Россия президенти Владимир Путин Украинанинг барча фуқаролари учун Россия фуқаролигини олиш қоидаларини соддалаштирувчи фармонни имзолади. Ҳужжат мазмуни 11-июлда ҳукуматнинг махсус сайтида эълон қилинди.
Украинанинг икки вилояти ҳудудида ташкил этилган «Донецк халқ республикаси» ва «Луганск халқ республикаси» бўлгинчи тузилмаларининг аҳолисига Россия паспорти 2019-йилдан бошлаб имтиёзли шартларда берила бошлаган.
Путин жорий йилнинг 25-майидан бошлаб Украинанинг Херсон ва Запорожье вилоятлари аҳолисига Россия фуқаролигини имтиёзли шартларда олиш ҳуқуқини берувчи фармонни имзолаган эди. Ушбу ҳудудларда паспорт бериш маркази ташкил этилган.
Россия ҳужумидан сўнг Владимир Путин ва бошқа россиялик амалдорлар «Украина ҳудудларини босиб олиш» уларнинг мақсади эмаслигини қайта-қайта таъкидладилар. Шунга қарамай, рус аскарлари томонидан босиб олинган барча ҳудудларда москвапараст маъмуриятлар ташкил этилиб, минтақаларни Россия Федерацияси таркибига қўшилиши тарафдори бўлган раҳбарлар тайинланган. Бу ҳудудларга Россиянинг юқори мартабали мулозимлари ташриф буюриб, бу ҳудудлар «доимо Россия билан бирга бўлади» деб ваъда беришган.
Россия кучлари «махсус ҳарбий операция» баҳонасида 24-февралда Украинага бостириб кирди. Қарийб беш ой давом этган урушда ҳар икки томондан минглаб аскарлар ва тинч аҳоли ҳалок бўлди. БМТ маълумотларига кўра, Украинани 7 миллионга яқин одам тарк этган.