Қонунлар ишласа яхши, ишламаса ундан эртак яхши

Қонунлар ишласа яхши, ишламаса ундан эртак яхши

Кеча Муҳрим Аъзамхўжаев ўз каналида футболимиздаги баъзи тутуриқсиз ишлар ҳақида пост қўйибди.

Ўша постда ЎФАнинг баъзи тушунарсиз ишлари ёзилган. Яъни, кимларгадир “бир умр футболдан четлатиш” жазосини бериб, кейин йил тўлмасдан авф қилишгани ҳақида.

Шундан кейин ўйлаб қолдим. Хўп, футболда аҳвол шундай экан, атрофимизда, ҳаётимизда нима гаплар бўлаяпти. Биз ҳаётда қандаймиз, шуларни ўйладим ва бир хулосага келдим.

Аслида бизни турли соҳалардаги, бошқарув, ҳокимлар, фермерлар, ҳайдовчилар, пиёдалар, ИИБ бошлиқлари ва ҳоказо камчилигимиз каби аксарият иллатларимиз, муаммоларимиз ишни охиригача етказмаслик, эскитдан бор ёки янги қабул қилинаётган қонунларнинг ижросини пайсалга солиб кечиктиришимиз, кимнидир яхшигина, қаттиққина жазо олиши лозим бўлган ҳолда кўнгилчанлик қилишимиз, жойларда ҳар гал янги тайинлаётган масъул шахсларнинг аксарият ҳолатларда ҳеч қандай қонунни писанд қилмай, тан олмай ўзлари қонун бўлиб келишлари ва ҳоказолардан бошланар экан.

Узоққа бормайлик. Мен ҳозир кўчада бировни “ҳороми” бир йигирма мартача сўксам ва у мени судга берса суд мени уни неча марта ” “ҳороми” деганимгача ҳисоблаб маъмурий иш сифатида менга жарима солади. Аммо катта бир масъул шахс бутун бошли туманни “ҳороми” деб сўкса ҳам унга ҳеч ким индамайди. 

Ёки мен кўчада машинамда кетаяпман. Шу пайт машинамни қайеридир панд берди ва мен бировни деворига бориб уриб, уни йиқитдим. Эътибор беринг, мен жўртага бориб урмадим, балки машинанинг созлиги панд бериб бориб урдим. Уйни эгаси мени судга беради ва суд ўша хонадонни деворини бузиб зарар етказганим учун ўша зарарни қийматини тўлашим ҳақида ҳукм чиқаради. Чунки мен жўртага бориб урмаганим билан машинамни созлигига жавобгарман. Аммо, мамлакатимиз бўйлаб жойларда бир йилда масъул шахслар томонидан нечталаб одамларни мулки бузилади. 

Аммо на тузукроқ зарар тўланади, на изоҳ берилади. Мабодо изоҳ берса ҳам ҳеч ким тушунмайдиган тилда ва ҳеч ким тушунмайдиган оҳангда берилади ва ҳаммаси мавҳум бўлиб қолаверади. Зарарни тўлаш ҳам шундай, кўпинча катта бир бино бузилади ва пойдевор қуйса бўладиган маблағ тўланади. Ана шундай ҳолатларда жабрланувчини ёнини олиши, унга етказилган зарарни ундириб берувчи, уни мулкини ноқонуний бузувчи масъулларга келганда қонун ҳам ишламайди. 

Мамлакатдаги исталган соҳани олинг, қонун-қоида бор. Аммо унга амал йўқ. Энг ёмони ана ўша амал қилинмайдиган қонунлар орасида аксарият ҳолларда бош қомусимиз ҳам бўлади.

Энди йўл ҳаракати қоидалари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Унга на пиёда ва на ҳайдовчи ва на ЙПХ ходимлари амал қилишмайди.

