Грузияда бизнес: Тбилисида бир ҳафтада хостел очишнинг йўли

Ўзбекистонлик Шаҳноза Мўминова Тбилисида бир ҳафтада Backpackers хостелини очига муваффақ бўлди. Қандай қилиб бунинг уддасидан чиққанлиги ва “рюкзак ортган сайёҳлар”нинг ҳақиқий хостели қандай бўлиши лозимлиги ҳақида у Kommersant.uzга берган интервьюсида сўзлаб берди.

Шахноза Муминова превью

– Хостел очиш қанчага тушади? Бу даромадли бизнесми?

– Хостел очиш қиймати турли омилларга асосланади. Аввало, бу бинони ижарага оласизми ёки у сизнинг хусусий мулкингизми – мана шунга боғлиқ. Бинони қонунан уч усулда расмийлаштириш мумкин: ижарага олиш, харид қилиш ёки “гирао” (ижаранинг бир тури бўлиб, унда турар жой қийматининг 50-80 фоизи тўланади; шартнома тугагач, уй эгаси ижарачига бутун суммани қайтариши лозим, акс ҳолда хонадон ижарачининг ҳисобига ўтади). Тўлов ҳажми жойлашув ҳудудига, майдон ва бинонинг ҳолатига боғлиқ. Шунингдек, таъмирлашга, жиҳозлар харид қилишга ва бошқа харажатларни ҳам ҳисобга олиш керак.

Мен 10 минг доллар атрофида пул тикдим: бутунлай ҳамма нарсани сотиб олишга, таъмирлашга ва хостел пул келтиргунига қадар ижара пулини тўлаб боришга тўғри келди. Лекин мен нисбатан катта харажат қилмадим, деб ҳисоблайман – бинони қайта қуриш, канализация қувурлари ўтказиш, коммуникациялар улаш кабиларга эҳтиёж бўлмади.

Иш бошлаганимизга эндигина уч ой бўлди, ҳали харажатлар ўзини қоплагани йўқ. Бу тур муассасалар ярим йил, гоҳида бир йилда ўзини ўзи қоплай бошлайди.

Backpackers

– Грузияда хостел очиш учун нималар талаб қилинади?

– Ҳар қандай бизнесни юритиш учун аввало рўйхатдан ўтиш керак. Бир нечта вариантлар бор: хусусий тадбиркор (кичик ёки микротадбиркорлик) ёхуд масъулияти чекланган жамият сифатида рўйхатдан ўтиш – биз иккинчисини танладик. Бу жараён ярим соатча вақт олади: юридик манзилни тақдим этадиган бино эгаси билан бирга Адлия уйига борилади. Ўша ернинг ўзида банк ҳисобрақами очилади (яна ярим соат). Кейин мен қонун бўйича нималар қилишим лозимлигини аниқлаб олгани, солиқ инспекциясига консультацияга бордим.

Ишни бошлаб олиш учун харидлар (мебель, техника, идиш-товоқ ва ҳ.к.)дан ташқари, шакар, қаҳва ва бошқа масруф моллар етказиб берилишини йўлга қўйиш керак. Энг муҳими – дарҳол бухгалтер ёллаш лозим. Фирма рўйхатга олинганидан кейин e-mailга аудиторлик ва бухгалтерлик компанияларидан, энди иш бошлаган фирма бўлганингиз боис, жуда оз пул (ойига $70-$80)га бухгалтерия ишини юритиш таклифлари келиб тушади.

Шунингдек, солиқ хизмати портали – rs.geда шахсий саҳифа мавжуд, у ерга товар етказиб берувчилар товар юкномасини жойлаштиришлари мумкин. Бу жуда қулай – қоғоз кўтариб юришдан халос бўласиз. Мен касса аппарати ва карточкалар учун банк терминали ўрнатганман. Агар мижоз нақд тўлашни истаса, касса аппаратида чек уриб бераман ва барча ахборот солиқ инспекциясига жўнатилади. Бу суммани, Ўзбекистондаги каби, ҳар куни инкассация қилиб ўтирмайман. Бунинг ўрнига, дўкондан нималардир харид қилишим мумкин. Сотувчи юкнома тўлдиради ва солиқ инспекцияси сайтидаги менинг саҳифамга юклайди. Албатта, бу пулни банкка олиб бориб, инкассация қилиш ҳам мумкин, лекин бу мажбурий эмас – асосийси, бу пуллар қаерга сарфланганини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши керак. Бу жуда мослашувчан тизим.

