Украина пойтахти Киев шимолида жойлашган Бузова қишлоғидаги ўнлаб тинч аҳоли вакилларининг жасадлари кўмилган оммавий қабр топилди. Бу ҳақда Дмитровка қишлоғининг раҳбари Тарас Дадич хабар берди. (Бузова қишлоғи Дмитровка қишлоғи таркибига киради.)
Жасадлар ёқилғи қуйиш шохобчаси яқинига кўмилган.
Дадичнинг айтишича, бундан ташқари маҳаллий аҳолининг жасадлари отишмага учраган машиналар ичидан ҳам топилган. Мустақил манбалар бу маълумотни тасдиқламади.
“Биз ҳозир бунга кўникишимиз керак, бироқ биз оккупация пайтида кўплаб фуқароларимизни йўқотдик”, деди Дадич маҳаллий телеканалга берган суҳбатида.
Пойтахтни муваффақиятсиз қамал қилгандан сўнг яқинда рус қўшинлари Киевдан чиқиб кетишди.
Шу кунгача Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1700 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Дарҳақиқат, қурбонлар сони бундан ҳам кўп эканлиги айтилмоқда.