўй кулди:
— Бундан нима чиқади?
— Ишқилиб келгиндини тинчитмайман.
— Сен тинчитмасанг, — деди Хушрўй, — бошқалар сени тинчитар…
— У нима деганингиз?
— Яъни роҳатини бузаверсанг, эринг сени қўяр?..
Зайнаб бу ҳақиқат олдида ўйланиб қолди. Хушрўй ўзининг ваҳший кўзлари билан синглисига қараб кулимсирар эди. Бу кулимсираш ораси «қўлингдан нима келади?» дегандек бўлар эди. Зайнабнинг туси шу чоқғача кўрилмаган равишда ўзгариб кетди. Негадир тинмай оқиб турған кўз ёшиси ҳам қуриди ва товшида ҳам ҳануз эшитилмаган кескин бир оҳанг бор эди:
— Эсимни киритдингиз, опа, — деди, — раҳмат сизга.
— Раҳматингни менга айтма, — деди Хушрўй, — ишонсанг юрагингга айтарсан…

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Уммон

Агарда бу уммон тагида қудратли дарёлар бўлмаса, тублари гоҳ иссиқ, гоҳ совуқ, навқирон сувларга тўлмаса, бўлмаса хилма-хил ҳаракат, бу қадар уммонлик қаёқда, поёнсиз ...

Зимнан адоват

8. ЗИМНАН АДОВАТ Шундан кейин Ўзбек ойим олдинға тушиб, қудаси билан Кумушни уйга бошлади. Уларнинг кетидан бошқа меҳмонлар юрдилар. Ўзбек ойим йўл устидан Ойбо-доққа: — ...

Абдулла қодирий:ўткан кунлар-5

5. КИРОЙИ КУЯВИНГ ШУНДОҒ БЎЛСА! Пояфзал бозори ва унинг бурчагидаги ҳавли... Ўқуғувчи албатта бу ҳавлининг эгаси билан таниш чиқар. Кўримсиз, чирк босиб қорайған, жуда кўб ...