Ўз тилимизга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат ўзимизга бўлган ишончдир

 

 (Ўзбек тилига давлат мақоми берилганлигининг 28 йиллигига бағишланади.)

Ўтган йили шу пайтлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов муносабати билан партиялар ўртасида ўз дастур ва кўрсатилган номзодларини тарғиб ва ташвиқ қилиш ишлари кундан кунга жуда авж олган палла эди.

Тан олиб айтиш керак,  бу жараёнда “Миллий Тикланиш” партияси  ўз дастурида олдига қўйган мақсад ва ғояларинининг кенг қамровлилиги, изчиллиги ва айниқса миллий ўзлигимизни англаш масаласига алоҳида урғу берилганлиги билан бошқа партияларга нисбатан алоҳида ажралиб турди. Бугунимиз ва келажагимиз учун ўта муҳим бўлган сифатлардан бири миллий ва тарихий улуғворлик руҳи мужассам эди уларда.

Халқ ишончли номзод сифатида ЎзЛДПдан Шавкат Мирзиёевни сайлаган бўлсада, сайловдан кейин кўча кўйларда айрим юртошларимизнинг Мирзиёев  “бойларни янаям бой қиладиган бўлди, ахир у тадбиркорлар ва ишбилармонлар партиясиданку”, дея тушкунлик ва умидсизлик билан гапирган гаплари ҳам қулоққа чалинар эди. Аммо янги Президент ўз фаолияти ва мамлакатда амалга ошираётган ислоҳотлари билан бу каби шубҳаларга чек қўймоқда. Аксинча, фуқароларни ишбилармонлик ва тадбиркорлик фаолиятига кўпроқ жалб этиш сиёсатига алоҳида урғу бермоқда.

Энди шу ўринда аҳолининг моддий ва иқтисодий аҳволининг ўсиши билан миллатнинг миллий ўзлигини англаш, яъни маънавий ва маърифий юксалиши масалаларини ҳам бир бирига таққослаб кўрсак. Жуда оддий мисол: Тадбиркор ўз маҳсулотларининг харидорлилигига аввало рекламалар орқали эришади. Реклама қанча кўп, доимий ва такрорий бўлса, у харидорни албатта ўзига “ром” этиб олади. Шу туфайли рекламалар ҳаётимизга шу қадар кириб келганки, кундалик турмушда биз уларга деярли ҳар куни дуч келамиз.

Табиийки, улар онг шууримизга ҳам сингиб кетишган. Ана шу жойда аксарият рекламаларнинг  рус тилида эканлиги кишини бир оз мулоҳазага чорлайди. Масалан: “Авто мойка”, “Ателье мод”, “Ремонт телевизоров”, “Ремонт часов”, “Ломбард”, “ Выдача кредита под залог”, “Двери на заказ”, “Техномарт” “Техника в рассрочку”, “Узкабель”, “Электротовары”, “Срочное фото”, “MEGA SVET”, “Мы осветим Ваш мир”, “Салон обоев”,”Скупка золота ювилер”, “Брендовые игрушки из первых рук”, “Канцтовары”, “Салон модной оптики”, “Чистка ковров”, “ PULS,Твоей вечеренки”, “Сочная долина” ва шунга ўхшаш яна кўплаб атамалар.

Тўғри, рус тили ўзининг жарангдорлиги билан ўта рекламабоп. Аммо бу “қулайлик” доимий равишда давом этадиган бўлса, миллий ўзлигимизни англаш масаласи муаммолигича қолиб кетаверади.

Қолаверса, ўзбек тилимизнинг ҳам бой имкониятлари, жозибаси ва оҳангдорлигини қачон тўла англаб етамиз. Тилимизга бўлган муносабатимиз шу тахлид  давом этар экан, унда алфавитимиз борасидаги тортишув ва мақсадлардан қандай наф.

Очиғини айтадиган бўлсам, шу пайтгача тилимизга бўлган ишонч, эътибор ва ҳурмат давлат сиёсати даражасига чиқмаган…

Бу дунёда жамики жонзот ўзини сақлаб қолишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Бу ҳаёт қонуни, бу яшаш қонуни! Жумладан, миллатлар ҳам… Миллатнинг мавжудлиги ва ўзига хослиги эса аввало унинг тили билан.

Ҳурматли мулкдорлар, ишбилармонлар ва тадбиркорлар! Моддий аҳвол яхшиланганда инсоннинг маънавий ва маърифий жиҳатдан юксалишига шарт-шароитлар янаям тўлиқ етилади. Фақат бунинг учун истак, иштиёқ, интилиш, уйғоқ қалб ва уйғоқ тафаккур керак.

Аҳолига маҳсулотларингиз рекламаси, ўз хизматларингиз юзасидан таклифларингиз ва эълонларингизнинг ўзбек тилидаги вариантини ҳам тақдим этишни ўзингизнинг миллат ва халқ олдидаги асосий ва муқаддас  бурчларингиздан бири деб билинг…

Турки тил имкониятларининг бебаҳолигини очунга исботлай олган буюк бобомиз Алишер Навоийнинг “Эл нетиб топғай мениким, мен ўзимни топмасам” деган сатрлари миллий ўзликни англаш маъносида ҳам бонг уради. Зеро, ўзликни англаш саодатдир. Ўзликни англаш эса миллий ўзликни англашдан пайдо бўлади. Ўзга миллатларга нисбатан самимий муҳаббат ва муносабат, ўзга элларга нисбатан чинакам ҳурмат ҳам ана шундан бошланади.

  Муаллиф:  Дилфуза Лангар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Матбуот хизматлари талаб даражасида ишламаяпти

Вазирлик ва идораларнинг матбуот хизмати талаб даражасида ишламаяпти, деб баёнот берди Комил Алламжонов. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Алламжоновнинг ...

Қирғизистоннинг собиқ мҳх раиси ярадор бўлди

Қирғизистон Миллий ҳавсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Абдил Сегизбаев ярадор бўлди. Уни қирғизистонлик шифокорлар  шифохонага етказишган. Маълумотларга қараганда, у ...

Тошкент ҳокимияти шаҳарни сув босишида оддий одамларни айблади

Пойтахт ҳокимиятининг ахборот хизмати чиқарган хабарда айтилишича, шаҳарнинг сув остида қолишига ҳокимият тизимига кирмайдиган ташкилотлар ва фуқаролар айбдор. (more…)