Бишкекда давлат тўнтаришини режалаштирганликда айбланиб қамоқда сақланаётган мухолифат лидерлари Кубаничбек Кадиров ва Бектур Асанов 16 августдан бошлаб очлик эълон қилди.
Озод Европа-Озодлик радиосига бу ҳақда Қирғизистон Жазони ўташ давлат хизмати маълум қилди. Маълумотда айтилишича, сиёсатчилар Олий суднинг ўзларига нисбатан чиқарган ҳукми матнини икки ярим ойдан бери олиша олмаётгани ортидан очлик эълон қилишган.
Жазони ўташ давлат хизмати маҳбусларга Олий суд ҳукми ҳали маҳкамага етиб келмагани, етиб келиши билан ҳукм билан таништирилишларини билдирган.
Кубаничбек Кадиров ва Бектур Асанов 2016 йилнинг март ойида ҳокимиятни куч билан босиб олишда айбланиб қўлга олинган эди.
Бишкек шаҳар суди Кубаничбек Кадиров ва Бектур Асановни 12 йилданга, улар билан бирга қўлга олинган мухолифатчи Эрнест Карибековни 20 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Жорий йилнинг 7 июнида Олий суд бу ишни қайта кўриб чиқиб, судланувчиларнинг жазо муддатларини озайтирган эди. Олий суд ҳукми билан Кубаничбек Кадиров ва Бектур Асанов 8 йилга, Эрнест Карибеков 14 йилга қамалган.
Мухолифатчилар ўзларига чиқарилган ҳукмларни сиёсий буюртма деб биладилар.