Ана шу учун ҳам охирги икки йилда, эҳҳе қанча қаттиқ-қуруқ гаплар гапирилгани билан ўша гапларни таъсири кам бўлаяпти. Ҳеч ким ўша қаттиқ-қуруқ гаплардан қўрқмайди. Чунки қаттиқ жазоланмаслигини билади. Шу учун ҳам бир пайтлар овозаси чиққан портални ҳеч қандай таъсири қолмади. Тўғри-да, кундай равшан бир муаммони ёки ўша муаммога панжа орасидан қараб келаётган мутасаддиларни ёки қонунни қўпол тарзда бузаётганларни кўриб порталга ёзсангиз-у аммо, ёзган шикоятингиз “ма ушла, бунга чора кўр” деб ўша қонунни қўпол тарзда бузувчини ўзига жўнатилса, кейин унинг таъсири қайердан ҳам бўлсин?! Майда-чуйда ишлар, масалан: “ҳолим хароб, ёрдам беринглар” деган мурожатларни “ма, чора кўр” деб келган жойига жўнатса ҳеч нарсамас, аммо жиддий ишларга Тошкентдан, вилоятдан “бор, тафтиш қил” деб одам жўнатилса мақсадга мувофиқ бўлармиди? Порталга борган мурожатлар “чора кўр” деб жойларни ўзига қайтарилгани учун ҳам портални таъсири икки йилга етмади. Шу учун ҳам ҳозир жойларда исталган идорага кириб “порталга ёзаман” денг, устингиздан кулишади. Чунки билади, порталга ёзсангиз ўзларини ҳеч ким суриштирмаслигини, тафтиш қилмаслигини, мабодо айбдор бўлишса ҳам жазоламаслигини.

Шу ўринда Собиқ Иттифоқ давридаги мана шундай “тепага мурожат” қилишлар эсимга тушди. Ўша пайтда маҳаллий амалдорлардан биронтаси ноҳақлик қилса унга олдинига “Тошкентга ёзаман” дейилар эди. Мабодо ўша амалдорни Тошкентда суянчиқлари бўлса қўрқмасди ва “бор, қўлингдан келганини қил” деб жавоб берар эди. Аммо, “устингдан Москвага ёзаман” деган гапни эшитиб ҳар қандай амалдор ўша жойни ўзида иштонини булғаб қўяр эди. Сабаби, агар шикоятчи икки энлик хатни русчани яхши биладиганга ёздириб

жўнатиб юборса Москвадаги корчалонлар “бор, чора кўр” деб хатни орқага қайтармас эди. Ўша хатни ортидан узоқ йўл босиб иккитаси келар эди “товарищ, муаммони бизга кўрсат” деб. Ана шу учун ҳам ўша пайтларда “устингдан Москвага ёзаман” деган гап ҳар қандай райкомни, обкомни қўрқита олар эди. Буни устига ўша пайтда, ўтган асрнинг 80-йилларида “Пахта иши” деб кунора қайсидир райкомлар, обкомлар обориб тиқилаётган пайт бўлган. Шу ерда бир ҳақиқатни тан олишга мажбурман. “Пахта иши” туфайли қама-қамалар ўша пайтда ўзбекнинг пахтага мутлақо алоқаси бўлмаган аксар амалдорларини ҳам яхшигина қўрқитиб қўйган ва уларнинг аксарияти ўша пайтда “ана олиб кетади, мана олиб кетади” деб хавотирда яшашган. Шу учун ҳам кимнидир “Устингдан Москвага ёзаман” деган дағдағасидан ўлгудай қўрқишган. Энди эса, “порталга ёзаман” дейиш ҳеч кимни қўрқита олмаслиги аёнлашди. Сабаби шу, қонунлар ишламаяпти ёки ишлаган жойида амалдорга бошқача, оддий одамга бошқача талқин қилинаяпти. Олдин ҳам ёзган эдим, акс ҳолда бир нечта фермерни оммани олдида уриб тан жароҳати етказган Қарши туман собиқ ИИБ бошлиғи бор йўғи 2 йил озодликни чеклаш жазосини олармиди? 

 

Агар ўшанда биронта фермер ИИБ бошлиғига қўл кўтарганида нима бўлар эди. Тахмин қиламан, катта эҳтимол билан 4-5 йил озодликдан маҳрум қилинар эди. Ёки яқиндагина фермерни кўпчиликни ичида урган Олотни ҳокимини олайлик. Унга қандайдир жазо тайинланганини ёки ҳеч бўлмаса ишдан олинганини ҳали эшитмадим. Агар ўшанда фермер ҳокимни икки мушт қўйганида нима бўлар эди? Яна тахмин қиламан, катта эҳтимол билан у “Онасини Учқўрғондан кўрар эди”.

Сиз ҳеч Маъмурий, Жиноий ишлар кодексларини ўқиганмисиз? Ана шу кодексларда ҳар бир жиноят ёки маъмурий ишга белгиланган жазоларда “шу ишни мансабдор шахслар қилса, уларга фалон жазо ёки жарима белгиланади” деб оддий одамлардан кўра қаттиқроқ, кескинроқ жазо белгиланган. Аммо, негадир тешик қулоқ эшитамиз, мансабдор шахслар аксарият ҳолатларда оддий одамларга нисбатан енгилроқ жазо билан қутилишади. Ёки, бир танишим айтганидай “мансабдордан мансабни тортиб олинишидан оғир жазо йўқ”ми?