Backpackers 02

– Ўзбекистонда хостел юритишдаги қийинчиликларидан бири – мажбурий меҳмонхона йиғими: уни, люкс отеллар билан баб-баравар, ҳар бир меҳмон ҳисобидан тўлашингиз лозим. Грузияда ҳам шундайми?

– Грузияда бу умуман йўқ. Мен қатъий белгиланган давлат солиқларини тўлайман, у ҳар қандай бизнес тури учун бир хил. Меҳмонхона бизнеси учун алоҳида солиқ мавжуд эмас. Грузияда солиққа тортишнинг эстон модели қўлланилади. У хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун энг фойдали ва муваффақиятли модель сифатида ўзини намоён қилди ва мен бу ҳақиқатан шундай эканлигини тасдиқлашим мумкин.

Фирма айланмаси 100 минг лари (тахминан $41 минг)дан кам бўлганда, ҚҚС тўланмайди, фақат даромад солиғи  ва фойдага солиқ тўланади. Агар, тижорий харажатлардан ташқари, ташкилотда бошқача, масалан, конференцияларга бориш каби харажатлар ҳам бўлса, улар 15% миқдорда солиққа тортилади. Агар даромадларнинг бир қисмини мен фойда ва дивиденд сифатида чиқариб олсам, унда 20% миқдорида фойда солиғи тўлашим керак бўлади. Булар бари – бизнеснинг қай шаклда эканлигидан қатъий назар, Грузия қонунчилигига мувофиқ тўлашим керак бўлган солиқлардир.

– Бизнесни очишда бирор мураккабликларга дуч келдингизми?

– Мана, бир неча йилдан буён, Грузия бизнес очиш ва юритиш бўйича энг қулай мамлакатлар бешталигига киради. Барча шароитлар ва қонунлар максимал даражада осонлаштирилган ва қулай ҳолга келтирилган.

Энг катта мураккаблик – одамлар бизнесни расман юритиш лозимлигига кўникишмаган. Баъзида, касса аппаратини солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтказиш ёки “Сувсоз”га қўнғироқ қилиб, бу манзилда энди юридик шахс жойлашгани ва сув учун тижорий тарифда пул тўлашини айтиш шартми, дея ажабланган одамларни учратдим.

Расмий даражада бирорта инстанцияда мен бирор тўсиқ кўрмадим – ҳаммаси хизмат вазифасини ўтайди. Фирмани очганимдан кейин танишгани солиқ инспектори келди. У солиқ рақами қўйилган рўйхатга олинганлик ҳақидаги гувоҳномани келтирди ва энг кўзга кўринадиган жойга осиб қўйишни айтди – бу мажбурий экан. Шунингдек, коммунал хизмат етказиб берувчилар ҳам танишишга ва бизда ҳаммаси бехавф ва меъёрда ишлаётганига ишонч ҳосил қилгани келиб кетишди.

– Айнан хостел очиш ғояси сизга қандай келди? Ахир олдинлари сиз меҳмонхона бизнеси билан шуғулланмагансиз-ку?

– Меҳмонхона бизнесида (ва, умуман, бизнесда) мен янги одамман. 20 йилча мен мутлақо бошқа фаолият билан шуғулланганман – асосан гуманитар лойиҳаларда ишлардим. Оловли нуқталар, у ёки бу кўринишдаги инқироз мавжуд мамлакатлар бўйлаб қатнаганман, гуманитар фондлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилганман.

