“Жаҳон рекорди” ўрнатган ўзбек сўми ҳақида

Рустам Усманов

Аввало пул нима деган саволга жавоб топиб олайлик. Қўлимиздаги бир парча қоғоз биз учун пул ҳисобланади. Унинг пул бўлиб хизмат қилиши учун ягона шарт шуки, маълум ҳудудда (бир ёки бир неча мамлакатда) ана шу қоғозни маълум бир маҳсулотга ёки хизматга эркин айрибошлаш имкониятининг мавжуд бўлишидир.

Пул ҳақидаги энг қадимги маълумот 45 аср аввалги даврга тааллуқлиги билан диққатга сазовордир. Замонавий Ироқнинг жанубидаги икки дарё оралиғида топилган сопол парчасида ўша даврда кумушнинг 1 сикл (оғирлик ўлчови) қиймати – 3 сикл арпа, 12 сикл жун, 10 сикл бронза, 3 сикл кунжут ёғига тенг бўлганлиги ёзиб қолдирилган.

Металл пластинкалардан ясалган пул бирликлари туркий халқларда “танга” номи билан юритилган. Шунинг учун “Иш билганга бир танга, тил билганга минг танга” нақли бизгача етиб келган.

Европада дастлабки қоғоз пулни 1661 йили Стокгольм банки чиқарган. Норвегиялик савдогар Йорген Тур Мулен ўз мамлакати фуқаролари учун қоғоз пул чоп этади. Францияда эса қоғоз пулни Жон Лоу 1718 йилда чиқаради.

Буюк Британия ўзининг Америка қитьасидаги мустамлакаларига танга пул етказиб беролмай қолади. Шунда мустамлакаларда “Билли” номли қоғоз пул чоп этилади. Йиллар давомида қоғоз пул барча мамлакатларда урф бўлди. “Билли” эса “доллар”га айланди.

Бугунги кунда пластик карточкаларда жамланган “пул”дан бутун дунё аҳли фойдаланади. Жумладан Ўзбекистон фуқаролари ҳам. Аммо юртимизда вужудга келган ҳолат ғоят ажабланарли. Қўлингиздаги қоғоз пул билан карточкадаги пул орасидаги фарқдан кўп одам норози. Дўкондан нарса харид қилар экансиз, карточкадаги пул билан қўлингиздаги қоғоз пулнинг 15-20 % фарқ қилишига кўникиб қолгансиз. Ҳолбуки ўз вақтида телевидение орқали уларнинг харид қиймати тенг эканлиги ҳақида жуда кўп кўрсатувлар берилди. Шунга қарамай бугун ҳам бу ҳол давом этмоқда. Нима учун шундай бўлишини тушуниб олиш учун ўз ҳаётимдан мисол келтираман.

1989 йили бир кишидан 100 кг асал қабул қилиб олдим. Ҳар бир қилограмм асал нархи 3 сўм 20 тийин белгиланди. Пул ўрнига тилхат бердим.

Орадан бир йил ўтди. Ўша одам мен берган тилхатни кўтариб келди. Мен бу пайтда бир кг асални 3 сўм 50 тийин нархда сотиб олардим. У киши мендан 320 сўм эмас, 350 сўм талаб қилди.

Дастлаб мен кўнмадим. Шунда у мендан 100 кг асал талаб қилди. Ўйлаб қарасам, у ҳақ. Мен 100 кг асал қабул қилиб олганман. Мен берган тилхат оддий қоғоз. Шу оддий қоғознинг асал бирлигидаги нархи – қиймати 100 кг асалга тенг. Мен унга 320 сўм эмас, балки 350 сўм беришга мажбур бўлдим.

Ҳаётда икки киши ўртасида қоғоз пул ролини ўйнаётган тилхатнинг ўрнини давлат банки чиқарган банкнот (банк тилхати) босиши ҳеч кимга сир эмас. Демак, бизнинг қўлимиздаги “пластик пул” билан “қоғоз пул” қийматларининг фарқидан кимдир фойда кўрмоқда.

Ўзбекистон банки 1994 йил 1 июлдан ўз сўмини муомалага чиқарди. Биринчи куни бир АҚШ доллари бир сўмга тенг эди. Бир ой ўтмай бир доллар уч сўмга сотила бошлади. Кўп ўтмай доллар нархи 20 сўмга чиқди. Нима учун?

Бунга сабаб шу бўлдики, банклар доллар савдосидан четда қолиб кетди. Долларнинг баҳосини ушлаб туриш қийин иш эмасди, аммо ўша пайтдаги Молия вазирлиги ва Марказий Банк маъмурияти ўз вазифасини бажармадилар. Уларнинг хатосини кўргазмали мисол билан кўрсатиш мақсадида пул солинадиган халталарни қоғоз парчалари билан тўлдирдим ва уларни Рустамбанкнинг РАФ маркали микроавтобусига кўринадиган қилиб жойладим. Банкни қўриқлайдиган икки милиционерни ҳам автобусга ўтқаздим ва Олой бозоридаги валюта растасига жўнадим. Кассирга 1000 АҚШ доллари бердим.

Бозорга келиб, эълон қилдим:
– “Рустамбанк” зудлик билан 1 млн АҚШ долларини нақд пулга сотади! Кеб қолинг, об қолинг! Сотаману кетаман!

