Олти йил фалажликда: фарғоналик она қисмати аслида қандай бўлган эди?

Яқинда ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган, 6 йилдан буён фалаж ҳолда туғуруқхонада сақланаётган Наргиза Убайдуллаева ҳақидаги хабар кўпчиликни ҳайратга солди. Кун.uz таҳририяти мазкур ҳолат билан яқиндан танишиш, бўлиб ўтган воқеани асл ҳолати бўйича изоҳлаш мақсадида Фарғона шаҳар Бурса кўчасида истиқомат қилувчи Ҳабибахон ая Усмонова хонадонига ташриф буюрди. Фарзандининг унсиз, қилт этмай ётишидан юрак бағри тилка пора бўлган аёл бизга дилидаги бор гапларни гапириб берди.

– 2011 йил 27 ноябрь куни қизим бизникига меҳмонга келди. Ўшанда у менга қорни оғриётганлигини, туғуруқхонага у билан қўшилиб боришимни айтди. Тез ёрдам чақиришимга унамади. Биргаликда Кергилидаги шифохонага бордик. У ерга кириб борганимизда соат кечки олти ярим бўлиб қолганди. Шифохонага кирганимизда шанба куни бўлгани учунми у ерда ҳеч ким кўринмади. Мен кутиш залида қолдим, қизим кўрингани шифокор ҳузурига кириб кетди.

Орадан маълум бир вақт ўтиб, ортидан бордим. Қабулхонада у мунғайиб ўтирарди, тепасида эса қўлларини чўнтагига солиб олган шифокор ва ҳамшира туришарди. Қизим манга кесарча усулда кўзи ёришини маслаҳат солди. Мен бунга рози бўлмадим. Шунда ҳалиги шифокор жаҳл билан хонадан чиқиб кетди. Қизимни тинчлантириб, яна кутиш залига чиқдим. У ерда 15 дақиқалар ўтиргач, бир киши чиқиб, “Убайдуллаевага ким келган?”, деб сўраб қолди. Ўзимни таништирдим. “Биз қизингизни олиб кириб кетяпмиз”, деди-ю ўгирилиб кетди. Воқеалар бундай тез ривож олганига шошиб қолдим.

Бундан кейинги воқеалар ривожи ҳам кескин тус олади. На онанинг ва на боланинг розилигисиз беморни жарроҳлик столига олишади. Аммо нимадир бўлади-ю, Наргизанинг юрак уруши тўхтаб қолади. Ўшанда шифокор ва ҳамшираларнинг ўз ишига совуқ муносабатда бўлиши, илмсизлиги ва сансоларлиги (Ҳабиба Убайдуллаева изоҳи) оқибатида беморнинг саломатлигига жиддий путур етади. Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш очилади ва масъулиятсиз шифокорлар жазога тортилади.

Кун.uz жамоаси Наргиза Убайдуллаева олти йилдан буён фалаж ҳолатда ётган Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғуруқ комплекси анестезиология-реаниматология бўлимига йўл олди. Бўлим бошлиғи Алишер Азизов бизга қуйидагиларни гапириб берди.

– Наргиза Убайдуллаева 2011 йилнинг 27 ноябрь куни оғриқ билан туғуруқхонага келган. Унга бачадон чандиғи носозлиги ташхиси қўйилган. Бу ўз вақтида операция қилишни талаб этарди. Бемор бизга кечки 6:25 да келган бўлса, ундаги оғриқлар 4 соат илгари бошланган. Қолаверса, беморнинг қон гемоглобини ҳам жуда паст бўлган. Узоқ вақт оғриқ бўлгани учун бачадон чўзилиб турган ва ҳомила олингач, қоғоноқ олди сувлари магистрал қон томирларига тиқилиб қолиши натижасида беморнинг юрак уриши тўхтаган. Уни юргазишга муваффақ бўлинган, аммо 25-30 дақиқадан сўнг юрак яна тўхтаб қолган. Иккинчи марта ҳам юрагини юргазишга муваффақ бўлинган. Шундан сўнг бемор сунъий нафас олиш аппаратига уланиб, реанимация бўлимига олиб ўтилган.

Наргиза Убайдуллаеванинг онаси Ҳабиба аянинг айтишича, қизи дунёга келтирган фарзанд етти ой туғуруқхонада даволанган. Бу орада куёви жанжал чиқариб, оиласи билан ажрашган.

Тақдири азал, деган муқаддас тушунча бор. Биз бугун бу воқеаларга ким айбдорлигини қидиришдан фойда кўрмаяпмиз. Тан олиб айтиш керакки энди кеч. Доноларимиз “Ноумид шайтон”, деб бежиз айтишмаган. Аллоҳнинг раҳматидан, у берадиган шифодан умид қилишдан ўзга чора йўқ. Мақсадимиз оқ халат кийиб, шифокорман деб юрганларга бу воқеа жуда катта ўрнак бўлсин.

Аудиолар