Менинг охирги миссиям Донбасс (Украина) бўлди, у ердан шу йилнинг март ойида қайтдим. Таътилда эканман, Тбилиси марказида бино ижарага берилиши ҳақидаги эълонни ўқиб қолдим. Шунда юрагимда нимадир йилт этди ва мен уни сўндирмаслика қарор қилдим. Икки соат ўтгач, мен бино эгалари билан суҳбатлашиб, бирор рақам ёки ҳисоб-китобга эга бўлмасам-да, бўлажак бизнесни чамалаб ўтирардим. Мен ич-ичимдан шу бинони ижарага олишни ва унда хостел очишни истардим.

Ғоямни турли мамлакатларда яшаётган болаларим билан бўлашдим, улар фикримга қўшилиб, қизғин қўллаб-қувватладилар. Ижара шартномасини имзоладим ва хостелни жиҳозлай бошладим. Албатта, китобида ҳаммаси бошқача рўй бериши керак эди: олдин бу бизнес ҳақида маълумотга эга бўлиш, кейингина, ишни билган ҳолда бизнес очиш керак эди. Менда эса, буткул тескариси бўлди.

– Иш очишга тайёргарлик қанча вақт олди?

– Тайёргарлик кўришга мутлақо вақт бўлмади. Мен бинонинг калитини олган кунимниг эртасигаёқ биринчи мижозлар эшик қоқиб туришарди. Мен умуман тайёр эмасдим, ҳатто шартнома ҳам ҳали имзоланмаган, оддий ётоқ анжомлари ҳам йўқ эди. Лекин мижозлар тунаш учун киритишни астойдил илтимос қилганларидан сўнг, керакли ҳамма нарсани уйимдан ташишга тўғри келди. Таъмирлаш ҳам шундай ўтди: мижозларни қабул қилиш баробарида деворларни оқлаб, таъминотни йўлга қўйиб бордик, атрофни ободонлаштирдик, мебель ва идиш-товоқ харид қилдик. Одамлар танишлари тавсиялари билан келишар ва ҳар қандай ноқулайликка чидашга тайёр эдилар. Осон бўлди, дея олмайман, лекин ҳаммасининг уддасидан чиқдик.

– Backpackers хостелининг ўзига хослиги нимада?

– Хостелимиз Тбилисининг қоқ марказида, итальян ҳовлиси ичида жойлашган. Озодлик майдонига яқинлигига қарамай, бу ер жуда сокин ва тинч. Бу жуда муҳим, чунки шаҳар бўйлаб кун бўйи “югургилаган” сайёҳлар ҳордиқ чиқариб, тўйиб ухлаб олишни истайдилар.

Шинам ошхонамиз ва мулоқот учун ажойиб хонамиз бор. Хостел меҳмонхонадан айнан шуниси билан ҳам ажралиб туради – бу фақат арзон ётоқ эмас, балки турли мамлакатлардан келган, турфа миллат ва маданиятга эга одамларга ўзаро мулоқот қилиш ва алоқа ўрнатиш имконини берувчи маскандир.

Интерьер қандай услубда бўлиши ҳақида биз – хостелни бошқаришда менга кўмак бераётган қариндошлар ҳалигача баҳслашиб келамиз. Ҳозир у кантри унсурлари уйғунлашган қадимий услубни касб этган. Умумий хонадаги столчалар ва диванлар паллетдан қилинган. Ёстиқларни ўзимиз тикдик. Ошхонада, декор унсури сифатида керосин чироқлар, чўтлар, тикув машинаси жой олган. Менимча, интерьер ва ободонлаштириш ишлари яна бир қанча вақт давом этади ва, пировардида, биз ўзимизга хос услубга эга бўламиз.

– Хостелда асосан кимлар туради? Бирор-бир эсда қоларли меҳмонлар ёки уларга боғлиқ хотиралар бўлдими?

– Меҳмонларимизнинг тенг ярми – собиқ иттифоқ республикалари (Россия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Озарбойжон, Арманистон)дан. Қолган ярми – Ғарб ва Шарқ мамлакатлари (Ҳиндистон, Эрон, Франция, Голландия, Чехия, Англия, Италия, Сербия, Швейцария) вакиллари. Ҳар икки меҳмондан бири қизиқарли тарихга эга, мен шу сабабли ҳам ўз хостелимни севаман – у қизиқарли ва ёрқин шахслар калейдоскопидир.

