Қозоғистоннинг барча вилоятларида фавқулодда ҳолат тартиби бекор қилинди. Бу ҳақда президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг матбуот котиби Берик Уали маълум қилди.
Унга кўра, 19 январь куни ярим тундан бошлаб Нур-Султон ва Олмаота шаҳарларида, шунингдек, Олмаота, Атирау, Жамбил, Қизилўрда ва Манғистау вилоятларида фавқулодда ҳолат тартиби бекор қилинган.
Аввалроқ президент Чимкент, Шарқий Қозоғистон, Ақтўбе, Туркистон, Оқмўла, Қўстанай, Қарағанда, Павлодар, Ғарбий Қозоғистон ва Шимолий Қозоғистонда фавқулодда ҳолат тартибини муддатидан аввал бекор қилган эди.
“Шундай қилиб, бутун мамлакат нормал ҳаётга қайтмоқда. Фавқулодда ҳолат даврида киритилган комендантлик соати ва бошқа вақтинчалик чекловлар бекор қилинди. Халқнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва армиянинг тинимсиз меҳнати туфайли Қозоғистонда тартиб ва осойишталик ўрнатилди. Юртимизда ҳамиша тинчлик ва фаровонлик бўлсин!”, – деб ёзди Уали Фейсбукдаги саҳифасида.