Бозордаги ғала-ғовур бир зумда тўхтади. Яна бир марта эълон қайтарилди. Ўша куни бозорда долларнинг сотилиш нархи 20 сўм эди. Мен 16 сўм деб эълон қилдим. Бир киши келиб юз АҚШ доллари сотиб олди. Яна бир киши 10 доллар сотиб олди. Шу билан савдо тўхтади.

Зарурат юзасидан долларини сотишга келган одамлар долларини сотолмай қолдилар. Ўшанда давлат курси бўйича 1 долларнинг нархи 8 сўм эди. Уч соат давомида Тошкент бозорларида сотилаётган долларнинг нархи 12 сўмга тушди.

Ушбу ишдан Молия вазирини ҳам, Марказий Банк раисини ҳам хабардор қилдим ва кунига кўпи билан 30 минг АҚШ доллари сотиш билан доллар бозорини назорат қилиш мумкинлигини исботлаб бердим.

Афсуски, улар бундан шахсан манфаатдор эмасдилар. Шунинг учун расмий бозордан “Қора бозорни” афзал билдилар. Натижада 2017 йил август ойининг бошида Андижон бозорида 100 АҚШ долларини 850000 (саккиз юз эллик минг) сўмга сотиб олишга мажбур бўлдим.

Ўтган 13 йил давомида ўзбек сўми қора бозорда 8500000 марта қадрсизланди!!! Сўмнинг ҳар йилги қадрсизланиш қиймати ўртача:
8,5 млн :13 йил = 653846 этди. Ушбу 653846 рақамининг маъносини англаш учун қадрсизланиш қиймати йилига 100 %, яъни 2 баровар бўлганда 13 йил давомида пулимиз:
1∙213 = 16384 марта қадрсизланган бўларди. Кўриб турганимиздек қадрсизланиш даражаси 653846 рақами билан ўлчанмоқда ва бу ҳолни жаҳон “рекорди” деб қайд қилиш мумкин.

Шу билан бирга Ўзбекистоннинг иқтисодчилари ҳар йили иқтисодиётимиз ёки ялпи ички маҳсулотимиз 8-10 фоиз миқдорида ўсиб бораётганлини қайд қилмоқдалар. Демак, 13 йил давомида ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш 104-130 фоизга ошди холос. Пулимиз қадри эса кўриб турганингиздек 8,5 миллион марта камайди… Ўсиш сураъти билан камайиш суръати ҳақида фикр юритиб кўринг!

Ўртача иш ҳақи 2016 йили Қозоғистонда 432 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, Ўзбекистонда 177 АҚШ долларини ташкил этган. Таққослаш учун 1990 йили ўртача иш ҳақи 200 АҚШ долларидан кўп бўлгани, энг кам маош 80 сўм (тахминан 91 АҚШ доллари) бўлганини, ҳозир эса (149775:8500) 17,6 АҚШ долларига тенглигини эслаш кифоя.

Шу ерда марҳум Президентимизнинг сўзларини эслаш лозим. У киши “бизнинг халқимиздек сабрли халқ йўқ. Биз бунинг қадрига етайлик” – деганда аввало халқнинг ҳам пулнинг қадрсизланишига, ҳам ишсизлигига баҳо берганини тушунишимиз қийин эмас. Ўртача турмуш даражамиз нақадар аянчли бўлмасин, қариндош-уруғчилик, маҳалладошлик, бир-бирига ёрдам беришлик фазилатларимиз ва чет элларда ишлаб уйига пул жўнатиб турган миллионлаб юртдошларимиз меҳнати билан тинч яшаб келмоқдамиз. Буни яхши тушунган янги Президентимиз халқ ғазабининг олдини олиб 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” – деб эълон қилди ва биз ичимизда тўлиб-тошиб кетган алам ва фарёдимизни халқ қабулхоналарига бориб тўкиб солмоқдамиз. Шу билан ўзимизни яхши кунлар умидида яшашга даъват қилмоқдамиз. Сабрнинг таги сариқ олтин дейдилар.

(давоми бор.)

Шермуҳаммад Эргашевга берилган ваъдага биноан “жаҳон рекорди” ўрнатган ўзбек сўми ҳақидаАввало пул нима деган саволга …

Posted by Рустам Усманов on Saturday, August 5, 2017

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Одатлар иқтисодиёти: янгиликни қўллаш нега бунчалар оғир

Аксарият кундалик хатти-ҳаракатларимиз одат тусига кирган. Ҳаётимиз ўз қўлимизда, деб бонг урсак-да, одатга айланган юриш-туришимизни ўзгартириш ниҳоятда машаққатли кечади. ...

“лукойл” ўзбекистонга қўшимча 3 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда

Россиянинг “Лукойл” ширкати Ўзбекистонга яна 3 миллиард доллар миқдорида сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ширкат президенти Вагит Алекперовга маълум қилди. ...

Шаҳрихонлик тадбиркор: «электр йўқ. ишлаб чиқариш қилиб адашибмиз…»

Шаҳрихоннинг чекка қишлоғидаги корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кўриб лол қолганимиз бор гап. Беихтиёр «Бўлар эканку» деб юборасиз. Сифатда, бежиримликда ҳар қандай ...