Тошкентда лаҳм гўшти 42-45 минг сўм, суякли гўшт эса 30-35 минг сўм

Ўзбекистонда кейинги пайтларда нарх-навонинг кескин тарзда ошиши тўхтамаяпти. Мамлакат пойтахтида инсон учун энг зарур саналадиган озуқа маҳсулотлари – гўшт, ёғ, ун, ва сут маҳсулотлари деярли ҳар куни ошаётир. Кечаги нарх бугунги кунга тўғри келмай қолаётир. Бундай ҳолатлар, айниқса, Тошкент шаҳрида кучли. Пойтахтликлар ҳар куни бозорлару супермаркетларда, гўшт дўконларида гўшт нархининг кўтарилиб кетаётганига гувоҳ бўлаётир ҳамда арз қилаётир. Аммо шундай бўлса-да, бу борада ҳукумат томонидан жиддий чора-тадбирлар кўрилмаётир. 

ЎзЛиДеп матбуот хизмати соҳа мутахассислари гўшт маҳсулотлари нархининг кундан кунга ошаётгани сабабини 2005 йилдан то 2016 йилгача озуқабоп экин майдонлари 40 фоизга камайиб кетгани билан изоҳлайди. Бундай изоҳни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Банк-молия академияси ҳамкорлигида ўтказилган “Инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш — Ўзбекистонда жадал иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим шарти” деб номланган тадбирда ўз маърузаси билан иштирок этган Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг докторанти Муҳиддин Юсупов билдирган.

Тадқиқотчи, шунингдек, мамлакатимиздаги экин майдонларида собиқ Иттифоқ даврида, яъни 1990 йилгача 24,8 фоиз ерга озуқа экинлари экилганлигини, бу кўрсаткич айни пайтда 9 фоизга ҳам етмаслигини алоҳида таъкидлаган.

Олим ҳозирги кунда гўшт етиштириш деҳқон хўжаликлари зиммасида эканини айтар экан, улар ҳисобига барча маҳсулотларнинг 95 фоизи тўғри келишини билдиради. Ўз навбатида аҳолининг 95 фоиз эҳтиёжини қаноатлантираётган шахсий томорқа хўжаликларига давлат томонидан ҳеч қандай ёрдам берилмаётганини, давлат деҳқон хўжаликларини на ёқилғи-мойлаш материаллари ва на ўғит билан таъминламаётганини, ҳатто унумдор чорва моллари етиштириш учун деҳқонлару чорвадорларга тегишли ер ажратиб ҳам бермаётганини алоҳида урғулайди.

Бизнинг назаримизда, тадқиқотчи олим таъкидлаганидек, соҳада экин майдонларининг камайгани, томорқа хўжаликларига давлат томонидан молиявий ёрдам берилмаслиги ва қўллаб-қувватланмаслигидан ташқари камчиликлар ҳам бор. Бундай камчиликлар сирасига ҳеч иккиланмасдан  тадбиркорлару ишбилармонларга молиявий ёрдам қўлини чўзмайдиган давлат органларининг улар фаолиятига ўринсиз аралашишини, даромадларига кўз олайтиришларини, бизнесини ривожлантиришига тўсқинлик қилиши каби омилларни киритиш мумкин.

Бунга “Қўйлиқ” деҳқон бозорида гўшт савдоси билан шуғулланадиган паркентлик тадбиркор билан суҳбатим жараёнида амин бўлдим. Тадбиркорнинг айтишича, Паркентдан Тошкентнинг Қўйлиқ деҳқон бозорига келгунича ўзларининг гўшт юкланган “Дамас” автомобилини нақ иккита жойдаги постда ички ишлар идораси текширувдан ўтказаркан, уларга, албатта, тегишли “улуш”лар бериларкан. Борди-ю “тегишли улуш”лар берилмаса, йўл қоидасини бузганликда ёки ички ишлар органи ходимига қўпол муносабатда бўлганликда ва бошқа сон-саноқсиз алломбало айбларга гирифтор бўлиб, “қонуний” чора гирдобига тушиб қолар экан. Бу каби ортиқча харажатлар эса шубҳасиз, гўштга таннарх белгилашда бошқа харажатлар каби инобатга олинаркан.

Бундан англашиладики, барибир оғирлик сизу биз каби қора халқнинг зиммасига тушади. Демак, хулоса шуки, бозорларимизда гўштнинг нархи ошишига йўл-йўлакай учрайдиган олғирларнинг, чорвадору деҳқонлар ҳамда тадбиркорларнинг даромадига тайёр шерикларнинг ҳар хил хатти-ҳаракатлари ҳам таъсир қилади.

Муаллиф Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тилимиз учун кураш

Яна тилимиз учун кураш майдонига чиқишга тўғри келади шу ўриспарастлар туфайлидан ва улар миллатни бўлинишига,  алғов-далғовга сабаб бўладилар. Улар она тилининг жозибасини ...

Атирауда “тунги капалаклар” ин қурган сауна ва меҳмонхона фош этилди

Атирауда фоҳишалар маскани фош бўлди. Шаҳардаги сауналардан бирида ўн нафарга яқин "тунги капалак"лар ишлаган, дея хабар тарқатмоқда Nur.kz. Фото:Patrul.kz  Полиция енгилтак ...

Тиббиёт. чироқчи. осмон узоқ, ер қаттиқми?

Кун-кунаро янгилик. Айниқса, тиббиёт соҳасида:  тизимида ислоҳотлар жадал суръатлар билан давом этмоқда. Келтирилаётган энг сўнгги русумдаги тиббиёт анжомлари, инвентарлар... ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400