Покистоннинг Карачи шаҳридаги университетнинг кампусида фургон портлаши оқибатида уч нафар Хитой фуқароси ва бир маҳаллий ҳайдовчи ҳалок бўлди. Университет матбуот котиби Муҳаммад Фарухнинг айтишича, портлаш сабаблари аниқланмаган.

Маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида хитой тилидан дарс берувчи Конфуций институти директори ҳам бўлган. Қолган иккитаси ўқитувчилардир.
Карачи полицияси вакили Ғулом Наби Мемон дастлабки терговга таяниб, худкуш ўзини портлатган бўлиши мумкинлигини айтди.
Аввал яқин атрофдаги Балужистон ҳудудида жангари гуруҳ хитойликларни нишонга олган. Кузатувчилар буни Хитойнинг Шинжон ва Араб денгизини боғловчи йўл қуриш режасига қарши норозилик сифатида баҳоламоқда.