Шри-Ланка бош вазири: «Мамлакат иқтисодиёти бутунлай қулади»

Шри-Ланка бош вазири: «Мамлакат иқтисодиёти бутунлай қулади»

Шри-Ланка Бош вазири Ранил Викремесингхе бир неча ойлар давомида тарихидаги энг оғир инқирозни бошдан кечираётган мамлакатининг инқирозга учрагани ва нефть импорти учун пул тўлай олмаслигини эълон қилди.

 

Парламентда сўзлаган Бош вазир Викремесингхе, Шри-Ланка ёқилғи, газ, электр ва озиқ-овқат тақчиллигидан ташқари жиддий инқирозга юз тутаётганини айтиб, «иқтисодимиз бутунлай қулади» деди.

Нефть импорти учун ҳеч қандай тўлов амалга оширилмаслигини қайд этган Викремесингхе, ҳукумат инқирозни қайтариш имкониятини қўлдан бой берганини айтди.

 

Шри-Ланкадаги вазият

Ўз тарихидаги энг оғир иқтисодий инқирозга юз тутган мамлакат халқи март ойи охирида 13 соатлик электр таъминотидаги узилишдан сўнг норозилик намойишларини кучайтирди.

9-май куни бош вазирлик биноси атрофида намойишчилар ва ҳукумат тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар юз бериб, пойтахт Коломбода ҳарбий қисмлар хизматга чақирилди.

 Мухолифатнинг босими кучайганидан сўнг Бош вазир Махинда Ражапакса 9-май куни истеъфога чиқиб, вазирлар маҳкамаси тарқатилди.

Президент Готабая Ражапакса 12-майда аввал уч маротаба бош вазир бўлиб ишлаган Ранил Викремингени бош вазир этиб тайинлади.

Зўравонликлардан сўнг, бутун мамлакат бўйлаб комендантлик соати жорий этилиб, ҳукумат намойишлар пайтида жамоат мулкига ёки бошқаларга зарар етказган ҳар қандай одамни отиб ташлашни буюрди.

Мамлакатга ёйилган намойишларда саккиз киши, жумладан, ҳукмрон партия аъзоси ва икки полициячи ҳалок бўлди, 250 киши яраланди.

Ҳозирда Шри-Ланкаликлар ёқилғи тақчиллиги, электр таъминотидаги узилишлар, озиқ-овқат ва транспорт харажатларининг қимматлаши билан курашмоқда.

Бўлишинг: