Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!

Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!

Менинг икки жўрам бор!

Менинг икки жўрам бор эди. Иккисиям олий маълумотли – иқтисодчи эдилар. Бири Нархозни, яна бири ирригатциянинг “эконом”ини битиришганди.

Иккисиниям “илм урган”и шунча, институтидагилар “қол” деб ялинишса ҳам, “китобларга кўмилиб ўтирмай, ўрганганларини реал ҳаётга тадбиқ қилиш”ни авзал билишган, ҳаётга чанқоқ бу йигитлар Тошкентдан кела солиб, туманимизнинг ҳокимиятига ишга киришди.

Улар нафақат билимли, тиллари ҳам бурро – оратор эдилар.

Туманимиз ҳокими уларнинг бу иқтидорларини пайқаб қолди ва бирини туман статистика бўлимига, иккинчисини “КАМОЛОТ” га бошлиқ қилиб тайинлади.

Тез орада туман статисткаси ҳам меъёрга кела бошлади, камолотчининг ақлий ва тил бойлиги сабаб, Нукусга кўтарилиб кетди – КАМОЛОТга министр бўлди!

Лекин орадан бир йил ўтиб-ўтмай, социолог ҳам, министр ҳам ишдан бўшаб, бола-чақасини олиб – Қозоғистонга кўчиб кетишди!

Улар ҳар йили ёзда ота-онасини кўришга келишади ва ҳар сафар менинг холимдан хабар олишади. Уларнинг иккаласига ҳам бир саволни берганман:

– Одам ҳам шундай бўлар экан! Шундай амални ташлаб кетган одамни қандай аташ мумкин?

Биринчиси:

– Эх, жўра…

Иккинчиси ҳам айнан биринчининг гапини такрорлади:

– Эх, жўра… Бу ерда куним қўшиб ёзиш ва кўзбўямачилик қилиш билан ўтарди. Ҳисоботни Нукус (Тошкент)га олиб бориб, уни ўқиб кўрадиган муттахамга яхшилаб “эри”санг – шу билан тамом – бир фасл ўтарди. Аммо бу йўл билан топган пулингни еган бола-чақанг эртага ким бўлиб етишади? Ўзинг қаёққа қараб кетаяпсан? Хуллас, бундай ҳаёт тарзи шаҳсий дунёқарашимга тўғри келмади. Охиратимни ўйлаб қўрқиб кетдим. Шунга шарта ишдан бўшадиму, ёт элларга равона бўлдим!

Олий маълумотли қоровуллар

– Биринчи марта Қозоғистонга келганимда бир фирмада қаровуллик қилдим. Бир-икки марта кечқурунлари фирма ҳисобчисига ойлик хисоботларни ишлаб бердим. Шундан кейин фирма директори бош ҳисобчи лавозимига таклиф қилди. Яхшигина ойлик ваъда қилди ва бераяпти ҳам! Шундан кейингина уйга қайтиб келиб, бола-чақамни Қозоғистонга олиб кетдим…

Икки жўрамниям Қозоғистон ҳикоялари деярли шундай бошланади. Хозир иккисиниям ишлари юришиб кетган. Уй-жой олиш ҳикоялари ҳам бир-бирига ўхшаш.

– Ижарада турган жойимиздаги қўшнимиз уйини сотадиган бўлиб қолди. Қўшним иккимиз банкка бордик. Банк дарров (шу куни!) менга кредит чиқариб берди. Мен бу пулни қўшнимга бердим ва уйли бўлиб қолдик…

– Маҳалладан справка, ишхонадан справка, иш ҳақи справка…

– Булар нимага керак, умуман, керак маълумотлар интернетда турибди-ку?

– Бу гапинг менга шубҳали туюляпти? Ўта қиммат бўлгани учун сени анқов билиб, бирор ипотека уйни тиқиштириб юборишган бўлишмасин, яна?

– Дўстим, бундай усуллар фақат Ўзбекистонда бор!

– Қанча кредит олдинг?

– Йигирма минг доллар, уч йилга.

– Бунча пулнинг фоизи қанча бўлади? Процент тўлай олмай, уйинг куймасин, тағин!

– Эх жўра, йиллик 18 ёки 22 фоиз процент деган гап дунёнинг хеч бир жойида йўқ, фақат Ўзбекистонда бор… Ўзбекистон – келажаги буюк давлат; Қозоғистон аҳолиси эса аллақачон буюк давлатда яшаяпти!

Пулинг бўлса халтада…

Мен ҳам бўш келмайман:

– Бир кунмас бир кун барибир юртингга қайтиб келасан! Уй-жой олиш учун бир-икки сўм жамғариб юрибмисан?

– Нега қайтиб келарканман? Қозоғистон фуқаролигига ўтаяпман-ку?

– Сен ўзбек бўлсанг, Қозоғистон фуқаролигига ўтиш учун миллатинг қозоқ бўлиши керак деб эшитганим бор…

– Ёлғон гап, миллатингдан қатъий назар, агар бирор Қозоғистон фуқароси кафолат пули тўласа, фуқароликка қабул қилишаверади!

– Ким сен учун шунча пул тўлар экан?

– Фирма директори тўлади ва пулини қайтиб олиб бўлди ҳам! Дўстим, кейинги йил ёзда юртингга келмасам керак.

– Нега?

– Фирмамиз бошлиғи “кейинги йил ёзда Ялтага оилавий йўлланма олиб бераман, бола-чақангиз билан мазза қилиб дам олиб қайтинг” деди!

Муаллиф: Қадамбой Отабоев

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Gm uzbekistan машиналарни сўмда сотишга ўтиши олдидан бозорда нарх ошди

  Тошкентдаги Сирғали автомобил бозори. GM Uzbekistan ширкати ўзида ишлаб чиқарилган автомобилларни 1 июндан ўзбек сўмига сотишни бошлаши ҳақида эълон қилгач, Ўзбекистон ...

Самарқандда мактаб директори 1-синфга қабул қилиш учун пора устида қўлга тушди

Сўнгги пайтларда тамагирлик, порахўрлик ва ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш каби оғир жиноятларни содир этиб, ўз касбига, ўз номига иснод келтираётганлар ҳам йўқ эмас. ...

Ўзбекистонда доллар курси яна қимматлади

Ўзбекистон Марказий банки 31 мартдан бошлаб хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги рaсмий курсини белгилади. Унга кўрa, 1 АҚШ доллари олдинги курсга нисбатан 6 сўм 5 ...