Ўтган йил сентябрда халқ банки сайёр касса ходимларининг ноқонуний тарзда турли нафақаларни беришда халқни пулини беришда 5-10 мингсўм ушлаб қолганини факти билан банк раисига ёзиб юбордим. Индини куни банк бошқаруви ўринбосари “ака, раисга ёзгандан кўра порталга ёзсангиз яхши эди, қўлимизга қайтиб келар эди. Раисимизга ёзибсиз, энди бироз қийин бўлади” деди. Мана порталга муносабат.

Ўша ходимлар одамларни ҳаққини еб жиноят қилган эди. Лекин на банк бошқарув раиси ва на ўша ходимлар жиддий жазолангани йўқ. Бор йўғи биттаси ишдан ҳайдалди холос.

Коррупцияга қарши курашдан шунча гапирилаяпти. Кунора каттароқ амалдорлардан кимлардир пора билан қўлга тушаяпти. Аммо, нега шу ишлар бошқаларига таъсир қилмаяпти ва коррупция ва порахўрлик камаймаяпти. Сабаби ўша пора билан қўлга тушганларга ҳам анча кўнгилчанлик қилиб юбораяпмиз. Шу учун таъсири бўмаяпти.

Хитой нега ривожланди. Сабаби давлатни энг пароканда қилиб ривожланишига тўсқинлиқ қиладиган иш коррупция ва порахўрлик эканини улар яхши англаб етди ва айнан коррупция ва порахўрлик учун ўлим жазосигача жазо беришни жорий қилиб қўйибди. Хитой пора олишга мойиллиги бор амалдорларни мана шундай қилиб қўрқитиб ушлаб турибди.

Шундай экан биз ҳам энди кунора янгидан янги қонунлар жорий қилишни эмас, балки бор бўлган мавжуд қонунларни ижросини таъминлашимиз керак деб ўйлайман.

Яна бир гап. Юқорида ҳадеб “мансабдор шахс, мансабдор шахс” деб ёзаяпман-у, аслида қонун бузилиши аксарият ҳолларда оиладан, уйдан, бузилаяпти. Яъни қонун бузилишига нафақат айрим мансабдор шахслар, балки оддий аҳоли ҳам роса мойил. Узоққа бормайлик. Оддийгина кўчада машинада юрганда камар тақишни олайлик. Ҳеч ким тақмайди. Бу нимани англатади? Биринчидан оддий одамларнинг ҳам қонунни бузишга мойилликларини, иккинчидан юқорида таъкидлаганимдай қонун ижросининг сустлигини. Агар у қандай соҳа бўлишидан қаттий назар қонун ҳаммага тенг ишласа, кимларгадир кўнгилчанлик қилинмаса, ишонинг, қонун бузишиш ҳолатлари оддий одамлар орасида ҳам, мансабдорлар орасида ҳам сезиларли камаяди. Ҳамма гап қонунни ишлаши ва кўнгилчанликка йўл қўймасликда. Буни эса эплаш қийин иш эмас.

P.S. Аслида бу хулосаларга катта эҳтимол билан пионер сифатида биринчи мен келмаяпман. Менгача ҳам бу фикрга келганлар бўлиши мумкин.

Манба:Телеграм канали

Ғайрат Йўлдош

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

“террорчилар” қўлига тушган йигит

"Қашқадарё" газетасининг ёзишича, Чироқчи туманида яшовчи Т.Й. таниши орқали телефонига пайнетдан пул ташлаттиради. Қарангки, SMS келмайди. Натижада у "Билайн" уяли алоқа ...

Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш керакми?

Ҳа керак – агар бу иқтисодий жиҳатдан ўзини оқласа. Лекин ишлаб чиқарилган шакар олиб келинадиган шакардан қимматга тушса-чи? (more…)

Нукусда дунёга келган уч эгизак қизалоққа президент исмига мослаб исм топиша олмади

Қорақалпоғистоннинг Нукус туманида дунёга келган уч эгизак қизалоққа Барчин, Гавҳар ва Гумис (Кумуш) деб исм қўйилди. Бу ҳақда туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Сарбиназ ...