Эврил Турон: Мустақиллик қаҳрамон. Тенгсиз Темур юрти (давоми)

                                                                      40

“Мен дунёда Кешдан кўра гўзалроқ яна бир шаҳар борлигига ишонмайман. Унинг марказий кўчаси шунчалар кенгки, йўлнинг икки ёқаси ўртасидаги масофа эллик заръ келади.

  Бу йўлдан бир қатор бўлиб, елкама- елка туриб,25 нафар суворий ўтиши мумкин. Гарчи у дунёда ягона бўлса ҳам , саройим бетакрор бўлишига қарамай, унда узоқ турмадим”.

                                                                                                                                                                 Темур.

“Дедилар: “Кешвари дурур дилкаш,

Оти ҳам Шаҳрисабз эрур, ҳам Каш.

Хизр монанд сабзадан рангги,

Сабзаси, суви кўзгуси зангги.  

                                                                           Алишер Навоий.

“Темур ўз Ватанининг даҳо халоскори”.

                                                 Л.Лянгле, Француз муаррихи.

“Дунёвий саодатнинг  сўнги нуқтаси ҳам умумий саодатдир”.

                                                                                                      Фитрат.

Муаррихлар: “Муқанна даврида (VIII аср) Кеш олдинги ўрнидан жанубга силжиган” дейишади. Мен ҳам шу фикрга қўшиламан ва “Жанубга…” ни ҳозирги Шаҳрисабз деб тушунаман. Тарих талқинича, Кеш Темур замонида “Шаҳрисабз” оти билан ўзгарган. Бу туркка ёт атама. Кеш Кешлигича қолиши керак. Ёки уни Темуркент деб аташ лозим.

Мен олимлар ичида динни туғ қилиб юрган кишиларга ҳам дуч келганман. Улар Муқанна (Ҳошим Ҳаким) замонида Кешни Шаҳрисабзга айланганини иддао қилишади. Тангрига шак келтириб, уни ёмонлашади:

“Муқанна ўзини пайғамбар, Худо деб эълон қилган. Жуда хунук, бедаво, бир кўзи кўр, сеҳргар бўлган. Шунга юзига доим парда тутиб юрган”.

Аслида бу Муқаннани халққа ёмон кўрсатиш учун замонасоз муаррихлар (Наршахий, Табарий)нинг туҳматга  қотилган уйдирмалари. Ёвуз тузумлар ўзларини оқ, ўзларига қаршиларни қора кўрсатиш учун Яратгандан қўрқмай, ёлғонни қурол айлашади. Ўз маддоҳлари, ялтоқлари, ялоқлари  орқали…

Қорадан оқни ажрата билмаган эшак миялар замонасозларнинг оғизларидан  тушган ифлос сақичларини оғизларига олиб, чапиллатиб чайнашади:

Муқанна кўр,

Муқанна хунук,

Муқанна даҳрий,

Муқанна бузуқ…

Агар Муқанна чиндан ҳам хунук, кўр, юзига доим тўсма тутиб юрса:

Қандай қилиб лашкарбоши бўлган? Қандай қилиб вазир бўлган?

Айни шу саволни мен динни туғ айлаган бир касга бердим. У чайналди… Лекин тайинли бир гап айтмади. Айтолмайди ҳам. Аниқ далил олдида ҳар қандай одам ожиз.

Шундан келиб чиқиб айтаман: замонасоз муаррихлар  ва уларга эргашган касларнинг гаплари кўп ҳам ҳаёт ҳақиқатига тўғри келмайди. Сиёсатдан қўрқиб, сиёсатга мослаб ёзилган асарлар ёлғон ва туҳматдан холи бўлмайди.

Ҳеч бир муаррих асарида (Наршахий ва Табарийдан бошқа) “Муқанна аввал ўзини пайғамбар, кейин Худо деб эълон қилди” деган гап йўқ.Унинг тўқималигини шундан ҳам билса бўлади.

Ўрис истилочилари ҳам тўқишда, ёлғонда, туҳматда араб босқинчилари йўлини тутишган. Ўз эл-юртининг озодлигини учун курашган эрксеварларни “босмачи”га чиқаришган. Туҳматга қаранг! Ёвуздан-да ёвуз туҳмат! Нима, эрксеварлар ўрусияни босиб олишганми? Хотин-қизларини булғашганми? Эркакларини ўлдиришганми? Йўқ. Ғараз туҳмат!!! Қон, йирингга қорилган бу туҳмат тегирмонига ички сотқинлар, аниғи ҳорамзодалар сув қуйганлар. Уларнинг ичида ёзувчилар, шоирлар, олимлар, Комил Ёрматга ўхшаш кино режиссёрлар озмиди?

Бу ватан хоинлари ҳали ҳам адабиёт, саънат, тарих…да  байроқ қилинмоқда.

Қачон кўзингни очасан, ўзбек?!!

Ўрис шовинистлари шу даражага бориб етдиларки, орқаворотдан, баъзан очиқ (жунбушга келган онларида) ҳолда бутун бошли халқни

Басмач!!!” дердилар.

Тузалмас миллатчилик касалига йўлиққан шовинистлар шундай тескари тарғибот, зўрлик,зулм эвазига узун-узун йиллар ер ости, усти бойлигимизни талашди, қонимизни ичишди.

Худди исломни ниқоб айлаган араб газандалари каби.

Тарих гувоҳ: олтин, кумуш, ипак, шойи, қуруқ мева…ортилган карвонлар Туркистондан Дамашққа узлуксиз қатнаганлар. Асрлар бўйи. Аждодларимизнинг дарё бўлиб оққан қутлуғ қонлари ҳақи буни ҳеч замон, ҳеч замон унутмаслигимиз керак. Араб газандалари нафс йўлида туман-туман қондошларимизни ўлдиришган, ўй –жойлари  ва экин майдонларини ёқишган. Норғул йигитларни қул, гулюз қизларни чўри қилиб, арабга  ҳайдаб кетишган.

Ёзувимиз (алифбо), қўл ёзмалару китобларимизни бутунлай йўқ этишган. Қуёш қандай ҳақиқат бўлса, бу шундай ҳақиқат. Бу ҳақиқат замонасоз Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида ойдин акс этган. Беруний бобомизнинг “Ўтмиш халқларидан қолган ёдгорликлар” китобида ҳам битилган.

Ўрис фашистлари араблардан-да ёмон кўргуликларни бошимизга солишган. Миллион-милион туркларни қириб ташлаган. Ёзувни, тарихни, адабиётни, онгли кишиларни маҳв этишган. Бу варварлик Петр биринчининг йўриғи билан амалга оширилган. Маълумки, у Ўрисияни империя (1721 йил) деб эълон қилгандан сўнг ўз аён ва генералларига осмоний виқор билан деган:

“Ўрта Осиёнинг ягона вориси рус подшосидир. Ер юзидаги ҳеч бир куч бу меросга даъво қилишимизга тўсқинлик қила олмайди”.

Ягона ворисмиш!!!

Гўё Ўрта Осиё Петр I нинг отасидан қолган томорқа!..

Туркистон шаънини, ор-номусини ерга уриш ва уни менсимаслик эмасми бу гап?!

Шундай.

Петр биринчининг ишонч билан бундай дейишига асос борми? Не аламки, бор.

Ватан, миллат дардидан узоқ уч хон бир- бири билан  ёвлашгани, бир туғишган халқни дунёдан узгани, жаҳолат ботқоғига ботиргани, замон қуролига эга эмаслиги ва айш- ишратга (ўнлаб хотинлари ва номаҳрамлари билан) берилгани асос эмасми?

Асос.

Пётр 1нинг сўзидан сўнг Туркистонга босқи бошланди.

Маккорлик билан, Сиёсий фириб, мафкуравий макр, юртдошлар ўртасига низо солиш билан, Хонларни бир-бирига қайраш билан, Ички сотқинларнинг ёрдами билан, Турли ваъдалар билан, Замон қуроли билан…

Оқибат: Туркистон буюк йўқотувлар билан ўриснинг мустамлакаси ва тергисига (дастурхон) айланди.

Буюк йўқотувлар…

Агар мислсиз қирғинлар бўлмаганда, Ўрта Осиё эли сони ҳозир уч юз миллиондан ошарди.

Шарқий Туркистон ўз бағримизда бўларди.

Олти бўлак, олти миллатга бўлинмасди.

Қудратли давлатга айланарди.

Афсус, ўриснинг ёвуз кучи бунга йўл қўймади.

Туркистон генерал губернатори Фон кауфманнинг ўз шаҳоншоҳига ёзган мактубларидан бирини мисол келтираман:

“Ўрта Осиё халқларининг маданиятини, ижтимоий тараққиётини уч юз йилча орқага суриб юбордик”…

Тарих шоҳид. Тарих сўзлайди: 17-20 юзйилликларда қуйидаги давлатлар Ўрусия томонидан тўла босиб олинган эди:

Болтиқ бўйи давлатлари,

Оқрус (Белорусия),

Украина,

Бессарабия,

Польшанинг бир қисми,

Финландия,

Кавказ,

Сибир,

Узоқ шарқ,

Туркистон,

Помир ўлкалари…

Босқи ҳисобига товуқ инидай жойи бўлган Ўрусия “ҳудуди” 94 фоизга кенгайди.  ”Ер майдони” 22,4 миллион км2га етди.

Бу фактлар ўриснинг башараси, олчоқ ва очофат феълини аниқ кўрсатиб турибди.

Қуръон оятларига қарши ўлароқ исломни қилич ва қон билан олиб кирган араб газандалари (Қутайба ибн Муслим ва унинг дажжоллари каби) Туркистонинг ҳаёт ғилдирагини ўрисдан-да кўп орқага суриб юборган. Асрлар кечаяптики, ҳали бу қирғин-баротлар ўз холис баҳосини олгани йўқ.

Қуръон оятларига қарши ўлароқ исломни қилич ва қон билан олиб кирган араб газандалари… Шу жумлага ёпишувчи Қуръон ва тарих илмини тушунишни истамас саллаларга дейман: Қуръон бўйича тинч юртни босиб олиш, мол-мулкини талаш ясоқ. Қуръону Каримдан иқтибослар келтираман:

(“Эй, Муҳаммад) Робингизнинг йўли (дин)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг”.

                                                                                                                                                                    (Қуръон 16:125)

“Динга мажбурий киритиш йўқдир.Зеро, Ҳақ йўли залолатда ажратилди”.

                                                                                                                                                  (Қуръон,2:256)

Ўз динини улуғлаб, ўзга динларни ерга уриш ҳам Қуръону Карим бўйича ясоқ

Жалолиддин Румий сўзи:

“Ҳамма динлар ўзаро тенг. Бирининг иккинчисидан устунлик жиҳати йўқ”.

Жалолиддин Румий ҳазратларига қўшимча қиламан: ҳамма динларнинг ( Яҳудий, Насроний, Ислом) тепасида ёлғиз Яратган туради. Динлар аро тенгликка айрича кўз билан қараш Тангрига шак келтиришдир. Тангрига шак келтириш эса қонли низоларга сабаб бўлади.

Динга муккасидан кетиб, ўз миллий туйғусидан айрилиб қолиш ҳам Қуръонда ясоқ.

Алихонтўра  Соғуний сўзи:

“Миллий ҳисни йўқотиб, ўз миллатидан ажраш Қуръон ҳукми бўйича ҳаромдир”.

Туркистон Халқ Озодлик ҳаракати йўлбошчиси Муқанна исломга эмас, дин ниқоби остида, Қуръон сўзига зид тарзда Ўрта Осиёни қонга ботирган араб йиртқичларига қарши курашган.Тарихга айрича кўз билан қарайдиган саллалар Жалолиддин Мангуберди каби ўлмас ботир Муқаннага осилишади.

Бу – ўз отасига осилгандай гап.

Бу – ўз онасига осилгандай гап.

Шу тупроқда яшаяпсанми,шу тупроқнинг нон- тузини оқлаб яша!

Шу жумлани ёзишим билан Ёзувчилар уюшмаси раиси Одил Ёқубнинг кабинетида кечган (1991 йил, имомлар ҳақида) оний суҳбат эсимга тушди. Ўшанда кабинетда уч киши эдик. Одил Ёқуб, Чингиз Айтмет ва мен. Чингиз Айтмет:

“Юз фоиз аҳоли тушунмайдиган тилда ваъз айтиб, ўликдан пул олиб яшаётган муллалардан нима кутиш мумкин?”

Одил Ёқуб:

“Улардан бирон бири арабистонга борсин, лаоқал бир кунга унга нон-туз берармикан араб? Аксинча, ёт ва ёмон кўз билан қарайди”.

Чингиз Айтмет:

“Арабларда мусулмончиликка нисбатан миллатчилик кучли”.

Одил Ёқуб:

“Ўта ирқчи”…

Гапни ортиқ чўзмайман. Араб ва ўрис босқинлари… кимни қизиқтирса, у менинг “Бўз бўри” ва “Ўлмас қоялар” романларимни ўқиши мумкин. Муқаннага баҳо берадиган бўлсак, Муқаннани менинг йўлдошларим том маънодаги миллий қаҳрамонимиз деб билишади. Жумладан, мен ҳам.

Араб босқинчиларини ота тупроғимиздан ҳайдаган, Туркистон давлатини тузган буюк лашкарбоши Муқанна:

Тўмарис каби,

Широқ каби,

Мангуберди каби ўлмас қаҳрамондир. Ҳамид Олимжоннинг “Муқанна” асаридан узинди:

Мен элимнинг юрагида яшайман,

Эрк деганнинг тилагида яшайман.

Шу сатрларни ўқирканман, Муқаннага тиш қайраган, миллий ҳисдан масуво муллаларга донолар бисотидан олинтилар келтираман:

“Кимки адовату хусуматни экса, албатта, у ташвишу машаққат ўради”.

                                                                                                                               Маҳмуд Замахшарий.

 “Агар одамлар ўз ота-боболарини билмасалар, айниб кетадилар”.

                                                                                                                                   Чингиз Айтмет.

“Оқ кийимлилар” номи билан тарихга кирган Муқанна бошчилигида Туркистон Халқ Озодлиги кураши араб босқинчиларининг мағлубияти билан (770) тугайди.

Шундан кейин Ўрта Осиёдан арабга қатнайдиган карвон йўли бўшаб қолади. Халифа қатиқни пуфлаб ичадиган бўлади. Ўз замонасининг муаррихи Баламий Муқанна Туркистонга ҳоқон бўлгандан кейин (770-784йиллар) халифанинг Ўрта Осиёга сиёсати ўзгаргани, ердан узилган оёғи, қайта ерлагани ҳақида ёзади…

                                                                                         41

Тун қуйилаётган ноябрнинг шу рутубатли оқшомида янги Кеш сари еларканмиз, миллатимиз ва Ватанимиз Озодлиги йўлида Темур ҳоқон  каби буюк хизмат қилган Муқаннани эслашим бежисмас,деб ўйладим. Уни Тангри кўнглимга солган, деб ўйладим. Муқанна шу сўл тарафимдаги Сом тоғида (Китоб тоғи), ўз қароргоҳидаги қўрғонда халифа Маҳдийнинг макри… ва ичимиздан чиққан сотқин – Саржаманинг (сипоҳ солар, отаси турк, онаси форс) хоинлиги сабабли шаҳид ( 784 йил 3 август куни) бўлган. Мен Муқанна ҳақидаги “Бўз бўри” романимда бу аянчли воқиани муфассал тасвирлаганман…

Ҳозир мен, ўзимча, буюк Муқаннанинг руҳи бошим узра учиб юрганини ҳис этаяпман. Бундан юрагим увишаяпти, кўзимга ёш келаяпти. Муқанна тўғрисида китоб битганимга Тангрига тавалло қилдим. Агар Яратган эгам кўнглимга солмаганда, бу асарни ёзармидим?

“Некси” зулмат ичра учаяпти. Энди менинг қўнимсиз хаёлимда:

Очунолар Темур,

Мирзо Улуғбек,

Мирзо Бобур,

Мирзо Бедил,

Ҳусрав Деҳлавий,

Мирза Ғолиб,

Зебунисо  бегимлар жонланди.

Буюкдан буюк бу туркларнинг ота маконлари шу муқаддас тупроқ – Кеш бўлади.

Яна кўз олдимдан уч толмас курашчи ўтди:

Шовруқ Рўзимурод,

Исмат Хуш,

Баҳодир Хон Туркистон.

Юртни очлик, коррупция, қонга ботирган, давлатни бўғзигача ботқоққа чўктирган очофат Каримов ва унинг олчоқ тўдасига қарши курашган (Кеш водийсидан) шу уч ботир бўлади. Адолатдан ўлар даражада қўрққан диктатор  уч баҳодирни ҳам қамоққа тиққан .

Шовруқ Рўзимурод зиндонда ўлдирилган. Ваҳшийларча. Жалодбоши Каримов. Унинг ўнг қўли генерал Алматов. Ижрочи қотилларнинг отларини Алматов айтади “Борса келмас”да. Бугун бўлмаса эртага…

Исмат Хуш ва Баҳодир Хон Туркистон Ота Юртдан қочиб қутилишган:

Канадага…

Америкага…

Йўқса йўқ этилиши мумкин эди.

Шовруқ каби.

Бунинг учун телбанинг “Убрать !!!” сўзи кифоя эди.

Шовруқ Рўзимурод нима учун ўлдирилди?

Ўзбекистон Олий Кенгашининг еттинчи сессияси (1991 йил декабр, беш юз депутат ичида)да Шовруқ Рўзимурод диктаторга қарши шу гапни очиқ айтди:

“Каримов Қашқадарёда ҳам фақат приписка билан шуғулланиб келди. Бу одамга ишониб бўлмайди”.

“Дунё ўзбеклари”нинг бош муҳаррири Исмат Хуш мингларча чақирим узоқликда, Канаданинг Торонто шаҳрида туриб, диктатор қурган газандалар уясига бомбалар ташлади.

 78 та бомба!!!

Бу пайтда ҳозир булбулгўё бўлиб сайраётган иприндилар қўрқувдан юракларини чангаллаб, инларида писиб ётган эдилар…

Исмат Хуш ва у бош қўрқмаслар ташлаган бомбалар олдида:

Америка,

Оврўпа,

Россия бомбалари ожиз.

Бу бомбалар элни қирмайди, элни хонавайрон қилмайди.

Бу бомбалар элни қирган ,элни хонавайрон қилган  каззобларнинг бошларига ўлат бўлиб ёғилди.

Элёрлар ерпарчин бўлди.

Президент  Шавкат Мирзиёев уларнинг авра –астарларини ағдармоқда. Миллион-миллион долларлари  давлат ҳисобига ундирилароқ, ўзлари “Борса келмас”га юборилмоқда.

Бунда Исмат Хушнинг ҳиссаси беқиёс…

Бирдамлик Халқ Демакратик Ҳаракати партияси бошлиғи Баҳодир Хон Туркистон ҳам ўз “Мулкдор” сайтида дажжолларнинг қора қилмишларини аёвсиз фош этмоқда.

Исмат Хуш каби ўткир журналист Ўзбекистонда борми?

Баҳодир Хон Туркистон каби ишбилармон, элсевар Ўзбекистонда борми?

Ватанимиз равнақи йўлида уларнинг ақл – заковатларидан фойдаланишга ким қаршилик қилади? Каримовдан қолган ялтоқиларми? Шумғияларни таг-томирлари билан қўпориб ташлашга вақт етмадими?

Тун зулматини ёриб Шаҳрисабзга кириб борарканмиз, хаёлимдан шу гаплар кечди.

  ( давоми бор)

Муаллиф: Эврил Турон

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Туркий халқларнинг виждони

Ер аталмиш бизнинг Сайёрамизда Вақт саналмиш буюк Ҳакам, буюк Суворий анчадан бери янаям жадалроқ, аввалгилардан кўраям янаям тезроқ елиб бормоқда. Олам аҳлининг кўпчилиги ...

Фиғонлар тўла афғон: бисмиллоҳ ва иккинчи хато (3)

(Хотира-эссе. Аввали бу ерда) Ҳа, Оллоҳга шукур, эсон-омон қўниб олдик. Бир пайт орқа қопқа-лўк очилди. Ташқарида чанг-тўзонни кўриб, “Ўҳ, афғон! Бу ерлардан омон қайтиш ...

Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси раиси муҳаммад алига очиқ хат

Бир раққоса тўйда “инана-нанай - инана-нанай” қилиб рақсга тушиб ўйнаб-ўйнаб келиб, уйидагиларга росса ишлаб чарчадим, деган экан. Шуни сингари Ёзувчилар уюшмаси бутун қавми ...