Ўзбекистон гендер тенглиги даражаси бўйича МДҲда ҳаммадан ортда қолди

Жаҳон банки 187 мамлакатда аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқиб, «Аёллар, бизнес ва қонун» тадқиқотини  эълон қилди. «Газета.уз»нинг ёзишича, тадқиқотни тайёрлашда экспертлар мамлакатларнинг сўнгги ўн йилликдаги қонунчилик базаларига баҳо берган.

Вазиятни баҳолашда ҳаракатланиш эркинлиги, ишга жойлашиш, меҳнатга ҳақ тўлаш, никоҳ ва фарзандларнинг борлиги, хусусий бизнесни юритиш, мулкларни бошқариш ва пенсия таъминоти каби жиҳатлар ҳисобга олинган.

Ўзбекистон рейтингда гендер тенглиги даражаси бўйича 100 баллик тизимда 70,6 балл олиб, МДҲнинг барча мамлакатларидан ортда қолган. Гватемаланинг ҳам кўрсаткичлари ҳам Ўзбекистонники билан бир хил, Конго (70 балл) эса бир ўрин пастда жойлашган.

Марказий Осиё бўйича энг юқори кўрсаткич Тожикистонда — 81,8 балл, ундан кейинги ўринларда Қирғизистон (76,8 балл) ва Қозоғистон (75,6 балл) бормоқда. Туркманистон рейтингга киритилмаган.

Бельгия, Дания, Франция, Латвия, Люксембург ва Швеция рейтинг етакчисига айланган — улар 100 баллик шкала бўйича энг юқори баҳони қўлга киритган. Сурия (34,3 балл), Қатар (32,5 балл), Эрон (31,2 балл), Судан, БАА (29,3 баллдан) ва Саудия Арабистони (25,6 балл) рейтингни сўнгги ўринларини банд этган.

Тадқиқот мамлакатдаги гендер тенглиги даражаси ва унинг иқтисодий ривожланиш даражаси ўртасида боғлиқлик борлигини кўрсатади. Жумладан, 90 ва ундан юқори баллни қўлга киритган 39 давлатнинг 26 таси даромад даражаси юқори ҳисобланган мамлакатлар сирасига киради.

Манба:Дарё

Бўлишинг: