“Ишёқмасу дангаса”, лекин вафодор

 

(бундай итоатгўйликдан унумли фойдаланаётганлар эса, андишанинг отини қўрқоққа чиқармоқда)

ИШЁҚМАСУ ДАНГАСАКуни кеча Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва бандликка кўмаклашиш маркази Миробод тумани бўлимига бордим. Бундан кўзлаган мақсадим мутахассислигим бўйича бўлмаса-да (чунки мутассадилар томонидан соҳа бўйича иш бермаётганига талай йиллар бўлган), соҳамга яқинроқ ўзимга мос иш топиш ва марказ фаолияти билан мустақил ҳолда танишиш эди. Бўлимдаги деярли барча хоналар эшиги очиқ ва ичкарида бир-икки нафардан ходимлар бўлса-да, уларнинг бинога кириб-чиқаётганлар билан заррача   ишлари йўқ. Коридорнинг бир чеккасини эгаллаган катта тахтали стендга мўраладим. Иш бўйича ахборотлар. Эринмасдан ҳаммасини бир-бирлаб ўқиб чиқдим. Ҳақиқатан ҳам соҳамга мосроқ келадиган ишнинг деярли ўзи йўқ. Чилангар, ғишт терувчи, сувоқчи, бўёқчи, лобарант, курьер, экспедитор, санитар, боғбон ва ҳ.к. Ойлик маошлари ҳам 95 минг сўмдан 350 минг сўмгача экан…

Мен балки мундайроқ ишлар тўғрисидаги маълумотлар бошлиқнинг шахсий столидаги тортмасида бўлар, деган ўй билан унинг хонасига йўл олдим. Кирдим. Учрашган одамим бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи Бахтиёр Бойтўраев эканлигини билдим. Унга ўзим учун лицей, коллежлардан ўқитувчи, ҳеч бўлмаса, куратор касби бўйича иш қидираётганимни айтдим.

Бахтиёр ака, ҳар ойнинг бешинчи санасигача туманда жойлашган ташкилотлар, муассасалар, фирма ва компаниялардаги бўш ёки янгидан ташкил топган иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаб, уни иш қидирувчилар, ишсизларнинг хабардорлигини таъминлаш мақсадида ишхоналаридаги кўзга кўринган жойга осиб қўйишларини, мазкур  маълумотлардан биржага иш сўраб келган кишилар ҳеч қандай тўсиқларсиз хабардор бўлишлари мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

– Биз худди сиз каби иш қидирувчиларнинг ҳар хил оворагарчиликларга дуч келмасликларини таъминлаш мақсадида стендимизга осилган ахборотлар орқали иш берувчи корхоналарнинг тўлиқ манзили, таклиф қилинаётган лавозим, касб тури, ойлик маоши, ҳатто телефон рақамларини ҳам бериб боряпмиз. Сиз ҳам ўша стенддаги беш юздан кўп бўш ва янгидан ташкил этилган иш ўринлари билан астойдил танишиб чиқинг, улар ичида ўзингизга моси бўлса қизларимизга учрашсангиз қўлингизга йўлланма беришади. Танлаган ишингизга биз орқали борсангиз осон жойлашасиз, деди.

Ўз навбатида мен марказ томонидан таклиф қилинаётган ишлар билан бир-бирлаб танишиб чиққанимни, қайсидир боғчанинг рус гуруҳи учун 0,25 ставкали ўзбек тили ўқитувчиси штатидан бошқа менбоп ҳеч қандай иш йўқ эканини айтдим. Бошлиқдан йўлакка осилган иш ўринларидан бошқа рўйхат бор ёки йўқлигини сўрадим.

Б. Бойтўраев мени диққат билан тинглаб, сўнг жавоб қайтарди: –  Сиздагидек ҳолат, афсуски иш қидираётган бошқа кишилардаям тез-тез учраб туради. Кўп ҳолларда уларгаям таклиф қилаётган ишларимиздан ақалли биттаси ҳам ёқмайди… Бўлмаса нима қиламиз, хабар олиб туринг ёки  бўлимимиз қошида ташкил этилган бепул ўқув курсларидан бирида ўқиб турарсиз, деди.

Мен бепул ўқув курслари билан ҳали бошлиқ ҳузурига кирмасдан олдин деворга ёпиштирилган эълон орқали танишгандим. Қайсидир мактабда малакали мутахассислар инглиз тили, рус тили, каштачилик, уй ҳамшираси, массаж курслари бўйича сабоқ бераркан. Ўқиш ҳафтасига бир мартадан 3 ой давом этаркан  ва бунинг учун сертификат ҳам бераркан.

– Бундан ташқари ҳунар ўргатиш курсларимиз ҳам бор, сўзида давом этди бошлиқ вазифасини бажарувчи. (Ҳақиқатан ҳам эълонга кўра, уяли телефонларни таъмирлаш ҳунари ўргатиларкан). – Бироқ кўпчиликка тавсия қилаётган бу вариантларимиз кўпам ёқавермайди. Дидлари нозик ишсизларимиз имкон қадар ишсизлик нафақасини олиш пайида бўлишади, деди жаҳл аралаш кулиб. Президентимизнинг ёшларимиз кундан-кунга ишёқмас, дангаса бўлиб бораётир, деган фикрлари ҳар томонлама тўғри. Мен ҳам уларнинг ўзимизда шунча бўш иш ўринлари туриб, Россияларга иш излаб кетишларига асло тушунолмайман. Кошки эди, шунга яраша мўмай даромад топиб келаётган бўлса. Бир сўм  орттиролмасдан минг азобда қайтиб келаётганлар тўғрисида ҳам кўплаб эшитаяпмиз…

Бошлиқ гарчи жаҳли чиқаётганини менга билдирмасликка ҳаракат қилса-да, бироқ унинг алфози – юзидаги ўзгаришлар буни яққол кўрсатиб турибди. Унинг негадир мендан ҳайиқаётганини ҳам сезаяпман. Бошлиқнинг сўзларидан ўз навбатида менинг ҳам жаҳлим чиқди. Гапирган гапидан келиб чиққан ҳолда, унга шартта савол ташладим.

 –Ахир ўзингиз 250-300 минг сўм ойликка ишлаган бўлармидингиз, дедим. Лом-мим демади, пинагини бузмади…

– Юринг бўлмаса, (ўрнидан туриб хонасидан чиқди) йўлакай: тез-тез хабар олиб туринг. Олдин паспортингиз, меҳнат дафтарчангизнинг нусхалари билан анув (очиқ турган эшикни кўрсатиб) хонадагиларга учрашинг, деб хайр-хўшни маъзур қилиб, яна хонасига кириб кетди…

Табиийки, мен учрашмадим, ахир иш ўринлари билан танишиб чиққан бўлсам, боз устига бизнинг юртимизда ходимлар бошлиғидан ошиб ўтиб нима ҳам қила оларди?..

Уйга кетарканман, анча хўрликларим келди. Гўёки, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва бандликка кўмаклашиш марказига бошлиқ тасаввурига кўра, ҳар ойда бериладиган 80 минг сўм ишсизлик нафақасини сўраб боргандек бўлиб қолдим. Боз устига бошлиқнинг Президентимизнинг атиги бундан бир неча ой олдин иш излаб, юрт кезиб кетган меҳнаткаш, танти халқимизга қарата ўйнаб гапирган бўлса-да, ўйласасдан айтган “ишёқмас”, “дангаса” деган ва бошқа алломбало сўзлари-ю ҳақоратомуз таърифларига ишора қилиши, эски, лекин ҳеч қачон битмайдиган ярага туз сепиши ҳамда президентимизнинг фикрини маъқуллаши, гарчи бизнинг замонимизда бу жараён табиий бўлса-да, руҳиятимни янада тушуриб юборди. Негадир Юртбошимизнинг ҳар бир гапларини, у хоҳ тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин (замон талаби шу!), дастуриламал қилиб олган бошлиқдан эмас, аксинча Президентимиздан хафа бўлиб кетдим. (Президент – Худо эмас, у ҳам банда, худонинг бир осий бандаси сифатида у ҳам хатоларга йўл қўйиши мумкинлигини бошлиқларимиз, ҳатто тасаввур қилолмаса керак).

Давлатимиз раҳбарининг бу гаплари шу пайтларда кенг жамоатчиликка қандай таъсир этганини билмадиму, шахсан менга ниҳоятда оғир ботган. Ҳар қандай меҳнатдан қочмайдиган, тиниб-тинчимас халқимизга давлатимиз раҳбари томонидан берилган бундай баҳодан, тўғриси, эсанкираб қолай деганман. “Давлатимга ҳеч қандай оғирлигим тушмасин, ўз кунимни ўзим кўрайин” деб, давлатдан иш талаб қилган ҳолда, ҳар хил норозилик намойишлари-ю, митингларга чиқмасдан, ҳатто иш топиб беролмаётган давлатимиздан ишсизлик нафақасини сўрамасдан арава тортиб, мардикорлик қилиб, ўзга юртларда бошпанасиз, оғир аҳволларда яшаб, ишлаб бўлса-да, бола-чақасини боқаётган шўрли халқимга яна бир карра ич-ичимдан ачиниб кетдим…

 Ушбу гапларимизни халқимизнинг “Гап келганда отангни аяма” деган нақлига амал қилиб гапираётганимизни эҳтимол кимдир тўғри тушунар, кимдир нотўғри. Шундай бўлса-да, мен Марказдан кетаётганимда хаёлимни банд этган фикрларни жабрдийда халқимизнинг ҳаққи-ҳурмати учун ошкораладим. Фикр эса, хилма-хил. Балки фикримиз нотўғридир, эҳтимол биз ноҳақдирмиз.

Асил ЭЛЎҒЛИ 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

1 ўқитувчи солиқ тўламагани учун 80 ўқитувчига 2 ойдан бери ойлик берилмаяпти

  3 hours ago Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ўқитувчилари икки ойдан бери маошларини ололмаяпти. Бир гуруҳ ўқитувчиларнинг Озодликка айтишича, солиқ ва коммунал ...

Аниқ таклифлар бўлмагач… ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат йўллади

Фото: SugdNEWS (more…)

Фарғоналик фермерларнинг режадан орттирган буғдойи тортиб олиняпти

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидан Озодликка мурожаат қилган икки нафар фермер, ҳар гектар ердан топшириладиган буғдой центнери ҳокимнинг буйруғи билан 4-5 центнерга сунъий ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400