Яқинда ўз минивэнида саёҳат қилувчи, имкониятлари чекланган бир киши бизда узоқроқ қолди. У ҳозир Туркиядан Мўғулистонга йўл олган, йўл-йўлакай хайрия йиғади ва сотиш учун ҳамёнлар тикади. Булардан тушган пулни у шимолий Суматра (Индонезия)даги мактабни тиклашга эҳсон қилиш ниятида.

– Яхши хостелни қандай танлаш мумкин? Нимага эътибор бериш керак?

– Хостелда индивидуал муносабат қадрланади – меҳмонхонадан асосий фарқи ҳам шунда. Тўғри, меҳмонхонада хизмат кўрсатиш даражаси юқорироқ, қулайликлар кўпроқ, лекин меҳмонларга муносабат ҳам бир қолипга солинган, чунки улар жуда кўп. Дўстона муҳит –хостелни яхши-ёмонга ажратувчи мезон.

Иккинчиси – функционаллилик. Бэкпекер елкада рюкзак, қўлда гажет тутган ҳолда дунё бўйлаб сайр қилади. Демак, ҳар бир ётоқ ёнида розетка ва бошқа заруриятлар, масалан, индивидуал ёритгичлар бўлиши керак. Хонада ўнлаб кроватлар қўйиш мумкин, умумий чироқ ҳам ўрнатилади, одамлар эса турфа хил – ҳаммасининг ўз режими мавжуд, шу сабабли бу ҳолатда индивидуал ёритиш идеал ечим бўлади, биз ҳам шуни маъқул кўрдик.

– Грузияда сайёҳлик қанчалик ривожланган?

– Мен Грузияда 2008 йилдан буён, тўққиз йил давомида истиқомат қилиб келаман, ҳозиргидек вазиятни аввалда асло кўрмаганман. Тўққиз йил олдин бу ерда чет элликлардан фақат гуманитар миссиялар вакилларинигина кўриш мумкин эди. Беш йилча олдин ҳам сайёҳлар шунчалик кам эдики, уларга эътибор ҳам берилмасди. Ҳозир эса, сайёҳлар оқиб келмоқда ва ҳеч кимни ҳайратга солаётгани йўқ.

– Ўзбекистонликларга Грузияда қаерга боришни тавсия қилган бўлардингиз?

– Грузиядаги сайёҳлик йўналишларининг ҳар бири – археологик турми, маданий, гастрономик ёки шаробхўрлик, эзотерик, бизнес-тур – ҳар қайсиси очилмаган қўриқ мисоли, кўриб кўзингиз тўймайди. Ўзбекистонликларга ёзда Қора денгизда дам олиш айниқса маъқул келади, деб ўйлайман. Қишда эса Гудаури ва Бакуриани чанғи курортлари жуда ажойиб. Кимдир Грузияга отланса ва айнан нималарни томоша қилишни белгилаб олиш ниятида бўлса, саҳифамизга ёки менинг ўзимга ёзишсин. Хостел ходимлари турни ташкил этишга ва, ҳатто, гид танлашга, бунинг барини арзон, қулай ва ажойиб уюштиришга кўмак берадилар. Шундай экан, хуш келибсизлар!

ФотоBackpackers Hostel / Tbilisibooking.com

Грузияда бизнес: Тбилисида бир ҳафтада хостел очишнинг йўли

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Урганч ҳокими битай деб қолган иморатни бузиб ташлади

Урганчда битай деб қолган меҳмонхонани бузиб ташлашибди. Тадбиркор бузиш шаҳар ҳокимининг оғзаки буйруғи билан бўлганини айтмоқда, шаҳар ҳокими эса «мен буйруқ бермадим, ...

“жаҳон рекорди” ўрнатган ўзбек сўми ҳақида

Рустам Усманов Аввало пул нима деган саволга жавоб топиб олайлик. Қўлимиздаги бир парча қоғоз биз учун пул ҳисобланади. Унинг пул бўлиб хизмат қилиши учун ягона шарт шуки, ...

Илҳом норқулов:деноминация режалаштирилмаган дея олмаймиз

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мутасаддилари иштирокида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқот давомида ...