Мунаввар қори Абдурашидхонов

Абдурашидхонов Мунаввар қори (1878, Тошкент — 1931.23.4, Москва) — Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси, 20-аср ўзбек миллий матбуоти ва янги усулдаги миллий мактаб асосчиси, янги миллий театр ташкилотчиларидан бири, адиб ва шоир. Тошкентнинг Шайхонтоҳур даҳасидаги Дархон махалласида зиёли оиласида туғилган.

 

Отаси Абдурашидхон Сотиболдихон ўғли мударрис, онаси Хосият отин Хонхўжа Шораҳимхўжа мударрис қизи отинойи бўлган. У оилада учинчи ўғил бўлиб, катта акалари Аъзамхон (1872—1919) ва Муслимхон (1875—1954) муаллим бўлишган. Отасидан ёш етим қолгани туфайли дастлабки таълим-тарбияни онасидан олган. Сўнг ўз даврининг машҳур ўқитувчиси Усмон домладан илми қироат ва тажвидни ўрганиб, ҳофизи Қуръон бўлган. 1885—90 йилларда Бухородаги Мирараб мадрасасида таҳсил олган, аммо таҳсилни охирига етказмай, Тошкентга қайтиб, имомлик ва муаллимлик билан шуғулланган. Эшонқули додхоҳ мадрасасида таҳсилни давом эттирган. 1901 йилда усули жадид мактабини очган ва шу мактаблар учун махсус ўқув дастурини тузган, дарсликлар ёзган. 1904
йилдан ижтимоийсиёсий, маданий хаётга аралаша бошлаган. 1906 йилдан «Ўрта Осиёнинг умргузорлиги, тараққий», «Тараққий» газеталарида адабий ходим. Шу йили ношир ва муҳаррир сифатида «Хуршид» газетасини ташкил этган. «Шуҳрат» (1907), «Тужжор» (1907), «Осиё» (1908) газеталарини ғоявий бошқарган ва адабий ходим вазифасини бажарган. Сўнг «Садойи Туркистон» (1914—15) газетасида  масъул муҳаррир муовини, «Ал-ислоҳ» журнали(1915—17)да махфий мухаррир, «Нажот» ва «Кенгаш» (1917) газеталарида масъул муҳаррир.

Мунаввар қори турли жамият ва уюшмалар ташкилотчиси. У «Жамияти Имдодия» (1909),  «Турон» (1913), «Туркистон кутубхонаси» (1914), «Умид» (1914), «Мактаб» (1914), «Кўмак» (1921) жамият, ташкилот, ширкат ва уюшмаларида муассис, муовин, раис, аъзо. Шўролар ҳукумати даврида Халқ дорилфунуни шўросининг раиси, Туркистон Маориф халқ комиссарлиги турк шўъбасининг иш юритувчиси (1918), Тошкент шаҳри маориф нозири, Шарқ халқлари съезди (1920, Боку) делегати ва ҳайъати аъзоси. БХСР Маориф нозирлиги вақф бўлими бошлиғи (1920—21), Тошкент шаҳри ижтимоий тарбия бўлими мудири (1921), Академмарказ раиси (1922), Навоий номидаги мактаб, Наримонов номидаги педагогик техникуми, аёллар педагогик институтида муаллим (1923 — 25), Самарқанд шаҳри музейида илмий ходим, Ўзбекистон осори-атиқаларни сақлаш қўмитасининг Тошкент-Фарғона бўлимида масъул котиб (1927-28).

Мунаввар қори бир қанча дарслик муаллифидир. Унинг «Алиби аввал» (1907), «Адиб ус-соний» (1907), «Усули ҳисоб», «Тарихи қавм турк», «Тажвид» (1911), «Ҳавойижи диния», «Тарихи анбиё», «Тарихи исломия» (1912), «Ер юзи» (1916—17), 4 қисмдан иборат «Ўзбекча тил сабоқлиги» (Шорасул Зуннун ва Қаюм Рамазон билан бирга, 1925—26, 4 қисми мусодара қилинган) дарсликлари бир неча марта чоп этилган. 1914 йилда тараққийпарвар ўзбек шоирларининг шеърларини жамлаб, «Сабзавор» номи билан нашр этган.

Мунаввар қори ижтимоий-педагогик фаолият билан бирга бадиий ижод билан ҳам шуғулланган.
Унинг ихчам ҳикоялари, талайгина шеърлари ўша даврдаги матбуот ва ўзи тузган ҳамда ёзган дарсликларга киритилган. Шунингдек, у ўткир публицист адиб
сифатида танилган. Мақолаларида инсон ва жамият, дин ва диндорлик, ахлоқ, мустамлакачилик ва хуррият, зиёлилик, уюшма, ташкилот, давлат идораси масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Мунаввар қори ўз фаолияти давомида педагогик, матбуотчилик, муҳаррирлик, адиблик билан чекланмай, жиддий сиёсий фаолият ҳам олиб борган, шу сабабли мустамлака ҳукумати томонидан бир неча бор ҳибс қилинган.
Европа савдосаноат, илм-фанини ўрганишга чақирган, маънавий қолоқликни қоралаган. Чор ва шўро ҳукуматлари олиб борган мустамлакачилик сиёсатига карши изчил кураш олиб бориб, 1917—1924 йилларда «Шўройи ислом», «Турк адам марказият», «Иттиҳод ва тараққиёт», «Миллий иттиҳод», «Нашри маориф» каби жамият, фирқа ва ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилган.

У виждон эркинлигини инкор этмаган дунёвий демократик давлат тарафдори бўлган. Шу сабабли Қўқон шаҳрида ташкил топган Туркистон мухториятини (1917) қўллаб-қувватлаган. Умр бўйи ўз ватанини мустақил кўришни истаган.
Мунаввар қори 1929 йил 6 ноябрида қамоққа олиниб, Москва шаҳридаги Бутирка қамоқхонасида қатл қилинган ва Ваганкова қабристонига дафн этилган. 1991 йилда расман реаблитация қилинган.

Манба:ЎзМЭ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Дилмурод саййид шеърларидан намуналар

Баҳор гўзаллик билан бир қаторда шеърият фасли ҳамдир! Шеъриятга эътибор хамиша барқарор бўлган!!! Дунёнинг ташвишларидан толиққан дамда айнан ШЕЪРИЯТ руҳиятга қувват ...

Юлдузли тунлар-58

6 Шиа-сунний низолари бундай қонли тўқнашувларни тобора кўп келтириб чиқараётгани қизилбош бекларни ҳам ташвишга солиб қўйди. Бобур ўзининг Шоҳ Исмоил билан тузган иттифоқига ...

Юлдузли тунлар-8

ҚУВА ЖАСОРАТНИНГ ЖАЗОСИ 1 Ўтган куни отланиб Андижонга кетган мулла Фазлиддин бугун қаттиқ изтироб ичида яна Қувага қайтди. У Бобурнинг отаси ўрнига ҳукмдор бўлганини ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400