VOA Виртуал сайлов ҳақида

voaЎзбекистонда 29-мартга белгиланган президент сайловлари олдидан давлат матбуотида тарғибот ишлари давом этмоқда.  Аксарияти хорижда бўлган мухолифатчилар эса интернет орқали кампания олиб боришга уринмоқда.  Виртуал сайлов комиссияси тузилди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясидан фарқли бу онлайн органнинг қарорлари бирор қонуний кучга эга эмас.

Аммо ташкилотчиларга кўра,  бу ташаббус чорак асрдан буён адолатли сайлов нималигини билмай келаётган ўзбекистонликлар учун ҳам,  бу жараёнда иштирок эта олмайдиган мухолиф сиёсий лидерлар учун ҳам ўз дастурларини жамоатчиликка тақдим этувчи имконият.

Виртуал сайлов комиссияси таркиби хориждаги таниқли ўзбек фаолларидан ташкил топган.  У айни пайтда Ўзбекистон президентлигига даъвогар номзодларни рўйхатга олмоқда.

Виртуал комиссия Ислом Каримов тўртинчи бор ўз номзодини сураётганини ноқонуний ҳисоблайди ва бу борада Ўзбекистон прокуратурасига шикоят қилган.

«Каримов 4-5 марта ўз номзодини қўйяпти.  Биз уни олиб ташладик,  бу ҳақда эълон ҳам қилдик,  бу бизнинг бир томонимиз.  Ҳозир буни Ўзбекистон ичкарисидаги ташкилотлар давом эттираяпти.  Мана Ҳуқуқ ҳимоячилари Алянси раҳбари Елена Урлаева прокуратурага шикоят билан чиқди.  Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов сайловда Каримовни бойкот қилиш ташаббуси билан чиқмоқда.  Айтмоқчимизки,  хориждаги иш ватан ичкарисида ҳам акс-садо бераяпти“,  — дейди Виртуал сайлов комиссияси мувофиқлаштирувчиси,  Швецияда сиёсий муҳожирликда яшаётган фаол Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Виртуал сайлов комиссияси 10-февралгача Ўзбекистон президентлигига номзодларни рўйхатга олади.  Овоз бериш интернет орқали амалга оширилади.  Натижалар Ўзбекистонда президентлик сайловлари ўтиши ортидан эълон қилинади.

Муҳаммадсолиҳ Абутов дейдики,  Комиссия аввало ўзбекистонликларга виртуал тарзда бўлса-да танлаш имкониятини берувчи сиёсий ташаббус,  қолаверса,  бугунги тузумга муқобил таклифларни олға сураётган сиёсий лидерлар ҳақида жамоатчиликка дарак беради.

«Ўзбекистонда сиёсий жараёнлар ўзгаришсиз,  турғун ҳолатда… Совет даврини қўяверинг,  мустақиллик даврида ҳам адолатли сайлов бўлмади.  Бизнинг бу ташаббусимиздан мақсад ташқарида нисбатан эркинроқ вазиятда бўлган фуқароларимизни сиёсий жараёнларга жалб қилиш.  Қанча одам бўлсин,  бизда чеклов йўқ,  ўз номзодини қўйиш имкониятига эга.  Бу бир тажриба,  мухолифат тарихидаги биринчи жараён.  Каримов даражасида бўлмаса ҳам,  сиёсий амбицияларга эга янги шахслар майдонга чиқишини кутаяпмиз,  ҳали ўзбек халқига яхши таниш бўлмаган ёшлар пайдо бўлишига умид қилаяпмиз “,  — дейди Абутов.

Виртуал сайлов комиссияси воситасида ўз номзодини синовдан ўтказишга қарор қилган мухолифат фаоллари ҳозирча кам.

Айни пайтда ташкилот рўйхатидан “Адолат” партияси номзоди Наримон Умаров,  ХДП номзоди Ҳотамжон Кетмонов,  “Миллий тикланиш” дан Акмал Саидов ва “Қийноқларсиз ҳаёт” нодавлат ташкилоти раҳбари Моҳира Ортиқовалар номзоди ўрин олган.

10-февралга қадар номзодлар рўйхати кенгайиши кутилмоқда.

“Биз ҳам мухолифат ягона номзод билан чиқишини орзу қилган эдик,  лекин афсус,  бу имконсиз,  биласиз,  ўзбек мухолифати ўртасида иттифоқ йўқ.  Шу ҳафта ичида яна тахминан бешта номзоддан ариза берилиши кутилмоқда”,  — дейди Абутов.

Виртуал сайлов комиссияси ташкил қилинишига Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ҳозирча бирор муносабат билдирмаган.

Ташаббусчиларнинг айтишича,  комиссия сайти Ўзбекистонда дастлаб блокланмади,  аммо саҳифага кирувчилар сони ошиши ортидан Виртуал сайлов комиссияси саҳифаси тўсиб қўйилган.

Малик Мансур
http://voauzbek.share.voanews.eu/externalaudio-FLRM/Audio/2626256.html
http://www.amerikaovozi.com/content/virtual-presidential-election-uzbekistan/2626248.html

Бўлишинг:

Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400