Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл туманидаги “Жана қала” ОФЙ да қора моллар ўлмоқда. Моллар орасида ёздан бошланган бу касалликни тўхтатишнинг имкони бўлмаяпти. Шу пайтгача овулдаги 50 дан ошиқ моллар ҳаром ўлган, деб ёзмоқда «Кар24.уз» сайти.
“Ёзда моллар ўлиб бошлаб, бирдан тўхтаган эди, икки ойдан буён бу ҳолат яна бошланди. Аҳоли қора молларнинг бирдан ўлишидан ташвишга тушмоқда. “Қарасан”, “мол шамоллаши” бўлса керак деб ўйлаб янгилишган эканмиз”, дейди “Жана қала” ОФЙ котиби Ерполат Мусинов.
Ушбу ҳолат бўйича Қанликўл тумани ветеренария бўлими бошлиғи Дауран Худайбергенов билан телефон орқали боғландик.
“Қора молларда аввал бундай касаллик кузатилмаганди. Туманга Мўйноқдан сотиш учун кўп қора мол олиб келинади. Менимча, бу касаллик сотиш учун олиб келинаётган моллардан юқяпти. Айни пайтда қора молларда “пастрелиоз” касаллиги белгилари кузатилмоқда. Бунда қора молларнинг қони камайиб кетади ва бу ўлимга сабабчи бўлади”, дейди туман ветеренария бўлими бошлиғи. Ҳозир туман ветеренария бўлими Самарқанд тиббиёт қишлоқ хўжалиги институтидан махсус вакцина учун буюртма берган. Мутахассислар бу вакцина қора моллар ўлимининг олдини олади, деб ишонишмоқда.